Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Амал қилувчилар учун мукофот ўлароқ тоатда У Зот уларнинг қалбларида очган нарса ва уларга эриштирган Ўзининг унсу улфати кифоядир.
Аввалги ўтган ҳикматнинг шарҳида тоатнинг ўзига хос хусусиятлари бўлиши ҳақида сўз юритилган эди. Ушбу ҳикматда тоатнинг мазкур хусусиятларидан бири – унинг ҳаловати ва ундан пайдо бўладиган унс ҳақида сўз бормоқда.
Барчага маълум ва машҳур ҳақиқатлардан бири мўмин банда адо этадиган тоат-ибодатлар қалб хотиржамлиги ва роҳатига, турли ножамлик ва ташвишларнинг йўқолишига сабаб бўлишидир. Чунки банда Робби уни йўллаган тоатларни адо этиш ила У Зотга қурбат ҳосил қилишга уринганда Аллоҳ таоло уни Ўз лутфи-марҳамати ва меҳр-шафқати ила қаршилайди. Ана ўшанда ожиз банда тоатнинг лаззатини, ҳаловатини ҳис этади. Банданинг вужудини ажойиб руҳий ҳузур ва нафсоний роҳат қамраб олади. Ушбу маъноларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатларидан, ҳадиси шарифлардан топамиз.
Солим ибн Абу Жаъддан ривоят қилинади:
«Хузоъалик бир киши: «Намоз ўқиб, роҳатлансам қани эди!» деди. Буни унга айб санагандек бўлишди. Шунда у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Эй Билол, намозга иқома айт, у ила бизни роҳатлантир!» деганларини эшитганман», деди».
Абу Довуд ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб, Аллоҳ таолога ибодат қилиб роҳатланиш ҳақида сўз юритмоқдалар. Мўмин банда учун намоз роҳат ва сурур бўлиши кераклигини шундан билиб оламиз.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг зикри ила қалб хотиржам бўлиши, ором топиши қуръоний ҳақиқатлардан бири эканини кўпчилик жуда ҳам яхши билади.
Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади:
«Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!» (28-оят).
Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканини яхши биладилар. Аллоҳдан ўзганинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ҳам яхши биладилар. Бу дунё-ю у дунёнинг саодати Аллоҳнинг ихтиёрида эканини яхши биладилар. Шундай бўлганидан кейин нима учун қалблар Аллоҳнинг зикри ила ором топмасин?!
«Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!»
Бу оромнинг нелигини уни тотиб кўрганларгина биладилар. Иймонсизлар қалб ороми нима эканидан бутунлай бехабардирлар. Улар ер юзидаги энг бадбахт одамлардир. Дунёдаги энг бахтли одамлар эса Аллоҳ томон йўналганлар, ҳидоят топганлар, иймон келтирганлар ва қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топганлардир.
Мухлис мўмин бандаларнинг Аллоҳ таолога тоат ҳузурини қанчалик ҳис қилишлари ҳақидаги воқеликда оддий ҳолатга айланиб қолган мисоллар Ислом адабиётида жуда ҳам кўплиги ҳеч кимга сир эмас.
Имом Абу Довуд қилган ривоятдаги саҳобий розияллоҳу анҳунинг нафл намоз пайтидаги ҳузурига назар солинг, қойил қолинг ва ўрнак олинг.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга чиқдик, – яъни «Зотир-Риқоъ» ғазотига. – Бир киши мушриклардан бирининг аёлини (билмасдан) ўлдириб қўйди. (Мушрик): «Муҳаммаднинг саҳобаларидан бирининг қонини тўкмагунимча тўхтамайман», деб қасам ичди-да, чиқиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изларига тушди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир манзилга (дам олгани) тушдилар-да: «Қайси киши бизни қўриқлайди?» дедилар. Муҳожирлардан бир киши (Аммор ибн Ёсир) ва ансорлардан бир киши (Аббод ибн Бишр) отилиб чиқди. Шунда у зот: «Даранинг оғзида бўлинглар», дедилар.
Ҳалиги иккови даранинг оғзига чиқишгач, муҳожир ухлашга ётди, ансорий эса намоз ўқий бошлади. Бояги (мушрик) киши келди. У(ансорий)нинг қорасини кўргач, у қавмнинг қўриқчиси эканини билди. Унга камондан ўқ отиб, санчиб қўйди. (Ансорий) уни (ўқни) суғуриб олди. Шундай қилиб (мушрик) унга учта ўқ узди. Шунда у рукуъ ва сажда қилди. Кейин шериги уйғониб қолди. Мушрик уларга ўзини сездириб қўйганини билгач, қочиб қолди. Муҳожир ансорийдаги қонни кўргач: «Субҳаналлоҳ! Биринчи ўқ отилганда уйғотсанг бўлмасмиди?» деди.
«Бир сурани (Каҳфни) ўқиётган эдим, уни узгим келмади», деди».
Абу Довуд ривоят қилган.
Бу саҳобаларнинг вакили Аббод ибн Бишр розияллоҳу анҳунинг нафл намоздаги ҳузурнинг кучидан учта камон ўқи баданига санчилганига қарамай, намоз ўқишни давом эттиргани ҳақидаги хабар. Энди яна бошқа бир саҳобий – Абдуллоҳ ибн Зубайр ва тобеъинларнинг икки вакили Урва ибн Зубайр ҳамда Муслим ибн Ясор розияллоҳу анҳумнинг тоатдаги ҳузурланишлари билан танишинг, яхшилаб англаб етинг ва ўрнак олинг.
«Миноҳожул қосидин» китобида қуйидагилар келган:
«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ўйлаб, устиларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганларида тош тушиб, кийимларининг бир томонини узиб кетганини ҳам сезмаганлар».
Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Муслим ибн Ясорнинг ҳеч намозда у ёқ-бу ёққа қараганини кўрмадим. Бир куни у масжидда намоз ўқиётганида масжиднинг бир томони ағдарилиб, бозордаги одамларнинг ҳаммаси қочиб кетган, аммо у сезмай, намозини ўқийверган».
«Сифатус-софва», «Тарихи Димашқ» ва бошқа кўплаб китобларда қуйидаги ҳикоя турли иборалар билан келган:
«Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёқларига қорасон касали тушди. Табиблар оёқни сонидан кесиб ташламаса, дард бутун танага тарқаб, ҳалокатга олиб келади, деган қарорга келишди. Урва ибн Зубайр:
«Ундай бўлса, кесиб ташланглар», дедилар. Табиблар:
«Бунинг учун сизга банж (ўша даврнинг наркоз моддаси) беришимиз керак», дейишди. У киши:
«Банж ҳаром, уни истеъмол қилмайман», дедилар.
Табиблар:
«Ундай бўлса, оёқни сонингиздан кесиб ташлашнинг иложи йўқ», дейишди. Урва ибн Зубайр:
«Иложи бор. Сиз асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганда билганингизни қилаверинг, ҳеч нарса бўлмайди», дедилар. У зот намоз ўқидилар. Баданлари титрай бошлади. Табиблар ўша даврнинг услуби билан қорасон тушган оёқни сонидан кесдилар. Сўнгра кесилган сонни қайнаб турган ёққа солиб, оқаётган қонни тўхтатганларида Урва ибн Зубайр намозни тугатиб, ҳушларидан кетдилар».
Ушбу ҳикояни шогирдларимиздан бири рус тилида сўзлашадиган одамларга ўқиб, таржима қилиб берибди. Эшитганлар: «Жуда таъсирли ҳикоя экан. Аммо унинг қайси китобдан олингани айтилмабди», дейишибди. Бу гапни менга шогирдимиз етказди. Мен мазкур гап кўплаб китобларда келгани ва жуда ҳам машҳур бўлгани учун манбаси айтиб ўтирилмаслигини айтдим.
Ушбу сатрларни ёзишдан олдин шу гаплар ёдимга тушиб, компьютердаги кутубхонадан Урва ибн Зубайрнинг исмларини ёзиб, излаган эдим, бу муборак ном ўн икки мингга яқин такрорланди. «Оёғи кесилган» деган жумлани ёзиб излаган эдим, бу борада ўнлаб китобларда маълумот борлиги аниқланди. Мисол тариқасида улардан иккитасини – «Сифатус софва» ва «Тарихи Димашқ» номларини ёзиб қўйдим. Шу билан бирга, бу маълумотларга қўшимча гапларни ҳам ёзиб қўймоқчиман.
Урва ибн Зубайр тобеъинлардан бўлиб, машҳур саҳобийлар Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумонинг ўғилларидир. У кишининг оёқлари кесилиш воқеаси Валид ибн Абдулмаликнинг даврида бўлган. У кишига табибларни айнан ўша халифа юборган. Ўша куни Урва ибн Зубайр рўзадор бўлган. Ҳушига келиб, табибларнинг қўлидаги кесилган оёғини кўриб, сўраб олган ва оёқни ўпиб туриб: «Сенга мени юклаб қўйган Зот яхши биладики, мен сен билан ҳаромга бир қадам ҳам юрмаганман», деган. Сўнгра кесилган оёқ ювилиб, хушбўй суртилиб, кафанга ўралиб, мусулмонларнинг қабристонига кўмилган. Ўша куни Урва ибн Зубайрнинг ўн етти ёшли ўғли отдан йиқилиб ўлган. Ўшандан Урва ибн Зубайр «Тўрт мучамнинг бирини олиб, учини менга қўйган, фарзандларимдан бирини олиб, қолганларини менга қўйган Аллоҳ таолога ҳадсиз-ҳисобсиз шукрлар бўлсин», деган маънодаги сўзларни айтган...
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматнинг биринчи қисмида айнан юқорида айтилган мукофот ҳақида сўз юритмоқда.
Амал қилувчилар учун мукофот ўлароқ тоатда У Зот уларнинг қалбларида очган нарса... кифоядир.
Яъни банда тоатни адо этаётган пайтида Аллоҳ таоло унинг қалбида очадиган муножот ҳаловати, мусаффолик лаззати ва олиймақомлик ҳолати унга мукофот ўлароқ кифоя қилади ва етиб ортади. Фақат банданинг ўзи бу ҳақиқатни англаб етиши керак, холос. Бу борада баъзи машойихлар дейдилар: «Бу дунёда бир жаннат бор. Ким унга кирса, охиратнинг жаннатига ҳам, бошқа нарсага ҳам муштоқ бўлмайди. Ана ўша Аллоҳ таолонинг тоатидир».
Бошқа бирлари айтади: «Бу дунёда жаннат неъматига ўхшаш нарса йўқ. Фақатгина аҳли тааллуқ (Аллоҳга боғланганлар) кечаси қалбларида топадиган муножот лаззати бор!»
«...ва уларга эриштирган Ўзининг унсу улфати кифоядир».
Яъни банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш учун ҳаракатда бўлиб турганида У Зот унга берадиган ирфоний мададлар, илмий ва иймоний туҳфаларнинг ўзигина бандага мукофот ўлароқ кифоя қилади.
Аллоҳ таоло Марям сурасида марҳамат қилади:
«Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур» (96-оят).
Яъни Аллоҳ таоло Ўзи билан мазкур иймон келтирган ва яхши амалларни қилган бандалар орасида муҳаббат пайдо қилади. Шу билан бирга, мазкур аброр бандалар билан бошқа бандалар орасида ҳам муҳаббат пайдо қилиши мумкин. Худди шу маънода келган ҳадиси шариф ҳам бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қачон Аллоҳ бандани яхши кўрса, Жаброилга: «Албатта, Аллоҳ Фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўр!» дея нидо қилади. Шунда Жаброил уни яхши кўради. Сўнг Жаброил осмон аҳлига: «Албатта, Аллоҳ Фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар!» дея нидо қилади. Шунда уни осмон аҳли ҳам яхши кўради. Сўнгра у ер аҳли учун мақбул қилиб қўйилади».
Бухорий ривоят қилган.
Аллоҳ таоло иймон келтириб, яхши амалларни қилган, айтганида туриб, қайтарганидан қайтган ва Ўзига қурбат ҳосил қилиш учун тинмай ҳаракатда бўлиб, муҳаббатини қозонган бандаларига алоҳида мукофотларнинг ваъдасини Қуръони Каримда бериб қўйган.
Аллоҳ таоло Фатҳ сурасида марҳамат қилади:
«Аллоҳ улардан иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларига мағфират ва буюк ажрни ваъда қилди» (29-оят).
Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ, У Зот Ўз ваъдасига асло хилоф қилмайди.
Аллоҳ таоло Ёсин сурасида марҳамат қилади:
«Сен эса фақат Зикрга эргашган ва Роҳмандан ғойибона қўрққан кимсани огоҳлантирурсан. Бас, унга мағфират ва карамли ажрнинг хушхабарини бер» (11-оят).
Ушбу оятдаги «Зикр»дан мурод Қуръони Каримдир. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий вазифалари аввало ҳаммага даъватни бир бора етказишдир. Сўнгра уларнинг даъватдан таъсирланиб, Қуръонга эргашган ва Аллоҳдан қўрққанларига Ислом таълимотларини етказишдир. Кўзини юмиб, бошини осмонга кўтарганча ғўдайиб қолганларга эътибор бермасликдир. Чунки улар бўлари бўлган одамлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қанча уринсалар ҳам фойда чиқмайди. Шунинг учун уларни қўйиб, асосий эътиборни Қуръонга эргашган ва Аллоҳдан қўрққанларга қаратишлари керак.
«Сен эса фақат Зикрга эргашган ва Роҳмандан ғойибона қўрққан кимсани огоҳлантирурсан».
Бундай саодатманд кишига энг аввало башорат бериб, унга иймони, Қуръонга эргашгани ва Роҳмандан қўрққани учун гуноҳлари мағфират қилинишининг, охиратда гўзал ажрга – жаннатга эришишининг хушхабарини етказмоқ керак.
«Бас, унга мағфират ва карамли ажрнинг хушхабарини бер».
Аллоҳ таоло Ҳадид сурасида марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Расулига иймон келтиринглар. У Зот Ўз раҳматидан сизларга икки ҳисса берадир ва юришингиз учун нур берадир ҳамда сизларни мағфират қиладир. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (28-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга эргашган мўмин-мусулмонларга хитоб қилиб, бошқалар уддалай олмаган нарсани уддалаб, Аллоҳнинг раҳмати ва фазлига сазовор бўлишга чақирмоқда.
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Расулига иймон келтиринглар».
Ушбу ояти карима мўминлар учун маълум ва машҳур, энг маҳбуб нидо – «Эй иймон келтирганлар!» нидоси ила бошланмоқда. Бу нидо мўминларнинг завқ-шавқини ошириб, амрни ихлос ила адо этишга чорлайди.
«Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Расулига иймон келтиринглар».
Иймон келтирган инсон албатта тақво қилиши керак. Тақвосиз иш битмайди. Шунингдек, Аллоҳга иймон келтириб, У Зотга тақво қилишнинг асосида У Зотнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш ҳам бор. Бусиз мутлақо мумкин эмас. Агар ким Аллоҳга иймон келтириб, У Зотга тақво қилиб ва У Зотнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирса, Аллоҳ таоло унга мукофот беради.
«У Зот Ўз раҳматидан сизларга икки ҳисса берадир ва юришингиз учун нур берадир ҳамда сизларни мағфират қиладир. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
Демак, ундай кишига Аллоҳ таоло Ўз раҳматидан бир ҳисса эмас, икки ҳисса берар экан.
«…ва юришингиз учун нур берадир…»
Бу Аллоҳнинг энг улкан неъматидир. Инсоннинг икки дунё саодат йўлига юриши учун жоҳилият зулматларини ёритувчи нури бўлиши ниҳоятда аҳамиятли ва зарурдир. Аллоҳ ўшандоқ нурни фақат Ўзига иймон келтириб, тақво қилган ва Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирганларга ваъда қилмоқда.
«…ҳамда сизларни мағфират қиладир. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
Аллоҳ кечирувчи, раҳмли Зотдир.
Аллоҳ таоло амал қилувчилар учун мукофот ўлароқ тоатда уларнинг қалбларида очган нарсалардан барчаларимизни баҳраманд қилсин ва уларга эриштирган Ўзининг унсу улфатини ато қилсин!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)