1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Пайғамбар алайҳиссалом сўраган сифатлар

21:09 / 17.12.2017 4594 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Мен Сендан ҳидоятни, иффатни, беҳожатликни сўрайман», дер эдилар». Асҳобларимиз Амрдан ривоят қилишади: «Ва тақвони», деганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятни шарҳ қилган уламолар: унинг охирида номи зикр қилинган Амр имом Бухорийнинг шайхлари Амр ибн Марзуқ бўлса керак, дейдилар. Мазкур Амр исмли зот ўз ривоятида «Ва тақвони» сўзини ҳам қўшиб айтар экан. Шу маънони имом Бухорий қўшимча маълумот тарийқасида келтирган эканлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини ҳис-туйғусиз, қуруқ сўз сифатида эслаб юрадиганлар бебаҳра қолишларини эслатиб қўйишимиз лозим. Ул зотнинг дуоларига эътибор билан, ихлос билан муносабатда бўлган одам олам-олам маънони, балоғат ва фасоҳатни, бандаликни бутунлай тан олишни, Аллоҳ таолони улуғлашни, бандадаги илтижо ва тазарруъни, оз сўзлар билан кўп нарсани сўрашни ва бошқа фойдаларни кўради.

Ушбу ривоятдаги дуода сўралаётган тўрт нарсани олиб кўрайлик. Ўзини билган ҳар бир одам боласига худди шу тўрт нарсадан ўзгаси керак эмаслиги очиқ-ойдин маълум бўлади:

1. Ҳидоят. «Ҳидоятга бошлаш» дегани лутф билан тўғри йўлга йўллаб қўйишни билдиради. Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири Ҳодий, яъни ҳидоят қилувчидир. У зот Ўз фазли ила хоҳлаган кимсасини ҳидоят қилади. Яъни, Аллоҳ таоло кимни тўғри йўлга ҳидоят қилса, албатта, Ўз хоҳиши ва фазли ила ҳидоят қилади. Инсонни яратган Аллоҳ таоло уни икки дунё саодатига эриштирувчи йўлни ҳам билади. Шунинг учун бандаларига дийний кўрсатмалар юбориб, уларни тўғри йўлга солиб туради. Бу кўрсатмаларнинг сўнггиси Исломдир. Бу дуода айни ўша ҳидоят сўралмоқда.

2. Иффат. «Иффат» сўзи луғатда «қабиҳ нарсадан тийилиш» маъносини англатади. Ибн Манзур: «Иффат, аслида, қолдиқнинг ўрнига ўтадиган нарсани тановул қилиш ила кифояланишдир. Иффат ҳалол ва гўзал бўлмаган нарсадан ўзини тийишдир. Иффат ўта покликдир», деган.

Уламолар иффат ҳақида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар: Роғиб шундай деган: «Иффат нафсда бир ҳолатнинг ҳосил бўлишидир, унинг ёрдамида шаҳватнинг ғалабасидан четланади. Иффат нафсни ҳайвоний лаззатлардан тийиб туришдир. У, ҳаддан ошган нафси бузуқлик билан нуқсон ҳисобланган шаҳватсизлик орасидаги ўртача ҳолатдир»; Жоҳизнинг айтишича: «Иффат нафсни шаҳватлардан жиловлашдир. Жасаднинг тик туришига ва соғлиқни муҳофаза қилишга етадиган нарса билан кифояланишдир. Барча лаззатли нарсалардан чекиниб, мўътадиллик йўлини тутишдир»; Журжоний: «Иффат шаҳвоний қувватга оид ҳайъат бўлиб, у мазкур қувватнинг ҳаддан ошган ҳолатидаги фужур ва нуқсонга учраган ҳолатидаги туйғунлик орасидаги ўртача ҳолатдир. Иффатли киши ишларни шариат ва мурувват асосида олиб борадиган одамдир», деган.

3. Беҳожатлик. Бу ердаги беҳожатлик маънавий ҳам, моддий ҳам бўлиши мумкинлигини уламоларимиз таъкидлашган. Беҳожатликни «бойлик» деб аташ ҳам мумкин. Арабчадаги «ғина» сўзини шундай таржима қилганмиз. Яъни, «моддий ва маънавий бойлик» дегани. Бой одам бировга ҳожати тушмагани учун ға­ний–бой деб аталган. Бу сифат ҳам зарур сифатлардандир. Яъни, моддий ва маънавий маъноларда тўқ бўлиш катта бахтдир.

4. Тақво. Аслида, «тақво» сўзи «сақланмоқ», «эҳтиёт бўлмоқ» маъноларини англатади. У «виқоя» сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани озор ва зарар берадиган нарсадан сақлашни англатади. Бинобарин, тақво ўзини қўрқинчли нарсадан сақлашдан иборатдир. Гоҳида тақво хавф маъносида ёки аксинча ҳам ишлатилади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан «Тақво нима?» деб сўрашганда: «Араблар сертикон майдондан яланг оёқ бўлиб, тикондан сақланиб ўтиб кетишни «тақво» дейишади», деганлар.

Ҳаётда гуноҳ ишлар ҳам худди тиконларга ўхшайди, ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши эса тақво қилган бўлади. Оқибатда тақво инсон қалбидаги ҳолатга айланади. Бу ҳолат қалбни ҳассос қилиб, доимо Аллоҳ таолонинг сезгиси билан яшайдиган қилиб қўяди.

Тақвонинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар бир-бирини тўлдирувчи бир қанча таърифларни айтишган: Роғиб айтади: «Шариат урфида тақво нафсни гуноҳдан муҳофаза қилишдир. Бу, манъ қилинган нарсаларни тарк этиш ила бўлади. Баъзи мубоҳларни тарк қилиш ила мукаммал бўлади»; Ферузободий: «Тақво ҳар бир зарарли нарсадан, яъни, маъсиятдан ва ортиқча-кераксиз нарсалардан четда бўлишдир. Шунга биноан, у фарз ва нафлга тақсимланади», деган; Ўтган азизлардан Толқ ибн Ҳабиб шундай деган: «Тақво Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, унинг нури ила Унга тоат қилиш ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, унинг нури ила қайтарилган ишларни тарк қилишдир».

Қуръони Каримда «тақво» сўзи «хавф», «қўрқиш», «ибодат», «маъсиятни тарк қилиш», «тавҳид» ва «ихлос» каби маъноларда ишлатилган. Қоронғи жойга кириб олиб, тасбиҳ ўгириб ўтириш тақводор бўлиш учун етарли эмас. Тақво–гуноҳ ишлардан ўзини сақлашдир. Аллоҳ таолонинг азобидан сақланиш учун ҳаракат қилишдир. Бунинг учун ёмонликлардан сақланиш, яхши амалларни қилиш керак. Бу дуода айнан ушбу тўрт муҳим нарса сўралгандир.


“Ал-адаб ал-муфрад”дан

Ҳилол-журнал № (54). 1439-201

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2723. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, мен Маккада бир тошни билурман. У менга пайғамбар этиб давоми...

3564 19:10 / 07.12.2017
Мавлид маросимларидаги хатоларЮқоридаги сатрларда мавлид маросимларида мавжуд бўлган бир қатор хато камчиликларга ишора қилиб ўтилди. Шу билан бирга, уларга давоми...

1460 13:30 / 19.10.2021
Мавлид воситадир, мақсад эмасШаръий насс ndash ҳужжат бўладиган матн билан талаб қилинган, тарғиб қилинган фарз, вожиб, суннат амаллар асл мақсад ҳисобланади. Бундай давоми...

4574 09:10 / 01.10.2021
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксиларини ёриш2669. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ўйнаб давоми...

4167 20:39 / 26.11.2017
Аудиолар

137612 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57679 14:35 / 11.08.2021