1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 129-оят

17:00 / 26.11.2017 4159 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роббимиз, уларнинг ичига ўзларидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Расул юбор. Албатта, Сен Ўзинг ўта иззатлисин, ўта ҳикматлисан».

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун қиссада жумладан, шу иборалар ҳам бор:

«Иброҳим:

– Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди, – деди. Исмоил:

– Роббингиз буюрган ишни адо этинг, – деди. У:

– Сен ёрдам берасанми? – деди. Исмоил:

– Ёрдам бераман, – деди. Иброҳим:

– Аллоҳ менга мана шу ерга уй қуришни буюрди, – деб кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди. Ана ўшанда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Ўғил тош ташир, ота қурар эди».

Юқоридаги оятлар Байтуллоҳнинг қурилиш жараёнини жонлантириб, кўз олдимизга олиб келади.

Ота-бола пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, дарҳол иш бошладилар. Қалблари тўла тақво ила:

«Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сен Ўзинг ўта эшитувчисан, ўта билувчисан», – деб илтижо айлаб, дуо қилдилар.

Бу жуда улкан мақомдир. Салафи солиҳлардан Вуҳайб ибн Вард раҳматуллоҳи алайҳи ушбу оятни ўқиганларида йиғлаб туриб:

«Эй Роҳманнинг халили! Роҳманнинг Байтининг пойдеворларини кўтариб турибсан-у, яна қабул бўлмай қолармикан, деб қўрқяпсанми?!» – деган эканлар. Улкан қалблар, етишган шахслар ана шундай ҳассос бўладилар.

Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом Байтуллоҳни қурар эканлар, фурсатни қулай билиб, кўнгилларидаги бошқа дуоларни ҳам қилиб олдилар:

«Роббимиз, иккимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил...»

Ўзлари мусулмон бўла туриб, яна шу дуони қиляптилар. Бу ҳидоятда бардавом бўлиш учун Аллоҳдан ёрдам умидидир. Бутун борлиғи ила Аллоҳга таслим бўлишдан ажрамаслик умидидир. Ва улар, шу билан бирга, ўзларига насиб бўлган иймон неъматидан зурриётлари ҳам баҳраманд бўлишини тиламоқдалар:

«...ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил…» – демоқдалар.

Ақийда иши муҳим иш, у мўмин инсон учун энг аҳамиятли масаладир. Шунинг учун аввалги оятларда аҳли ҳарамга ризқ сўраган ота-бола пайғамбарлар энди зурриётларига Аллоҳдан иймон-Ислом сўрамоқдалар.

Улар яна Аллоҳдан:

«...бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт», – деб сўраяптилар.

Биз «ибодатларимизни» деб таржима қилган сўз араб тилида «манаасиканаа» дейилган. «Маносик» сўзи аслида ибодат маъносини англатса ҳам, урфда «ҳаж ибодатлари» маъносида ишлатилади. Шунинг учун бу дуода «Мана, Сенинг уйингни қуряпмиз, энди уни ҳаж қилишни ҳам Ўзинг ўргат» деган маъно бўлади. Дуонинг охирида Аллоҳнинг уларни умидвор қилган сифатлари ҳам қўшиб айтиляпти:

«Албатта, Сен Ўзинг тавбани кўплаб қабул қилувчисан, ўта раҳмлисан».

Учинчи оятда Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом Аллоҳ таоло томонидан катта неъмат – зурриётларига ўз ичларидан пайғамбар юборилишини сўрамоқдалар.

«Роббимиз, уларнинг ичига ўзларидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Расул юбор».

Ўша Пайғамбар уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беради. Китобни, яъни Аллоҳнинг Китобини ўргатади. Ўқишни, маъноларини, унга амал қилишни ва унга тааллуқли бошқа нарсаларни ўргатади. Ҳикматни ҳам ўргатади. «Ҳикмат»нинг маъноси «ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш» демакдир. Уламоларимиз «Ҳикмат»дан мурод Набий алайҳиссаломнинг суннатлари», – деганлар. Мазкур Пайғамбарнинг вазифаларидан бири уларни поклашдир. Яъни ширк, куфр ва ёмон одатлардан поклашдир.

Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг дуоларини кўп асрлардан сўнг истижобат қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборди. У киши Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг зурриётларидан бўлиб, дуодаги барча сифатлар у кишида мужассам.

Чин дилдан қилинган дуо албатта қабул бўлади. Лекин қабул қилувчи Зот қачон хоҳласа, ўшанда қабул қилади. Одамлар буни тушунмай, шошиладилар, ноумид бўладилар, холос. Хўш, ўзини Иброҳим алайҳиссаломнинг меросхўрлари, деб фахрланиб юрган яҳудийлар, насронийлар ва араб мушриклари шунча гапдан кейин нима дейдилар?! Тўғри, ҳаммалари Иброҳим алайҳиссаломнинг зурриётларидирлар. Аммо Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан бирга Байтуллоҳни қураётганларида «Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган» зурриётларигагина ризқ ва барака сўраб дуо қилдилар. Бошқаларга эмас. Улар яна:

«Икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қилгин», – деб дуо қилдилар. «Яҳудий ёки насроний ёки мушрик қилгин», – деб эмас. Улар:

«Зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қилгин», – деб дуо қилдилар, бундан бошқага эмас. Улар бутун оламлар Роббидан илтижо ила сўраган Пайғамбар ҳам (Муҳаммад алайҳиссалом) келди. Энди у кишига иймон келтириш лозим. Булар ҳаммаси Иброҳим алайҳиссаломга эргашганларнинг энг бирламчи иши бўлиши лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бақара 1. Алиф лаам мийм.Қуръони Каримнинг йигирма тўққиз сураси юқоридагига ўхшаш ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган баъзилар .Ҳуруфул давоми...

5573 19:50 / 10.05.2017
Сизни ёмон азобларга солиб, ўғилларингизни сўйиб, қизларингизни тирик қолдираётган Оли Фиръавндан қутқарганимизни эсланг Ана ўшанда Роббингиздан буюк синов давоми...

3698 09:06 / 29.08.2017
Албатта, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, насоролар ва собиийлардан кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса ва солиҳ амал қилса, уларга Робблари давоми...

5472 09:25 / 10.09.2017
Мусонинг ўз қавмига .Эй қавмим, албатта, сиз бузоқни илоҳ тутишингиз ила ўзингизга ўзингиз зулм қилдингиз. Энди сизни йўқдан бор қилувчи Зотга тавба қилинг, давоми...

4465 09:10 / 02.09.2017
Аудиолар

210861 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130126 14:35 / 11.08.2021