1447 йил 17 шаъбон | 2026 йил 05 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 54-оят

09:10 / 02.09.2017 4631 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусонинг ўз қавмига: «Эй қавмим, албатта, сиз бузоқни (илоҳ) тутишингиз ила ўзингизга ўзингиз зулм қилдингиз. Энди сизни йўқдан бор қилувчи Зотга тавба қилинг, ўзингизни ўзингиз ўлдиринг. Шундай қилмоғингиз сизни йўқдан бор қилувчи Зот ҳузурида сиз учун яхшидир. Бас, У тавбангизни қабул қилди. Албатта, Унинг Ўзи тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир», – деганини эсланг! Бақара 54.

Бузоқни худо деб тутиш инсон учун, унинг ақли учун нақадар улкан ор бўлишига қарамай, Бану Исроил ўз табиатидаги бузуқликдан келиб чиқиб, шу ишни ўзига эп кўрди ва бу билан ўзига ўзи зулм қилди. Энди қиёматгача бу ор уларга айб бўлиб қолади.

Ушбу ояти кариманинг аввалида Мусо алайҳиссалом Бану Исроилнинг ёдига мазкур нобакорликларини солмоқдалар:

«Эй қавмим, албатта, сиз бузоқни (илоҳ) тутишингиз ила ўзингизга ўзингиз зулм қилдингиз».

Шундай катта айбни ҳам Аллоҳ Ўз фазли ила кечириб юбориши мумкин. Шунинг учун Мусо алайҳиссалом ўз қавмини йўқдан бор қилувчи Зотга тавба қилишга чақиряптилар:

«Энди сизни йўқдан бор қилувчи Зотга тавба қилинг, ўзингизни ўзингиз ўлдиринг. Шундай қилмоғингиз сизни йўқдан бор қилувчи Зот ҳузурида сиз учун яхшидир».

Биз «йўқдан бор қилувчи Зот» деб таржима қилган ибора матнда «Бориъ» деб келган. Бу Аллоҳнинг сифатларидан бири бўлиб, «Махлуқотларни тафовутдан холи қилиб яратувчи Зот» деган маънони билдиради. Бану Исроил томонидан содир этилган гуноҳ ҳаддан ташқари катта бўлганлиги учун унинг тавбаси ҳам ўзига яраша оғир бўлмоқда, у ҳам бўлса – ўзларини ўзлари ўлдириш. Бу – ҳар ким ўзини ўлдириши, дегани эмас, балки Бану Исроил қавми аъзоларининг бир-бирларини ўлдиришидир. Аниқроғи, ривоятларда келганидек, бузоққа ибодат қилмаганлар унга ибодат қилганларни ўлдиришидир. Бану Исроилга ўхшаш табиати бузуқ қавмларнинг тарбияси учун шунга ўхшаш қаттиқ чоралар зарур. Улар мазкур ишни қилдилар. Яъни ўзларини ўзлари ўлдирдилар. Шундан сўнггина Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул этди.

«Бас, У тавбангизни қабул қилди. Албатта, Унинг Ўзи тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир», деганини эсланг!»

Бу ҳам Аллоҳ таолонинг Бану Исроилга берган улкан неъматидир.

Бу оятдан гуноҳни ким қилишидан қатъи назар, жазосиз қолмаслигини билиб оламиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унуттирсак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирурмиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодир эканини билмадингми Бақара 106.

4304 18:43 / 02.11.2017
Сизга жанг қилиш фарз қилинди, ҳолбуки, у сиз учун ёқимсиздир. Ажаб эмаски, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва ажаб эмаски, ёқтирган нарсангиз сиз учун давоми...

15669 08:45 / 23.02.2018
Эй иймон келтирганлар Сабр ва намоз ила ёрдам сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир. Бақара 153. Ислом умматига Аллоҳ таоло улкан масъулиятни бутун дунёни давоми...

10912 08:45 / 20.12.2017
Ана ўшалар расуллардир. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган. Ва Ийсо ибн Марямга давоми...

4300 13:25 / 05.04.2018
Аудиолар

228143 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

146840 14:35 / 11.08.2021