1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Васваса (2-қисм)

17:19 / 21.09.2017 4705 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яна бошқа масала – банданинг қалбида кўп васваса бўлиши, ундан қандай қутулиш мумкинлиги ҳақида ва «Ўша агар ғаразини қабул қилмаса, зарар қиладими?» деб сўрабсан.

Билки, васваса икки хилдир.

Улардан бири душман томонидан бўлади. Қачон душман келиб, васваса қилса, у Аллоҳ таолонинг зикри билан қайтарилади. Шунда у ортга чекинади. Шунинг учун ҳам у «ортга чекинувчи» дейилади.

Васвасанинг иккинчиси кучлироқ ва оғирроқдир. У нафснинг васвасасидир.

Уларнинг иккиси Танзилда «минал жиннати ван-наас», яъни «жинлар ва одамлардан» деб зикр қилинган. Жиндан бўлгани душмандир (шайтондир). Одамлардан бўлгани нафсдир. Унинг жин деб номланишига сабаб иблис фаришталарнинг жин тоифасидан бўлгани учундир. Улардан бир тоифаси жин деб аталади. У уларнинг раҳбари бўлган. Аммо ер юзидаги жинлар самум, яъни олов каби иссиқ шамол ўтидан яратилгандир. Улар фаришталардан эмас. Иблис иззат оловидан яратилган. Фаришталар иззат нуридан яратилгандир.

Одамларнинг «наас» дейилиши бу сўзнинг бирлиги «инсон» бўлгани учундир, чунки уларда «унс» бор. Уларнинг баъзилари баъзиларига унсу улфат бўладилар. Қачон ўша нарсани йўқотсалар, ваҳшийлашадилар.

Қачон нафс васваса қилса, шаҳватлари ва лаззатларидан васваса қилади. Шунинг учун унинг иши кучли ва қийин бўлади. Буни қайтариш эса ўлимни эслаш билан бўлади, чунки ўлимни доимий равишда эслаш нафсдаги шаҳватларни ўлдиради. Унинг (шаҳватларнинг) заволини ва ҳоли ўзгариб туришини зикр қилгани учун уларни банданинг кўзига арзимас, ҳақир ва бўлмағур қилиб кўрсатади. 

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни уни эслашга ундаганлар:

«Лаззатларни парчаловчини зикр қилинг. Зотан, у кўпнинг ҳузурида зикр қилинса, албатта уни озайтиради ва ознинг ҳузурида зикр қилинса, албатта уни кўпайтиради».

Бунинг маъноси шуки, ўшанда кўз олдига ўлим келади ва унинг зикри нафсни унуттиради. Бир нарса оз бўлса ҳам, унга кўп кўринади. У ўзича: «Бу кеча ўламан, эртага ўламан. Бу ўладиган учун кўпдир», дейди. Шундай қилиб, кўп нарса унинг наздида озга айланади. «Эртага ўламан, буни нима қиламан, ўлим мени кутиб турибди-ку», дейди. Бу орзу-ҳаваси қисқа бўлган киши учундир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дунёдаги зуҳд орзу-ҳаваснинг қисқалигидир», деганлар.

Банда ушбу икки васвасани мана шу икки зикр ила қайтаришда то бу зикрлар қалбни эгаллагунча бардавом бўлса, кўкс нурланади ва унга Аллоҳдан зиёда хавф келади. Хавф келиб, қалбни лозим тутса, қалб васвасадан холи бўлади, чунки маърифат султони қалбни эгаллаган бўлади ва қалб амирга айланади. Кўкс эса худди бу дунёдаги мўминлар амирининг қароргоҳига ўхшаб холи ва сокин бўлди. Унда нафас ҳам, шитирлаш ҳам, қадам овози ҳам, шивирлаш ҳам эшитилмайди. Уларни мўминлар амирининг ҳозирлиги ва уларга яқинлиги ҳайбати тутгандир. Уларнинг ўзаро каломлари пичирлашдир ва юришлари оёқ учидадир.

Бундан олдинги овозлар ва бақир-чақирлар нафсдан бўлар ва кўксга ўтар эди. Маърифат султони хушуъ, хавф, чўчиш ва даҳшатлар ила, азамат даҳшати ила келганида нафс ўз жойида ўлиб қолди. Унинг овозлари ва шовқин-суронлари сўнди. 

Аммо Ҳасанга бир одам васвасадан шикоят қилиб келганида, унинг «Аллоҳ бизга уни зиёда қилсин. Албатта, бу иймон васвасасидир» деганининг баёни қуйидагича: «Иймон бандаларнинг қалбларидаги ғайбдир. Уни Аллоҳ азза ва жалладан бошқа ҳеч ким билмайди. Нифоқ иймоннинг ичида беркинган эди. Буни бандалар билишмасди. Душман (шайтон) ҳаммасига тама қилди ва ўзига берилган нарсани уларга отди. Унинг отгани кўксга – фуоднинг икки кўзи орасига тушгач, қалбдаги иймон чўғидан бир учқун чиқиб, уни қуйдирди ва душман ортга қочди. У ўз маконига чекинди. Кўксда мазкур учқуннинг зиёси ва ўткир шуъласи бордир. Ана шу иймон зиёсидир. У ўша соатда энг гўзал ва энг юқори даражада бўлади, чунки иймон ундан тўсилган эди, кейин унинг зиёси ва шуъласи зоҳир бўлди ва у ёғду сочди. Мана шу қалбнинг иши ва касбидир. Амирнинг касби билан хизматчиларнинг – аъзоларнинг касби тенг эмас. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда шикоят қилинганида, у зот: «Ана ўша айни иймондир», деганлар.

У зот уни «айни» дейишлари иймоннинг устидаги парда кўтарилгани ва тўсиқ очилгани учундир. Зотан, иймон устидаги тўсиқ Аллоҳдан бўлган раҳмат эди. Парда банданинг иймонидаги янги нарса эди. У тузоқлар ва шаҳватлардан иборатдир. Бас, парда кўтарилди, тўcиқ очилди. Иймон кўксда нур сочди, зиё таратди ва порлади. Ана шу айни иймондир. У зот алайҳиссаломнинг сўзлари ҳам ана шу чўғдан учиб чиққан учқун ҳақида. Душман келтирган кирлик ва ифлосликлар ҳақида эмас.

Одамнинг қалби ўт олдириш учун ишлатиладиган чақмоққа ўхшайди. Баъзи тошлардан ўт чиқади, баъзи тошлардан ўт чиқмайди. Сен тошларни бирма-бир чақмоққа уриб кўрасан. Қай биридан ўт чиқса, уни бир четга олиб қўйиб, ўзинг учун эслаб қоласан. Ўт чиқмаганини ташлаб юборасан. Душман ҳам шунга ўхшайди. Ўз чақмоғини ишлатиб кўради. Агар қалбингда маърифат нури бўлса, у сенинг қалбингга уриб кўрганида, ўша нурнинг шуъласи кўксингда зоҳир бўлади. Душман уни эслаб қолади ва керакли жойга қўяди. У сендан бирор нарсани олиш илинжида васваса билан сени тинмай азоблайди. Агар у қўриқланган бўлгани учун тугунни, яъни иймон тугунини еча олмаса, ҳеч бўлмаса, тугуннинг аъзоларда жорий бўлган амалларини бузади.

Қачон у ўз ўқини отганида, унинг ўқи иймондан холи бўлган мунофиқ қалбга тегса, иймон унинг тилида ва аъзоларнинг амалларидагина бўлса, бундай қалбдан ўт ҳам, учқун ҳам чиқмаса, ўша қалб холи эканини, унда ҳеч нарса йўқлигини билади. У ўзиники эканини, унда Аллоҳ таолонинг ҳожати йўқлигини ҳам билади. Унинг иши ташлаб қўйилганини кўради. Уни ўз қарамоғидаги жойга ирғитади. Уни эсидан чиқаради. У билан шуғулланмайди, чунки у ўзиникидир. Зотан, унда бирор нарса бўлса, ўшани бузиш учун васваса қилади. Унда бузишга арзигудек нарса бўлмаса, уни ўзи учун ушлаб туради ва ташлаб қўяди.

Унинг эътибори ўз ўқини отганида қалбининг ботинидан иймон олови чақнаган бандага қаратилгандир. У ана ўшанга эътибор қаратади, ҳасад ила уни бузиш учун енг шимаради. 

Мана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари васваса йўқолишини нуқсон санашлари ҳақидаги ҳадиснинг таъвилидир.

Иброҳим Нахаъий: «Мўминнинг намози қабул бўлиши аломати васвасадир», деган. Аҳли китоб васваса қилинмайди. Зотан, душман уларнинг ишини битириб бўлган. Душман учун аҳли китоб ва аҳли ширкларнинг қалблари худди ўғрилар эътибор бермайдиган хароба уйлар, камбағалларнинг уйларидек бўлиб қолган. Ўғрилар бундай уйларга аҳамият беришмайди, улар бойларнинг уйларинигина қасд қилишади.

Қалблар уч хил бўлади:

– Хароба қалб. Душман унга аҳамият бермайди.

– Ичида кўп яхшилиги бор қалб. Бу худди бойлик ва кўп матоҳлар бор уйга ўхшайди. Ўғрилар бундай уйдан бирор нарса ўғирлашга умид боғлайдилар. Ўғрининг иши кесилмайди, уй эгаси ҳам уни қўриқлашдан зинҳор ғофил бўлмайди. Агар ғофил бўлса, матоҳларига талафот етади.

– Мўминларнинг амирининг уйи(га ўхшаш қалб)да жавоҳирлар бор. Ўғриларнинг унга етиб боришдан умидлари узилган. У мустаҳкам қўрғондир. Унинг қўриқчилари кўп. Мўминларнинг амирининг азоби ҳам қаттиқ. У – қатл қилиш ёки осиш.

Биринчиси – кофир ва мунофиқнинг қалби.

Иккинчиси – Аллоҳнинг кўп амал қилувчи муваҳҳид бандаларининг қалби.

Учинчиси – Аллоҳнинг валийси ва хос бандасининг қалби. Бу қалб Ул Зотнинг тасарруфидадир. У Зот уни ишлатади. Душманнинг тамалари уни васвасалари билан машғул қилишдан кесилгандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Шайтон қачон Умарга йўлиқса, албатта юзтубан қулайди» деганларини билмайсанми?! Бу унинг қалбидаги султондандир.

Шунингдек, дейилмишки, «Умар розияллоҳу анҳунинг дарраси одамларнинг кўксларида халойиқнинг қиличларидан кўра қўрқинчлироқдир». Шунинг учун ҳам Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу: «Намозда турганимда ундан (даррадан) бошқа нарса менинг хаёлимни олмаган», деган.

Намозда васвасанинг кесилиши Аллоҳнинг азамати ила тўлиб-тошган, азамат нури кўксларида порлаган қалбларгагина хосдир. Ана шу қалблар азамат денгизида сузадилар. Қандай қилиб душман унга дунёнинг гапларини айтишга қодир бўлади?! Бу қалб мазкур денгизга шўнғиб, ўзини йўқотиб турганида қандай қилиб бирор нарсага чалғиши мумкин?!

Бизнинг «Усул китоби»мизда бир жилд келадиган боб бор. Унда намознинг манзилаларини тафсир қилганмиз. Шунингдек, васвасанинг кесилишини инкор этувчи ва «Бу нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ҳеч кимда бўлмайди», дея даъво қилувчиларга раддия қилганмиз.

Ким бу гапни айтган бўлса, ўзидан чиқариб ва ўзидаги маърифатнинг ўлчовидан келиб чиқиб айтган. У Аллоҳнинг Ўзига хос қилиб олган ва иймон тоғининг чўққисига жойлаштириб қўйган бандалари борлигини билмайди. У Зот улар учун муножот эшигини очиб қўйганини ва уларни Ўз ҳаммажлиси қилганини билмайди. Ўша одам У Зотнинг Мусо алайҳиссаломга «Мен Мени зикр қилган кимсанинг ҳаммажлисиман» дегани ҳақидаги ҳадисни ривоят қилади, аммо ҳаммажлис нималигини билмайди. Агар билганида, васвасанинг кесилишини инкор қилмаган бўларди. Аллоҳнинг ҳаммажлислари У Зотни зикр қилувчилардир. Улар барча пайғамбар алайҳимуссаломнинг ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтининг кўз қувончларидир. У Зот улардан рози бўлгандир. Ер улар билан туради ва ёмғир ёғади. Улар қирқ кишидирлар. Қачон улардан бир киши ўлса, Аллоҳ унинг ўрнига бошқасини тайёрлайди. 

 

«Намоздаги васвасанинг зарари недир?» деб сўраганинг ҳақида.

Бу худди ёмонликлари ҳақида амирга етказилиб, устидан шикоят қилинган одамнинг мисолига ўхшайди. Шунда унинг амирга иши тушади. Тушган шикоят учун узр айтгани ва ҳожатини сўрагани амирнинг ҳузурига боради. Амирнинг эшигига етганида, унинг олдига хизматчилари ва қулларини юбориб, ўзи дунё истакларидан бирига берилиб кетади. 

Ҳалиги хизматчилар амирнинг ҳузурига кириб, хожалари номидан унга узр айтадилар ва унинг ҳожатларини сўрайдилар. Шунда амир: «Хожангиз қани?» дейди. Хизматчилар: «У эшик олдида эди. Унга дунёнинг истак ва лаззатлари учраб қолди. Ўзи улар билан машғул бўлиб, сизнинг ҳузурингизга кела олмади», дейишади. Ана шу одам амирнинг назаридан қолмайдими?! Бу унинг иши эътиборсиз қолишига сабаб бўлмайдими?!

Намозхон ҳам шунга ўхшайди. Намоз унга тавба, эътижор, ёлвориш, рағбат ва қилган ишларидан халос бўлиш учун берилган. Агар банда ўшани (намозни) аъзолари билан қилса-ю, қалб бу ишдан ғойиб бўлса, худди биз зикр қилганимиздек, ходимларнинг ўз хожаларисиз амирнинг олдига киришига ўхшаб қолади.

Ушбу масала бўйича жавобимизни бу бобдаги саволларингга умумий жавоб қилдик. 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Сарахс аҳли сўраган масалалар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Барчамиз Аллоҳнинг гуноҳкор бандаларимиз, гарчи У ҳадларимиздан ошмасликни амр этган бўлса ҳам. Лекин Биз Аллоҳ таолонинг ожиз бандалари Роббимизнинг давоми...

5956 17:56 / 20.08.2017
У Зот сенга бор қилинганлардаги нарсаларга назар солишингни мубоҳ қилди, лекин сенга бор қилинганларнинг зотлари устида тўхталишга изн бермади. .Осмонлардагиhellip давоми...

3121 18:02 / 15.04.2018
Муайян вақтда Аллоҳ зоҳир қилган нарсадан бошқани пайдо қилишни ирода қилган кимса жоҳилликдан ҳеч нарсани тарк қилмаган бўлади.ndash Жоҳиллик илмнинг тескариси, давоми...

3595 17:49 / 25.03.2018
Шубҳали нарсага нисбатан керак бўлган муносабат бир неча хил бўлади1. Вожиб.Ўзиникими ёки ўзганикими, аниқ бўлмаган молни олмаслик.2. Мустаҳаб.Молининг кўпи ҳаром давоми...

3259 22:23 / 09.03.2018