1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳдан тўсилиш (1-қисм)

16:34 / 08.10.2017 4021 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин?

У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, ҳамма нарсани У зоҳир қилган-ку!

У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, ҳамма нарса билан У зоҳир бўлган-ку!

У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, ҳамма нарсада У зоҳир бўлган-ку!

У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, ҳамма нарса учун У зоҳир бўлган-ку!

У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, ҳамма нарса мавжуд бўлишидан олдин У зоҳир-ку!

У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, У ҳамма нарсадан кўра зоҳирроқ-ку!

У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, У Ўзи билан бирга ҳеч нарса бўлмаган Битта Зот-ку!

У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, У сенга ҳамма нарсадан яқинроқ Зот-ку!

У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, агар У бўлмаса, ҳеч нарса мавжуд бўлмайдиган Зот-ку!

Воажаб! Қандай қилиб адамда вужуд зоҳир бўлиши мумкин ёки қадимлик сифатига эга бўлган Зот билан бирга янги пайдо қилинган нарса қандай собит бўлиши мумкин?!

Ушбу узун матндан иборат ҳикмат ўзидан олдинги ҳикматнинг маъносини қўллаш ва таъкидлаш учун келтирилган.

1. «У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, ҳамма нарсани У зоҳир қилган-ку!»

Қайси нарса банданинг қалб кўзидан Аллоҳ таолони тўсиши мумкин? Ахир дунёдаги барча нарсани Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган-ку! Аллоҳ таоло яратган ҳар бир нарса У Зотга далил-ку! Қандай қилиб У Зотнинг Биру Борлигига далил нарса Уни бандасидан тўсиши ва мавжудлигини идрок қилишдан ҳижоб бўлиши мумкин? 

Бу дунёни тўлдириб турган махлуқотларнинг бирортаси аввалда йўқ эди. Бу ҳақиқатни дунёдаги одам зотининг барчаси тан олади. Фақатгина марксизмни ўзига ақийда қилиб олганларгина тан олишмайди. 

Йўқ нарса ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолмаслигини заррача ақли бор одам тўлиқ тушуниб етади. Ҳеч нарса ўзидан-ўзи пайдо бўлиши мумкин бўлмаганидан кейин, уларнинг пайдо бўлиши пайдо қилувчининг борлигига далолат қилади. Ана ўша пайдо қилувчи Зот Аллоҳ таолодир. Қандай қилиб Аллоҳ таолони У Зотнинг Ўзи пайдо қилган нарсалар У Зотнинг Ўзи пайдо қилган инсондан тўсиши мумкин? Балки мантиқ тақозо қилган нарса шулки, банда дунёдаги энг кичик махлуқотларни кўрганда ҳам улар орқали ўз Холиқини қалб кўзи билан кўриши керак. Чунки барча махлуқотлар Аллоҳ таоло уларни йўқдан бор қилувчи эканига далилдир.

Аллоҳ таоло Ғошия сурасида марҳамат қилади:

«Улар назар солмасмилар туянинг қандай яратилганига…

ва осмоннинг қандай кўтарилганига…

ва тоғларнинг қандай ўрнаштирилганига…

ва ернинг қандай текислаб қўйилганига?» (17–20-оятлар)

Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиш учун инсонларга, хусусан, кофирларга Ўзининг яратган нарсаларидан тўрттасига назар солишни тавсия қилмоқда:

1. «Туянинг қандай яратилганига» назар солмайдиларми?

Қуръон нозил бўлган пайт ва жойда одамларга энг яқин ҳайвон туя бўлган, шунинг учун уларнинг эътибори туяга тортиляпти. Ҳақиқатан ҳам, туя бир мўъжиза: унинг тузилиши – қулоқлари, бурни, кўзлари, оёқлари, туёқлари саҳро учун мослашган. Шунинг учун ҳам уни араблар «саҳро кемаси» дейишади. Туя иссиқ ҳавода юришга мослашган, сув ичмасдан, бир неча кунлаб юриши мумкин ва ҳоказо.

Энди «саҳро кемаси»нинг яратилишидаги баъзи бир ажойиботларга қисқача бўлса-да назар солайлик. Туянинг кўзлари бошнинг юқори қисмига жойлашган бўлиб, ортга қараш имконини беради. Унинг қовоқлари эса қумни тўсишга мослашгандир. Шунингдек, туянинг бурун катаклари ва қулоқлари ҳам қум киришини тўсадиган жунлар билан жиҳозланган. Саҳрода шамол туриши билан туянинг тумшуқлари ҳам, қулоқлари ҳам жисмига тортилиб, қумдан зарар кўрмайдиган ҳолатга келиб олади.

Туянинг туёқлари ҳам алоҳида шаклдаги суякларга кийгизилган гўшт ва теридан иборат қўлқоп бўлиб, қумнинг устида юк ортилган ҳолда бундан бошқа туёқ билан юриш мумкин эмас.

Туя саҳрода оч қолганда, қуруқ ёғочни, ҳатто тиканни ҳам еб кетаверади.

Туянинг ўркачи ўзига хос озуқа омборидир. Агар туя саҳрода оч қолса, ўша ўркачидаги «омбор»дан озуқа олаверади.

Саҳрода энг зарурий нарса сув ҳисобланади. Туяни Аллоҳ таоло бу эҳтиёжга ҳам мослаб яратган. Аввало, туя терламайдиган қилиб яратилган. Яъни жисмидаги сувни ўзида сақлаб туради. Қолаверса, туянинг бурни оғзига уланган. Шунинг учун унинг нафас чиқариши туфайли ажралган буғ оғзи орқали яна ичига қайтади. Шу билан бирга, туя бирдан кўп сув ичиб олиш қобилиятига эга. У олт­миш литргача сув ичиши мумкин. Бу эса унга саҳрода олти кундан ўн кунгача сув ичмай юриш имконини беради.

Ушбу зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг, ўша туяни яратган Зотнинг қудратига далил эмасми? Ҳа, туянинг ва ҳар бир жонзотнинг яратилишига ибрат назари билан, ақлни ишлатиб қараган инсон Аллоҳ таолонинг қудратига тан бермай иложи йўқ.

2. «Ва осмоннинг қандай кўтарилганига» назар солмайдиларми?

Осмон ҳам ҳамма жойда барчанинг назари тушиб турадиган нарса. Лекин унинг улканлиги, ичидаги нарсаларнинг кўплиги, интизоми ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларига ибрат назари билан, ақлни ишлатиб қараган инсон Аллоҳ таолонинг қудратига тан бермай иложи йўқ.

3. «Ва тоғларнинг қандай ўрнаштирилганига» назар солмайдиларми?

Тоғлар ҳам ўз салобати ила ҳамманинг назарига тушиб турадиган нарса. Уларнинг тузилиши, сир-асрори, ажойиботлари ҳам ақлни ишлатган, эътибор назарини солганларни Аллоҳга иймон келтиришга ундайди.

4. «Ва ернинг қандай текислаб қўйилганига» назар солмайдиларми?

Ердаги ажойиботлар доимо ақлли кишиларни иймонга йўллаб келган. Ким эътибор назари билан қараса, кўп нарсани топади.

Қандай қилиб банда шунчалик нарсаларни тан кўзи билан кўриб туриб, ўша нарсаларни яратган Зотни қалб кўзи билан кўрмаслиги мумкин? 

2. «У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, ҳамма нарса билан У зоҳир бўлган-ку!»

Ушбу жумлада дунёдаги барча мавжудотнинг бу дунёда туришини ҳам, ўзига юклатилган вазифани адо этишини ҳам Аллоҳ таоло Ўз тадбири ила таъминлаши маъноси бор. 

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида марҳамат қилади:

«У: «Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган Зотдир», деди» (50-оят).

Яъни «Роббимиз шундай Зотки, У ҳар нарсага, кўзга кўринмас ҳужайрага ҳам, кўз нури етмас улкан мавжудотларга ҳам ўзига хос яратилиш – хилқат берган. Ҳаммаси ўзига хос. Бир-бирига ўхшамайди. Ҳар бири ўзича бир олам. Сон-саноғига етиб бўлмайдиган мавжудотларнинг ҳар бирига ўзига хос хусусият, шакл-шамойил берган.

У Зот ҳар бир нарсага хилқат бериш билан кифояланиб қолгани йўқ, балки яна

«...ҳамда уни ҳидоятга солган Зотдир...»

Аллоҳ ҳар бир мавжудотни ўзига хос хусусият, шакл-шамойил ила яратгани қаторида, ҳар бирига вазифа белгилаб, уни адо этишга ҳам йўллаб қўйгандир. Кўзга кўринмайдиган кичик ҳужайралардан тортиб, кўз нури етмас улкан махлуқотларгача – ҳамма-ҳаммаси ўз вазифасини адо этиш учун ҳаракатда. Ҳар бир зарра ўз бурчини ўташ учун ҳаракат қилади. Ҳар бир ҳужайра ўз вазифасини ўзига буюрилганидек, тўғри адо этади. Шунингдек, осмонлар ҳам, ер ҳам, тоғу тош, дарё-денгизлар ҳам ўз вазифаларини тўкис адо этадилар. Уларни бу ишга Аллоҳ ҳидоят қилган, йўллаган».

Аллоҳ таоло Қамар сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик» (49-оят).

Барча нарса ва ҳодисаларнинг ўз миқдори, ўлчови борлигини англатувчи ушбу оят озгина сўзлардан иборат бўлишига қарамай, ўзида улкан маъноларни мужассамлаштирганлиги ҳам мўъжизадир.

Инсон илми ҳозиргидек бўлмаган даврларда бу оятни одамлар ўзларича тушуниб юрганлар. Лекин илм-фан ривожланиб боргани сари, янгидан-янги кашфиётлар қилиниши билан бу ояти кариманинг маънолари янада теранлашиб бормоқда. Бу кашфиётлар билан яқиндан, инсоф ила танишган кишиларнинг Исломга юрмай иложлари қолмаяпти. Янада таъсирчан ва тушунарлироқ бўлиши учун уламоларимиз оятнинг маъносини тасдиқловчи кўпгина илмий далилларни келтирадилар. Биз ҳам уларга мурожаат қилиб кўрайлик.

Узоққа бориб юрмай, ўзимиз учун ҳар лаҳзада зарур бўлган, агар бир оз етишмай қолса, ҳаётимизнинг тугашини муқаррар қилиб қўядиган ҳавони олайлик. Ҳавода кислороднинг миқдори 21 фоизни ташкил қилади. 22 ҳам эмас, 20 ҳам эмас. Уни ким қилди? Агар кислороднинг нисбати кўпайиб кетса, ҳамма тарафдан олов чиқиб, ёниб кетар экан.

Жонли зотлар кислороддан нафас олиб яшайди ва ўзидан карбонат ангидрид чиқаради. Наботот эса, аксинча, карбонат ангидриддан озуқаланиб, ўзидан кислород чиқаради. Агар ушбу мувозанат бузилса, ер юзида ҳаёт қолмаслиги аниқ. Бундай нозик мувозанатни ким жорий қилди? Аллоҳдан ўзга ҳеч ким эмас!

Қуёш ер юзига маълум бир ўлчовдаги иссиқликни юбориб туради. Агар ўша ўлчов бузилиб, миқдор салгина озайса, ер юзи музлаб қолади, кўпайса, куйиб кетади. Хўш, бу мувозанатни ким ўрнатди ва уни ким давомли этиб турибди? Аллоҳдан ўзга ҳеч ким эмас!

Нима учун баъзи жонзотлар оз тухум қўяди-ю, бошқалари кўп қўяди. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Мисол учун, лочинни олайлик. Ўзи ҳилват жойларда яшайди. Одатда лочиннинг тухумини ўз кўзи билан кўрган одамни учратмаймиз. Пашша бўлса ҳамма ёқни тухумига бостириб юборади. Ўн миллионлаб тухум қўяди. Агар лочин пашшага ўхшаб тухум қўйса нима бўларди? Ёки аксинча бўлса-чи? Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло лочиннинг умрини узун, пашшаникини қисқа қилиб қўйган. Бўлмаса, ўлчов бузилиб, ҳаётда ноқулайлик туғиларди.

Нима учун илонларнинг кичкинаси заҳарли, каттаси заҳарсиз бўлади? Чунки кичиклари кучсиз, ўзини ҳимоя қилишга бошқа иложи йўқ. Катталари кучли ва кўп нарсага имконлари бор. Агар икковлари алмашиб, кичиги заҳарсиз, каттаси заҳарли бўлиб қолса борми? Нималар бўлишини кўз олдингизга келтиргандирсиз? Бу мувозанатни ким ўрнатган? Чарлз Дарвинми ёки Карл Марксми? Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким қодир эмас бунга!

Ҳар биримиз онамизнинг кўкрагини эмиб катта бўлганмиз. Лекин ўша она сутининг ўзи нима? Унда қандай моддалар бор? Ўйлаб кўрганмизми шуни?

Туғишдан олдин ва кейинги биринчи даврда оналарнинг кўкрагидан сарғиш-оқ суюқлик чиқар экан. Худди ўша суюқлик чақалоқни турли касалликлардан асровчи моддадан иборат экан. Во ажаб! Ҳар бир инсон учун ҳаводек зарур бу суюқликни онанинг кўкрагига айнан чақалоқ туғилиши пайтида ким келтирди экан? Америкалик олимларми ёки инглиз олимларими? Йўқ ва яна йўқ! Чунки улар ҳам болаликларида Аллоҳ берган ушбу суюқликни эмиб, ҳаётларини сақлаб қолганлар.

Бола туғилганидан кейинги кундан бошлаб, кўкракка сут кела бошлайди. Буни онанинг ўзи қиладими? Кундан-кунга сут кўпайиб бориб, бир йилдан сўнг ҳар куни бир ярим литр сут келади. Чақалоқ ўсиши билан сутнинг миқдори ҳам кўпайиб бораверади. Мўъжиза шундаки, сутнинг фақат миқдори кўпайиб қолмай, ундаги озуқа бўладиган моддаларнинг таркиби ҳам эҳтиёжга қараб ўзгариб боради. Буни Аллоҳдан бошқа яна ким қила олиши мумкин?!

Бу масалада неча-неча жилдли китоблар битилган. Инсофи бор ҳар бир киши уларни ўқиб, тафаккур қилиб кўрса, мусулмон бўлмай иложи йўқ.

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг замонини, маконини, ҳажмини, шаклини ва бошқа жиҳатларини нозик-нозикликларигача ўлчаб қўйган.

Бас, шундай экан, қандай қилиб банда бу нарсаларни мулоҳаза қилмаслиги ва Аллоҳ таолони қалб кўзи билан кўрмаслиги мумкин?!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Замонлар ўтиши билан равшанлиги ортиб, у ербу ерда янгиланиб тураётган ҳодисалар туфайли тасдиқланиб борадиган Қуръоний ҳақиқатлардан бири Қуръоннинг фақатгина давоми...

3807 16:26 / 24.01.2018
Энди мазкур зикр калималарининг фазли ҳақида келган баъзи ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқамиз.4525. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ давоми...

4943 20:28 / 10.05.2018
Ким ўз бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик уни жим қилиб қўяди. Ким У Зотнинг бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик қилса ҳам жим бўлмайди.Бисот ndash мажол, суянч, давоми...

4121 20:05 / 27.08.2017
Аллоҳ таоло Наас сурасида айтади.Айт .Одамлар Роббидан паноҳ сўрайман... одамлар Подшоҳидан... одамлар Илоҳидан... беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг... давоми...

6016 17:47 / 08.07.2017