1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Эътиқодий ғулув

17:10 / 15.11.2017 4059 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эътиқодий ғулувга кетган тоифалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида рўёбга чиқмаган бўлсалар ҳам, уларнинг чиқишлари ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

1 . Хаворижлар ва диндан отилиб чиқувчилар ҳақида.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтади:

«Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ямандан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қараз билан ошланган терида тупроғи ажратилмаган кичик бир парча тилла жўнатди. У зот уни тўрт киши: Уяйна ибн Бадр, Ақраъ ибн Ҳобис, Зайд Ал-Хайл, Алқама ибн Улоса. Шу пайт у зотнинг саҳобаларидан бир киши: «Бунга анавилардан кўра биз ҳақлироқ эдик», деди. Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Шунда у зот: «Сизлар менга ишонмайсизларми?! Ахир мен самодаги Зотнинг амийни бўлсам, менга эрта-ю кеч осмон хабари келиб турса?!» дедилар. Шунда икки кўзи ичига ботган, икки ёноғи бўртган, дўнгпешона, серсоқол, тақирбош, изорини шимариб олган бир киши туриб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳдан қўрқинг!» деди. У зот: «Шўринг қурсин! Ахир мен ер аҳлининг Аллоҳдан қўрқишга энг ҳақлиси эмасманми?!» дедилар. Ҳалиги киши ўгирилиб кетди. Холид ибн Валид: «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг бўйнига қилич урайми?» деди. У зот: «Йўқ! Балки у намоз ўқир», дедилар. Холид: «Қанчадан-қанча намозхонлар борки, қалбида бўлмаган нарсани тилларида айтишади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен одамларнинг қалбларини кавлашга ёки қоринларини ёриб кўришга буюрилган эмасман», дедилар. Кейин (ҳалиги киши) ўгирилиб кетаётганида унга қараб туриб: «Бунинг пуштидан бир қавм бўлади. Улар Аллоҳнинг китобини нозил бўлган онидагидек ўқишади, бироқ у уларнинг бўғзидан нарига ўтмайди. Улар диндан ўқ сайддан (овланган ҳайвондан) отилиб чиқиб кетгандек чиқиб кетишади», дедилар.

Менимча, у зот яна: «Агар уларни топсам, Самуднинг қатлидек (Самуд қавми буткул ҳалок қилинганидек) қатл қилажакман», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда кейинчалик чиқиб, динда ғулувга кетиб, мусулмонлар орасида фитна чиқарадиган тоифа аъзоларининг баъзи кўринишлари, сифатлари ва ишлари ҳақида маълумотлар келмоқда.

«Шунда икки кўзи ичига ботган, икки ёноғи бўртган, дўнгпешона, серсоқол, тақирбош, изорини шимариб олган бир киши туриб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳдан қўрқинг!» деди».

Уларнинг кўзга кўринган сифатларидан бири мусулмон йўлбошчилар, уламо ва фузалоларга нисбатан беҳурмат бўлиш ва ўзларининг ёлғон даъволари билан уларнинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилиш бўлади.

Ушбу ривоятда зикри келаётган намояндалар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ таолодан қўрқмасликда, адолат қилмасликда айбламоқдалар. Эътибор беринг-а! Бир бетайин нобакор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни айбламоқда! Унинг издошлари ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари бўлмиш уламоларга нисбатан шундай муомалада бўладилар.

«Улар Аллоҳнинг китобини нозил бўлган онидагидек ўқишади».

Буни ҳам бировлардан ажраб туриш учун қиладилар. Чин қалбдан, Аллоҳ таоло учун қилмайдилар. Тиловатни қиладилар.

«…бироқ у уларнинг бўғзидан нарига ўтмайди».

Қалбларига етиб бормайди. Уни англаб етиш ва онгларига сингдиришга уринмайдилар ҳам. Шунинг учун

«Улар диндан ўқ сайддан отилиб чиқиб кетгандек чиқиб кетишади».

Бироз сабаб топилса, бўлди. Тезда соқолни қирдириб, кийимни ўзгартириб, ҳеч нарсани кўрмагандек бўлиб тураверадилар.

«Агар уларни топсам, Самуднинг қатлидек қатл қилажакман».

Чунки улар қаерда бўлсалар ҳам, фитна чиқарадилар ва мусулмонларга катта зарарлар етказадилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Али розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир парча тилла жўнатди. У зот уни тўрт кишига тақсим қилдилар: Уяйна, Ақраъ, Зайд ал-Хайл ва Алқама. Шунда Қурайш ғазаб қилиб: «Бизни қўйиб, Нажднинг бошлиқларига берибдиларми?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен (қалбларини) улфат қилмоқчиман, холос», дедилар. Шу пайт серсоқол, икки ёноғи бўртган, икки кўзи ботган, дўнгпешона, тақирбош бир киши келиб: «Аллоҳдан қўрқ, эй Муҳаммад!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менки осий бўлсам, Аллоҳга ким итоат қилар экан? Аллоҳ мени ер аҳли устидан ишониб қўяди-ю, сизлар менга ишонмайсизларми?» дедилар. Шунда бир киши у зотдан уни қатл қилишга изн сўради. У зот уни қайтардилар. (Бояги одам) ўгирилиб кетгач: «Бунинг пуштидан [ёки бунинг наслидан] бир қавм бўлади. Улар Қуръон ўқишади, у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди. Бутпарастларни қўйиб, Ислом аҳлини ўлдиришади. Улар Исломдан ўқ сайддан отилиб чиқиб кетгандек чиқиб кетишади. Агар уларни топсам, уларни Од қатлидек қатл қилажакман», дедилар».

Бу ривоят ўзидан олдингисини тўлдириб келмоқда ва унга бироз равшанлик киритмоқда.

«Бутпарастларни қўйиб, Ислом аҳлини ўлдиришади».

Мусулмонлар орасида фитна чиқарган ва чиқараётган тоифаларнинг ҳолига ва тарихига диққат билан назар соладиган бўлсак, бу улкан ҳақиқат яққол намоён бўлади. Улар доимо аҳли Исломга осиладилар. Бошқалар билан ишлари бўлмайди. Балки баъзи бир ҳолатларда улар мусулмонмаслар билан ҳамкорлик ҳам қиладилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У зот ўлжа тақсим қилаётган эдилар. Олдиларига Зулхувайсира – у Бану Тамимлик киши эди – келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, адолат қилинг!» деди. У зот: «Шўринг қурсин! Мен адолат қилмасам, ким адолат қилар экан? Мен адолат қилмаган бўлсам, ноумид бўлибсан, зиёнда қолибсан!» дедилар. Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга изн беринг, бунинг бўйнини узиб ташлай!» деди. У зот дедилар: «Қўй уни. Унинг шундай шериклари бўладики, бирингиз уларнинг намози олдида ўз намозини, рўзаси олдида ўз рўзасини арзимас санаб қолади. Улар Қуръонни ўқишади‑ю, ўмровларидан нарига ўтмайди. Диндан ўқ сайдни тешиб ўтгандек чиқиб кетишади. Ўқнинг пайконига қаралса, унда ҳеч нарса йўқ. Кейин бандларига қаралса, унда ҳам ҳеч нарса йўқ. Кейин назийсига – ўқнинг танасига – қаралса, унда ҳам ҳеч нарса йўқ. Кейин патларига қаралади, унда ҳам ҳеч нарса йўқ, ҳолбуки, у ахлату қондан ўтган бўлади. Уларнинг аломати – (ораларида) бир киши бўлиб, икки юқори билагининг бири аёл кўкраги ёки гўштпарча каби ликиллаб туради. Улар одамларда тафриқа бўлган пайт чиқишади».

Учаласини икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ривоятда зикри келаётган мол тақсимлаш ва унга боғлиқ ҳодисалар Ҳунайн ғазотидан кейин Жаърона номли ерда бўлиб ўтган.

Зулхувайсира – машҳур нобакорлардан бирининг исми. У ўзининг душманлиги билан машҳур бўлган.

Бу ривоятда мазкур фитначи тоифа аъзоларининг бошқа сифатлари ҳам зикр қилинмоқда.

«Бирингиз уларнинг намози олдида ўз намозини, рўзаси олдида ўз рўзасини арзимас санаб қолади».

Улар намоз ўқиганларида сиртдан кўрган одам қойил қоладиган қилиб ўқийдилар. Улар рўза тутганларида сиртдан кўрган одам қойил қоладиган қилиб тутадилар. Ҳаттоки саҳобалар уларнинг намози ва рўзаси олдида ўз намоз ва рўзаларини арзимас санайдиган бўладилар.

Кези келганда, эслаб ўтилган ривоятларда зикр қилинган салбий сифатларнинг баъзиларининг рўйхатига кўз ташлаб чиқайлик.

1. Улар Аллоҳнинг Китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди.

2. Улар диндан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар.

3. Уларнинг кўзга кўринган сифатларидан бири мусулмон йўлбошчилар, уламо ва фузалоларга нисбатан беҳурмат бўлиш ва ўзларининг ёлғон даъволари билан уларнинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилиш бўлади.

4. Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк этадилар.

5. Улар гапни гўзал гапирурлар, амални ёмон қилурлар.

6. Улар Аллоҳнинг Китобига даъват қилурлар. Ҳолбуки, ўзларида ундан ҳеч нарса йўқ.

Ушбу ва бу борадаги ҳадисларда келган яна бошқа сифатларни ўзида жамлаган, ақийдада ғулувга кетган илк тоифа ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг даврларида пайдо бўлди. Масалани теранроқ тушуниш учун хаворижлар ҳақида бироз бўлса-да сўзлаб ўтишга тўғри келади.

Аслида «хавориж» сўзи «хуруж» – «қарши чиқиш»дан олинган бўлиб, улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанлари учун шу ном билан аталган эдилар. Кейин уларнинг фикрий хуружлари яна ҳам зиёда бўлди. Улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни, ҳакамлик ишини қабул қилганлари учун кофир бўлди, деб фатво чиқаришди.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу улар билан турли йўлларни ишга солиб гаплашиб кўрдилар, насиҳат қилдилар, аммо фойдаси бўлмади.

Хаворижлар ҳазрати Али сафардалик пайтни ғанимат билиб, ер юзида катта фасод қилдилар. Улар мусулмонларнинг бегуноҳ қонини тўкиб, йўлтўсарлик қилиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол ҳисоблашган эди. Улар ўлдирган кишилар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу ва у кишининг ҳомиладор аёллари ҳам бор эди.

Ишнинг тафсилоти қуйидагича бўлган эди.

Хаворижлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб шаҳар-қишлоқларга чиқиб, ўзларининг тескари ташвиқотларини олиб боришни бошлаган эдилар. Улар дуч келган одамни тўхтатиб:

«Ҳакамликни қабул қилиш куфр бўлмаганмиди?

Али ҳакамликни қабул қилиб гуноҳкор бўлмадими?

У ўз гуноҳига иқрор бўлиб, тавба қилмагунича, унинг байъати ва итоатидан холи эмасмизми?» деб сўрашарди.

Ким «Ҳа», деб жавоб берса, уни қўйиб юборишарди. Ким «Йўқ», деб жавоб берса, уни ўлдиришар эди.

Улар Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳуни ва у кишининг аёлларини тутиб, қамаб қўйишди. Айнан Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу уларни биринчи бўлиб «хавориж» деб номлаган эдилар. Хаворижлар у кишидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадиси шарифлари ҳақида сўрашди.

У киши уларга:

«Мен отамдан эшитганман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Келажакда фитна бўлади. Унда ўтирган тургандан яхшидир, турган юргандан яхшидир, юрган саъйи қилгандан яхшидир», деган эканлар», дедилар.

Улар у кишидан ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳақида сўрадилар. У киши яхши гапларни айтдилар. Шунда хаворижлар ғазабланиб, Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу ва у кишининг аёлларини ҳайдаб кета бошладилар.

Йўлда кетаётганларида, хурмо дарахтидан бир дона хурмо узилиб тушди. Хаворижлардан бири уни олиб, оғзига солиши билан бошқаси унга қараб: «Эгасидан сўрамай туриб ёки нархини бермай туриб ейсанми?!» деб бақирди. Наригиси шоша-пиша оғзидаги хурмони олиб қўйди ва қаттиқ надомат қилиб, истиғфор айта бошлади.

Улар бир неча қадам юриб туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳуни ҳузур қилиб сўйдилар. Сўнгра у кишининг аёлларига ташландилар. Аёл розияллоҳу анҳо: «Мен ҳомиладорман! Аллоҳдан қўрқинглар!» деб ёлворса ҳам, хаворижларнинг бурунларига пашша қўнганчалик ҳам таъсир қилмади. Уни ҳам бўғизладилар.

Бу икки улуғ инсоннинг айби ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу тўғрисида, ўша пайтда дунёдаги энг афзал мусулмон ҳақида тўғри гапни айтганлари эди.

Ўз-ўзидан: «Бир дона хурмони изнсиз емоқни гуноҳ ҳисоблаган ерида икки улуғ инсонни: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобасини ва у кишининг ҳомиладор аёлини, рост гапни айтгани учун тап тортмай бўғизлаб ташлайдиган хавориж деган махлуқлар кимлар ўзи?» деган савол пайдо бўлади.

Аслида хаворижлар таълим-тарбия кўрмаган, аммо диндорликнинг чўққисига чиққанлик даъвосини қилувчи шахслар бўлади. Уларнинг илми бўлмагани учун, ўзининг камчилигини озгина билган нарсасини маҳкам тутиб, ҳаддан ошиш ва бошқаларни нуқсонда айблаш ила хаспўшлашга ўтадилар.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу даврларида бош кўтарган биринчи хаворижлар асосан саҳролик тарбиясиз дайдилар ва қалби қасоватли (қалби моғор босган) аъробийлардан иборат эди. Уларда одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик каби нарсалардан асар ҳам йўқ эди. Илмлари бўлмагани учун, кўпроқ ўзларига ёқиб қолган нарсага маҳкам ёпишишга ўтар эдилар. Худди ана ўша омиллар хаворижларни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг энг ашаддий тарафдорлигидан энг ашаддий душманларига айлантирган эди.

Ислом ақийда бобида ҳам, ибодат бобида ҳам, ўзини тутиш бобида ҳам ва бошқа бобларда ҳам мўътадилликка асосланган. Бундай мўътадилликнинг чегарасини билиш учун эса асосли илмий мезон керак. Ана шу асосли мезонга эга бўлиш учун эса исломий илмларнинг барчасини асл масдарлардан, етук ва тақводор уламолардан тўлиқ ўрганиш керак. Бу нарсаларга одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик ҳамда ҳар бир нарсани ўз ўрнида тўғри баҳолай билиш омиллари қўшилгандагина, ўнг ёки сўлга бурилиб, ҳалокат жари ёқасига келиб қолиш хавфининг олди олинган бўлади.

Ақийдада ҳаддан ошиб, ғулувга кетишнинг оқибати жуда ёмон бўлади. Бу иш кўпчиликнинг бошига бало-офат ёғдиради. Уламоларимиз ҳозирги кунда мусулмонларнинг бошига тушаётган кўплаб бало-офатларнинг сабабларидан бири худди шу – ақийдада ғулувга кетган замона хаворижлари эканини таъкидлайдилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Васатия ҳаёт йўли китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
101. Яна ўша кишидан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсаси каби, мўмин уни қаерда топса ҳам давоми...

5841 17:26 / 07.07.2018
Аҳкамул Қуръон асарида шундай ёзилади .Имом ибн Арабий Моликий раҳимаҳуллоҳ .Агар кимса кек сақловчи, ҳасад қилувчи, ўзига бино қўйган ва мутакаббир бўлар экан у давоми...

2881 14:00 / 06 январь
Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва .Албатта, мен мусулмонларданман, деган кишидан кўра гўзал сўзли ким борДунёдаги энг гўзал сўз Аллоҳ таолонинг давоми...

5883 21:32 / 20.02.2018
Ислом молия тизими, исломий молиявий технологиялар билан бир қаторда, сўнгги йилларда, айниқса, коронавирус пандемияси авж олган даврда муваффақият қозонган давоми...

1458 19:00 / 12.01.2022