1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Поклик иймондандир! (Биринчи мақола)

09:10 / 25.06.2019 2950 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳа, Ислом покликни иймоний масала даражасига кўтарди. Исломда поклик ва покланиш ишларига қай даражада жиддий қаралишини унинг иймон билан боғланганидан ҳам англаб олсак бўлади. Зеро, дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа поклик ва озодаликни бу даражага кўтармаган. Аксинча, бир вақтлар айрим дин вакиллари покликни гуноҳ деб билишган. Кишилар ўзига, кийим-бошига узоқ вақт сув теккизмагани билан фахрланишган.

Исломда эса поклик иймон иши бўлиши билан бирга, поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Яъни ҳар қандай ибодатнинг қабул бўлиши учун, аввало, банданинг қалби, нияти пок бўлиши шарт.

Шунингдек, покликка эришиш ҳаракатини қилган кишига улкан ажр-савоблар, олий мартабалар бор. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

«Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради» (Тавба сураси, 108-оят) 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада покликни ва пок кишиларни мадҳ этмоқда, пок кишиларни яхши кўришини эълон қилмоқда. Бу эса, Аллоҳ таоло томонидан покликка қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Бу ояти кариманинг ўзи барча инсонлар поклик учун интилиб, бутун дунё покланиш сари юз тутиши учун етарли! Шу боис барча фиқҳий китобларда покликка бағишланган алоҳида боблар бўлиб, улар «Таҳорат китоби» ёки «Поклик китоби» деб номланган. Шунингдек, бу боб аксарият ҳолда энг олдинда келади.

Поклик ва нажосат ҳақида

 Фиқҳий масалаларни савол-жавоб тарзида ўрганиш энг қулай ва эсда узоқ қоладиган усул ҳисобланиб, узоқ йиллик тажрибада ўз исботини топган. «Поклик ва нажосат» мавзусини худди мана шу шаклда ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола этилиши, умид қиламизки, кутилган натижани беради. Савол-жавобларни ўқиш давомида яна қўшимча пайдо бўлган саволларнинг жавоби, иншаАллоҳ, келгусида эълон қилиб борилади.

Фиқҳ сабоқлари «Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар» китоби асосида бериб борилади.

 1) Таҳоратнинг таърифи

Таҳорат луғатда «моддий нажосатлардан покланиш ва тозаланиш» деган маънони билдиради. Гоҳида маънавий иллатлардан покланишга ҳам таҳорат сўзи ишлатилади. Мисол учун, бир кишининг нафси ғиллу ғаш, ҳасад ва кўролмасликдан узоқда бўлса, «фалончининг нафси пок», деб айтилади.

Шариатда таҳорат қуйидаги шаклда бўлади:

а) Нажосатлардан покланиш, яъни бадан, кийим ва маконнинг айни нажосатлардан пок бўлиши;

б) Кичик ва катта бетаҳоратликдан покланиш. Кичик бетаҳоратликдан таҳорат қилиш билан, катта бетаҳоратлик (жунублик)дан эса ғусл (тўла ювиниш) билан покланилади.

Изоҳ: Намоз учун қилинадиган таҳоратнинг синиши «кичик бетаҳоратлик» дейилади. Эр-хотин яқинлик қилиб бир-биридан ҳузурланганда ёки киши уйқусида булғангандаги нопоклик «катта бетаҳоратлик» бўлади. Бу «жунублик» ҳам дейилади.

2) Таҳорат неча турли бўлади?

Икки хил – ҳукмий покланиш ва ҳақиқий покланиш.

3) Ҳукмий ва ҳақиқий таҳорат деб нимага айтилади?

Кичик ва катта бетаҳоратликдан покланиш «ҳукмий таҳорат (покланиш)» дейилади. Юқорида зикр қилинганидек, кичик бетаҳоратликдан таҳорат қилиш билан ва катта бетаҳоратликдан эса ғусл қилиш билан покланилади. «Ҳақиқий таҳорат» деб кўриниб турган нажосат ва нопокликлардан тозаланишга айтилади. Мисол учун, кийимга теккан нажосатни ювиш.

4) Бетаҳоратликдан покланиш неча турли бўлади?

Уч хил: вузуъ (таҳорат), ғусл ва таяммум.

5) Айни нажосат нима?

Шариат ўта ифлос деб ҳисоблаган ва ундан узоқлашишни ҳамда у билан ифлосланишдан сақланишни вожиб қилган моддий нажосатдир.

6) Айни нажосатлар нечта турли бўлади?

а)Тўнғиз. У хоҳ тирик бўлсин, хоҳ ўлик бўлсин, барча аъзолари билан бирга нажосат.

б) Ўлимтик. У қўй ва қорамолга ўхшаш гўшти ейиладиган ёки бўри ва тулкига ўхшаш гўшти ейилмайдиган ёввойи ҳайвоннинг ҳаром ўлгани бўлсин – барибир ҳаром.

в) Икки йўлдан – кишининг олди ёки орқасидан чиқадиган сийдик, ахлат, маний, мазий, қурт ва тошчага ўхшаш, суюқ, оқувчи ёки қуюқ нарсалар.

г) Қон. Одамнинг ва сувда яшайдиган ҳайвонлардан бошқа ҳайвонларнинг қони ва жисмидан оқиб чиққан қон нажосатдир.

д) Бадандан чиқиб, ўз ўрнидан бошқа жойга оққан йиринг.

е) Оғизни тўлдирадиган ёки ундан кўпроқ миқдордаги қусуқ ҳам нажосат саналади. Кўп миқдордаги қусуқ оғиз тутиб тура олмайдиган қусуқдир. Бу хоҳ ёш боланинг қусуғи бўлсин, хоҳ катта кишиники бўлсин, фарқи йўқ. Аммо оғизни тўлдирмайдиган даражадаги кам миқдордаги қусуқ пок. У кийимга тегса, нопок қилмайди.

ж) Маст қилувчи ичимликларнинг барча турлари.

з) Бўри, тулки ва йўлбарсга ўхшаш гўшти ейилмайдиган ҳайвонларнинг гўшти, сути, сўлаги ва териси. Уларнинг гўшти нажосатдир. Териси, сўлаги ва сути гўштидан ажраб чиққани учун гўштининг ҳукмида бўлади.

7) Нималар ўлимтик ҳисобланади?

Мусулмон ёки аҳли китобдан бўлган кишининг Аллоҳ номи билан тиғли нарса ёрдамида сўймаган, овда жароҳатланмай ёки касаллик туфайли ўлган ҳайвонлар ўлимтикдир.

8) Нималар ўлимтикка киради?

Шариатга мувофиқ сўйилмай, балки ўзи ўлган барча ҳайвонлар ҳамда мусулмон ёки аҳли китобдан бошқанинг қўли билан отиб (овлаб) олинган ўлжа ҳам ўлимтик ҳисобланади. Қуйидагилар ҳам нажосатлик бобида ўлимтикнинг ҳукмида бўлади:

а) бўғиб ўлдирилган, тиғсиз нарса билан уриб ўлдирилган, тепаликдан йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган ҳамда йиртқич ҳайвон ғажиб ўлдирган ҳайвонлар.

б) Аллоҳга иймон келтирмаган мулҳид (худосиз) киши ва оловга, бутларга ёки юлдузларга сиғинадиган мушрик сўйган жонлиқлар.

в) мажусий (оташпараст) ва шу каби бошқа тоифаларнинг Аллоҳдан бошқанинг номи билан сўйган жонлиқлари.

г) ношаръий йўллар билан, яъни бўғиш, электр токи ёрдамида, тешадиган бигизсимон асбобни санчиш ёки темир асбобни бошига уриш йўллари билан «сўйилган» ҳайвонлар.

Изоҳ: Бундай йўллар билан сўйилган ҳайвонларнинг жони кўп ҳолларда сўйишдан олдин чиқиб кетган бўлади.

9) Юқорида зикр қилинган ҳайвонларни тирик ҳолатда топиб олган киши уни сўйиб еса бўладими?

Ҳа, агар у ҳайвонларни ўлишидан олдин шариат кўрсатмаларига мувофиқ равишда сўйиб олса, ўша жонлиқ забиҳа (шаръий сўйилган жонлиқ) ҳисобланади ва уни ейиш мумкин.

10) Қайси ўлимтиклар нажосат эмас?

а) Оқувчи қони йўқ чигиртка, пашша, ниначи ва чаёнга ўхшаш ҳашаротларнинг ўлимтиги пок, лекин чигирткадан бошқаси ейилмайди. Шунингдек, фақат сувда яшайдиган ҳайвонларнинг ўлимтиги ҳам пок.

б) Мусулмон ёки аҳли китобнинг қўли билан, камон ўқи, найза ёки пичоққа ўхшаш тиғли нарса ёрдамида (Аллоҳ номини айтиб) отиб ўлдирилган ов ҳайвонлари нажосат эмас.

в) Балиқ ва чигиртканинг ўлимтиги ейилади, шунинг учун у пок. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга икки ўлимтик: балиқ ва чигиртка ва икки қон: жигар ва қораталоқ ҳалол қилинди», деганлар (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривояти).

г) Ўлимтикнинг туки, юнги, шохи ва туёғига ўхшаш қон юрмайдиган аъзолари пок. Ўлимтикнинг териси ошлаш билан покланади.

Изоҳ: Инсон ва тўнғиздан ташқари барча ўлимтик ҳайвоннинг териси ошлаш билан пок бўлади. Одам мукаррам бўлгани, тўнғиз ўта нажосат бўлгани учун териси пок ҳисобланмайди. Одамнинг ҳар қандай аъзоси, ҳатто сочи ҳам мукаррам ҳисобланади ва уларнинг савдоси мутлақ ҳаром.

11) Икки йўл: олд ва орқадан чиқадиган нарсалардан поклари ҳам борми ёки ҳаммаси нажосатми?

Учиб юриб тезак чиқарадиган, гўшти ейиладиган қушларнинг (масалан, кабутар, чумчуқ) тезаги ҳам пок. Агар бу иккиси кийимга тегса, кийимни нопок қилмайди. Икки йўлдан чиқувчи қолган барча нарсалар нажосат.

(Давоми бор)

«Hilol» журнали, 1- сонидан олинди

 

Муаллиф
«Hilol-nashr» нашриёти
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Қизимнинг турмуш ўртоғи беш ой олдин узоқ сафарга кетган эди. Баъзиларнинг айтишига қараганда, эр ва хотин олти ой давомида кўришмаса, қайтадан никоҳ ўқитиш давоми...

3930 07:12 / 12.11.2018
Имом Муслим Муҳаммад ибн Амр ибн Атодан ривоят қилади .Қизимга Барра .яхши,, .покиза,, .айбсиз, деб исм қўйган эдим, Зайнаб бинт Абу Салама розияллоҳу анҳо менга деди давоми...

2109 08:00 / 19.01.2021
Аллоҳ таоло Қуръон каримда дуо қилиш одобидан таълим берган оятларга кўра мўмин Аллоҳ уни кўриб, эшитиб турганини ҳис қилиб Унга умид ва қўрқув билан дуо қилади. давоми...

3486 11:20 / 21.02.2019
Мен бу қиссани сира ҳам унутмайман. Шомнинг Ҳамидия бозори кўчасида ўта фақир йигит газлама мато сотар, газламанинг метри 50 лира бўлиб, 1 долларга тенг эди. Унинг давоми...

2413 12:30 / 12.06.2021