1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Мўминлар - Аллоҳнинг ердаги ўринбосаридирлар

18:31 / 26.02.2018 3849 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек, халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар. Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар – ўзлари фосиқлардир.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларига кўп башоратлар ваъда қилмоқда. Ўша ваъдалар қуйидагилардир:

«Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек, халифа қилишни...»

Олдинги ўтган умматлардан қайси бири Аллоҳ таолога иймон келтирган ва бу иймони ҳақиқий бўлиб, бутун вужудини қамраб олган ҳамда ўша ҳақиқий иймонлари тақозоси ила солиҳ амаллар қилиб ҳаёт кечирган бўлса, Аллоҳ таоло уларни ер юзига Ўзининг халифаси этиб тайинлаб қўйган эди. Ер юзида ҳукми юритилиши учун уларни Ўзига ўринбосар қилиб қўйган эди. Энди ўшалар каби ер юзида халифа бўлиш имконияти фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларида бордир. Уларнинг мазкур халифаликка эришишлари учун асосий шарт иймон келтириб, амали солиҳ қилишдир. Ислом уммати ушбу шартни бажарган даврларда Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиққан.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида улар Арабистон Ярим ороли, Баҳрайн, Яман ва бошқа жойларда халифа бўлиб, Аллоҳнинг амрини юрита бошладилар.

Ул зотдан сўнг, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ халифа бўлган даврларда эса Ислом давлати чегаралари Форс, Шом ва Мисрнинг бир қанча ерлари қадар кенгайди.

Иккинчи халифа Умари Одилнинг вақтларида Ислом мазкур юртларнинг ҳамма жойларига тарқалди. Ўша пайтдаги дунёнинг энг катта икки империяси – Рим ва Форс империялари инқирозга учрадилар. Уларнинг ўрнини Ислом давлати эгаллади.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб эса Ислом давлати ҳудудлари ер юзининг машриқидан мағрибигача кенгайди.

Бу улкан футуҳотларнинг асосий сабаби мусулмонларнинг пок иймонию солиҳ амаллари бўлди. Мусулмонлар ўша шартни бажарганлари учун, Аллоҳ уларга имкон бериб, ер юзида халифа қилиб қўйди. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло мусулмонларга иймонлари ва амали солиҳлари учун бошқа нарсаларни ҳам, жумладан,

«...улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни...» ваъда қилди.

Мазкур даврда, яъни Расули Акрам ва хулафои рошидинлар даврида мусулмонлар ҳақиқий иймон соҳиблари бўлиб, амали солиҳда бардавом бўлганлар ва Аллоҳ таоло улар учун Ўзи рози бўлган динни – Ислом динини ер юзида мустаҳкамлади. Ҳамма Исломга тобе бўлди. Ислом ҳукми асосида, Ислом адолати остида яшай бошладилар.

Бунинг устига, Аллоҳ таоло иймонлари ва солиҳ амаллари учун

«...уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди».

Ушбу оят ҳақида Робиъ ибн Анас Абул Олиядан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари Маккада ўн йилдан кўпроқ вақт Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишга ва Унга ширк келтирмасликка махфий равишда, қўрққан ҳолларида даъват этдилар. Уларга уруш қилиш буюрилмади. Балки Мадинага ҳижрат қилишга амр қилиндилар. Бас, у ерга келдилар ва Аллоҳ таоло уларга уруш қилишни амр этди. Ўшанда ҳам хавф-хатар остида эдилар. Кечасию кундузи қурол билан юрар эдилар. Бунга ҳам Аллоҳ хоҳлаганича сабр қилдилар. Бир куни саҳобалардан бири:

– Эй Аллоҳнинг Расули, биз энди абадий шундай хавфда ўтамизми? Бизга силоҳимизни қўядиган кун келмайдими? – деб сўради. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Фақат озгина сабр қиласизлар, холос. Сўнгра сизлардан ҳар бирингиз тўп-тўп одамлар ичида ўтирса ҳам, ёнида бир парча темир бўлмайдиган кунлар келади, – дедилар. Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Бас, Аллоҳ Пайғамбарини Арабистон Ярим оролига зоҳир қилди. Ҳаммалари омонликка кирдилар, қуролни қўйдилар. Сўнгра Аллоҳ Пайғамбарини Ўзига олди. Ундан кейин Абу Бакр, Умар ва Усмонларнинг даврларида ҳам омонликда бўлдилар. Ундан кейин бўлган ишлар бўлди. Уларга Аллоҳ яна хавфни қайтарди. Бас, улар шартни йўқотиб, ҳолни ўзгартирдилар, ўзлари ҳам ўзгаришга дучор бўлдилар».

«Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар».

Ана ўшанда Мен уларни ер юзига халифа қилиб, динларини мустаҳкам этиб, хавфлари ўрнига омонликни бераман.

«Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар – ўзлари фосиқлардир».

Шунча нарсани кўриб-билиб туриб, куфр келтирган одам фосиқ бўлмаса, ким фосиқ бўлсин?!

Ислом тарихига диққат билан назар ташлар эканмиз, ушбу ояти карима мўъжизаси олдида бош эгамиз. Мусулмон уммати иймонига қанчалик содиқ бўлса, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига қанчалик сидқидилдан ибодат этса, динга қанчалик кўп амал қилса, ер юзини обод қилишда шунчалик пешқадам бўлган, Ислом дини шунчалик мустаҳкам турган, омонликлари шунчалик ишончли бўлган. Аксинча, мусулмонларнинг иймони қанчалик заиф, Аллоҳга ибодатда қанчалик суст ва динга амал қилишлари қанчалик оз бўлган бўлса, ер юзини обод этиш борасида шунчалик ортда қолганлар, динлари шунчалик ғариб бўлган ва кўпдан-кўп хавф-хатарларга йўлиққанлар. Ўн тўртинчи ҳижрий асрнинг охири ва ўн бешинчи ҳижрий асрнинг бошларида бу ҳолат мисли кўрилмаган даражага етди. Мусулмонлар ҳеч қачон бу қадар заифлашмаган эдилар. Улар Аллоҳ таоло берган ваъдага қайта эришишлари учун, ер юзига халифалик қилиб, уни обод этиш масъулиятини қайтадан қўлларига олишлари учун, динлари мустаҳкам ва ўзлари омонликда бўлишлари учун, иймонлари бақувват, амали солиҳлари бардавом ва Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишлари кутилгандек бўлмоғи лозим.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Маданият, сўзи арабчадан олинган бўлиб, шаҳарликка хос ва шаҳарга мос деган маънони билдиради. Маданий дегани шаҳарлик дегани. Мадина сўзи ҳам шундан олинган. давоми...

6400 09:00 / 03 март
Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир.Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг давоми...

4303 17:52 / 07.11.2017
Эй ёшлар жамоаси, шуни билингки, Аллоҳ таоло Ўзининг фазлини ато қилишда ҳеч кимни унутмайди..Тавба қилувчи ёш йигитдан кўра, Аллоҳ таолога маҳбуброқ нарса давоми...

2507 18:00 / 07.01.2023
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Исломнинг нимаси яхши, деб сўради. .Таом бермоғинг ҳамда таниган давоми...

4914 08:38 / 25.12.2018