1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Исмул Аъзам

15:01 / 04.11.2017 40166 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


4522- عَبْدِ اللهِ بْنِ بُرَيْدَةَ، عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ r سَمِعَ رَجُلًا يَقُولُ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ أَنِّي أَشْهَدُ أَنَّكَ أَنْتَ اللهُ لَا إِلهَ إِلَّا أَنْتَ الْأَحَدُ الصَّمَدُ الَّذِي لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُوًا أَحَدٌ، فَقَالَ: لَقَدْ سَأَلْتَ اللهَ بِالْاِسْمِ الَّذِي إِذَا سُئِلَ بِهِ أَعْطَى، وَإِذَا دُعِيَ بِهِ أَجَابَ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

4522. Абдуллоҳ ибн Бурайдадан, у киши оталари розияллоҳу анҳумодан бундай ривоят киладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг «Аллоҳим! Мен Сендан сўрайман. Албатта, мен Сенинг Аллоҳ эканингга, Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқлигига, Сенинг Аҳаду Сомадлигингга, туғмаган ва туғилмаган ҳамда тенги йўқ Зот эканингга шаҳодат келтираман», деганини эшитиб:

«Батаҳқиқ, Аллоҳдан у билан сўралса, берадиган ва дуо қилинса, ижобат қиладиган исм ила сўрадинг», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Албатта, мазкур ҳолнинг юзага чиқиши учун сўровчининг зоҳиру ботини пок бўлиши, у ҳалолдан ризқланган бўлиши, нияти ва ихлоси холис бўлиши каби бир неча шартларни ўзида мужассам қилган бўлиши керак.

Бу ривоятдаги дуода Аллоҳ таолонинг бир неча исмлари тилга олинди. Аммо ўша исмларнинг қай бири Исми Аъзам эканини билиб бўлмайди.

4523- عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ يَزِيدَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ r قَالَ: اسْمُ اللهِ الْأَعْظَمُ فِي هَاتَيْنِ الْآيَتَيْنِ:    ﯿﰀ       ، وَفَاتِحَةِ سُورَةِ آلِ عِمْرَانَ           . رَوَاهُ الْإِمَامُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

4523. Асмо бинти Язийд розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг исми аъзами ушбу икки оятдадир: «Ва илоҳингиз ягона Илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Роҳман ва Роҳиймдир» ва Оли Имроннинг аввалидаги «Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қаййумдир» оятидадир», дедилар».

Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Дарҳақиқат, бу икки оятда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг исмлари ўзида катта маъноларни жамлагандир. Келинг, улар билан яқиндан танишиб чиқайлик:

«Ва илоҳингиз ягона Илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Роҳман ва Роҳиймдир» («Бақара» сураси, 163-оят).

Ушбу оятда Ислом ақийдасининг бош масаласи – Аллоҳнинг ягоналиги асосий қоида сифатида илгари сурилмоқда. Аллоҳнинг борлигига ҳеч қачон шубҳа бўлмаган. Унинг зоти ва сифатлари ҳақида тортишувлар доимо бўлиб турарди. Унинг махлуқотлар билан алоқаси ҳақида ҳам тортишувлар кечган. Фақат даҳрийларгина илоҳнинг йўқлиги ҳақида сафсата сотдилар. Аллоҳнинг борлигини инкор этдилар.

«Алиф. Лаам, Мийм. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қаййумдир» («Оли Имрон» сураси, 1-2-оятлар).

Ояти Курсийда келганидек, ушбу ояти карима тавҳидни, Аллоҳнинг ягоналигини холис баён қилади. Аллоҳ таолодан ўзга бандаларнинг ибодатига сазовор ҳеч бир илоҳи маъбуд йўқдир. Аллоҳ доим тирикдир, ўлмайди. У Қайюм – бандалари ишларининг тадбирида доимо қоим турувчидир. Бошқаларнинг туриши ҳам У Зот биландир.

Бу икки ояти каримада ҳам Аллоҳ таолонинг бир неча исмлари зикр қилинган. Аммо улардан қайси бири Исми Аъзам эканига аниқ ишора йўқ.


4524- عَنْ أَنَسٍ t أَنَّهُ كَانَ مَعَ رَسُولِ اللهِ r جَالِسًا فِي الْمَسْجِدِ وَرَجُلٌ يُصَلِّي ثُمَّ دَعَا: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ بِأَنَّ لَكَ الْحَمْدَ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ الْمَنَّانُ، بَدِيعُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ، يَا ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ، يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ، فَقَالَ النَّبِيُّ r: لَقَدْ دَعَا اللهَ بِاسْمِهِ الْعَظِيمِ الَّذِي إِذَا دُعِيَ بِهِ أَجَابَ، وَإِذَا سُئِلَ بِهِ أَعْطَى. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

4524. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Бир киши намоз ўқир эди. Сўнгра у:

«Аллоҳим! Мен Сенга ҳамд бўлгани учун, Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқ бўлгани учун, Маннон, осмонлару ерни тенги йўқ қилиб яратувчи, жалол ва икром соҳиби бўлганинг учун Сендан сўрайман. Эй Ҳайй, эй Қойюм!» деб дуо қилди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Батаҳқиқ, у Аллоҳга дуо қилса, ижобат қиладиган, сўраса, берадиган Исми Аъзами ила дуо қилди», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам Аллоҳ таолонинг бир неча исмлари зикр қилинган бўлса ҳам, улардан қай бири Исми Аъзам эканини билиб бўлмайди.

Барча уламолар Аллоҳ таолонинг Исми Аъзами ила дуо қилинса, қабул бўлишига ҳеч қандай шубҳа қилмаганлар. Аммо Исми Аъзам ҳақида келган ривоятлар ҳар хил бўлгани учун Аллоҳ таолонинг исмларидан қайси бири Исми Аъзам экани ҳақида ихтилоф қилганлар.

Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, қуйидаги исмлардан бири Исми Аъзам бўлади:

1. Аллоҳ.

2. Аллоҳ, ар-Роҳман ар-Роҳийм.

3. ар-Роҳман ар-Роҳийм, ал-Ҳайй ал-Қойюм.

4. ал-Ҳайй ал-Қойюм.

5. ал-Ҳаннон ал-Маннон, Бадийъус самаавати вал-Арзи, Зул Жалали вал-Икром.

6. Бадийъус самаавати вал-Арзи, Зул Жалали вал-Икром.

7. Зул Жалали вал-Икром.

8. Аллоҳу лаа илааҳа иллаа ҳу, ал-Аҳад ас-Сомад аллазии лам ялид ва лам ювлад ва лам якун лаҳу куфуван аҳад.

Ибн Ҳажар: «Исми Аъзам ҳақида келган ривоятлар ичида энг кучлиси шу», деганлар.

9. Робб. Робб.

10. Моликул мулк.

11. Лаа илааҳа иллаа анта, субҳанака иннии кунту миназзолимийн.

12. Калимату тавҳид.

13. Ҳуваллоҳуллазии лаа илааҳа илла ҳува Роббул аршил азийм.

14. Асмааул ҳусна – гўзал исмлар ичига беркитилган.

15. Банда чин дилдан, Аллоҳ таолодан бошқани хаёлига келтирмай, ихлос билан дуо қилса, Парвардигорнинг ҳамма исми ҳам Исми Аъзам бўлади.

16. Аллоҳумма.

17. Алиф лаам мийим.

Ушбу сарлавҳа остида келган ҳадиси шарифлардаги дуоларнинг арабча матнини ёдлаб олиб, дуо қилиб юрилса, ижобат бўлиши умид қилинади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Европа мафиясининг бошлиғи Эльвис Киламенди Исломни қабул қилганини эълон қилди. У аввал совуққонлик билан инсонларга зарар етказар, раҳмшавқат нималигини давоми...

4565 11:00 / 17.03.2022
Хушфеълли, карамли бўлади. Солиҳлар, хайр аҳли ва мискинларга тавозели бўлади. Хотиржам, сокин ва виқорли бўлади. Қуръонни тирикчилик манбаи қилиб, уни касб давоми...

1981 14:30 / 06.11.2021
Дангасалик ndash бу муваффақиятсизликнинг боши. Айнан шунинг учун Ислом дангасаликдан огоҳ қилади. Аввалги пайғамбарлар ҳам худди шу тарзда инсонларни дангасалик давоми...

12058 19:54 / 27.09.2017
Динимизда ниятнинг гўзаллиги сабабли одатлар ибодатга айланади.Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, амаллар давоми...

3755 15:01 / 20.04.2022