Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақимга ҳидоят қилинур».
Ҳа, ким одамларни сиротул мустақимга – энг тўғри йўлга даъват қилмоқчи бўлса, Қуръони Каримга даъват қилмоғи керак. Қуръони Каримдан бошқага даъват қилишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Чунки уларнинг ҳеч бирида сиротул мустақим йўқ.
Қуръони Каримни эса Аллоҳ таоло сиротул мустақим қилиб, етти осмон устидан нозил қилган. Ана шундай олий мақомдан тушган нарса нафақат ерни, балки бутун оламларнинг тўғри йўлини ҳам ўзида мужассам қилган бўлади. Ана шундай олий мақомдан тушган нарса ўзига эътиқод ва амал қилганларни энг юксак мартабаларга олиб чиқади.
Сиз билан биз одамларни даъват қилмоқчи бўлган Қуръон, унинг ҳақиқати, адолати ва ҳукми хомхаёл эмас, равшан ҳақиқатдир, ўтмиш афсонаси эмас, ўтмишнинг ҳам, ҳозирнинг ҳам Молики – Аллоҳ таолонинг ҳикматли каломидир, вақт ўтиши билан эскирмайдиган илоҳий дастурдир, ҳаёт воқеълигида собит бўлган адолатли ҳукмдир.
Ушбу гапларимиз ҳақ эканини исботлаш учун назарий-фикрий далиллар, ҳаттоки Қуръони Карим оятларидан ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан ҳам далиллар келтирмоқчи эмасмиз. Модомики, гап воқеълик ҳақида кетар экан, биз ҳам ўз даъвомизнинг ҳақ эканига воқеъликдан далил келтирамиз. Биз ўз даъвомизга далил қилиб келтирадиганимиз воқеълик ҳаётда бор бўлган воқеъликдир. У эртак ҳам эмас, хаёл ҳам эмас. Балки дўсту душман кўрган, дўсту душман гувоҳ бўлган, дўсту душман эътироф қилган воқеъликдир. Ўша биз даъво қилаётган воқеъликнинг ҳақиқатини, моҳиятини тўла англаб етиш учун дунёнинг бундан ўн беш аср олдинги ҳолатини яшаб ўтишимиз лозим. Ҳа, хаёлдан ўтказиш, эслаш, зикр қилиш эмас, бутун вужуд билан яшаш лозим. Келинг, ўша воқеъликни биргаликда яшайлик.
Ўша пайтда бутун дунё жоҳилий ҳаёт кечирар эди. Инсоният бошдан-оёқ жаҳолат ботқоғига ботган эди. Кишиларнинг барчаси ҳозирги кўпчиликка ўхшаб бўлган-бўлмаган, бузуқ ва аслсиз ақийдаларга эътиқод қилар эди. Уларнинг оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётларида жабр-ситам, зулму ноҳақлик ҳукм сурар эди. Қўйингки, инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида разолат, ҳақсизлик, жаҳолат ҳукмрон эди. Инсоният жоҳилиятнинг қуюқ зулматида, қаттиқ ғафлат уйқусида ётар эди. Ана шундай қуюқ зулмат, моғор босган қалблар ухлаган бир пайтда фақатгина бир инсоннинг моғор босмаган пок қалби уйғоқ эди. Ўша ягона уйғоқ қалб мавжуд вазиятдан норози бўлиб, мазкур қоронғиликдан нурга чиқиш йўлини ахтарар эди. У муборак қалб Макка номли шаҳарда Абдуллоҳ исмли отадан, Омина исмли онадан туғилган, Аллоҳ таолонинг инояти билан жоҳилиятнинг барча чиркинликларидан сақланиб қолган Муҳаммад исмли муборак инсоннинг қалби эди. Мазкур ягона пок қалб эгаси жоҳилият зулматидаги ноҳақлик, фисқу фужур ва бошқа номаъқулчиликлардан четланиб, Макка шаҳри четидаги тоғдаги «Ҳиро» номли ғорга кириб ўтирар ва инсоният қандай қилиб жоҳилият зулматидан нурга чиқиши мумкин, деб фикр юритар эдилар. Ул зот шу тариқа бўлажак улкан ҳодисаларга ўзлари билмаган ҳолда тайёрланар эдилар.
Айни ўша пайтда инсониятни Ўз қўли билан яратиб, уни гўдаклигидан турли саркашликларига, инжиқликларига ва хатою адашишларига қарамай, пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилиб, тарбиялаб олиб келаётган Аллоҳ таоло инсониятнинг навбатдаги энг катта адашувидан кейин унга энг охирги Пайғамбарни юборишни, энг сўнгги Китобини нозил қилишни ва энг сўнгги, мукаммал ва доимий шариатини жорий қилишни ирода қилган пайт келган эди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Ҳиро ғорининг оғзига чиқишлари билан «Иқроъ!!!» – «Ўқи!!!» деган гулдурос овозни эшитдилар. Ана ўша овоз жоҳилият зулматини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган сўнмас ёғдунинг биринчи шуъласи – Қуръони Каримнинг биринчи ояти эди. Бу шуъла дунёдаги ягона пок қалбни ёритди. Кейин эса янгидан-янги шуълалар чарақлаб, ёғду мукаммаллашиб борди.
«Эй ўраниб ётган, кечаси қоим бўл!» «Эй ўраниб ётувчи, тур, бас, огоҳлантир!» деган хитоблар бўлди.
Энди мазкур ягона пок қалб Қуръон ёғдуси билан ёришган ягона қалбга айланди. Энди ўша ягона пок ва илоҳий ёғду ила ёришган қалб эгаси ўз Робби амри ила якка ўзи бутун дунёни пок қалбли қилиш учун, илоҳий ёғдудан баҳраманд бўлишга даъват қилиш учун бел боғлади. Аста-секин, Аллоҳ таолонинг инояти ила мазкур илоҳий ёғду – қуръоний ёғду бошқа қалбларни ҳам ёрита бошлади. Ер юзида асталик билан бўлса ҳам, қийинчилик билан бўлса ҳам, жоҳилият зулматини Қуръон ёғдуси ёриб чиқа бошлади. Кишилар ичида қалби Қуръон нури билан мунаввар бўлганлар кўпая борди. Албатта, узоқ муддат зулматда қолган кофирлар ёғдуни тинчликни бузиб, безовта қилувчи нарса деб тушунадилар. Шу боисдан ҳам улар унга қарши чиқадилар. Улар ёғдуни иложи борича тўсишга ҳаракат қиладилар. Биз ўрганаётган воқеъликда ҳам шундай бўлди. Жоҳилият зулматига ўраниб қолган инсонлар Қуръон ёғдусини ўз оромларини бузувчи нарса деб билдилар. Унинг тарқамаслиги учун қўлларидан келгану келмаган барча чораларни кўрдилар. Улар Қуръон ёғдусини, ул ёғдудан баҳраманд бўлганларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш учун ҳаракат қилдилар. Лекин Аллоҳ таоло кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини батамом қилувчи Зотдир. Аста-секин, Аллоҳ таолонинг инояти ва аралашуви ила нафақат инсонларнинг қалблари, балки бутун вужудлари Қуръон ёғдуси ила ёришди. Кейин эса уларнинг бутун ҳаётлари ўша ёғду билан ёришиш жараёни бошланди. Қалблари Қуръон ёғдуси ила мунаввар бўлган, ҳар бир нарсани Қуръон ёғдуси ила кўрадиган, ҳар бир ишни Қуръон ёғдусида қиладиган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобаи киромлари ер юзида икки оёқлари билан юрадиган тирик Қуръонларга айландилар. Қуръон ёғдуси ила ёришган биргина қалб эгаси Аллоҳ таолонинг амри ила бошлаган бу ҳаракат Аллоҳнинг мадади ила якка шахсларга, оилаларга тарқаб, бора-бора Қуръон ёғдуси ила яшайдиган давлатга айланди. Мадинаи Мунавварада қурилган бу давлат – Қуръон ёғдуси ила қурилган, Қуръон таълимотлари асосида, Қуръон адолатидан баҳраманд бўлиб, Қуръон ҳукмини жорий қилиб яшайдиган давлат эди. Бу қуръоний давлат ва унинг ҳар бир фуқароси ўша вақтнинг мўъжизасига айланди. Дунёда биринчи марта Аллоҳ таолога бўлган соф иймон ер юзида собит бўлди. У жамиятда ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси ила қилинадиган бўлди. У жамият аъзолари жоҳилиятнинг барча ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа разолатларидан холи бўлдилар. У жамиятда зулм, жабр-ситам бутунлай йўқолиб, мутлақ адолат ҳукм сурадиган бўлди. У жамиятда кишилар ҳамма нарсадан кўнгли тўқ, тинч-омон, бахтли-саодатли ва тўла фаровон турмуш кечира бошладилар. Чунки улар Қуръон ёғдусида, Қуръон адолатида ва Қуръон ҳукмида ҳаёт кечираётган эдилар. Ўша пайт бу жамиятга кирган одам бошқа дунёга бориб қолганга ўхшар эди. Зотан, жоҳилиятда туғилиб, ўсиб ва шаклланган инсон учун қуръоний жамият ҳақиқий мўъжиза, етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган нарса эди. Бу қуръоний жамиятдаги яхшиликлар, олий фазилатлар ҳар қандай инсонни ўзига мафтун этарди.
Қуръоний жамият аъзолари ўзларига етган улкан бахт ва саодатни, мислсиз улкан неъматни бошқалар билан бирга баҳам кўргилари келар эди. Улар инсоният жаҳолат ботқоғида, турли разолатларга кўмилган ҳолда, зулмда, инсон номига ор бўладиган нарсалар ичида ҳаёт кечиришда давом этаверишини қабул қила олмас эдилар. Шунинг учун ҳам бошқа инсонларга Қуръон ёғдусида ҳаёт кечиришни тушунтириш, уларни тўғри, илоҳий йўлга солиш учун ҳаракат бошладилар. Шу боис қуръоний давлат ҳудудлари тезлик билан кенгая бошлади. Қуръон ёғдусида турмуш кечирадиган халқлар ва юртлар сони кўпайиб борди. Турли халқлар ўзларига Қуръон таълимотларини олиб келган кишиларни, уларнинг олиймақом ахлоқ-одоблари ва сифатларини кўрибоқ, аҳли Қуръонлар қаторига қўшила бошладилар. Қуръоний жамият аъзолари бутун дунёга устоз бўлдилар, бутун дунёда пешқадам бўлдилар. Улар энг илғор, энг тараққий этган, энг бахтли, энг тинч, энг бой, энг соғ, энг илмли, энг маданиятли, энг кучли, энг адолатли, энг олий ахлоқли инсонлар сифатида майдонга чиқдилар. Қуръоний жамият ҳаётнинг ҳар бир соҳасида мисли кўрилмаган юқори чўққига кўтарилди. У жамиятда нафақат мусулмонлар, балки мусулмон бўлмаган халқлар ҳам ўзларининг дунёвий бахт-саодатини топдилар.
Мазкур ҳолат ҳеч ким инкор эта олмайдиган воқеъликдир. Қуръоний дастурга эга бўлган жамият ер юзида қоим бўлгани, жаҳонга бахт улашгани собит ҳақиқатдир.
Инсоният тажрибасида бир марта бўлган нарсани қайта такрорлаш осондир. Бу тажрибани қайта такрорлаш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари бўлиши шарт эмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи шуни ирода қилган. Ислом Аллоҳ таолонинг қиёмат қоим бўлгунча боқий қолувчи дини бўлгани учун, унинг доимий татбиқи, улуғ зот бўлсалар ҳам, фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига боғлиқ бўлиши мумкин эмас эди. Агар Исломнинг доимий татбиқи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига боғлиқ қилинганда, уни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин татбиқ қилмаслик керак бўлиб қолар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Исломнинг доимий татбиқини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига эмас, Қуръони Каримга боғлаб қўйди. Ва Қуръонни қиёмат қоим бўлгунча муҳофаза қилишни Ўз зиммасига олди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эса Қуръонни кишиларга бир марта тўлиқ татбиқ қилиб, кўрсатиб беришни топширди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу омонатни қойилмақом қилиб, ўз ўрнида адо этдилар. Ул зот ўз умматларига Қуръонга амал қилган ҳолда тўлақонли ҳаёт кечиришни кўргазмали равишда жорий қилиб бердилар. Набий алайҳиссалом томонларидан Қуръоннинг амалда татбиқ қилиб кўрсатилишига «суннат» дейилади. У зоти бобаракот ўзларига Аллоҳ таоло томонидан юклатилган топшириқни шараф ила адо этиб бўлиб, бу фоний дунёни тарк этаётган пайтларида умматларига хитоб қилиб:
«Ичингизда икки нарсани: Аллоҳнинг Китобини ва ўзимнинг суннатимни қолдирдим. Агар иккисини маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз», – дедилар.
Алҳамдулиллаҳ, икки дунё саодати кафолатини берувчи илоҳий дастур – Қуръон бор, уни қандай қилиб татбиқ қилиш бўйича қўлланма – суннат бор, унинг асосида дастурни амалга ошириш тажрибаси бор, демак, мусулмонлар бугунги кунда орзу қилаётган нарса хомхаёл эмас, айни воқеъликдир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Тафсири ҳилол китобидан)