1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Саҳобаларнинг адолати ҳақида

20:05 / 20.07.2017 3913 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу адолат билан ҳукм қилар, бу борада аввало ўзи бошқаларга намуна бўлар эди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳу бир кишини уриб, сочини олдириб ташлади. Ҳалиги киши олиб ташланган сочини йиғиб олиб, шикоят қилиш учун ҳазрати Умар ибн Хаттобнинг ҳузурларига жўнади ва бориб, у кишига: 

«Абу Мусо менинг улушимни тўлиқ беришини талаб қилганим ва ўз насибамдан оз олишга рози бўлмаганим учун урди. У мени сенинг ҳузурингда ҳурмати борлигидан қасос олмаслигингга ва мусулмонлар ичида обрўси улуғлигига ишониб урди», деди.

Умар розияллоҳу анҳу волий Ашъарийнинг бу қилган ишидан қаттиқ афсусланди ва унга: 

«Агар бу ишни кўпчилик ичида қилган бўлсанг, унга кўпчилик ичида сендан қасос олишига имконият яратиб бер. Агар ўша ишни холи жойда қилган бўлсанг, холи жойда унга ўзингдан қасос олишига имконият яратиб бер. Бўлмаса иш бошқача бўлади», деб мактуб ёзди.

Даъвогор киши мазкур мактубни олиб бориб, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга берди. 

Ҳодисадан хабардор бўлган кишилар ўртага тушиб, амир Абу Мусони афв қилишини илтимос қилдилар. Аммо даъвогор киши кўнмади. 

Шунда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу одамларнинг олдига чиқиб ўтирди ва даъвогарга: 

«Кел, мендан қасосингни ол», деди. 

Ана шундагина даъвогар кишининг кўнгли жойига тушди ва бошини осмонга кўтариб: 

«Аллоҳим! Мен уни афв этдим», деди.

Рустам мусулмонлар томон ўз элчиларини юборди. Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини тополмай, анча вақт овора бўлишди. Чунки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрарди. Элчилар у кишини одамлар орасида ерда ўтириб гаплашаётган ҳолида учратишди. 

Ўзларини таништирган элчилар Форс давлати раҳбарлари мусулмонларнинг вакили билан гаплашмоқчи эканини билдиришди. 

Саъд ибн Абу Ваққос орқасига қараган эди, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Робийъ ибн Омирга кўзи тушди ва унга: 

«Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан», деди. 

Робийъ розияллоҳу анҳу бир чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб от устига сакраб минди ва элчиларга қараб: 

«Кетдик!» деди. 

Элчилар лол бўлиб туриб қолдилар. Бир жулдур кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»га қарашди. Ўзаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга: 

«Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди. 

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:

«Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», деди. 

Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга тушдилар. Қароргоҳга яқинлашишлари билан элчилар отдан тушиб, таъзим қилиб юра бошладилар. Мусулмонларнинг вакили Робиъ розияллоҳу анҳу эса уларнинг бу кулгили ҳолларини томоша қилиб, отдан тушмай, кулиб ичкарига кирди. У қиличини қинига солиб тақиб олган, қўлида найзаси бор эди. Робийъ отдан тушмай, гилам устидан юра бошлади. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, уни от устидан тортиб олишди ва улуғлари олдига от миниб бориб бўлмаслигини тушунтиришди.

Робийъ ибн Омир розияллоҳу анҳу отини ўша ердаги болишлардан иккитасига боғлади. Арқонини ҳам ўша ерга қўйди. Сўнгра тўқимини олиб, тахлади. Унга «Силоҳингни қўй», деб ишора қилишди. Шунда у:

«Ўзимча келганимда амрингиз ила иш қилардим. Аммо мени сизлар чақириб келдингиз», деди.

Кейин, бошини мағрур тутиб, найзасини ерга қадаб-қадаб юра бошлади. Ҳар сафар найзасини ерга урганида, ерга тўшалган йўлбарс терисини ёки серзийнат гиламни тешарди. У атайлаб майда қадам ташлар ва кўпроқ найза санчишга ҳаракат қиларди. 

Робийъ розияллоҳу анҳу тўғри Рустамнинг олдига бориб, найзасини гиламга санчиб, ерга ўтирди ва:

«Биз сизларнинг зийнатингизга ўтирмаймиз», деди.

Форсларнинг каттаси Рустам таржимонга:

«Ундан сўра-чи, нима учун келишди экан?» деди. 

Робийъ розияллоҳу анҳу бу саволнинг жавобига асрлар бўйи қоида бўлиб қолган жумлани айтди: 

«Аллоҳ таоло бизни бандаларни бандаларга ибодат қилишдан Аллоҳга ибодат қилишга, динларнинг жабридан Исломнинг адлига, бу дунё торлигидан у дунё кенглигига чиқариш учун юборди, – деди. Сўнгра у ўз гапида давом этиб: – Аллоҳ Ўз Расулини Ўз дини ила халойиққа юборди. Ким уни қабул қилса, биз ҳам қабул қиламиз ва уни ўз ерида тарк этамиз. Ким бош тортса, то жаннатга тушгунимизча ёки зафарга эришгунимизча у билан уруш қиламиз», деди.

«Батаҳқиқ, гапингизни эшитдик. Бу ишни биз назар солиб чиққунча ортга суриб турсангиз бўладими?» деди Рустам.

«Ҳа! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга душманларга уч кундан ортиқ имкон бермаслигимизни суннат қилганлар. Биз сизлардан уч кунгача хабар олиб турамиз. Ишингга назар сол. Берилган муддатдан кейин уч нарсадан бирини танла:

Ислом – унда биз сени ўз ерингда қолдирамиз. 

Жизя – уни қабул қилсанг, сени тинч қўямиз ва агар бизга ҳожатинг тушса, сенга ёрдам берамиз. 

Ёки тўртинчи куни бўладиган уруш. Магар сен уни бошлайдиган бўлсанг (аввал бўлиши ҳам мумкин). Мен ўз шерикларим номидан бунга кафилман», деди. 

«Сен уларнинг каттасимисан?» деди Рустам.

Робийъ розияллоҳу анҳу:

«Йўқ. Лекин мусулмонлар бир-бирларига нисбатан худди бир жасад кабилар. Уларнинг энг кичиги берган омонликка энг каттаси ҳам амал қилади», деди-да, қайтиб кетди.

Рустам ўз одамлари билан холи қолганда уларга:

«Шу одамнинг гапига ўхшаш гапни ҳеч кўрганмисизлар?» деди. 

Улар писанд қилмасликларини айтишди. 

«Шўрингиз қурсин! Мен фикрга, гапга ва амалга назар соламан. Араблар кийим-бошга писанд қилмайдилар. Аммо ҳасабни яхши сақлайдилар», деди Рустам.

Эртаси куни Рустам Саъд розияллоҳу анҳуга «Кечаги кишини бизга юбор», деб одам юборди. У бўлса Ҳузайфа ибн Миҳсон Ғатафонийни юборди. Ҳузайфа ҳам Робийъ нима қилган бўлса, ўшани қилди, нима деган бўлса, ўшани деди. 

«Аввалги элчи нимага келмади?» деди Рустам.

«Амиримиз бизнинг орамизда кенгчиликда ҳам, торчиликда ҳам адолат қилади. Бугун менинг навбатим», деди.

«Ваъда қачонгача?» деди Рустам.

«Кечадан бошлаб уч кун», деди.

Учинчи куни Рустам Саъд розияллоҳу анҳудан яна одам юборишини сўради. Саъд розияллоҳу анҳу Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳуни юборди. У келиб, тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олди. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур этишди. 

Шунда Муғийра розияллоҳу анҳу: 

«Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Сиздан кўра эсипаст қавмни кўрмаганман. Биз араблар бир-биримизни банда қилиб олмаймиз. Мен сизлар ҳам бизга ўхшаб, қавмингизга насиҳат қиласизлар, деб ўйлабман. Бу қилганларингиздан кўра бир-бирингизни робб қилиб олганингиз хабарини берганингизда яхши бўларди. Бу билан узоққа бора олмайсиз. Мен сизларга ўзимча келганим йўқ. Сизлар мени чақирдингиз. Бугун сизлар албатта мағлуб бўлишингизни англадим. Бу ҳолат ва бу ақллар билан мулк бардавом бўлмайди», деди. 

Хизматчилар: «Аллоҳга қасамки, араб рост гапирди», дедилар.

Деҳқонлар (қишлоқ оқсоқоллари): «У қулларимизни ўзига доимо жалб қилиб турадиган гап айтди. Умматимизнинг ишини бачканалаштирган ўтганларимизнинг додини Худо берсин», дедилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Борлиқнинг барчаси зулматдир. Албатта, фақатгина Ҳақнинг унда зоҳир бўлишигина уни нурлантирадир. Бас, ким борлиқни кўрсаю, унда ёки унинг ёнида, ёки ундан олдин, давоми...

4186 14:08 / 24.09.2017
Албатта, шукр соликлар мақомотидан биридир. У ҳам бошқа мақомотлар каби илм, ҳол ва амал ила юзага келади. Ушбу нарсалар яхшилаб ўрганиб чиқилса, шукрнинг давоми...

3450 17:40 / 27.05.2018
Эй иймон келтирганлар Аллоҳга холис тавба қилинглар Ажаб эмаски, Роббингиз ёмонликларингизни ўчирса ва сизни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга давоми...

9703 17:33 / 12.10.2017
Тўртинчи зарар яхшиликларнинг қабул бўлмаслиги.Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Оловнинг қуруқ нарсага уни ёқиб, йўқ қиладиган таъсири давоми...

3257 14:46 / 14.04.2018