Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
4569. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Аллоҳ раҳматни юз қисмга бўлди. Тўқсон тўққиз қисмини ўз ҳузурида тутиб қолди. Ерга бир қисмини нозил қилди. Махлуқотлар ўша қисмдан бир-бирларига раҳм қиладилар. Ҳаттоки от боласига зарар етказишдан қўрқиб туёғини ундан кўтаради», деяётганларини эшитдим».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан Аллоҳ таолонинг раҳмати қанчалар кенг эканини билиб оламиз.
Ер юзидаги махлуқотларга назар соладиган бўлсак, бир-бирига раҳм қилиш уларнинг хилқатларида борлигини кўрамиз. Ҳаттоки кўринган нарсага даҳшат соладиган йиртқич ҳайвонлар ҳам ўз боласига ўта раҳмли бўлишлари ҳеч кимга сир эмас.
Бу ҳолат ҳар бир махлуқда бор. Бундан истисно бўлган бирор махлуқ йўқ. Бу раҳмни уларга Аллоҳ таоло бермаса, қаердан ҳам олар эдилар. Аммо дунёни тўлдириб турган бу раҳмлилик Аллоҳ таолонинг раҳматининг юздан бири, холос.
Ўша раҳматнинг қолган тўқсон тўққиз қисми Аллоҳ таолонинг ҳузуридадир.
Аллоҳ таолонинг раҳмати ҳақида Қуръони Каримда бир қанча оятлар келган. Келинг, ўша ояти карималарнинг баъзилари билан танишиб чиқайлик.
Аллоҳ таоло:
«У Ўз зиммасига раҳматни ёзган», деган («Анъом» сураси, 12-оят).
Аслида, ягона Аллоҳ Холиқ, Молик ва Ҳоким сифатида нима қилса, ҳаққи бор эди. Аммо Ўз фазли ила Ўзига Ўзи раҳмлиликни, меҳру шафқатни ёзиб қўйган.
Аллоҳ таоло Роҳман ва Роҳиймдир, Ўз махлуқотлари билан қиладиган муомаласи ана шу қоида – раҳм-шафқат ва мурувват асосида бўлиши лозимлигини ирода этган. Ҳатто бандаларга етган баъзи мусибатлар ҳам, оқибати ўйланса, раҳм ва шафқатдандир.
Умуман, исломий тасаввурда Аллоҳ таолонинг оламларга қиладиган барча муомаласи раҳм-шафқат асосидадир.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло махлуқотларни яратганида Арши устидаги китобга «Раҳматим ғазабимдан ғолибдир», деб ёзиб қўйган», деганлар».
Ушбу асосий қоидадан келиб чиқиб, Исломда раҳм-шафқат масаласига кенг қаралади. Дунёдаги барча мавжудотларга раҳм-шафқат қилиш, улар орасида ўзаро меҳрибонлик бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор берилади.
Имом Термизий Амр ибн Оснинг ўғилларидан қилган ривоятда Набий алайҳиссалом:
«Раҳмлиларга Аллоҳ таоло раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилинг. Сизга осмондаги Зот раҳм қилади», деганлар.
Буюк имомлар – Бухорий, Муслим ва Термизийлар Жарийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:
«Одамларга раҳм қилмайдиган одамга Аллоҳ таоло раҳм қилмайди», деганлар.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Раҳмдиллик фақат бадбахтнинг қалбидангина суғуриб олинади», деганлар.
Демак, раҳмдиллик саодатмандлик аломати бўлса, раҳмсизлик бадбахтлик аломатидир.
Ислом инсонларга раҳм-шафқат кўрсатиш ҳудудидан чиқиб, бутун мавжудотга раҳм қилиш шиорини олға суради. Мусулмон инсон борлиқдаги барча нарсаларга раҳмли бўлиши зарурлигини таъкидлайди.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:
«Бир чумоли Аллоҳнинг Пайғамбарларидан бирини чақиб олганида, амр қилиб, чумолининг уясини куйдирган экан. Шунда Аллоҳ таоло ўша Пайғамбарга ваҳий юбориб:
«Бир чумоли сени чаққани учун тасбеҳ айтиб турган умматлардан бирини куйдирдингми?!» деган экан», дедилар.
Бу мавзуда қанча гапирсак, оз. Фиқҳ китобларимизда ҳайвонларни соғувчилар тирноқларини олишлари лозимлиги, соғилаётган ҳайвоннинг елинига зарар етказмаслик кераклиги, ҳайвонларни қийнаб, уларга оғир юк юклаш, оч қолдириш мумкин эмаслиги ва шунга ўхшаш таълимотлар ипидан-игнасигача баён қилинган. Бу ҳам Ислом раҳм-шафқат дини эканига далилдир.
Аллоҳ таоло яна:
«Ва Роббинг беҳожат ва раҳмат соҳибидир», деган (Анъом, 133).
Аллоҳ таоло раҳмат соҳиби бўлган Зотдир. Одамларнинг бу дунёда юришларининг ўзи ҳам Аллоҳнинг раҳматидан. У Ўз раҳматини Ўзи хоҳлаган бандаларига беради. Ҳозирги пайтда яшаб турган одамларни аввал ўтган кишиларнинг зурриётларидан пайдо қилганлиги ҳам ҳаммага маълум. Яъни Аллоҳ Ўзи хоҳлаб, шундай қилган. Бандаларга ҳожатмандлигидан эмас.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг ҳозирги авлод одамларига ҳам ҳеч қандай ҳожати йўқдир. Агар Аллоҳ хоҳласа, бу авлодни ҳам кўтариб, йўқ қилиб, ўрнига Ўзи хоҳлаган нарсани келтира олади.
Демак, Аллоҳ бандаларга эмас, бандалар Аллоҳга ҳожатманддирлар. Улар ўзларининг дунёга келишларида Аллоҳга ҳожатманд бўлганлари каби, бу дунёда яшашларида ҳам ҳар лаҳзада, ҳар нарсада ҳожатманддирлар.
Аллоҳ эса Ўз раҳмати ила уларнинг ҳожатларини раво қилади. Аллоҳнинг бандаларига нисбатан раҳматининг энг юқори чўққиси – уларга Пайғамбарлари орқали дин – шариат юбориши. Динга юрмаганлар ўша олиймақом неъматдан юз ўгирганлар бўладилар. Улар ўзларига ёмонлик қиладилар, қиёматда ҳоллари ёмон бўлади.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда:
«Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир», деган («Аъроф» сураси, 156-оят).
«Истаган бандамни азоблайман (ўз навбатида иймон келтирмаган ва гуноҳкор бўлганларни ҳам азоблашини айтиб қўйган). Менинг раҳматим эса жуда ҳам кенг, Ўзим халқ қилган бу дунёдан ҳам кенг. Менинг раҳматим мўминга ҳам, кофирга ҳам, тақийга ҳам ва осийга ҳам шомилдир».
4570. Жарийр ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Раҳм қилмаган раҳм қилинмайди», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Набий алайҳиссаломнинг бу ҳадиси шарифни айтишларига бир ҳодиса сабаб бўлган.
Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алининг ўғиллари Ҳасанни ал-Ақраъ ибн Ҳобиснинг олдида ўпдилар. Ал-Ақраъ буни кўриб:
«Менинг ўнта фарзандим бор, аммо бирортасини ҳам ўпмаганман», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир назар солдилар-да:
«Раҳм қилмаган раҳм кўрмайди», дедилар».
Аслида ҳодиса болага раҳм кўрсатиб, уни ўпиш устида бўлиб ўтган бўлса ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умумий қоида бўлиб қоладиган гапни айтдилар.
Шундай, Ислом таълимоти бўйича ким Аллоҳ таолонинг яратган нарсаларига раҳм кўрсатмаса, ўзи Аллоҳ таолодан ва унинг яратган махлуқларидан раҳм кўрмайди.
4571. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Раҳм қилувчиларни Роҳман раҳм қилади. Ер аҳлига раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилади», дедилар».
Шарҳ: Роҳман сифати соҳиби бўлган Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлган банда бошқаларга раҳм қилсин. Осмонда бўлган Зот – Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлган банда ер аҳлига раҳм қилсин.
4572. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди:
«Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламдан, содиқу масдуқ бўлган зотдан, ушбу ҳужранинг соҳибидан:
«Раҳмдиллик фақатгина бадбахтдан суғуриб олинади», деганларини эшитдим».
Шарҳ: Раҳмдиллик бахт-саодат белгиси бўлиши билан бирга, раҳмсизлик бешафқатлик, бадбахтлик аломатидир.
Шунинг учун доимо раҳмдил бўлишга ҳаракат қилмоқ лозим.
4573. «Бир катта ёшдаги чол Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ирода қилиб келди. Қавм унга йўл очишда кечикиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас», дедилар».
Учовини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Исломда катта ёшдаги кишиларни ҳурмат қилиш юксак одоб намунаси ҳисобланади. Мўмин-мусулмонлар қадимдан кексаларнинг ҳурматини жойига қўйганлар.
Бу ишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари асос солганлари ва бош бўлганлари ушбу ҳадиси шарифдан ҳам билинади.
У зот алайҳиссалом катта ёшдаги кишига йўл очишда кечикиб қолингани учун саҳобаларга танбеҳ бердилар ва:
«Кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Катта ёшдаги кишиларни кўрганда тезроқ уларга ёрдам беришга ҳаракат қилиш зарурлиги.
2. Кичкина болаларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиш мусулмонликнинг аломатларидан экани.
3. Катта ёшли кишиларни улуғлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш мусулмонликнинг аломатларидан экани.
4574. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган, амри маъруф ва наҳйи мункар қилмаган биздан эмас», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам ўзидан аввалги ҳадиси шарифнинг маъносини такрорлаб келмоқда. Амри маъруф ва наҳйи мункар ҳақида ўз ўрнида сўз юритганмиз.
4575. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир ёш қарияни ёши учун икром қилса, албатта, Аллоҳ унга ҳам қарилик чоғида ёши учун икром қиладиган шахсни муҳайё қилади», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Кекса ёшдаги кишиларни эҳтиром қилиш мусулмонларнинг ҳаммага маълум одатига айланиб қолганини кўпчилик яхши билади. Ана шу ҳаммага маълум одатлар Ислом таълимотлари асосида шаклланганини ҳам билиб қўймоқ лозим.
Ким ўзи қариган чоғида ўзгалар унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишини истаса, ёшлик чоғида қарияларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоғи шарт. Аксинча, ким ёшлик чоғида кексаларни икром қилмаса, қарилик чоғида ўзи ҳам ҳеч кимдан икром кўрмайди.
Қарияларга икром кўрсатиш, уларни эҳтиром қилиш, улуғлаш каби ишлар уларга раҳм қилишдан иборатдир.
4576. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундаги бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди», дедилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бундан ҳар бир мўмин ўзининг барча дин қардоши учун дардкаш бўлиши лозимлиги келиб чиқади. Шунинг учун дарду аламда, турли қийинчиликда қолган мўминга раҳм-шафқат кўрсатиш, унинг дардини енгил қилиш учун чора излаш бошқа мўминларнинг бурчидир.
Бу маънони келаси ҳадиси шариф ўзига хос васф қилади.
4577. Муслимнинг ривоятида:
«Мўминлар бир кишидекдир – кўзи оғриса, ҳаммаёғи оғрийди. Боши оғриса, ҳаммаёғи оғрийди», дедилар».
Шарҳ: Ягона бир жасадда бирор аъзо хасталаниб қолса, тананинг барча аъзолари у билан қўшилиб, азоб чекади. Мисол учун, ушбу ҳадиси шарифда зикри келган кўзни олайлик. Кўзи оғриган одамнинг фақат кўзигина азоб чекмайди, балки бутун вужуди хасталик дардини чекади. Шунингдек, бош оғриса ҳам, тиш оғриса ҳам, ҳаттоки бирор тирноқ оғриса ҳам, шу.
Мусулмон жамияти ҳам худди бир тана кабидекдир. Унинг бирор аъзосига салгина озор етса ҳам, қолган барча аъзолари у билан бирга дард чекиши лозим. Дунёнинг бир четида оддий бир мусулмонга етган мусибат дунёнинг иккинчи четидаги подшоҳлик қилаётган мусулмонга ҳам етган мусибат бўлиши лозим. Ва аксинча. Мусулмонлар орасидаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳамдардлик ана шу савияда бўлиши керак.
4578. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин мўминга худди бинога ўхшаб, бир-бирини мустаҳкамлайди», дедилар ва панжаларини бир-бирига киритдилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳар бир бино мустаҳкам бўлиши учун унинг деворлари бир-бирига киришган ва бир-бирини суяб турадиган бўлиши керак. Агар деворларнинг ораси очиқ бўлса, улар бир-бирини суяб турмаса, бино ҳеч қачон мустаҳкам бўлмайди.
Мусулмонлар ҳам ушбу ҳадиси шарифдаги маънога биноан, бир-бирларини худди мустаҳкам бинонинг бир-бирига киришиб турадиган қувватли деворларига ўхшашлари керак. Бир бинонинг деворлари бир-бирларини суяб тургани каби мусулмонлар ҳам бир-бирларини суяб, қўллаб-қувватлаб турмоқлари лозим.
Ана шунда улардан ташкил топган жамият ҳам мустаҳкам ва қувватли жамиятга айланади.
4579. «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зот билан бирга сафарда эдилар. Улардан бири ухлаб қолган биродарининг арқонини олди. У уйғониб, қўрқиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонга мусулмонни кўрқитиш ҳалол бўлмас», дедилар».
Абу Довуд «Ҳазил» бобида ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ишни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам қилиб бўлмайди. Бир кишининг ташвишига сабаб бўладиган ишни мутлақо қилиб бўлмайди. Чунки бунда мўминга озор бериш бор. Мўминга озор бериш эса ҳаромдир.
Демак, ҳазиллашиб бўлса ҳам, мўмин-мусулмонни қўрқитиш жоиз эмас. Бу каби ҳазилларнинг охири вой бўлиши турган гап.
4580. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир одам йўлда кетаётиб, қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топиб, унга тушиб, сув ичди. Кейин қайтиб чиқса, бир ит чанқаганидан тупроқни ялаяпти. Ҳалиги одам «Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди», деди. Қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди ва оғзига тишлаб, қайтиб чиқди. Итга сув берди. Аллоҳ таоло уни тақдирлаб, мағфират қилди».
«Эй Аллоҳнинг Расули! Бизга ҳайвонларда ҳам ажр борми?» дейишди.
«Ҳа! Ҳар бир ҳўл жигари борда ажр бор», дедилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ислом мусулмонларни Аллоҳ таоло яратган ҳар бир нарсага раҳмли бўлишга чақиради. Ушбу ҳадиси шарифда Исломнинг ҳайвонот оламига бўлган муносабатидан бир намуна кўриб турибмиз.
«Яхшилик ва ахлоқ китоби»да ҳайвонот оламига яхшилик қилиш ҳақида ҳадиси шарифлар келаётганига эътибор берайлик. Ислом бутун дунёга, ҳатто ҳайвонот оламига ҳам яхшилик қилиш ва улар билан ҳам юксак ахлоқ меъёрларида муомалада бўлишга чақиришига эътибор берайлик.
Одатда кишилар дайди итларга унча эътибор бермайдилар. Эътибор берсалар ҳам, салбий маънода, яъни уларни ўлдириш, ҳайдаб юборишга интиладилар.
Аммо Исломда худди ўша дайди итнинг ўлимдан қолишига сабаб бўлган одамга жаннат ваъда қилинмоқда.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифдаги «Ҳар бир ҳўл жигари борда ажр бор», деган гаплари барча ҳайвонларга яхшилик қилган, уларга раҳм-шафқат кўрсатган одам Аллоҳ таоло томонидан тақдирланиши, ажру савоб олиши учун умумий қоидадир.
Шунинг учун ҳақиқий мусулмонлар ҳайвонот оламига катта эътибор билан қарайдилар ва ҳайвонларга қўлларидан келган яхшиликларни қиладилар.
4581. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Мен ўз ҳожатимга бориб, икки полапони бор чумчуқни кўриб қолдим. Унинг полапонларини олдим. Шунда чумчуқ келиб, гирдикапалак бўлиб уча бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар-да:
«Буни ким боласидан айириб, қийнади? Унга полапонини қайтариб беринглар», дедилар.
Чумолининг уясига ўт қўйган эдик. Уни кўриб қолиб:
«Бунга ким ўт қўйди?» дедилар.
«Биз», дедик.
«Олов билан азоблашга фақат олов Роббининг ҳаққи бор, холос», дедилар у зот».
Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ўтган ҳадиси шарифда тўрт оёқли ҳайвонларга шафқат кўрсатиш ҳақида сўз кетган эди. Бу ҳадиси шарифда эса қушлар ва ҳашаротларга шафқат кўрсатиш ҳақида сўз кетмоқда.
Ҳа, Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини, қиёмат қоим бўлгунича боқий қолувчи дини, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодати йўлини кўрсатиб берувчи дини Ислом ҳайвонот оламининг ҳимоясини ҳам ҳаммадан олдин ва ҳаммадан яхши йўлга қўйгандир.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Қушларнинг боласини олиб бўлмаслиги.
2. Катта кишилар қушнинг боласини олиб ўйнаганларга насиҳат қилиб, уларнинг оналарига қайтариб берилишини йўлга қўйишлари кераклиги.
3. Ҳайвонларга озор бериш мумкин эмаслиги.
4. Чумоли каби кичик ҳайвонларни ҳам ўлдириш ёки уларга бошқача зарар етказиш мумкин эмаслиги.
5. Айниқса, уларни олов билан азоблаб бўлмаслиги.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)