1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Дуонинг фазли (4-қисм)

20:13 / 14.11.2017 4019 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4569. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, дуо нозил бўлган ва нозил бўлмаган нарсага фойда келтиради. Эй Аллоҳнинг бандалари! Ўзингизга дуони лозим тутинг!» дедилар».

Шарҳ: Банда доимо ўзига тушган ва тушиш эҳтимоли бор бўлган нарсаларнинг ёмонлигидан сақланиш ниятида юради. Дуо эса нафақат сақланиш, балки ўша нарсанинг фойдали бўлишига ҳам хизмат қилар экан.

Дуонинг бошга тушган нарсадан фойда бериши, агар у муаллақ қазо, яъни бирор нарсага боғлиқ қазога оид бўлса, ёмонликдан яхшиликка бурилиши ила бўлади.

Агар ундай бўлмаса, дуо туфайли сабр ато қилиниши билан бўлади. Сабр туфайли савоб касб қилади.

Дуонинг тушмаган нарсадан фойда бериши ўша нарсанинг яхшиликка бурилиши ёки уни сабр ила қабул қилиб олиш билан бўлади.

Демак, ким нозил бўлган балолардан сақланай деса, кўпроқ дуо қилсин. Ким нозил бўлмаган балолардан сақланай деса ҳам, кўпроқ дуо қилсин.

4570. Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қазони фақатгина дуо қайтаради. Умрни фақатгина яхшилик зиёда қиладир», дедилар».

Шарҳ: Қазо Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир.

«Қазони фақатгина дуо қайтаради».

Аслида қазодаги нарса қадарга келиши керак. Аммо баъзи уламоларнинг гапига қараганда, қазо икки хил: мубрам, яъни узил-кесил қазо ва муаллақ, яъни бир нарсага боғлиқ қазо бўлади.

Мисол учун, «Фалончи дуо қилиб турса, фалон куни бемор бўлмайди, дуо қилмаса бўлади» каби ҳолатлар муаллақ қазо дейилади. Дуо билан рад бўладиган қазо мана шунга ўхшаш қазодир.

Қадарни қадар ила даф қилиш маъносини ҳам унутмаслик зарур. Шу маънода дуо ҳам қадар бўлади.

Очлик қадари озиқланиш қадари ила даф қилинади.

Чанқоқ қадари сув ичиш қадари ила даф қилинади.

Беморлик қадари даволаниш қадари ила даф қилинади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шомга борганларида у ерда вабо тарқалганини эшитиб, орқага қайтишга қарор қилдилар.

Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?» деди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унга:

«Шуни сендан бошқа одам айтса бўлмасмиди!? Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айтгин-чи, агар сенинг туяларинг бўлса-ю, улар иккига бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлса-ю, бошқаси қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?!» дедилар.

«Умрни фақатгина яхшилик зиёда қиладир‎».

Аслида белгиланган ажалнинг вақти-соати ўзгармайди. Демак, бу ҳадиси шарифдаги «умрнинг зиёда бўлиши»ни «баракали бўлиши» деб тушуниш керак. Яъни ҳар бир инсон ўзига белгиланган ажалгача яшайди, аммо умри баракали бўлиб, ҳаёти давомида бир неча киши қиладиган яхшиликларни бажо келтиради.

Ёки худди қазода айтиб ўтилгани каби, ажал ҳам икки хил бўлади. Фалончи тақво ила яшаса, саксонга, бўлмаса, элликка киради, дейилган бўлади. Яхшиликни кўп қилган одамларнинг умри зиёда бўлиши шунга ўхшаш бўлади.

Бу ҳадиси шарифнинг маъноси ҳақида турли фикрлар айтилган. Уларнинг турли бўлиши қазои қадар масаласига боғлиқдир. Аммо қазои қадар масаласида «Қазо қазо билан даф қилинади» деган қоида борлигини эсга олсак, иш осонлашади. Бундан ёмон қазои қадар дуо билан даф бўлиши келиб чиқади. Шунингдек, яхшилик туфайли умрнинг қисқа қадари даф қилиниб, узун қадарига ўтказилиши келиб чиқади.

Бу ҳақда «Кашшоф» тафсирида қуйидагилар айтилган:

«Кишининг умри узайса ҳам, қисқарса ҳам китобда бордир. Унинг сурати қуйидагича: Лавҳга «Агар Фалончи ҳаж ёки ғазот қилмаса, умри қирқ йил. Агар ҳаж ва ғазот қилса, умри олтмиш йил», деб ёзилган бўлади.

Бу маъно «Маъолимут Танзил» китобида ҳам келган.

Ушбу масала бўйича имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи машҳур асарлари – «Иҳёу улумуддин» китобида қуйидагиларни айтадилар:

«Агар қазони қайтариб бўлмаса, дуонинг фойдаси недир, дейдиган бўлсанг, билки, албатта, балони дуо билан рад қилиш ҳам қазодандир. Худди қалқон камон ўқини рад қилишга, сув ердан ўсимлик униб чиқишига сабаб бўлганидек, дуо балони рад қилиш ва раҳматни жалб қилишга сабабдир. Худди қалқон ўқни даф қилиб, бири бири ила қайтарилганидек, дуо билан бало ҳам бир-бирини муолажа қилади.

Аллоҳ таолонинг қазои қадарини эътироф қилишнинг шарти силоҳ кўтармаслик эмас. Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло: «Бас, эҳтиёт бўлсинлар ва силоҳларини олсинлар», – деган.

Шунингдек, уруғ эккан одамнинг ерни суғормаслиги қазои қадарни эътироф қилишнинг шарти эмас.

Агар ўсишнинг қазоси олдин амалга оширилса, шу экин ўсади. Бўлмаса, ўсмайди.

Аллоҳ таоло сабабларни сабабланган нарсаларга боғлаб қўйгандир. Бу биринчи қазодир. У кўз очиб-юмгунча, балки ундан ҳам тезроқ содир бўлади.

Сабабланган нарсаларнинг тафсилотини сабабларнинг тафсилотига бирин-кетин, ўлчов ила тартибга солиш қадардир. Яхшиликни тақдир қилган Зот унинг сабабини ҳам тақдир қилгандир. Ёмонликни тақдир қилган Зот уни кетказишни ҳам тақдир қилгандир. Қалб кўзи очиқ кишилар учун бу ишлар бир-бирига зид эмас.

Қолаверса, дуонинг фойдаларидан бири шуки, у қалбнинг Аллоҳ билан бирга бўлишини талаб қилади. Бу эса ибодатнинг чўққисидир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Дуо ибодатнинг илигидир», деганлар.

Кўпинча бандаларнинг қалблари ҳожат тушганда ва қийин ҳолда қолгандагина Аллоҳ томон бурилади. Қачон инсонни ёмонлик тутса, дуони кўпайтиради.

Ҳожат инсонни дуога муҳтож қилади. Дуо эса қалбни тазарруъ ва синиқлик ила Аллоҳ азза ва жаллага қайтаради. Бас, шу билан ибодатларнинг афзали бўлган зикр ҳосил бўлади.

Шунинг учун ҳам бало-офатлар анбиё алайҳиссаломларга муваккал қилингандир. Сўнгра авлиёларга, сўнгра уларнинг яқинларига ва ҳоказо».

Умрнинг зиёда бўлиши ҳақида ҳам худди шу гапларни айтиш мумкин.

4571. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳдан Унинг фазлини сўранг. Чунки Аллоҳ азза ва жалла Ундан сўралишини хуш кўрадир. Энг афзал ибодат кушойишни кутишдир», дедилар».

Ушбу саккизтани Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Банда ўз Роббининг фазли кенглигини доимо эсда тутган ҳолда У Зотнинг фазлидан сўраб туриши керак. Аллоҳ бандаларига меҳрибон Зот, уларга сўраган нарсаларини беришни яхши кўради.

Кушойишни кутиш дегани ўзига етган бало-офат ва хафаликка сабаб бўладиган нарсанинг кетишини кутиш деганидир. Бу ишнинг афзал ибодат экани сабрнинг Аллоҳнинг қазосига тамоман таслим бўлишдан иборатлигидандир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
98. Аллоҳ таоло дуоларни ижобат ва ҳожатларни раво қилади.Шарҳ Жумҳури мусулмонлар ва бошқа динлар аҳллари ҳам дуо манфаатни жалб ва зарарни даф қилиш учун энг давоми...

5774 17:59 / 19.06.2017
Қуръон билан даволаш руқя қилиш ndash касалга шифо топиш мақсадида Қуръон ўқиб дам солиш жоиздир. Бунинг эвазига ҳақ олиш ҳам жоиз.Бухорий ва бошқа имомлар Оиша давоми...

2367 19:00 / 27.12.2022
Айтгин .Аллоҳим Барча подшоҳликнинг эгаси Хоҳлаган кишингга подшоҳлик берурсан ва хоҳлаган кишингдан подшоҳликни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз давоми...

4293 15:57 / 30.09.2017
Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар бузилиб кетар эди. Йўқ Биз уларга ўз шарафларини келтирдик. Улар эса давоми...

3565 22:23 / 13.02.2018