1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ношукрлик – неъматнинг заволи

17:21 / 27.05.2018 4518 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ким неъматларга шукр қилмаса, батаҳқиқ, унинг заволига учрайди. Ким уларга шукр қилса, батаҳқиқ, уларни арқонлари билан боғлайди.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда шукр неъматнинг бардавом бўлишига, ношукрлик эса неъматнинг завол бўлишига сабаб эканини баён қилмоқда. Бу теран маънони тўғри англаб етишимиз учун аввал шукр ҳақиқатини билиб олишга ҳаракат қилайлик.

«Шукр» сўзи араб тилида аслида оз ем билан ҳам семираверадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга «шукр» сўзини ишлатиш машҳур бўлган.

Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан мукаммал бўлади.

Уламоларимиз шукрнинг истилоҳида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар.

Кафавий: «Шукр урфда неъмат учун берилган ҳар бир мукофотдир. Шукрнинг асли неъматни тасаввур ва изҳор қилишдир. Шукр бандадан бўлганда эҳсонга нисбатан миннатдорликдир. Аллоҳ таолодан бўлганда эса савоб ва ажр ҳамда гўзал мақтовдир», деган.

Муновий: «Шукр икки хил бўлади. Биринчиси тил шукри бўлиб, у неъмат берувчига мақтов айтиш билан адо этилади. Иккинчиси аъзоларнинг шукри бўлиб, неъматга яраша мукофот тақдим қилиш билан адо этилади», деган.

Аллоҳнинг шукр қилувчилик сифати банданинг оз қилган амалига ҳам кўп савоб бериш билан уни мукофотлашига далолат қилади.

Шукрнинг қоидалари

Ферузободий айтади: «Шукр соликларнинг энг олий даражасидир. У розилик мартабасидан устундир. Чунки у ризони ўз ичига олади ва яна зиёда ҳам бўлади. Ризо шукрнинг ичида бўлади. Зотан, ризосиз шукр бўлмайди. Шукр иймоннинг ярмидир. У беш қоида асосига бино қилинган:

1. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига хузуъси.

2. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига муҳаббати.

3. Шукр қилувчининг шукр қилинувчининг неъматини эътироф қилиши.

4. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига берган неъмати учун мақтов айтиши.

5. Шукр қилувчининг ўзига етган неъматни неъмат берувчига ёқмаган нарсага ишлатмаслиги.

Бас, бу қоидалардан бирортаси йўқ бўлса, шукрда ўша миқдорча нуқсон бўлади».

Шукрнинг турлари

Шукр уч турга тақсимланади:

1. Қалб шукри. Бу неъматни тасаввур қилишдан иборат.

2. Тил шукри. Бу неъмат берувчига мақтов айтишдир.

3. Аъзолар шукри. Бу неъматга яраша мукофот ила бўлади.

Шукр ҳақидаги ояти карималардан намуналар:

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?! Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир» (147-оят).

Аллоҳ таоло ношукр ва кофир бандаларни нима учун азоблайди? Уларни азоблашдан бир фойда топадими? Ёки уларни азоблашдан лаззат оладими?

Албатта, Аллоҳ ношукр ва иймонсизларни азоблашдан ҳеч фойда топмайди ва уларни азоблашдан лаззат ҳам олмайди.

«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?!»

Бу азобнинг асосий сабаби банданинг шукр қилмагани ва иймон келтирмаганидир. Ношукр ва иймонсиз бу дунёда азобланса, қилган хатоси эвазига ва тўғри йўлга қайтсин, деб азобланаётган бўлади. Уни охиратда азоблаш эса ношукрлиги ва кофирлигининг жазосидир.

Аслида

«Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир».

Яъни шукр қилган бандаларидан рози бўлади ва уларга улуғ ажрларни беради.

Бу оятда Аллоҳ таоло шукрни иймон билан тенглаштирмоқда.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг» (152-оят).

Юқорида айтиб ўтганимиздек, шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан «Шукр», деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади. Мўмин-мусулмон доимо Аллоҳ таолони зикр этиб, Унга шукр қилгандагина, иши олға босади.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло шукрни куфрнинг муқобилига қўймоқда.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолда енглар. Ва агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинглар» (114-оят).

Мўмин-мусулмон инсон Аллоҳ таоло унга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсаларни ейиш билан бирга, Аллоҳ таолонинг неъматига шукр ҳам этади. Бу эса Аллоҳ таолога ибодат қилиш доирасига киради. Шунинг учун ҳам оятда:

«…агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсангиз», дейилмоқда.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

 «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлсарўзасини тутсин. Ва сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва сизларга қийинликни ирода қилмайди. Саноқни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсангиз» (185-оят).

Ҳа, Исломдаги ибодатларни фарз қилиб, бандалик бурчини адо этишга, гуноҳларни ювишга, ажр-савоб олишга шароит яратиб берган Аллоҳ таолони тинмай улуғлаб, Унга доимо шукр қилиш керак. Ҳар бир фарз ибодат бандада Аллоҳ бошлаган ҳидоятнинг қадрига етиш ҳиссини кучайтириши керак.

Аллоҳ таоло Намл сурасида марҳамат қилади:

«Китобдан илми бор шахс: «Мен уни сенга кўзингни очиб-юмгунингча келтирурман», деди. (Сулаймон) у(тахт)нинг ўз ҳузурида қарор топганини кўргач: «Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр келтираманми ёки ношукрлик қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким ношукрлик қилса, бас, Роббим ўта беҳожатдир, ўта карамлидир», деди» (40-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло баъзи бандаларига Ўз фазлидан бирор неъмат берадиган бўлса, унда синов ҳам бўлади: «Қани, банда бу неъматга шукр қиладими ё ношукр бўладими?..» Яна шуни ҳам унутмаслик керакки, бундай неъматларга шукр ёки куфрони неъмат қилишнинг Аллоҳга ҳеч қандай фойда-зарари йўқдир. Нима бўлса, банданинг ўзига бўлади.

«Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким ношукрлик қилса, бас, Роббим ўта беҳожатдир, ўта карамлидир».

Шукр қилган банда савоб олади. Аллоҳ таоло унга берадиган неъматларини янада зиёда қилади. Куфрони неъмат қилган банда эса гуноҳкор бўлади ва Аллоҳ таоло унга берадиган неъматларини узиб қўяди. Бандасининг шукр қилишига Аллоҳ таолонинг эҳтиёжи йўқ, у карамли Зотдир. У неъматларини Ўз карами ила беради, шукр учун эмас.

Аллоҳ таоло Иброҳим сурасида марҳамат қилади:

«Ва Роббингизнинг «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб эълон қилганини ҳам эсланг» (7-оят).

Шукр неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва ул неъматни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир. Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлдалигини – мустақим эканини кўрсатади. Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доимо кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади. Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради.

Неъматга куфронда бўлиш эса унинг Аллоҳ томонидан берилишини тан олмаслик, У Зотга ҳамду сано айтмаслик ва неъматни номаъқул йўлларда ишлатишдан иборатдир. Етган неъматга куфрон этиш уни берган Зотга – Аллоҳга куфр келтиришдир. Бундай одамлар «Менга неъматни Аллоҳ берди», демайди, балки «Унга ўз илмим, ҳаракатим ва усталигим туфайли эришдим», дейди. Шу сабабдан, ўзларидаги моддий имкониятларни ҳаром-хариш, манманлик, шуҳратпарастлик ва шунга ўхшаш салбий йўлларга ишлатадилар. Оқибатда қаттиқ азобга учрайдилар.

Ҳолбуки, шукр банданинг ўзига фойда келтиради, холос. Аллоҳ таоло унга ҳожатманд эмас.

Шукр ҳақида келган ҳадислардан намуналар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳга шукр қилмаса, одамларга ҳам ташаккур қилмайди», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Одамларга ташаккур қилмаган (инсон) Аллоҳга ҳам шукр қилмайди», дейилган.

Аллоҳ таолонинг яхшилигини билмаган нобакор шахс банданинг яхшилигини билармиди?! Бундай нусхалар доимо ва барчага нисбатан ношукр бўладилар. Аллоҳ таоло барчамизни ўшалардан бўлишдан асрасин! Омин!

Абдуллоҳ ибн Ғанном Баёзий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким субҳ кирганда «Аллоҳумма маа асбаҳа бий мин неъматин фа минка ваҳдака лаа шарийка лака. Фалакал ҳамду ва лакаш шукр», деса, батаҳқиқ, ўша кунининг шукрини адо қилибди. Ким худди ўшани кеч кирганда айтса, батаҳқиқ, ўша кечанинг шукрини адо қилибди», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Мен билан бирга тонгга кирган ҳар бир неъмат Сенинг ёлғиз Ўзингдандир. Сенинг шеригинг йўқ. Бас, ҳамд ҳам, шукр ҳам Сенгадир».

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббим менга Макканинг Батҳосини олтин қилиб беришни таклиф қилди. Мен:

«Йўқ, эй Роббим! Лекин бир кун тўйиб, бир кун оч бўлганим яхши, – деб уч ёки шунга ўхшаш (сўзни) айтдилар – оч қолсам, Сенга тазарру қилиб, Сени зикр қилурман. Тўйган чоғимда Сенга шукр қилиб, ҳамд айтурман», дедим», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қўлларидан ушлаб: 

«Эй Муъоз, Аллоҳга қасамки, албатта, мен сени яхши кўраман. Эй Муъоз, мен сенга ҳар бир намоздан кейин «Аллоҳумма аъинний ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибодатика», дейишингни тарк қилмасликни тавсия қиламан», дедилар».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Ушбу ривоятдаги дуонинг маъноси:

«Аллоҳим, менга зикрингни, шукрингни ва ҳусни ибодатингни қилишга Ўзинг ёрдам бергин».

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда туравериб, ҳаттоки оёқлари ёки болдирлари шишиб кетарди. Кейин у зотга (бу ҳақда) айтиларди. Бас, у зот: Шукр қилувчи банда бўлма­йинми?» дер эдилар».

Икки шайх, Насоий ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқийвериб, икки оёқлари шишиб кетди. Шунда у зотга: 

«Сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингиз мағфират қилинган бўлса ҳам шунчалик ўзингизни машаққатга қўясизми?!» дейилди. Бас, у зот: 

«Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дедилар»дейилган.

Камтарликни қаранг!

Шукр қилишга бўлган интилишни қаранг!

Инсониятнинг улуғи бўлмиш, Аллоҳ таолонинг энг севикли Набийси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум – гуноҳ қилмайдиган зот эдилар. Бунинг устига, Аллоҳ таоло у зотнинг олдингию кейинги (фаразан бўлса-да) гуноҳларини мағфират қилганини эълон ҳам қилган эди.

Дунёда таҳажжуд намозига эҳтиёжи йўқ битта одам бўлса, ўша одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Лекин, шундай бўлса ҳам, таҳажжудни кўп ўқиганларидан оёқлари шишиб кетибди. Бу ҳолга етишдан мақсад битта – шукр қилувчи банда бўлиш.

Шукрнинг фойдаларидан:

1. Шукр иймоннинг мукаммаллигидир.

2. Шукр Исломнинг гўзаллигига далолатдир.

3. Шукр неъмат берувчининг ва неъматнинг эътирофидир.

4. Шукр неъматнинг муҳофазасидир.

5. Шукр неъматнинг зиёда бўлишига сабабдир.

6. Шукр Роббнинг розилиги сабабидир.

7. Шукр Роббнинг муҳаббати сабабидир.

8. Шукр халқнинг муҳаббати сабабидир.

9. Шукр нафс хотиржамлиги ва ақл комиллигидир.

Имом Байҳақий қилган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Албатта, неъмат шукр ила улангандир. Шукр эса зиёдага боғлангандир. Уларнинг иккиси бир жойга жойлаштирилгандир. Бандадан шукр узилмагунича, Аллоҳдан зиёда қилиш узилмайди».

Имом Ибн Можа ва Ибн Асокир Муҳаммад ибн Каъб Қаразийдан келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Аллоҳ шукр эшигини очиб, зиёда эшигини беркитиб қўймас. Аллоҳ дуо эшигини очиб, қабул эшигини беркитиб қўймас. Аллоҳ тавба эшигини очиб, мағфират эшигини беркитиб қўймас.

Сизларга Аллоҳнинг Китобидан тиловат қилиб бераман. Аллоҳ таоло: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман», деган.

У Зот яна: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман», деган.

У Зот яна: «Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман», деган.

У Зот яна: «Ким бир ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг ўта мағфиратли, ўта раҳмли эканини топадир», деган».

Рустам ўз сўзида форсларни улуғлади, арабларни ерга урди. Уларнинг ҳолати ёмон бўлгани ва ночор яшаганларини эслади.

Муғийра: «Аммо сенинг бизнинг ёмон ҳолатда, ночор ҳаётда ва ихтилофда эканимиз ҳақида қилган васфинг тўғри. Буни инкор қилмаймиз. Дунё айланиб туради. Шиддатдан кейин фаровонлик келади. Агар Аллоҳ сизга берган нарсаларга шукр қилганингизда ҳам, шукрингиз сизга берилган нарсадан оз бўлар эди. Аммо шукрнинг озлиги сизнинг ҳолингизни ўзгартирибди. Аллоҳ бизга бир Набий юборди», деб ўзидан олдингиларнинг гапини такрорлади.

Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақиқий тақвони «Аллоҳга итоат этиб, исён қилмаслик, Уни эслаш ва унутмаслик, Унга доимо шукр қилиб, куфр келтирмаслик», деб таърифлаган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўн тўққизинчи зарар Аллоҳ таолога қарши чиқиш.Ғийбатчи ўзининг бу ярамас иши билан Аллоҳ таолога қарши исён кўтарган, итоатсизлик қилган ҳисобланади. Аллоҳ давоми...

3623 11:26 / 25.04.2018
Ким ўз бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик уни жим қилиб қўяди. Ким У Зотнинг бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик қилса ҳам жим бўлмайди.Бисот ndash мажол, суянч, давоми...

3427 17:03 / 04.02.2018
Ўн еттинчи зарар мусулмонларга зулм қилиш.Насиҳат. Бир киши ҳакимга .Менга насиҳат қилинг,, деди. Ҳаким унга шундай насиҳат қилди .Роббингга жафо қилма, халққа жафо давоми...

3810 11:19 / 25.04.2018
Биринчи тақсимЁмонланаётган одамнинг мусулмонлиги ёки мусулмон эмаслигига қараб ғийбат уч қисмга бўлинади1. Мусулмон одамни ғийбат қилиш. Мусулмон одамни ғийбат давоми...

5364 18:26 / 15.01.2018