1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ҳожатмандлик банданинг зотида бордир

09:55 / 24.06.2018 5128 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўта ҳожатмандлигинг зотингда бордир. Сабабларнинг келиши эса сенга улардан махфий бўлганларини эслатиш учундир. Зотий ҳожатмандликни ўткинчи нарсалар йўқота олмас.

– Ҳожатмандлик – ўз ҳожатини чиқаришда ўзгага муҳтож бўлиш.

– Зот – асл яратилиш.

– Зотий ҳожатмандлик – зот билан доим бирга бўладиган, у йўқ бўлгандагина у билан бирга йўқ бўладиган ҳожатмандлик.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи инсон зотининг асл яратилиши ҳам, ундан кейинги барча ҳолатлари ҳам ўта ҳожатмандликдан иборат эканини таъкидламоқда. 

«Ўта ҳожатмандлигинг зотингда бордир»

Ўта ҳожатмандлик инсоннинг зотида, аслида вужудида ва барча замонлари ва маконларида бордир. Аввало инсон адам – йўқ эди. У ўзининг йўқдан бор бўлиши учун Аллоҳ таолонинг яратишига ўта ҳожатманд эди. Аллоҳ таоло уни гўзал тарзда йўқдан бор қилди. Албатта, бу гапнинг далили Қуръони Каримда келгандир.

Аллоҳ таоло Инсон сурасида марҳамат қилади:

 «Дарҳақиқат, инсонга у эсга олинадиган нарса бўлмаган бир замон келмадими?» (1-оят).

Яъни «Инсон зоти ҳеч кимнинг эсида йўқ эди. Нафақат у, балки унинг ота-онаси ҳам бу дунёда йўқ эди. Биз ана шундай йўқ нарсадан инсонни бу дунёдаги энг олий махлуқ, яъни шахс қилиб яратдик», демоқда Ҳақ субҳанаҳу ва таоло. 

Йўқдан бор бўлишига ўта муҳтож бўлган ожиз инсон Аллоҳ таоло уни бор қилганидан кейин ҳам ўта муҳтожлик ҳолида қолди. 

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир» (28-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсон ўзини заиф қилиб яратган Зот – Аллоҳ таолога доимий равишда ўта муҳтож бўлиши ва ушбу муҳтожлик унинг асл зотида борлиги улкан ва инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат бўлади-да!

Шу билан бирга, банданинг Аллоҳ таолога ҳожатмандлиги доимийдир. Ҳар бир нарсада ўз зоти билан, Аллоҳ таолонинг ёрдамисиз ҳеч нарса қила олмайди. 

«Сабабларнинг келиши эса сенга улардан махфий бўлганларини эслатиш учундир»

Яъни бандага баъзи вақтда Аллоҳ таоло турли сабабларни ишлатиш ила бирор нарсага эришишни раво кўрган бўлса, бу бандага ҳожатмандликлардан махфий қолганларини эслатиш бўлади. Агар Аллоҳ таоло бандага кучсизлигидан кейин куч берса, камбағаллигидан кейин бойлик берса, илмсизлигидан кейин илм берса, ушбу янги ҳолат унинг ундан аввалги ҳолатларини эслашига сабаб бўлади. 

Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади: 

«Аллоҳ сизни заифликда яратган, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган, сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган Зотдир. У хоҳлаганини яратадир. У ўта билувчидир, ўта қудратлидир» (54-оят).

Эй одамлар, кибрга кетиб, яратган Холиқингизни инкор қилишдан олдин ўзингизга бир қараб қўйинг.

«Аллоҳ сизни заифликда яратган...»

Ҳамма томонингиз заифликдан иборат. Асли уруғларингиз «нутфа» деб аталмиш бир томчи жирканч сувдир. У жуда ҳам заиф нарса. Аммо Аллоҳ Ўз инояти ила ўша заиф сувдан ҳомила пайдо қилади. Ҳомила ҳам жуда заиф бўлади. Ҳеч нарсага қодир эмас. Аллоҳнинг инояти бўлмаса, бачадонда ётиши, вақти-соати келиб, ундан эсон-омон чиқиши ҳам мумкин эмас. Туғилган чоғида ҳам инсон боласи энг заиф ҳолатда бўлади. Узоқ йиллар давомида ўзи мустақил равишда бирор иш қила олмайди. Шундай заиф одамни Аллоҳ

«…сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган…»дир.

Аллоҳдан ўзга ҳеч ким унга бу қувватни бермайди. Вояга етган инсон ҳамма жиҳатдан қувватга эришади. Лекин бу ҳам абадий эмас. Аллоҳ унга

«...қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган Зотдир».

Вақти-соати етиб, инсон қариб, куч-қувватдан кетади. Дунё ана шундай нарса. Ундаги ҳамма нарса ўзгариб туради. Бу ўзгаришларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло бажаради.

«У хоҳлаганини яратадир».

Ҳа, Аллоҳ таолонинг хоҳлагани бўлади.

«У ўта билувчидир, ўта қудратлидир».

Бандалар эса ўта илмсиздир ва ўта заифдир. Уларга Аллоҳ таоло тарафидан берилган баъзи илм ва қудрат ўткинчи нарсалардир. Инсоннинг зотида ҳожатмандлик мавжуддир.

«Зотий ҳожатмандликни ўткинчи нарсалар йўқота олмас».

Инсоннинг зотидаги ҳожатмандлик унинг ўзи билан доимий равишда бирга бўлади ва бирга қолади. 

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди ва сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз» (78-оят).

Инсоннинг она қорнидаги ҳолини фақат Аллоҳ билади. Инсон баъзи бир зоҳирий ҳолатларни билиши мумкин, холос. Асл ҳолни эса Аллоҳ билади. Одам боласининг она қорнида пайдо бўлиши ва у ерда ривожланиш жараёни лаҳза-лаҳзаларигача фақат Аллоҳгагина маълум. Вақти-соати келиб, қачон ва қандай туғилиши ҳам ёлғиз Аллоҳ таологагина аён.

«Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди…»

Дунёда фақат инсон боласигина жуда ожиз ҳолда туғилади. Бошқа ҳайвонларнинг болалари туғилганидан кейин бир оз ўтиб, ҳаракатга тушади, ўзи юради, онасини эмади ва бошқа ҳожатларини чиқаради. Инсон боласи эса йиғидан бошқа ҳеч нарсани билмай тураверади. Ҳар бир нарсани унга соат, кун, ҳафта, ой эмас, балки йил давомида ўргатиш керак. Ўша ўрганиш ҳам Аллоҳ берган хусусиятлар билан бўлади.

«...сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди».

Идрок этиш қобилиятига хизмат қилувчи мажмуа Қуръони Каримда «қалб» ёки «дил» деб аталади. Демак, онадан янги туғилган болага билим олиши учун зарур бўлган қулоқ, кўзлар ва дилларни ҳам Аллоҳ берган. Булар ҳам улуғ неъматдир. Уларнинг асл моҳияти, инсонга қандай берилиши ҳам фақат осмонлару ернинг ғайб илмини билувчи Аллоҳ таологагина маълум. Инсон боласи бошқа сон-саноқсиз неъматлар қатори, мазкур қулоқ, кўз ва дил неъматларини берган Зотга қойил қолиши керак. Чунки бутун дунё бир бўлиб ҳаракат қилганда ҳам, бир дона қулоқ, кўз ёки бир дона қалбни ярата олмайди. Аллоҳ эса бу неъматларни ҳаммага беминнат бериб қўйибди.

«Шоядки, шукр қилсангиз».

Шоядки, бу неъматларнинг қадрига етсангиз, шоядки, бу неъматларни берган Зотни тан олиб, Унга иймон келтирсангиз, ибодат этсангиз ва шукр қилсангиз.

Уламолар инсон зотининг қанчалар ожиз эканини, Аллоҳ таоло унга ато қилган воситаларни ишга солмаса, бирор нарса қила олмаслигини аниқроқ тушуниб етиш учун энг заиф жонзотларнинг воситасиз, зотий ҳаракатлари билан амалга оширадиган ишларини мисол қилиб келтирадилар.

Чумоли ҳеч қандай воситасиз, ўзининг зотида бор имкони ила ўз оғирлигига уч баробар оғирликдаги нарсани уясига ташийди. Одам эса буни қила олмайди.

Қушлар ҳеч қандай воситасиз, ўзларининг зотида бор имконлари ила ўзлари уя қурадилар. Одамлар эса буни қила олмайдилар.

Асалари ҳеч қандай воситасиз, ўзининг зотида бор имкони ила инсоннинг ақлини лол қолдирадиган даражадаги тартибли уяни қуради. Одамлардан энг моҳир муҳандис қурувчилар ҳам бу ишни мутлақо қила олмайдилар. 

Ўргимчак ҳеч қандай воситасиз, ўзининг зотида бор имкони ила инсоннинг ақлини лол қолдирадиган даражадаги тўрни тўқийди. Одамлар эса буни қила олмайдилар.

Одамлар мазкур ишларни қилишда турли-туман асбоб-ускуна ва воситаларга муҳтождирлар. Бу ҳам инсоннинг доимо ва барча нарсада ҳожатмандлигининг далилидир. Бас, шундай экан, банданинг ўзи Аллоҳ таоло унга куч ва қувват имконларини берганида ҳам заиф, ожиз ва ҳожатмандлигича қолишини бир зум ҳам унутмаслиги керак. Унинг зоти аслида ўта ҳожатманд бўлганини ва шундай давом этишини зинҳор эсидан чиқармаслиги зарур.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:  

«Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир» (15-оят).

Оятда одамларнинг Аллоҳ таоло билан алоқаси йўсини баён қилинмоқда. Инсонлар айнан ушбу ҳақиқатни англаб етмаганларидан ўзларининг Аллоҳга банда эканликларини унутадилар. Оқибатда бошқа муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун Аллоҳ таоло одамларга хитоб қилиб:

«Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз», деяпти.

Ҳа, инсон ҳар бир нарсада – дунёга келишида ҳам, нафас олиши ва нафас чиқаришида ҳам Аллоҳга муҳтождир. Агар Аллоҳ инсоннинг нафас олиш ёки чиқариш эҳтиёжини қондирмаса, одам ўша заҳоти тамом бўлади. Озиқ-овқат ейиш, ичимлик ичиш ва уларнинг чиқиндисини чиқаришга ҳам шундай муҳтожлик бор. Бошқа барча иш ва ҳолатларни ҳам шунга таққосласа бўлади.

Инсоннинг энг катта эҳтиёжларидан бири – икки дунё саодатига эришишдир. Шу эҳтиёж юзасидан Пайғамбар юборилди, илоҳий дастур – Қуръон нозил қилинди. Илоҳий кўрсатмаларга амал этиб, ибодат қилиб яшаган инсоннинг бу эҳтиёжи ҳам қондирилади. Билиб қўйиш лозимки, ҳар кимнинг ибодати ўзи учун, Аллоҳнинг бировга ҳам, унинг ибодатига ҳам ҳожати йўқдир. Чунки

«Аллоҳ ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир».

Аллоҳ таоло ҳеч кимга муҳтож эмас, ҳамма Унга муҳтождир. Аллоҳ таоло ҳеч кимнинг мақтовига ҳам зор эмас, Аллоҳ Ўзи аслида мақталган Зотдир.

Аммо арабларнинг айтишича, «инсон» сўзи «нисён» – «унутиш» сўзидан олингандир, шунинг учун ҳам инсон кўп нарсаларни унутувчидир. Жумладан, узоқ вақт соғлик, бойлик, офият, мансаб каби ўткинчи нарсаларга эришиб турса, банда ўзининг зоти ҳожатманд эканини унутиб қўяди. Турли даъволарни қилишгача бориб етади.

Ривоятларда айтилишича, Мусо алайҳиссаломнинг давридаги Фиръавн узоқ вақт бемор бўлмаган, роҳатсиз бўлмаган, ҳожатманд бўлмаган. Аллоҳ таоло унга ҳамма нарсаларни муҳайё қилиб қўйган. Ҳатто оти билан пиллапоядан чиқадиган бўлса, отнинг олдинги оёқларини қисқа қилиб, Фиръавн тик ўтирган ҳолда, ҳеч қийналмасдан чиқадиган қилиб қўйган. Шунда у ўзидан кетиб, зотини унутиб, «Мен сизнинг энг олий Роббингизман», дейишгача бориб етган.

Шунинг учун ҳам ҳаким сифатига соҳиб бўлган Аллоҳ таоло бандаларнинг эсига улар аслида ва доимо ҳожатманд эканларини солиб туриш учун яхши-ёмон синовларни юбориб туради.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:

«Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз» (35-оят). 

Аллоҳ таоло бандаларини гоҳида ёмонлик, гоҳида яхшилик билан синайди. Шу билан У Зот бандага бандалигини унутмаслигини билдириб туради. Ёмонлик етганда, банданинг қийинчиликка чидаши, ўша оғирликка сабр этиши, Аллоҳга бўлган ишончи ва Унинг раҳматидан умидворлиги қандай экани маълум бўлади. Исломий таълимотлар эса ёмонлик ва яхшилик синовидан саломат ўтишга тарғиб қилади. Ёмонлик етганда, сабр қилишга, яхшилик етганда, шукр этишга чақиради. Барча ҳолатларда ҳам мўмин банда ўзининг Аллоҳ таолога ҳожатмандлигини эслаб туради.

Аллоҳ таоло барчамизга ўта ҳожатмандлик зотимизда борлигини англаб етишни насиб қилсин! Сабабларнинг келиши эса бизга улардан махфий бўлганларини эслатиш учунлигини англаб етишни насиб қилсин! Шунингдек, зотий ҳожатмандликни ўткинчи нарсалар йўқота олмаслигини англаб етишни насиб қилсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан ўта хабардордир.Ушбу ояти давоми...

6215 19:30 / 26.09.2017
Ботин бўлгани учун барча нарсани зоҳир қилди. Зоҳир бўлгани учун барча нарсанинг вужудини яширди.Аллоҳ таолонинг Ботин ва Зоҳир исмлари нисбий ва изофий маънони давоми...

4492 20:45 / 18.03.2018
ndash Исроф Аллоҳ таолонинг ғазабини жалб қилади.ndash Исроф иймоннинг мукаммаллигига хилофдир.ndash Исроф бузғунчиликда шайтонга ўхшашдир.ndash Исроф молу мулкни зое давоми...

3031 14:48 / 28.03.2018
4. Ўлимга тайёр тур, шунда ғофил ҳолда ўлмайсан.Бу дунё ўткинчидир. Қачондир бу ердан сафар қилишимиз аниқ. Бир шаҳардан яқин кунда кетишини билган киши сафар давоми...

3754 15:10 / 23.03.2018
Аудиолар

135081 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55358 14:35 / 11.08.2021