1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Тақво - Ризқнинг кенг бўлиши ва жаннатга тушишнинг сабабидир

15:44 / 02.06.2018 5068 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон қилиб беради, ёмонликларингизни ўчиради ва сизни мағфират қилади. Аллоҳ буюк фазл эгасидир» (Анфол сураси, 29-оят).

Яъни Аллоҳ таоло тақводор кишига ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни ажратадиган, фарқлайдиган ҳидоят ва нур бериб қўяди.

«Фурқон» дегани «ажратувчи», «фарқловчи» деганидир. Ана ўша ҳидоят ва нур ила тўғри йўлдан юриб борилади.

Тақводорларнинг ҳам гуноҳлари ювилади, ҳам мағфират қилинади. Бу катта бахтдир.

Аммо Аллоҳ таоло бу билан кифояланиб қолмайди. Тақводорларга яна бошқа мукофотлар ҳам беради.

Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтган кишини, Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни кўрсатиб қўяди.

Тақводорнинг мушкулини доимо Аллоҳ таолонинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйламаган, хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради.

Одатда, кишилар ризқу рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечишади. Бу эса аксинча натижага олиб келади.

Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

«Қуръондаги энг катта умидбахш оят ушбу –

 «Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўяди. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур»дир», деган эканлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Савбондан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди. Умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёда қила олмайди. Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

 

«Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир», жумласи тафсирида уламоларимиз қуйидаги ҳадисни келтирадилар:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб, сенга манфаат етказмоқчи бўлсалар ҳам Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар. Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар», дедилар.

Термизий ривоят қилган.

Тақво қилувчи бандаларининг гуноҳларини кечириб, ажрларини кўпайтириб бериши ҳақида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

«Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб берадир. Булар Аллоҳнинг сизга нозил қилган амридир. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини буюк қилиб берур» (Талоқ сураси, 4-5-оятлар).

Талоқ, идда ва уларга тегишли бошқа масалалар оилавий ажралишларга боғлиқ бўлгани учун уларда бир-бирига зулм қилиш эҳтимоли кўп. Шунинг учун ҳам бу масалага оид оятларда Аллоҳ таоло қайта-қайта тақвога чақиради.

Шу билан бирга, ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб беришни ва гуноҳларини кечиришни ҳамда ажрини кўпайтириб беришни ваъда қилади.

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, тақво ҳақида оятлар жуда кўп. Биз ҳар маънога оид бир ёки икки оятни мисол учун келтирдик, холос.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари тақводорларнинг имоми бўлишлари билан бирга, тақво ҳақида кўплаб ҳадислар ҳам айтганлар. Юқорида эслатилганлардан ташқари, яна баъзи бир ҳадисларни мисол тариқасида келтирамиз.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир куни бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан таъсирланиб, кўзлар ёш тўкди, қалблар титроққа тушди. Шунда бир одам:

«Бу видолашувчининг мавъизаси-ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?» деди. 

«Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қул (бошлиқ) бўлса ҳам қулоқ солиб, итоат этишингизни васият қиламан. Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради. Сиз янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг, чунки улар залолатдир. Сиздан ким ўшанга етиб борса, бас, унга менинг суннатимни ва рошид, ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас, уни маҳкам тишлангиз», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Тақводорлик ҳар бир мусулмон учун ўта муҳим нарса бўлганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани васиятларида биринчи бўлиб зикр қилдилар. Аллоҳ таолога тақво қилиш У Зотнинг азобига, дўзах азобига сабаб бўладиган нарсалардан ўзини сақлашдир.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга тақво қилишга қаттиқ тавсия этмоқдалар.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида хутба қилиб: 

«Аллоҳга тақво қилинглар, беш намозингизни ўқинглар, ойингиз рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини беринглар ва ишбошингизга итоат қилинглар, Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар», деганларини эшитдим».

Термизий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ум­матларига хитоб қилиб, қуйидаги амалларни ихлос билан бажаришни амр қилмоқдалар:

1. «Аллоҳга тақво қилинглар».

Аллоҳга тақво қилиш Унинг амрларини бажо қилиш ва қайтарганларидан қайтиш билан бўлади. Тақвонинг энг аввалги ўринларида ушбу ҳадисда зикр қилинган амаллар туради.

2. «Беш намозингизни ўқинглар».

Яъни фарз қилинган беш вақт намозингизни ўқинглар.

3. «Ойингиз рўзасини тутинглар».

Яъни сизга фарз қилинган Рамазон ойининг рўзасини тутинглар.

4. «Молларингизнинг закотини беринглар».

Ҳар бир турдаги молдан қандай ва қанча закот бериш аниқ, ана шунга қараб, ҳар ким ўзига фарз бўлган закотни берсин.

5. «Ишбошингизга итоат қилинглар». 

Яъни шаръий маънода сизга бошлиқ бўлган одамга Аллоҳнинг амрига мувофиқ бўлган ишида итоат қилинглар. Аллоҳга маъсият бўладиган ишда бандага итоат қилиб бўлмайди.

6. «Роббингизнинг жаннатига кирурсиз».

Демак, инсон жаннатга кириши учун ушбу зикр қилинган нарсаларнинг ҳар бири адо этилиши зарур.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Махлуқотларнинг сенинг хусусиятингни билмоғига орзуманд бўлишинг бандалигингда содиқ эмаслигингга далилдир.ndash Бандалик инсоннинг бутун борлиғини ва давоми...

3511 19:30 / 18.01.2018
Ғийбатнинг тақсимлари 6қисмТўртинчи тақсим6. Гуноҳлар ғийбати. Масалан, фалончи зино қилади, дилида ҳасад ва нафрати бор, ёлғон гапиришга одатланган, отаонасига давоми...

4811 16:17 / 27.01.2018
Хулқ луғатда характерrdquo, феълатворrdquo маъноларини англатади. Истилоҳда Мақталадиган ё ёмонланадиган белгилари орқали билиниб турадиган бандадаги доимий сифат давоми...

3948 18:02 / 20.01.2018
Аллоҳ бандаларига латийфдир. У Ўзи хоҳлаган кишига ризқ берур. У ўта қувватлидир, ўта иззатлидир.Бандалар такаббурлик ила куфр келтириб, қиёмат кунини инкор этиб, давоми...

3176 20:31 / 03.10.2017