1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ихлос амалнинг руҳидир

19:00 / 12.08.2019 5461 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Амаллар қуруқ суратдир. Руҳлари эса улардаги сир – ихлоснинг мавжудлигидир.

Бошқача қилиб айтганда, амаллар қуруқ танадан иборатдир. Ихлос эса уларнинг жонидир. Бас, жонсиз танадан бирор фойда бўлмаганидек, ихлоссиз амалдан ҳам ҳеч қандай манфаат ва савоб бўлмайди.

Ушбу ҳикмат ўзидан аввалги ҳикматнинг маъносини тўлдириш учун келтирилагандир. Ўтган ҳикматдан мўмин банданинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиши фақатгина фарз ва вожиб амалларгагина боғлиқ эмаслиги, балки улар билан бирга динда солиҳ амал ҳисобланган зикр, Қуръони Карим қироати, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш, якка шахсларга ва жамиятга фойда келтирадиган барча амалларга ҳам боғлиқ эканини билиб олдик.

Ушбу ҳикматда ана шу амалларнинг қабул бўлишига, савобга эриштиришига, Аллоҳ таолога яқинлаштиришига олиб борадиган нарса ихлос экани баён қилинмоқда. Аввало ихлоснинг луғатдаги маъноси, таърифи ва ҳақиқати билан яқиндан танишиб олайлик.

– «Ихлос» сўзи луғатда «тозалаш» ва «тўғрилаш» маъносини англатади. «Холис бўлди» дегани «мусаффо бўлди» маъносига тўғри келади. Бу икки маъно орасидаги фарқ шуки, олдин бирор нарса аралашган бўлиб, кейин тозалангани «холис» дейилади, мусаффо нарса олдиндан тоза бўлиши ҳам мумкин.

Уламолар ихлоснинг таърифида бир-бирини тўлдирувчи жумлаларни айтганлар.

Кафавий[1]:

«Ихлос ибодатга сазовор Зотнинг ёлғиз Ўзини ибодат ила қасд қилишдир. Дил, тил ва амалнинг мусаффо бўлиши, дейилгани ҳам бор», деган («Куллиёт», 64-бет).

Муновий[2]:

«Ихлос қалбни унинг мусаффолигини кир қилувчи ҳар бир нарсадан халос қилишдир. Ҳар бир нарса ўзини кирлантирадиган нарсадан мусаффо ва халос бўлса, «холис» дейилади. «Ихлос халос бўлишга ёрдам берадиган амалдир», деганлар ҳам бор», деган («Ат-Тавқийф ъала муҳиммотит-таъорийф», 42-бет).

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

«Бас, сен Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт. Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир!» (2-3-оятлар).

Аллоҳнинг динига ихлос қилиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзини кўзлаб, розилигини ўйлаб иш қилишдан иборатдир. Ихлос ибодатнинг мағизидир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Роббларидан ривоят қилиб айтадилар:

«Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди.

Ким бир яхшиликни қасд этса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди.

Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади.

Агар бир ёмонликни қасд этса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади.

Агар у(ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисда Ислом шариатининг гўзаллиги, қанчалик даражада яхшилик тарафдори эканию, ёмонликка қанчалик қарши экани баён қилинмоқда. Қилинган амалга бериладиган ажру савоб банданинг ихлосига қараб бўлиши айтилмоқда. Чунки бир хил ният билан бир хил амални бажарган кишиларнинг бирига ўн ҳисса, иккинчисига етти юз ҳисса, учинчисига ундан бир неча баробар кўп савоб берилиши, албатта, аввало ихлосга қараб бўлади.

Ҳа, ихлос ана шундай нарса. Ихлос билан қилинган ибодатнинг савоби ана шундай кўп бўлади.

Ихлос самараси ўлароқ, банда ўз Роббига қилган ибодатнинг лаззатини топади, ичи мусаффо бўлади, қалби нурга тўлади ва амалига қўшимча савоб олади.

Ихлосли банда ваъз-насиҳат ва ибратлардан ўзига тезда фойда олади.

Ихлос Аллоҳ таоло томонидан бандага бериладиган улкан мукофот ва неъматдир.

Ҳадиси қудсийда:

«Ихлос Менинг сирларимдан биридир. Уни бандаларимдан кимга муҳаббат қилган бўлсам, ўшанинг қалбига жойлаганман», дейилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд бўладиган ким?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингни билганимдан, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим. Қиёмат куни менинг шафоатимдан энг саодатманд бўладиган кимса «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни чин қалбдан (ёки нафсидан) ихлос билан айтган одамдир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Бу ерда ҳам ихлосга алоҳида эътибор берилмоқда. Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш ихлос эканини яхши биламиз.

Демак, калимаи тавҳидни Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, чин қалбдан айтиш қиёмат куни Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан энг кўп баҳраманд бўлишга олиб келар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон маййитга намоз ўқисангиз, унга дуони ихлос ила қилинг», дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар.

Ихлос уч даражадан иборатдир:

1. Авомнинг даражаси.

Бу Ҳақнинг муомаласидан халқни чиқариш (Аллоҳ таолога ибодат қилаётганда одамларни аралаштирмаслик) ила бадан ва мол муҳофазасини, ризқнинг кенглигини, қасрлар ва ҳурлар каби дунёвий ва ухровий насибаларни кўзлашдир.

2. Хосларнинг даражаси.

Дунёвий насибаларни қўйиб, ухровийларини кўзлашдир.

3. Хосларнинг хосларининг даражаси.

Насибаларнинг барчасини орадан чиқариб ташлаб, бандаликни юзага чиқариш учун ибодат қилиш ва муҳаббат ҳамда жамолига шавқ юзасидан Роббнинг юклаган вазифаларини бажаришдир.

Худди шу маънода шайх Абу Толиб раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Мухлисларнинг наздидаги ихлос Ҳақнинг муомаласидан халқни чиқармоқдир. Халқнинг аввалгиси нафсдир. Муҳаббатлиларнинг наздидаги ихлос бирор амални нафс учун қилмасликдир. Агар шундай бўлса, амалга эваз кутиш ёки нафснинг насибасига мойил бўлишга кириб қолинади. Мувваҳҳидларнинг наздидаги ихлос амалларда халқнинг назардан чиқиши ва аҳволларда улардан сокинлик ва роҳат топишнинг йўқолишидир».

Ихлос ҳақидаги ушбу маъноларни тўғри англайдиган бўлсак, Робиъа Адавия[3]раҳматуллоҳи алайҳонинг қуйидаги байтини тушунишимиз осон бўлади.

Барчалари оловдан қўрқиб ибодат қилурлар.

Нажот топишни улкан насиба деб билурлар.

Жаннатда сокин бўлиб, боғларга киришни,

Салсабил булоқлардан хушшароб ичишни.

Менинг жаннатлар ва дўзахлар-ла ишим йўқ,

Муҳаббатимга ҳеч нарсани алмашишим йўқ.

Аллоҳ таоло барча амалларимизнинг қуруқ суратдан иборат бўлиб қолмасдан, уларда ихлоснинг мавжуд бўлишини насиб этсин!

"Хислатли ҳикматлар шарҳи" китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша онамиз айтадилар.Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ҳузуримга келдилар ва.Эй Оиша Рухсат берсанг Роббим азза ва жаллага ибодат қилсам,, давоми...

2995 11:00 / 09.03.2021
Бир куни Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ Фузайл ибн Иёзнинг ҳузурига кириб, .Эй Абу Али, бизга насиҳат қилинг,, деди. Фузайл ибн Иёз шундай дедилар .Эй олимлар, сизларга давоми...

1523 07:10 / 19.08.2019
Умар розияллоҳу анҳу ҳар доим .Эй Аллоҳ, менга Сенинг йўлингда шаҳодат топишимни насиб этгин ва ўлимимни Расулингнинг шаҳрида қилгин, деб дуо қилардилар.Қизлари давоми...

2937 11:50 / 30.03.2021
Аллоҳ таоло бу ҳаётда инсонни ажойиб буюк ҳикмат учун пайдо қилди. У ҳам бўлса синовдан ўтказишдир. Аллоҳ таоло ушбу дунё хаётида инсонни бошқа бир биродари олдида давоми...

1825 11:00 / 06.05.2020