1446 йил 3 жумадул аввал | 2024 йил 05 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Биз сизга харидормиз Расулаллоҳ!

16:30 / 05.12.2019 2580 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яқинда Фаридуддин Аттор қуддиса сирруҳунинг «Мантиқут-тайр» асарларидан бир ҳикояни ўқиб, кўзларимга ёш келди...

Ҳикояда айтиладики, Юсуф алайҳиссаломни акаларидан сотиб олган қул сотувчи у зотни қул бозорига олиб чиққанини ва у кишини ҳусни-жамолларини овозасини бутун Миср аҳли эшитиб, сотиб ололмасалар ҳам ўшал фариштасиймо қулни жилла қурса бир маротаба кўриш илинжида кўчиб чиқдилар...

Иттифоқо,бир қари ва мункиллаган, тирикчилиги калава ип сотиш бўлган, урчуқ йигирувчи кампир ҳам у зотнинг таърифини эшитиб, бор бисотини яъни умри мобайнида тириклигидан орттирган 10 калава ипини қўлтиқлаб ўша бозорга чопди.

Ва Юсуф алайҳиссаломни сотмоқчи бўлмиш қул сотувчисига деди:

- Эй қулфуруш! Мени умрим мобайнида орттирган бор бойлигим шу, буни олгин-да, тезроқ мени муродимга етказ!

Қулфуруш роса қаҳ-қаҳ отиб кулгач,кампирга деди:

-Эй ақли паст кампир! Бу қул учун сарой аёнлари, бўйи баробар тиллоларни, ақл олмас ҳазиналарни ваъда қилмоқдалар.

Ҳаттоки подшоҳимизнинг ўзлари ҳам ҳаридор бўлиб турганида, сендек нотавон бир мункиллаган кампирга йўл бўлсин?

Шунда кампир хотиржамлик билан халойиққа юзланиб деди:

-Эй Миср аҳли! Кўриб турганингиздек мен умрим мобайнида тўплаган бор-будимни нисор этиб, бу малаксиймо қулга яқинлик истадим, бунга барчангиз шоҳидсизлар!

Менга қиёмат кунида, Аллоҳнинг ҳузурида шу ҳаридорлигимни ўзи кифоя қилгай!

Аллоҳ таолони ҳузурида, «Нега харидор бўлмадинг?» - деган сўроқдан кўра, «Нега уни сотиб ололмадинг?» - деган савол маъқулроқ мен учун!

Роббимиз Аллоҳ таоло азза ва жалла сизу-бизларга ўзининг ҳабиби - Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан қандай муомала ва муҳаббатда бўлишимиз лозимлиги тўғрисида Қуръони Каримда жудаям гўзал бир йўриқ кўрсатгандир:

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

- (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, сиз уларга, яъни мўминларга) Сиз:«Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг.(шунда) Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айтинг! (Оли Имрон сураси, 31-оят)

Муборак Ҳадиси Шарифларга мурожаат қиламиз:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг бирингиз токи мен унга ота-онасидан ҳам, фарзандидан ҳам ва жамики инсонлардан ҳам севимлироқ бўлмагунимча (комил) мўмин бўла олмайди», дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Юқоридаги ояти каримадан ва муборак ҳадиси шарифга амал қилиб биз, яъни мўминлик ва умматлик даъвосини қилаётган инсонлар у зоти бобаракотга қай даражада муҳаббатимизни изҳор қила оляпмиз?

Сийратимиз у зотнинг сийратларига, кўринишларимиз-кўринишларига, хулқимиз-ахлоқи шарифаларига, ибодатимиз-ибодатларига мувофақатда ва мутобаатда дея оламизми?

Ўйлайманки, айни кунда ҳар биримиз бу тариқа саволларга баралла «ҲА!»-дея жавоб қила олмаймиз, минг афсуски...

Эгнимизда Оврўпоча либос, эрталаб тишларимизни Pepsodent, Colgate каби тиш пасталарида ювамиз-у, беш маҳал мисвокни афзал тута олмаймиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони Каримни тиловат қилишни севганларини, ҳаттоки ўзлари Набий бўла туриб, бир қанча саҳобийларига «Менга бир Қуръон ўқиб беринг!» - дея илтифот қилганларини, тиловатни тинглай туриб муборак кўзларидан дув-дув ёш тўкилганларини ўқиганмиз, эшитганмиз-у, Қуръон ўқилаётган мажлис ва масжидлардан хотиржам, пинагимизни бузмай арзимас баҳоналар билан тарк қилишга одатланганмиз.

Фарзанду дилбандларимиз, ота-она, рафиқа ва яқинларимизни таваллуд кунларини миллионлаб сўм сарф қилиб нишонлашни, уларга қимматбаҳо совғаларни ҳадя қилишни унутмаймиз-у, сизу бизлар учун туғилган онларидан то охирги нафасларигача Яратганга «Умматим-умматим» - деб, биз осийларни гуноҳини сўраб ёлворган Зоти бобаракотга салавот айтилса, мавлид ўқилса, биргалашиб жўр бўлиш ўрнига ўша жойни тезроқ тарк қилиш пайига тушамиз ёки «тезроқ тугаса экан» - дея малолланиб ўтирамиз.

Жамоат билан ўқилган намознинг савоби уйда танҳо ўқилганидан кўра 25 маротаба афзал эканини аҳли илмлардан такрор ва такрор тинглаганмизу, негадир аллақандай беъмани ажнабий сериалларни, иккита футбол жамоаларини ўйинларини Байтуллоҳдаги жамоат намозидан устун қўямиз.

Парвардигоро, биз-осий ва гуноҳкор уммати Муҳаммадиянинг қалбини Ўзингни ва Ҳабибингни ишқига тўлақонли мубтало айла!

У Зоти бобаракотнинг ҳаёт йўлларидан бизларни заррача бўлсин оғиштирма!

Умматлик даъвосида содиқ туришимизни, У Зотга то охирги нафасимизгача чексиз муҳаббатда ўтишимизни насиб эт!

Тонг-ла Маҳшар майдонида Расулимиз алайҳи солату вассаламнинг шафоати ъузмоларидан барчамизни бирдек баҳраманд айла!

«Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ» масжиди ходими 

Қобилжон Исақов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакр Хаббазий раҳимаҳуллоҳ дейдилар .Оғир касалликка йўлиқдим. Мени кўргани бир солиҳ қўшним келди ва менга .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

3559 10:39 / 11.08.2021
Аҳли илмларимиз ҳақида бир қанча ҳақиқатлар борки, уларни эътироф этиш инсофдандир.Аҳли илмлар, имомдомлалар аслида динга, илмга муҳаббати бўлганидан шу йўлни давоми...

2402 16:30 / 23.10.2019
I боб Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Билгилки, ҳар бир муслим ва муслимага дин ишларида муҳтож бўладиган таҳорат, намоз ва шариатнинг бошқа давоми...

6984 17:35 / 06.03.2019
Бир кунмасбир кун, албатта жаннатга кириш учун иймоннинг ўзи кифоямиЖавоб Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймЖаннатга кирмай қолиш амал туфайли ҳам бўлади.Қуръони карим давоми...

6390 17:50 / 11.12.2018
Аудиолар

133476 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53818 14:35 / 11.08.2021