1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Иймон учун синов

09:45 / 30.03.2019 8557 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамлар «Иймон келтирдик», дейишлари ила синалмай, тарк этилишларини ўйладиларми?

Яъни «Одамлар иймонни «оғиз билангина айтиб қўйиладиган қуруқ гап» деб ўйлайдиларми? Улар ўзларича, «Иймон келтирдик», деб қўйсак, иш битди, мўмин бўлдик, унинг савоби ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда ўз-ўзидан келаверади, деб ўйлайдиларми? «Иймон» сўзидан кейин ҳеч қандай имтиҳон-синов бўлмайди, деб ўйлайдиларми?»

Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам кўплар иймон ҳақида худди шундай нотўғри тасаввурда бўлганлар. Уларнинг фикрича, «Аллоҳга иймон келтирдим», деганидан кейин ҳамма нарса ўз-ўзидан бўлавериши керак.

Аслида, ундай эмас. Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг яхшисини ёмонидан, ҳақиқийсини сохтасидан ажратиш учун бу дунёда синов-имтиҳон қоидасини жорий қилиб қўйган. Маъданларнинг асли ҳам ўтга солиниб, тобланганида намоён бўлади. Йўқса, ҳамма маъдан ҳам сиртидан маъдан бўлиб кўриниб тураверади. Ўтда синалганда эса ҳақиқийси бошқаларидан ажраб чиқади.

Иймон калимасини оғизда айтиш осон. «Иймон келтирдим», деб ҳар ким ҳам айтавериши мумкин. Аммо тил билан айтилган калима дилдан чиққанми ёки йўқми, буни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак. Бу эса қадимдан жорий бўлиб келаётган одат.

Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам синовдан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак.

Яъни «Биз иймон учун имтиҳон-синовларга дучор бўлаётган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан олдинги мўминларнинг ҳам бошларига худди шундай синовларни солганмиз».

«Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак».

Яъни Аллоҳ таоло, албатта, мазкур синов ва имтиҳон орқали иймонида содиқ турганларни юзага чиқаради, шунингдек, мўминлик даъвосида юрган ёлғончиларни ҳам танитиб қўяди.

Агар имтиҳон-синов бўлмаса, ҳамма сиртдан иймон даъвосини қилиб юраверади, унинг сўзининг ҳақиқати, қалбида нима борлиги ҳеч кимга билинмайди. Аллоҳ таоло бандаларининг сир-асрорларидан хабардор Зот, синов орқали бу сир-асрорларни юзага чиқариб, бандаларнинг ҳам бундан хабардор бўлишини жорий қилган.

Иймондек улуғ неъмат ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Балки бу улуғ неъматга лойиқ топилганларгина эришадилар, синовдан, имтиҳондан ўтганларгина муяссар бўладилар.

Иймон йўлидаги имтиҳонлар турлича бўлади. Бу имтиҳонларнинг энг кўп тарқалган тури иймон йўлида бало-офатларга дучор бўлишдир. Бунда мўмин киши иймони туфайлигина кофир ва мунофиқларнинг озор ва қийноқларига йўлиқади. Азоб-уқубатда қолади. Бу хилдаги синов ҳар бир пайғамбар умматидан аксарисининг бошига тушган. Мўминлар кофир ва мунофиқларнинг турли-туман жисмоний ва маънавий қийноқларига учраганлар. Кофирлар уларни масхара қилишар, турли гап-сўзлар билан камситишар, жазолашар эди. Худди шундай синовга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган мусулмонлар ҳам дучор бўлдилар. Ушбу ояти карималар нозил этилаётган пайтларда саҳобаи киромлардан Билол ибн Рабоҳ, Аммор ибн Ясир, у кишининг ота-онаси, Айяш ибн Абу Робиъа, Валид ибн Валид, Салама ибн Ҳишом ва бошқалар турли қийноқлар исканжасида эдилар.

Иймон йўлидаги синов ва имтиҳонларнинг тури кўп. Улардан баъзи бирлари яна сура давомида келади.

Энг муҳими шуки, кишилар қадимдан иймон йўлида синов-имтиҳонга дучор бўлиб келишмоқда. Шу билан бирга, кимнинг иймони салобатли бўлса, синови ҳам шунга яраша қилинади.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:

«Одамларнинг энг шиддатли синовга дучор бўладиганлари пайғамбарлардир. Сўнгра аҳли солиҳлардир. Сўнгра шунга ўхшаб кетаверади. Киши диндорлигининг ҳажмига қараб синалади. Агар динида салобатли бўлса, унга синов ҳам зиёда қилинади», – деганлар.

Охир-оқибатда имтиҳон-синовлардан яхши ўтиб, иймонини сақлаб қола олган бандалар нажот топадилар.

Мўмин-мусулмонларга ёмонлик қилганлар эса икки дунёда хору зор бўладилар.

Ўша пайтларда кофир ва мушрикларнинг мусулмонларга қарши зулм ва зўравонликлари беҳад кучайган эди. Мушриклар мусулмонларга қарши қўлларидан келган барча ёмонликларни қилишарди. Айниқса, ҳимоясиз, бечораҳол мусулмонларни шафқатсизлик билан қийноқларга солишар, ҳушларидан кетгунларича калтаклашар, баъзан ўлдириб қўяқолишар эди. Мушрикларнинг бу қилмишлари сийрат ва тарих китобларида батафсил келтирилган. Ана шундай пайтларда қийноқ жонидан ўтган мусулмонлар чора ахтариб, ҳабиблари, Пайғамбарлари – Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилар эдилар. Биргина мисол келтирамиз:

Имом Бухорий Хаббоб ибн Арт розияллоҳу анҳунинг шундай деганларини ривоят қиладилар: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борсам, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба соясида, ридолари устида ёнбошлаб ўтирган эканлар. Ўша пайтда мушриклардан кўп шиддатли (азоблар) тортган эдим. Мен:

«Аллоҳга бир дуо қилсангиз-чи?!» – дедим. Шунда у киши туриб ўтирдилар. Юзлари қизариб кетган эди. Сўнгра:

«Сиздан олдин ўтганларнинг гўштлари ва пайлари темир тароқ билан суягидан ажратиб олинса ҳам, бу иш уни ўз динидан қайтара олмас эди. Бошининг ўртасига, фарқ очадиган жойига арра қўйиб, арралаб, иккига бўлиб юборилса ҳам, ўз динидан қайтмас эди. Аллоҳ, албатта, бу ишни охирига етказажак. Уловли киши Санъодан Ҳазарамавтгача Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмай борадиган кунлар ҳам келажак. Лекин сизлар шошилмоқдасизлар, холос», – дедилар».

Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом доим саҳобаларини сабрга чақирар, сабр ила жаннатга эришиш мумкинлигини баён қилар эдилар.

Қуръони Каримнинг оятлари эса ҳам мўмин-мусулмонларга, ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига тасалли бўлиб тушиб турар эди.

"Тафсири ҳилол" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўфада келишган, кўп ибодат қиладиган зоҳид йигит яшарди. У Нахаълик бир қавмга қўшни бўлдию, ўша қабиладаги бир гўзал қизни кўриб, унга ошиқ бўлиб қолди. Қиз ҳам давоми...

2930 08:00 / 23.12.2020
30. Фитр садақасининг фазилати. Фитр садақаси Рамазонга хос молиявий ибодатдир. Имом Дайламий Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда .Рамазон ойи ер билан давоми...

1968 17:09 / 07.05.2020
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир кўчадан ўтиб қолди. Кўчада ўйнаб юрган болалар ҳазрати Умарни кўриб, тирқираб қочиб кетишди, лекин битта бола қочмай, жойида давоми...

3050 07:00 / 21.01.2019
СаволАкам бир дўстлари билан шерикликка тижорат қилмоқчилар. Пулни тўлиқ акам берадилар, қассоб дўстлари у пулга бозордан қўй олиб келиб, сўйиб, гўштини сотади. давоми...

3470 11:00 / 04.07.2020