1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Руҳий тарбия илми ва ҳалол-ҳаром масаласи

12:30 / 25.07.2019 2034 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Руҳий тарбия илмининг барча машойихлари ҳалол ва ҳаром масаласига ниҳоятда катта аҳамият беришган. Улар бу масалани атрофлича муҳокама қилишган ва ҳар бир ҳарфини ҳаётга татбиқ этишган. Шогирдларини ҳам шундай қилишга ундашган.

Мисол учун, улар хос бандаларнинг рўзаси ҳақида сўз юритиб бориб, жумладан қўйидагиларни айтишган:

«...Қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан сақлаш ҳамда ифтордан кейин қоринни шубҳали таомлардан сақлаш. Зотан, қоринни ҳалол нарсадан сақлаб рўза тутиб, кейин ҳалол бўлмаган нарса ила ифтор қилишнинг маъноси ҳам йўқ.

Ҳаром – динни ҳалок қилувчи заҳардир.

Ҳалол – даво, ози фойда, кўпи зарардир.

Руҳий тарбия илмининг барча машойихлари ҳалол ва ҳаром борасидаги ояти карималар билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ҳадиси шарифларини ҳам яхшилаб ўрганишган ва ўргатишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларга бир замон келурки, унда киши молни нимадан олганига парво ҳам қилмайди: ҳалолданми, ҳаромданми», дедилар».

Бухорий ва Насаий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта мўъжизаларидан биридир. Ушбу ҳадиси шариф у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан пайтда кўпчилик мусулмонлар молни ҳалол-ҳаромига қарамай олиш деган нарсани ҳатто хаёлларига ҳам келтира олмас эдилар.

Чунки фақат ҳалол нарсани олиш, ҳаромдан ҳазар қилиш мусулмонман, деган одамларнинг фикри-зикрига айланган, бутун вужудига сингиб кетган эди. Аммо асрлар ўтиши билан кишилар Исломдан, иймондан узоқлаша бориб, охир-оқибат ҳалол билан ҳаромни фарқ қилмайдиган ҳолатга етдилар. Кишилар ҳалолни қўйиб, ҳаромга ўзларини урадиган бўлдилар. Мол-дунё тўплаш йўлида ҳар қандай ҳаромдан, жирканчликдан, пасткашликдан тап торт­майдиган бўлдилар. Ҳаттоки ҳалол бўлишга уринган кишини девоналикда, ақлсизликда айблайдиган даражага етдилар. Шундай қилиб, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифда айтган гаплари юзага чиқди.

Аслида эса инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ҳалол-ҳаромни фарқ­лашдир. Дуч келган нарсани суриштирмай ўзиники қилиб олиб, ундан фойдаланишга ўтиш ҳайвонга хосдир. Инсон эса бу нарса ҳалолми, ҳаромми, яъни фойдалими, фойдасизми, ўзиникими, ўзганикими – сўраб-суриштиради.

Мусулмон киши ҳар бир нарса шариат рухсат берган тарзда бўлиши кераклигини тўлиқ тушунган ва масъулиятни сезган ҳолда, ҳар бир ҳаром нарса катта гуноҳ бўлишига эътиқод қилиб яшайди.

Ислом ақийдаси бўйича, шариатда ҳаром ҳисобланган нарсани ҳалол санаш кофирликдир. Ҳаромнинг ҳаромлигини билиб туриб, ундан ҳазар қилмаслик эса гуноҳи азимдир. Шунинг учун мусулмон киши нима ҳалол, нима ҳаром эканлигини яхшилаб билиб олиши ва ҳалол касбни ихтиёр қилиши керак.

Уламоларимиз: «Мусулмон кишига бирор таом тақдим қилинса, ҳадя берилса ёки у бирор нарсани сотиб олмоқчи бўлса, у нарсанинг ҳалол ёки ҳаромлигини сўраб-суриштириб олсин. Чунки бундай нарсалар вазиятга қараб, гоҳида вожиб, гоҳида ҳаром, гоҳида мандуб ва гоҳида макруҳ бўлади», дейдилар.

1. Молнинг эгаси ҳаромхўрлиги билан машҳур бўлса ёки молининг кўп қисми ҳаром экани маълум бўлса, сўраб-суриштириб, ҳаромхўрнинг ҳалол моли ва кўп ҳаром аралашган молининг ҳалол қисмидан муомала қилиш вожиб бўлади.

2. Ҳаромхўрлиги маълум бўлмаган, ўзида ҳаромхўрлик белгиси, аломати ҳам бўлмаган кишининг молини сўраб-суриштириб, тафтиш қилиш эса беайб мусулмон кишидан ҳаромхўр­ликда шуб­ҳаланиш бўлганлиги учун ҳаром бўлади.

3. Мол эгасининг ҳаромхўрлиги маълум бўлмаса, аммо унда ҳаромхўрликнинг аломатлари бўлса, у билан муомала қилиш жоиз, аммо тарк этган афзал.

Демак, сўраб-суриштириш шубҳага боғлиқ.

Бир одам ҳаром мол топиш гуноҳ эканлигини англаб етди. Қўлида ҳаром аралашган мол бор, нима қилади? Уламоларимиз бундай ҳолда қуйидагиларни маслаҳат берадилар:

«Агар ҳаром молнинг жинси ва миқдори аниқ бўлса, ўша аниқ жинс ва миқдорни чиқаради. Агар аниқ бўлмаса, ғолиб чамасига кўра ажратса ҳам бўлади. Аммо кўнгли равшан бўладиган даражада ишонч билан чиқарса, яна ҳам яхши.

Кейин ўша молнинг эгасини ёки унинг меросхўрини топиб, қайтариб беради. Агар у молнинг муайян эгаси бўлмаса ёки топилмаса, садақа қилади ёки мусулмонлар оммасига фойда келтирадиган нарсаларга ишлатади».

Ҳаромдан ҳазар қилиш мусулмонларнинг асосий фазилатларидан бири бўлганидек, шубҳали нарсалардан ҳазар қилиш ҳам салафи солиҳларимизнинг одатлари бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг шубҳали нарсадан бир луқма еб қўйиб, кейин уни қусиб юборганлари маълум ва машҳур.

Ривоятларда зикр қилинишича, Бишрул Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳига оналари бир дона хурмо берганида еб туриб, сўнг кўчага чиқиб, қайт қилиб ташлаган эканлар. Чунки ўша хурмо шубҳали бўлган. Онани хафа қилмаслик учун ейилган, сўнг тақво юзасидан қусиб ташланган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида «Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар» ояти тиловат қилинди. Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот билан қасамки, бир банда ҳаром луқмани қорнига ташласа, Унинг амали қирқ кунгача қабул қилинмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир», дедилар».

Сўнгра эса қуйидаги ривоятда келадиган дуони қилдилар.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳим! Қачон Саъд Сенга дуо қилса, қабул айлагин!» дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Албатта, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини ижобатсиз қўймайди. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққос ҳақларидаги бу дуоларини ҳам қабул қилди. Саъд ибн Абу Ваққоснинг қиличлари, найзалари ва ўқлари каби дуолари ҳам ўткир бўлди. У киши қачон дуо қилсалар, Аллоҳ таоло дуоларини қабул қиладиган бўлди.

Бу ҳақда келган кўплаб ривоятлардан бирини келтириш билан кифояланамиз.

Омир ибн Саъддан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Саъд Али, Толҳа ва Зубайрни сўкаётган бир одамни кўрди ва уни бу ишдан қайтарди. У қайтмади. Шунда у:

«Ундай бўлса, сени дуоибад қиламан!» деди.

«Ўзингни худди Набийдек тутиб, менга таҳдид қиласан-а!» деди ҳалиги киши.

Саъд бориб, таҳорат қилди. Икки ракъат намоз ўқиди ва:

«Аллоҳим! Агар мана шу одамнинг Сен томондан яхшилик ироданг кетган кишиларни сўкканини билган бўлсанг, уларни сўккани Сенинг ғазабингни қўзғатган бўлса, уни бир белги ва ибрат қилгин!» деб дуо қилди.

Озгина вақт ўтмай туриб, ҳовлилардан биридан бир туя қочди. Уни ҳеч нарса тўса олмади. У одамлар тўпини ёриб кирди. У бир нарсани қидираётганга ўхшар эди. Сўнгра ҳалиги одамни оёқлари остига олиб, депсай бошлади. Уни ўлгунича тепкилади».

Бу ривоятдан кўплаб ибратлар оламиз. Жумладан, Саъд ибн Абу Ваққоснинг дуоси қабул зотлардан экани ҳамда Али, Зубайр ва Толҳа розияллоҳу анҳумнинг Аллоҳ таолога муқарраб бандалар эканликларини билиб оламиз.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг», дедим. У зот:

«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», дедилар».

Абон ибн Абу Айёш ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини ихлос билан қилиб юрганлари учун баъзи вақтларда ушбу ривоятда зикр қилинганга ўхшаш нарсаларни у зотдан сўрашга журъат қилганлар. Албатта, у кишининг бу сафарги сўровлари катта саволлардан эди:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг».

Дуоси қабул бўладиганлардан бўлиш ҳар банда учун улкан бахт, ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг энг улкан орзуларидан биридир.

Албатта, бундай вақтда одатда Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога дуо қилиб, Анас розияллоҳу анҳуни дуоси қабул қилинадиган этиб қўйишини сўрашлари хаёлга келади.

Эҳтимол, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам худди шу нарсани ирода қилган бўлсалар керак. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом фақат Анас розияллоҳу анҳунинг ўзигагина эмас, қиёмат кунигача бутун Ислом умматига етадиган жавобни бердилар:

«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», дедилар».

Охирги замон Пайғамбари, Ҳабиби Роббил оламин Муҳаммад Амин соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавоблари умумий қоида бўлиб қолди.

Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мўмин-мусулмон ҳалол касб қилсин, ейдиган луқмасини ҳалол қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу жавобларидаги «Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», деган жумлага алоҳида эътибор берайлик. Бундан инсонга жуда оз миқдордаги ҳаром нарса илашса ҳам, унинг дуоси қабул бўлмаслиги келиб чиқади.

Бир луқма таом жуда оз нарса, инсоннинг бир марта овқатланиши давомида ҳам бир луқма деярли ҳеч нарсани ташкил қилмайди. Лекин сиз билан бизнинг назаримизда арзимаган бўлиб кўринган ўша бир луқма уни еган одамнинг дуосини қирқ кунгача қабул бўлмайдиган қилиб қўяр экан.

Эҳтимол, тановул қилинган ҳар бир таомнинг асари қирқ кунгача инсон жисмида турса керак.

Энди инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Барчамизнинг қилаётган касбимиз, топаётган мол-мулкимиз ҳалолми? Ҳаммамизнинг тановул қилаётган ҳар бир луқмамиз ҳалолми?

Энди нима учун дуолар қабул бўлмаётганини, нима учун ишлар юришмаётганини тушуниб етган бўлсак керак?!

Ушбу улуғ ҳадиси шарифга амал қилиб, касбимизни пок қилишимиз, бир луқма ҳам ҳаромни оғзимизга олмаслигимиз лозим. Икки дунёнинг бахт-саодати шундадир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Эй одамлар! Албатта, Аллоҳ азза ва жалла Покдир ва фақатгина покни қабул қилур. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла мўминларга расулларга амр қилган нарсани амр қилди: «Эй расуллар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар», деди. Ва яна: «Эй иймон келтирганлар! Биз сизга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар», деди».

Сўнгра зикр қилиб дедилар: «Бир киши узоқ сафар қилади. Икки қўлини чўзиб: «Эй Роббим, эй Роббим», дейди. Ҳориб, чарчаган, чангу ғуборга бурканган. Ҳолбуки, таоми ҳаромдир, шароби ҳаромдир, либоси ҳаромдир, ҳаромдан ғизолангандир. Бас, қандай қилиб унга ижобат қилинсин».

Бағавий ва Ибн Асокир ривоят қилишган.

Машойихларимиз Қуръони Карим оятлари ва Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари асосида ҳаром ва ҳалол масаласини айниқса, тақво, зуҳд ва вараъ мақомларида кенг ва атрофлича баён қиладилар. Шу билан бирга, бу таълимотларни ҳаётга татбиқ этадилар. Биз эса сиз азизларга ушуб саҳифаларда фақат вараъ ҳақидаги қисқача маълумотларни тақдим қиламиз.

«Ҳалол очиқ-ойдиндир ҳаром очиқ-ойдиндир» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар quotРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам quotҚиёмат куни ер битта нон зувалаги каби бўлади, сизлар хамир қориб, давоми...

4626 14:30 / 16.02.2019
Фузайл ибн Иёзнинг Али деган ўғли намозда ортида турган бўлса, намозни қисқа ўқир, охиратда бўладиган хавфхатарлар мазмунидаги оятларни ўқимас эди. Ўғли орқасида давоми...

2666 08:02 / 15.12.2020
Савол Қурбонлик кунларида уйида насл орттириш учун бўлган молини қурбонлик кунларида сотиб нисоб эгасига айланган кишига қурбонлик қилиш вожиб бўладими Жавоб давоми...

1831 11:03 / 01.08.2020
Баъзилар .Одамлар Аллоҳдан сўрайдилар, аммо Аллоҳ уларга ҳеч нарса бермаслиги ёки сўрамаган нарсаларини бериши ҳам мумкинми, деб сўрайдилар.Бу саволга учта жавоб давоми...

3125 11:30 / 04.12.2018