1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ғазаб илм ва амал билан босилади

16:10 / 24.12.2018 3637 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Беҳуда нарсаларга ғазабланиш, кўп ва беҳуда гапириш каби салбий хислатлардан қутулиш йўлини ўргатсангиз.

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Ғазаб қўзиган пайтда уни илм ва амал билан босилади.

Ғазабни илм воситасида даволаш олти йўл билан амалга оширилади:

1. Ғазабни ютиш, авф қилиш, ҳилм ва сабрнинг фазли ҳақидаги оят, ҳадис ва хабарларни тафаккур қилиш ва уларнинг савобидан умид қилиш.

Молик ибн Авсдан ривоят қилинади:

«Умар розияллоҳу анҳу бир кишидан ғазабланди ва уни калтаклашга амр қилди. Мен унга:

«Эй мўминларнинг амири! «Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», (Аъроф сураси, 199-оят) дедим. Умар ўзига ўзи: «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», дея бошлади.

У Аллоҳ таолонинг Китобидан тиловат қилинса, тўхтар, кўп тааммул ва тадаббур қилар эди. Бир оз ўйланиб турди-да, ҳалиги одамни қўйиб юборишга амр қилди».

Умар ибн Абдулазиз бир одамни калтаклашга амр қилди-да, сўнг «Ва ғазабни ютувчилар» оятини ўқиб туриб, ғуломига: «Уни қўйиб юбор!» деди.

2. Ўзини ўзи Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқитиш.

Бунда ғазаби келиб турган одам ўзига ўзи: «Менинг бу одам устидан бўлган қудратимдан Аллоҳ таолонинг менинг устимдан бўлган қудрати қанчалар катта. Агар мен бунга ғазабимни ўтказсам, қиёмат куни Аллоҳ таоло менга ғазабини ўтказиши турган гап. Ундан кўра авф қилай, ўзим ҳам қиёмат куни авф қилинсам ажаб эмас», дейди.

3. Адоват ва ўч олиш оқибатидан ўзини ўзи огоҳлантириш.

Бунда банда ноўрин ғазаб ўзи учун бу дунёда ҳеч яхшилик олиб келмаслигини эсга олади. Ғазаб фақат бефойда интиқомдан ўзга нарса эмас. У душман орттиришдан бошқага ярамайди.

4. Ғазаб чоғида ўзининг қанчалар хунук бўлиб кетишини тасаввур қилиш. Бунинг учун бошқаларнинг ғазаб ҳолатидаги суратини кўз олдига келтиришнинг ўзи кифоя. Ғазабланган кимсани одамлар қутурган ит ёки ваҳший ҳайвонга ўхшатишларини эсласин. Шу билан бирга, ғазабни ичига ютиш анбиё, авлиё, уламо ва ҳукамоларнинг сифати эканини ҳам ўйласин. Сўнгра ўша икки тарафдан бирини танлаши кераклигини ўйласин ва ўзига муносиб кўрганини танласин.

5. Ғазабни ютмаслик ва унинг талаби асосида иш кўришга чорлаётган омилга назар солиш.

Эҳтимол, шайтон унга «Ундан ниманг кам? Шалпайиб қолаверасанми? Одамлар нима дейди? Бир бопла уни!» деб васваса қилаётган бўлиши мумкин. Шунда банда ўзига: «Бу дунёнинг арзимаган обрўси деб охиратдаги обрўнинг тўкилишини ўзингга орттириб олма. Сабр қил! Шайтонга ҳай бер!» дейиши керак.

6. Одам ишлар унинг иродаси бўйича эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси бўйича бўлаётганини ўйласин. Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқишнинг оқибати нима бўлишини хаёлига келтирсин.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Язид ибн Ҳорун айтади .Восит шаҳрида қозиликка ишончли бир муҳаддис тайинланди. У қозилик қилаётган даврда бир киши усти ёпиқ, муҳрланган ҳамён бир одамга давоми...

3036 03:00 / 22.09.2020
Ато ибн Соибдан ривоят қилинади .Абу Абдурраҳмон Сулламий ўлим тўшагида ётганида уни кўргани бордик. У шундай деди .Роббимдан умидворман. Унинг учун саксон йил рўза тутдим,..Солиҳлар гулшани, китобидан

2410 02:10 / 19.09.2019
.Кимки Аллоҳга тақво қилса, У Зот унга ташвишлардан чиқиш йўлини пайдо қилади ва уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантиради. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳнинг давоми...

2601 03:01 / 21.12.2020
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асламлик бир кишига одамлар ичида .Ким бирон нарса еган бўлса, куннинг давоми...

4699 13:30 / 14.07.2024
Аудиолар

232077 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150586 09:35 / 11.08.2021