1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Сотиладиган нарсанинг шартлари ҳақида (1-қисм)

18:22 / 17.09.2017 4107 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 1644. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фатҳ йили Маккада: 

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули ароқни, ўлимтикни, чўчқани ва санамларни сотишни ҳаром қилдилар», деганларини эшитган экан. Шунда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўлимтик ёғининг хабарини беринг-чи? Чунки у билан кемалар мойланади, терилар юмшатилади ва у билан одамлар чироқ ёқадилар», дейилди.

«Йўқ! У ҳаромдир», дедилар.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ яҳудларни ҳалок қилсин. Аллоҳ азза ва жалла уларга ўлимтикнинг ёғини ҳаром қилганида улар уни эритдилар, сўнгра сотиб, баҳосини едилар», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг баҳосидан, зинонинг маҳридан ва фолбиннинг топганидан наҳий қилдилар», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда олди-сотди ҳаром қилинган бир неча нарса зикр қилинмоқда. Исломдаги савдо қоидаларидан бири – савдога қўйилган нарсанинг истеъмоли ҳалол бўлиши керак. 

Ана ўша эътибордан бу ривоятда зикри келган нарсаларни сотиш ва сотиб олиш ҳаром қилингандир:

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули ароқни, ўлимтикни, чўчқани ва санамларни сотишни ҳаром қилдилар»

1. Ароқ – маст қилувчи ичимлик.

Жоҳилият вақтида ҳозиргига ўхшаб, ароқхўрлик ривожланган, шу боисдан ароқ савдоси ҳам авж олган эди. Аллоҳ таоло оятлар тушириб, аста-секин ароқни ҳаром қилди. 

Ароқнинг батамом ҳаром қилинганлиги ҳақида «Бақара» сурасида оят нозил бўлиши билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, унинг тижорати ҳам ҳаром бўлганини эълон қилганлар. 

Бу маънони Имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар. Ароқни истеъмол қилиш ҳаром бўлганлиги учун уни сотиш ва сотиб олиш ҳам ҳаром қилинган.

2. Чўчқа.

Бу ҳайвон бутунича ҳаром қилингандир. Ҳатто, уни кўрган жойда ўлдиришга амр ҳам бор. Уламоларимиз «Мусулмонлар зиммасида яшаётган ғайридийнларнинг мулки бўлган чўчқалар бундан мустасно. Чунки у чўчқалар уларнинг мулкидир, аҳли зимманинг мулкини зое қилиш мусулмон учун жоиз эмас», деганлар. 

Чўчқанинг ҳеч бир нарсасидан фойдаланиб бўлмайди. Шунинг учун унинг бирон нарсасини сотиб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмайди.

3. Санамлар.

«Санам» деб юзи одам юзига ўхшаш бутларга айтилади. Бутнинг ҳар қандай хилини сотиб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмайди. Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарсани қандай қилиб ҳам сотиш ёки сотиб олиш мумкин?!

4. Ўлимтик.

Ўзи ўлиб қолган ҳайвон ҳаром бўлгани учун уни сотиш мумкин эмас, ҳаром қилинган. Чунки бу зарарли нарсадир. Ўзи ўлган ҳайвонларнинг терисини ошлаб ишлатиш мумкин. Бу хусусда Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари бор. 

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи ўлган қўйнинг олдидан ўтаётиб, «Бундан манфаат олсангиз бўлмайдими? деганлар. Одамлар «У ўлимтикдир», деганларида «Уни ейиш ҳаром қилинган», деганлар. 

Бошқа бир ҳадисда «Ошлаш поклашдир», деган маъно келган. Пайғамбаримиз мазкур нарсаларни сотиш ҳаром эканлигини айтганларида, ушбу ўлимтикнинг териси ҳақидаги масала эсларига тушганми, саҳобаи киромлар у зотга ўлимтик ҳайвоннинг ёғини ва унинг ишлатиладиган жойларини эслатдилар. 

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўлимтик ёғининг хабарини беринг-чи?! Чунки у билан кемалар мойланади, терилар юмшатилади ва у билан одамлар чироқ ёқадилар», дейилди».

Ўша вақтда ўлимтикнинг ёғи кемаларни мойлаш, териларни юмшатиш ва чироқларга қуйишда ишлатилар экан. Аммо шундай бўлса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимтикнинг ёғини сотиш ҳаром эканлигини таъкидладилар. 

«Йўқ! У ҳаромдир», дедилар».

Кейин эса тушунтириш мақсадида бу иш яҳудийларнинг иши эканлиги, улар шу туфайли лаънатга дучор бўлганларини эслатдилар. 

«Аллоҳ яҳудларни ҳалок қилсин. Аллоҳ азза ва жалла уларга ўлимтикнинг ёғини ҳаром қилганида улар уни эритдилар, сўнгра сотиб, баҳосини едилар», дедилар».

Яъни яҳудийлар ўзларига емоқ ҳаром қилинган ёғларни эритиб, сотиб, баҳосини еганлари учун лаънатга учраганлар. Шунинг учун мусулмонлар ҳам ўзларига ҳаром қилинган ўлимтикнинг ёғини сотиб, баҳосини емасликлари керак.

Шу билан бирга, Ҳанафий мазҳаби уламолари «Ўлимтик ёғини совунга ёки шунга ўхшаш манфаат берадиган ишларга ишлатиш жоиз», дейдилар. «Ҳадисда сотиш ман қилинган, манфаат олиш эмас», деган фикр бор. 

Бошқа бир ривоятда: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг баҳосидан, зинонинг маҳридан ва фолбиннинг топганидан наҳий қилдилар», дейилган.

5. Итнинг баҳоси.

Бу масалани иншааллоҳ, келгуси ҳадис шарҳида батафсил кўриб чиқамиз.

6. Зинонинг маҳри.

Зинонинг ҳаром иш эканлиги ҳаммага маълум. Илгариги жоҳилият даврида ҳозиргига ўхшаб, бузуқ аёлларни зинога ишлатиб, пул топадиган одамлар бор эди. Бу иш ҳаром бўлгани боис, унинг орқасидан пул топиш ҳам ҳаром эканлиги эълон қилинди.

7. Фолбиннинг ҳаққи.

Илгариги жоҳилиятда ҳам ҳозиргига ўхшаб, турли услублар билан фол очиб, одамларнинг пулини оладиган коҳинлар бўлган. Уларнинг фолбинлик йўли билан топган пуллари ҳам ҳаромлиги эълон қилинди. Ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсалар орқали мол-пул топиш ҳаромдир. Ким ҳозиргача билмай, бу ишлардан бирортасини қилиб юрган бўлса, билиши билан дарҳол тавба қилиб, мазкур ишни тарк қилмоғи, ҳалол касбга ўтмоғи лозим.

 

1645. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг ва мушукнинг баҳосидан наҳий қилдилар». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган икки нарса – ит ва мушукни сотиш ҳақида уламолар турлича ижтиҳод қилганлар.

1. Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва яна баъзи уламолар ушбу ҳадисга амал қилиб, «Ит нажас нарсадир. Уни сотиб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмайди. Унинг ўзи ҳам, баҳоси ҳам ҳаромдир», дейдилар. 

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса бу масалага кенг­роқ қараганлар. Бу тўғридаги бошқа ҳадисларни ва далилларни ўрганиб чиқиб, кейин ҳукм чиқарганлар.

Аввалда маълум сабабларга кўра, Пайғамбари­миз соллаллоҳу алайҳи васаллам итларни ўлди­ришга, умуман боқмасликка амр қилганлар. Бу ҳақдаги ҳадислар кўп ва ҳаммага маълум. Ушбу бобда келтирилган ҳадис ҳам ўша вақтда айтилган ҳадислардандир. 

Кейинчалик эса маълум мақсад ҳосил бўлганидан кейин итлардан овда ва қўриқлаш каби ишларда фойдаланишга рухсат берилди. Итнинг ўзидан фойдаланишга рухсат берилгани унинг баҳосидан ҳам фойдаланишга рухсат берилганидир. Агар итнинг баҳосидан фойдаланиб бўлмаса, унинг ўзидан қандай қилиб фойдаланилади? 

Албатта, уламоларимиз бу гапни ит уриш­тирадиган қиморбозларнинг итлари баҳоси ҳа­қи­­да айтмаганлар. Шариатга хилоф иш учун ишла­тиладиган бўлса, ҳар қандай нарсани ҳам сотиб бўлмайди.

Имом Косоний «Бадоиъус Саноеъ» китобларида «Арслон, йўлбарс, сиртлон, бўри, айиқ каби ҳайвонларни сотиш ҳам жоиз», деганлар.

 

1646. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хамр(ароқ)да ўн(киши)ни лаънатладилар: уни сиқувчисини, сиқишни буюрганни, ичувчисини, ҳаммолини, кўтартириб юрувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, баҳосини еювчисини, сотиб олувчисини ва сотиб олиб келиб берувчисини». 

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида маст қилувчи нарса хамр деб аталиб, у асосан узум ва хурмони сиқиб олинадиган ичимликдан иборат бўлган. Ундан бошқа яна учта нарса ҳам бор эди, лекин улардан кам ҳолатларда хамр олинар эди. Кейинчалик маст қилувчи нарсаларнинг тури ҳам, исми ҳам кўпайиб кетди. Аммо барибир тури ва исмидан қатъи назар, уларнинг ҳаммаси хамр ҳукмини олаверади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва у ҳаромдир», деганлар.

Шунинг учун ҳозирги кундаги барча маст, кайф қилувчи нарсалар хамр ҳисобланиб, улар ичиладими, чекиладими, ҳидланадими, игна билан юбориладими, фарқи йўқ. Ароқми, вискими, морфими, нашами, героинми, қорадорими, буларнинг ҳаммаси ҳаром. Ҳаммаси учун ўн тоифа одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан лаънатга учрайди, Аллоҳнинг раҳматидан қувилади. Келинг, ана шу ўнта бадбахт тоифа билан танишиб чиқайлик:

1. Сиқувчи. 

Ўша вақтда хамр сиқиб тайёрлангани учун шундай дейилган. Бу сўз бугунги кунимиз тилида тай­ёр­ловчи дейилади. Демак, маст қилувчи ичимлик ва моддаларни тайёрловчилар Аллоҳнинг лаънатига учрайдилар. Улар учун бу дунёдаги барча тузумларнинг лаънати, қамоғи, турли жазолари етарли эмас. Охиратда Аллоҳ таоло уларни дўзахга ҳам солади.

2. Сиқишни буюрганни.

Бу тоифа биринчи тоифадан ҳам ёмондир. Чунки биринчи тоифани ишга соладиган ҳам шу тоифадир. Инсонлар учун зарарли бўлган турли маст қилувчи ичимликлар ва турли сархуш қилувчи моддаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўювчилар шулардир. Буларга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлади. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун буйруқ берганлар ҳам шулар қаторидадир.

3. Ичувчисини.

Энг асосий айбдор тоифа шу тоифадир. Қолган тўққиз тоифа ҳам шу тоифа учун, ушбу маълум тоифанинг пулини олиш учун ҳаракат қилади.

4. Ҳаммолини.

Мазкур ҳаром нарсага ҳаммоллик қилувчи киши ҳам Аллоҳнинг лаънатига сазовордир. Хом ашёни тайёрлаш, жойига олиб боришда ҳаммоллик қиладими ёки тайёрлаш жойидами, сотиш жойидами ёки сотиш жойидан истеъмол жойига ташишдами, барибир. Ҳозирги кунда бутун дунё қарши курашаётганига қарамай, лаънати ҳаммолларнинг фаолияти туфайли қорадори ва унга ўхшаш ҳаром нарсалар бутун дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни беҳуда лаънатламаган эканлар.

5. Кўтартирувчисини.

Ароқ ва унинг ҳукмидаги ҳаром нарсаларнинг ҳаммолларини ишга солувчи, уларга пул бериб ишлатувчи ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди.

6. Қуйиб берувчисини.

Бу ҳам хамр ва унинг ҳукмидаги нарсалар равнақи учун хизматдир. Шунинг учун бу ишни қилувчи одам ҳам лаънатга учрайди. 

7. Сотувчисини.

Хамр ва хамр ҳукмидаги барча нарсаларни сотувчиларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг лаънатига дучор бўладилар. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани сотгандан кейин бошқа нарса бўлиши ҳам мумкин эмас. 

Ҳозирги кунимизда маст қилувчи ичимликларни, гиёҳванд моддаларни сотувчилар инсониятга қанчалар зарар келтиришлари яна ҳам яққол намоён бўлиб турибди. Инсонлар чиқарган қонунлар қонун чиқарувчиларга зарар келтирмайдиган нарсани сотганларни жазоламайди. Мисол учун, ҳозир фақат гиёҳванд моддаларни сотадиган қочоқ савдогаргина жазога тортилади. Келажакда бу моддаларни ҳам маст қилувчи ичимликлар каби қонунлаштириб олишлари ҳеч гап эмас. Илоҳий қонунлар эса инсониятга зарар етказувчи ҳар бир нарсани сотганни жазога лойиқ деб топади. Бу ҳолни яхши тушунмоғимиз лозим.

8. Баҳосини еювчисини.

Хамр ва хамр ҳукмидаги барча маст қилувчи нарсаларнинг баҳосини еган киши ким бўлишидан, қайси йўл билан ейишидан қатъи назар, Аллоҳ таолонинг лаънатига сазовордир. Бундай ҳаром нарсанинг баҳосини еган одам, дарҳақиқат, шунга муносибдир.

9. Сотиб олувчисини. 

Хамр ва унинг ҳукмидаги ҳаром, маст қилувчи нарсаларни сотиб олувчи, ўзи уларни истеъмол қиладими-йўқми, барибир гуноҳкордир. Уларни сотиб олиш ўша ҳаром нарсаларнинг ривожига ҳисса қўшмоқдир. Бу эса Аллоҳнинг лаънатига сабаб бўлувчи ишдир. 

10. Сотдирувчисини.

Мазкур маст қилувчи нарсаларни бевосита сотмаса ҳам уни сотдирувчи кишилар Аллоҳнинг лаънатига қолади.

Кўриниб турибдики, хамр ва унинг ҳукмидаги барча маст қилувчи ичимлик ва моддаларнинг яқинига бориш ҳам мўмин-мусулмон одам учун умуман тўғри келмайди.

Шу маънодаги ишларни ўзига касб қилиб олган ёки гоҳ-гоҳида бўлса ҳам аралашиб турадиган кишилар дарҳол ўзларини бу нарсалардан четга олишлари лозим. Акс ҳолда, Аллоҳнинг лаънатига қоладилар.

 

1647. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким таом сотиб олса, то уни тўлиқ олмагунча сотмасин», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар. 

Муслим ва Термизий: 

«Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «Ҳамма нарсани таом каби деб ҳисоблайман», деди» жумласини зиёда қилганлар. 

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан «Қўлида турмаган нарсани сотиб бўлмайди», деган ҳукм олинган. Бир нарсанинг савдоси битгандан кейин сотувчи уни олувчига тақдим этиб, топшира олиши керак.

Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«То қўлингда тутмагунингча бир нарсани ҳеч-ҳеч сотмагин!» деганлар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нархни ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик ҳам мусулмон савдогарнинг юксак одобидир.Баъзи савдогарлар иложи борича қиммат қилиш пайидан бўладилар. Бу одат ҳам яхши давоми...

4828 08:01 / 18.07.2020
Саноатчидан нарса ясашни талаб қилиб, уни сотиб олишга истисноъ дейилади. Саноатчидан талаб қилинган нарса аслида тайёр бўлмайди. Истисноъ муайян харидор учун давоми...

3227 05:00 / 17.02.2017
Кечиктириш эвазига нархни оширишИсломнинг рибо тўғрисида тутган йўли ниҳоятда дақиқдир.Қарзда замон эвазига шарт қилинган зиёда ҳаром қилинган насия кейинга давоми...

10782 05:00 / 17.02.2017
Cавдода ёлғон гапириш ҳаромndash Тожир савдо молини мақташ учун ёлғон гапириш ҳаром эканини зинҳор унутмаслиги зарур.Шунингдек, ваъдага вафо қилмай, сўнг ёлғон давоми...

3604 05:00 / 06.03.2017