1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ваъда қилинган нарса юзага чиқмаса, шакка тушмаслик керак

13:59 / 21.07.2019 4745 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ваъда қилинган нарсанинг воқе бўлмаслиги сени зинҳор шакка солмасин. Агарки вақти тайин қилинган бўлса ҳам. Яна бу сенинг қалб кўзингга чўп бўлмасин ва сарийратинг нурини сўндирмасин.

Баъзи истилоҳларнинг маъноси:

– Биз «қалб кўзи» деб таржима қилган маъно араб тилида «басийра» дейилади ва маъноларни идрок этиш учун тайёрланган қувват деб таърифланади.

– «Сарийра» сўзи илм ва маърифатни жойлаштириш учун тайёрланган қувват деб таърифланади.

Тасаввуф илмида ақл, нафс, руҳ ва сирларнинг барчаси бир нарса деб англанади. Улар бир нарса бўлгани билан идрок қилинадиган нарсанинг турига қараб, исм ҳам турланади. Шаръий ҳукмларни идрок қилувчини ақл дейилади. Шаҳватга оид нарсаларни идрок қилувчини нафс дейилади. Тажаллиётларни идрок қилувчини руҳ дейилади. Таҳқийқот, яъни ҳақиқатлар ҳамда тамаккунот, яъни ўрнашиб қолган нарсаларни идрок қилувчини сир дейилади.

Ушбу ҳикмат ўзидан олдинги ҳикматдан кўра умумийроқдир. Чунки олдинги ҳикмат ижобатга хос бўлиб келган. Бу ҳикмат эса Аллоҳ таолонинг барча ваъдаларига умумийдир.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматда қуйидаги маъноларни таъкидламоқда:

«Эй мўмин! Аллоҳ таоло сенга ваҳий – Қуръони Карим ва Суннатда, Набийнинг тилида ёки бошқа йўл билан бирор ваъда берган бўлса ва у рўёбга чиқмай турса, зинҳор-базинҳор шакка тушмагин! Агар шакка тушадиган бўлсанг, сиддиқлардан бўлмай қоласан. Ваъданинг юзага чиқиш вақти тайин қилинмаган бўлса, кенглик бор. Аммо ваъданинг юзага чиқиш вақти белгилаб қўйилган бўлса-ю, рўёбга чиқмай турганда шакка тушишда тезлик бор. Тез бўлса ҳам, кеч бўлса ҳам, барибир Аллоҳ таолонинг ваъдаси юзага чиқиши бор. Бу борада заррача шак-шубҳа қилмаслик керак.

Шакланиш – нафс изтиробга тушганда шак қилиш ёки қилмаслик орасида иккиланиб қолишдан иборатдир. Ваъда рост, замон тайин, лекин ваъда қилинган нарса йўқ. Бундай ҳолатда банда ҳайратга тушиб қолади. Мана шунинг ўзи маърифатнинг торлигидандир. Ваъданинг сиртига қараб, ичига қарамасликдандир. Агар маърифат доираси кенг бўлса, ваъданинг сирти унинг ичини йўқ қилмаслигини англаб етар, бас, ваъданинг юзага чиқишига жазм қилган бўлар эди.

Аллоҳ таоло Ўзининг набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Уҳудда, Аҳзобда ва Макка фатҳида ваъда берди ва унинг шартини яширди. Мазкур шартни кейинроқ Ўзи баён қилиб ҳам берди.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, Бадрда заиф ҳолингизда Аллоҳ сизларга нусрат берди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, шукр қилсангиз» (123-оят).

Бадр урушида мушрикларнинг сони минг киши атрофида эди. Темир совутлар кийган, олий даражадаги қуроллар билан қуролланган, безалган отларни минган бой-зодагон араблардан иборат эдилар.

Мусулмонлар эса бор-йўғи уч юз ўн уч киши бўлиб, уларда иккита от ва етмишта туя бор эди. Қолганлар пиёда эдилар. Қуроллари ҳам шунга яраша эди.

Бадр уруши иккинчи ҳижрий йил, Рамазон ойининг ўн еттинчиси, жума куни бўлиб ўтган. Бу урушда мусулмонлар сонлари ва қуроллари оз бўлишига, ҳамма томондан душман уларга ёмон кўз билан қараб турган бўлишига қарамай, Аллоҳнинг нусрати ила ғолиб келдилар. Аллоҳ уларнинг ихлослари, мустаҳкам иймонлари, садоқатлари, тақволари, фақат Ўзидангина ёрдам кутганлари туфайли ва бошқа сабабларга кўра ғолиб қилди. Бунинг асосий сабабларидан бири – мусулмонлар ўзларини паст олганлари, ховлиқиб кетмаганлари эди. Оятдаги «азилла» сўзи шунга далолат қилади. «Азилла» сўзи «залил» сўзининг жамидир ва «ўзини паст олганлар» маъносини билдиради.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз ажаблантирган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва ер кенг бўла туриб, сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра орт­га қараб қочдингиз» (25-оят).

«Сўнгра Аллоҳ Расулига ва мўминларга Ўз сакинасини нозил қилди ҳамда сиз кўрмайдиган лашкарларни нозил қилди ва куфр келтирганларни азоблади. Ана ўша кофирларнинг жазосидир» (26-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мусулмонларга кўпгина маконларда нусрат берган. Аллоҳ таоло ушбу ояти карималарда Ҳунайн ғазотига алоҳида эътибор бермоқда.

Жанг тонг ғира-шира ёришганда бошланди. Мусулмонлар водийга кириб боришганида ҳавазанликлар қўйган пистирма уларга сездирмай, бирдан ҳужум қилиб қолди. Улар тинмай камондан ўқ ёғдиришар, қиличларини ишга солишар ва подшоҳлари буюрганидек, ёппасига ҳужум қилишар эди. Шу пайт мусулмонлар орқага қараб қоча бошладилар. Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам собит турдилар. У киши хачирларини душманнинг рўбарўсига қараб солар эдилар. Хачирнинг юганини ўнг томондан Аббос, чап томондан Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб тутиб, тортишар, унинг юришини секинлатишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса одамларни қайтаришга уриниб:

«Мен томонга, эй Аллоҳнинг бандалари! Мен томонга! Мен Аллоҳнинг Расулиман! Менинг пайғамбарлигим ёлғон эмас! Мен Абдулмуттолибнинг фарзандиман!» – деб бақирар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобалардан чамаси юз киши собит турдилар. Уларнинг ичида Абу Бакр, Умар, Алий, Аббос, Фазл ибн Аббос, Абу Суфён ибн Ҳорис, Айман ибн Умму Айман, Усома ибн Зайд ва бошқа розияллоҳу анҳум бор эдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббосга баланд овоз билан «Эй дарахт соҳиблари!» деб чақиришни буюрдилар. Аббос баланд овоз билан чақиришга тушди. Улар эса «Лаббайка, лаббайка!» деб жавоб бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон қайта бошладилар. Баъзи кишиларнинг минган улови қайтмаса, совутини кийиб, уловидан тушиб, пиёда келди. Улардан бир гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида тўпланганидан сўнг, уларга сидқидилдан кучли бир ҳамла қилишга буйруқ бердилар. Шунда мушриклар енгилиб, пала-партиш қочишга тушдилар. Асирларни тўплаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошларига олиб келганларидагина бошқа мусулмонлар ҳам қайтиб келишди.

Бу урушда биринчи марта мусулмонлар томонида ўн икки минг кишилик аскар қатнашди. Аскарнинг кўплиги уларни ғурурлантириб, ғалабанинг асосий манбаини унутиб қўйдилар. Оқибатда жангнинг бошланишида мағлубиятга учрадилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга собит турган оз сонли мусулмонларга Аллоҳнинг Ўзи нусрат берди. Улар илоҳий нусратга эришиш шартларига амал қилганлари учун Аллоҳ таолонинг нусрат ваъдаси юзага чиқди.

– Агар Аллоҳ таоло берган ваъданинг вақти тайин қилинган бўлса ва у рўёбга чиқмаётган бўлса ҳам, мазкур ваъданинг юзага чиқишига зинҳор шак қилмаслик керак. Бундай бўлишининг сабаби Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум бўлган, ваъдани етказган Набийдан махфий қолган сабаб ва шартларга боғлиқдир.

Мисол учун, Юнус алайҳиссалом ва у кишининг қавмини олиб кўрайлик. Юнус алайҳиссаломни Роббул оламийн Ироқнинг Мусил вилояти яқинидаги Найнаво деган жойга пайғамбар қилиб юборган. Ўша пайтда у ернинг аҳолиси турли санамларга ибодат қилишар ва ҳар хил гуноҳ ишлар билан банд эдилар. Юнус алайҳиссалом уларни Аллоҳ таолога иймон келтиришга, гуноҳ ишларни тарк этишга даъват қилдилар. Лекин улар бу даъватни қубул қилмай, ўзларининг фисқу фасод ишларида давом этдилар.

Юнус алайҳиссалом уларни маълум муддатдан сўнг Аллоҳнинг азоби нозил бўлишидан огоҳлантирдилар. Кўнмаганларидан сўнг, аччиқлари чиқиб, мен ўз вазифамни адо этдим, энди гуноҳкорлар ичида қолмаслигим керак деган эътиқодга бориб, шаҳарни ташлаб чиқиб кетдилар. Бу ишни ўзларича, шуниси тўғри, деган фикр билан, Аллоҳ таолонинг изнисиз қилдилар. У киши Аллоҳ таоло ваъда қилган азоб келса, нобакор қавм билан турмасликни ўйлаган эдилар. Аммо Аллоҳ таоло ваъда қилган азоб мазкур қавмга келмади.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

«Қани энди, бирон қишлоқ иймон келтирганда, унга иймони манфаат берса эди. Фақат Юнуснинг қавми иймон келтирганда улардан дунё ҳаётидаги шармандалик азобини кушойиш қилдик ва уларни маълум вақтгача баҳралантирдик» (98-оят).

Олдин ҳам пайғамбарлар келган шаҳар ва қишлоқларнинг аҳллари иймон келтирмаганлар.

«Қани энди, бирон қишлоқ иймон келтирганда, унга иймони манфаат берса эди».

Лекин, афсуски, улар иймон келтирмадилар. Оз сонли кишилар иймон келтириб, кўпчилик кофирлигича қолаверди. Бу борада фақат битта қишлоқни истисно қилиш мумкин. Қилган гуноҳлари учун бошларига азоб келганда, барча аҳолиси тавба қилиб, нажотга эришган фақат битта қишлоқ бор.

«Фақат Юнуснинг қавми иймон келтирганда улардан дунё ҳаётидаги шармандалик азобини кушойиш қилдик ва уларни маълум вақтгача баҳралантирдик».

Оятнинг маъносидан кўриниб турибдики, Юнус алайҳиссаломнинг қавмига дунё ҳаётининг хорлик азоби таҳдид солиб қолганда, барчалари бирдан иймонга келганлар. Ана шунда Аллоҳ таоло уларнинг бошидан бу азобни кўтарган ва иймонлари шарофати билан маълум муддатгача фаровон турмуш ила манфаатлантирган.

Юнус алайҳиссалом қавмининг қилган гуноҳлари, уларнинг бошига таҳдид солиб келган азоб, уларнинг қаттиқ тавба қилганлари ва охири нажот топганлари ҳақидаги тафсилотлар бошқа сураларда баён қилинган. Бу қавмдан бошқа ҳеч бир қавм, бошига илоҳий азоб келиб қолганда тавба қилиб, нажот топмаган. Балки Фиръавнга ўхшаб, охирги лаҳзада келтирган иймони фойда бермай, ҳалокатга учраган.

Юнус алайҳиссалом қавмига ваъда қилинган азоб уларнинг куфрда туриб олишларига боғлиқ бўлган. Шунинг учун улар тавба қилиб, иймонга келганларидан кейин азоб бекор қилинган. Бас, Аллоҳ таолонинг ваъдаси юзага чиқмади, дейилмайди ёки бу ҳақда шак ва шубҳа қилиб бўлмайди.

Шунингдек, Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссасини ҳам олиб кўрайлик. Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларини эллик йили кам минг йил Аллоҳ таолонинг динига чақирдилар. Аммо нобакор қавм у зотнинг чақириғини қабул қилмади. Залолатда бардавом бўлди. Аллоҳ таоло уларнинг барчасининг тўфон балосига учраб, ғарқ бўлишларини ирода қилди. Бу борада Ўз набийси Нуҳ алайҳиссаломга хабар берди. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга у зотнинг аҳлини ҳалок қилмаслик ваъдасини ҳам берди. Аммо Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари нажот топадиганлар билан бирга бўлмай қолди. Шунда Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолога нидо қилиб, бу борада мурожаат қила бошладилар.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

«Нуҳ Роббига нидо қилиб: «Роббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилувчиларнинг энг адолатлисисан», деди» (45-оят).

Яъни бу билан Нуҳ алайҳиссалом «Роббим, Сен менга «Аҳлингни қутқараман», деб ваъда берган эдинг, ўғлим аҳлимдан-ку, ўша боламни менга бергин, Ўзинг ҳикмат ила ҳукм чиқарувчи Зотсан», демоқчилар.

Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу нидоларига қуйидагича жавоб берди:

«У Зот: «Эй Нуҳ, албатта, у аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Мендан ўзингнинг илминг бўлмаган нарсани сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди» (46-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло улуғ ҳақиқатни – кишилар орасидаги ҳақиқий боғлиқлик риштаси қон, ирқ, насл билан эмас, балки иймон билан эканини баён қилмоқда.

У Зот Нуҳ алайҳиссаломга хитоб қилиб:

«Эй Нуҳ, албатта, у аҳлингдан эмас», демоқда.

Яъни «У ўғлинг сенинг сулбингдан бўлгани, жигаргўшанг экани билан, аҳлинг эмас. Чунки

«Албатта, у яхши амал эмасдир».

Яъни «Унинг қилган иши яхши эмас. У кофирлик қилди. У кофирлиги билан сенинг аҳлингдан бўла олмайди. Иймони борлар сенинг аҳлинг бўлади.

«Мендан ўзингнинг илминг бўлмаган нарсани сўрамагин».

Ўғлингни «Аҳлимдан», деб, қутқаришимни сўраганингдек.

«Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди».

Билмаган нарсаларингни сўрайвериб, жоҳиллар қаторига қўшилиб қолмагин дейман. Мисол учун, юқоридаги саволинг билан инсонлар орасидаги ҳақиқий алоқа иймон алоқаси эканидан, аҳл, деганда кимни эътиборга олиш кераклигидан, Аллоҳ Ўз ваъдасини қандай бажарганидан бехабарга – жоҳилга ўхшаб кўриняпсан. Ҳолбуки, Аллоҳ иймонли қалблар ўртасидаги риштани ҳар қандай алоқадан устун қўяди, аҳл, деганда, иймонли аҳлни кўзда тутади. Аҳлингни қутқаришга ваъда берган бўлса, сенга ҳақиқий аҳл бўлганларни тўфон балосидан халос этиб қўйди.

Демак, Аллоҳ таоло берган ваъдаларнинг ичида юқоридагига ўхшаш истисно ёки шартлари бори ҳам бўлади. Айнан шунга ўхшаш сирлар юзасидан набий алайҳиссаломлар ва катта сиддиқлар Аллоҳ таолога ёлвориш ва музтарлик ҳолатида бардавом бўлишни ихтиёр қиладилар, илтижо ва ёлворишни тўхтатмайдилар.

«Бадр уруши куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига назар солдилар. Улар уч юздан зиёдроқ эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қиблага қарадилар, эгниларида ридо ва иштон бор эди. Сўнгра:

«Аллоҳим, менга берган ваъдангни юзага чиқар. Аллоҳим, бугун мана шу Ислом жамоаси ҳалок бўлса, Сенга ер юзида бошқа ибодат қилинмайди», дедилар.

У зот Роббларидан мадад сўраб дуо қилар эдилар. Ҳатто елкаларидан ридолари тушиб кетди. Абу Бакр келиб, ридони олиб, эгниларига ташлаб қўйди-да, орқаларига турди. Сўнгра:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Роббингизга ёлворганингиз етар. У сизга берган ваъдасини, албатта, амалга оширади», деди.

Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди.

«Ўшанда Роббингиздан ёрдам сўрар экансиз, У: «Албатта, Мен сизларга кетма-кет келадиган мингта фаришта ила мадад берувчиман», дея ижобат қилди», (Анфол сураси, 9-оят).

Шайх Аҳмад Зарруқ айтади:

«Ваъда воқе бўлиши кечикканда нафс изтиробга тушиб, ваъда ҳақ, замон тайин, лекин ваъда қилинган нарса йўқ, дея шакда иккиланиб қолиш маърифатнинг торлигидан ва ваъданинг сиртига назар солиб, ички сифатларига назар солмасликдандир. Зотан, маърифат доираси кенг бўлса, ваъданинг зоҳири ички сифатни йўқ қилмаслигини биларди ва ваъдага жазм қиларди. Шу билан бирга, ички сифатга риоя қилиб, иш Ҳақ таоло ундан беркитган шартга боғлиқ эканини англаб етарди. Чунки У Зотга шарт қилишни ирода қилган нарсани баён қилиш вожиб эмасдир. Балки банданинг назарида робблик улуғлигини қолдириш ва бандалик ҳукмларини жорий қилиш ҳикмати юзасидан ўша нарсани беркитиши тўғридир.

Батаҳқиқ, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Уҳуд» ва «Аҳзоб»да нусрат беришни, Маккага киришни ваъда берди ва унинг шартини беркитди. Мазкур шарт У Зотнинг ҳикмати доимо тақозо қилган, нусрат учун зарур бўлган банданинг ўзини зор тутиши эди» (иқтибос тугади).

Хулоса шуки, банда Аллоҳ таолонинг ваъдасига аниқ ишониши лозим, ваъда қилинган нарса кечикса, шакка тушмаслиги керак. Ваъданинг шарти юзага келмаётганини ўйлаши керак. Айбни ўзидан ахтариши лозим. Агар шакка тушадиган бўлса, қалб кўзига чўп тушиши ва сарийратининг нури сўниши турган гап. Қалб кўзи танадаги кўздан ҳам нозик бўлади. Танадаги кўзга кичик бир зарра тушса, қанчалик зарар етишини яхши биламиз. Қалб кўзини танадаги кўздан кўра кўпроқ эҳтиёт қилишимиз керак. Шунингдек, сарийрамиз – илм ва маърифатни жойлаштириш учун тайёрланган қувватимиз ҳам Аллоҳ таолонинг ваъдасига шак қилишимиз туфайли ўчиб қолмаслигининг чораларини кўришимиз керак.

Аллоҳ таоло барчаларимизни, агарки вақти тайин қилинган бўлса ҳам, ваъда қилинган нарсанинг воқе бўлмаслиги зинҳор шакка солмайдиган бандаларидан қилсин. Буни бизнинг қалб кўзимизга чўп қилмасин ва сарийратимиз нурининг сўнишига сабаб қилмасин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дуодаги илтижога қарамай, бериш муддатининг кечга сурилиши умидсизлигингга сабаб бўлмасин. У Зот сенга Ўзи ихтиёр қилган нарсани Ўзи ирода қилган вақтда ижобат давоми...

7171 10:33 / 15.07.2019
У Зот қачон сени махлуқотларидан узоқлаштирса, билки, сенга Ўзига яқинлашиш эшигини очишни ирода қилибди.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу давоми...

4273 19:41 / 13.05.2018
Ким ўз бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик уни жим қилиб қўяди. Ким У Зотнинг бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик қилса ҳам жим бўлмайди.Бисот ndash мажол, суянч, давоми...

4121 20:05 / 27.08.2017
Аллоҳнинг амрини ақл ишлатиб тушунадиган оқил ҳақида сўрадинг.Албатта, ақл1 мўминга унинг қалбида тоатларни зийнатлаш ва маъсиятларнинг қабоҳатини кўриш учун давоми...

3760 17:21 / 25.09.2017