1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Сурат солиш ҳаромдир фаришталарни ман қиладир

05:00 / 17.02.2017 6765 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом зоҳир бўлган пайтда инсоният жаҳолат ботқоғига ботган ҳолда эди. Деярли инсон ҳаётининг ҳамма соҳалари йўлдан чиққан эди. Инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларининг йўлдан чиқишига эътиқод ва ибодат бузуқлиги сабаб бўлган эди. Эътиқод бузуқлиги ҳар ким ҳар турли сохта худоларга эътиқод қилишида ўз аксини топган эди. Ҳар бир халқ, ҳар бир қабила, иложи бўлса ҳар бир маҳалла ёки оила ҳам ўзи учун сохта худо ихтиро қилиб олган эди. Ибодат бузуқлиги ҳам ана ўша эътиқод бузуқлигидан келиб чиққан эди. Ҳар ким ўзига ўзи сохта худо танлаб олганидан кейин ўша худосини ўзича сувратини солиб унга ўзича ибодат қилишга ўтган эди.

Бу ерда «суврат солиш» бирикмасини қадимги мусулмон уламолар ишлатган маънода ишлатмоқдамиз. Улар суврат деганда қўл билан чизилган сувратни ва қўл билан ишланган ҳайкални кўзда тутганлар. Уларни бир-биридан ажратиш мақсадида, қўл билан чизилган сувратни «сояси йўқ суврат», ҳайкални «сояси бор суврат» деб атаганлар. Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилган пайтда иносият ўша икки турли сувратга ибодат қилар эди. Ушбу номаъқул ишга, сувратларга ибодат қилишга қандоқ қилиб одамлар мубтало бўлганини англаш учун Қуръони Каримда зикр қилинган баъзи бутларга одамлар қандоқ қилиб ибодат қилишга ўтганлари тарихини ўрганишимизнинг ўзи кифоя қилса керак.
Аллоҳ таоло Одам отани жаннатдан ерга туширгач, унинг зурриётига барака берди. Улар тезда кўпайиб кетдилар, касбу кор ўргандилар. Улар Одам отага келган динга эътиқод қилиб, ягона Аллоҳга ибодат қилишар эди. Одам авлодини хайрли ишлардан қайтаришга онт ичган шайтон бу ҳолга тоқат қила олмади. Кишиларни ширкка чақиришга, буту санамларга ибодат қилидиришга урина бошлади.
Одам отанинг дастлабки авлодлари ичида Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор, солиҳ кишилар бор эди. Уларни атрофидагилар яхши кўришар, ҳурмат қилишарди. Вақт-соати етиб, улар оламдан ўтганларидан сўнг шайтон қолган кишилар орасида васаваса қилиб: «Агар сизлар вафот этган солиҳ кишиларни ҳақиқатда яхши кўрсаларингиз ва эслаб туришни хоҳласаларингиз, суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч назар солиб турасизлар», деди.
Одамларга бу гап ёқиб тушди. Аввал бошда суратга қараб уларни эслаб туришди, сўнгра суратлар ўрнига ҳайкаллар қилиб, ибодатхона ва уйларга қўйишди. Улар бу ҳайкаллар ҳеч кимга фойда ҳам зарар ҳам келтира олмаслиги яхши билишар эди. Лекин солиҳ кишиларнинг баракаси, деб ҳайкалларни ҳурмат қилишарди. Вақт ўтиши билан ҳайкалларнинг сони ҳам, иззат-икроми ҳам ортиб бораверди. Қайси солиҳ киши вафот этса, унга ҳайкал қўядиган бўлишди.
Кейинги авлодлар ўз оталари ҳайкалларининг улуғлаётганини, уларнинг ҳузурида дуо қилишаётганликларини кўриб вояга етди. Охир-оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди. Шундоқ қилишиб, ҳайкаллар буту санамларга айланди. Одамлар уларни худо даражасига кўтариб, уларга эътиқод билан ибодат қила бошладилар.
Ҳатто Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари келиб уларни сувратларга эмас, ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақирсалар ҳам қабул қилмай сохта худолари ибодатида маҳкам туришларини эълон қиладиган бўлдилар.
Бу ҳақиқатни «Нуҳ» сурасидаги қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олса бўлади.
«Ва улар: «Олиҳаларингизни ҳеч тарк қилманглар, ва, албатта, Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам ва Насрни ҳам тарк қилманг», дедилар».
Ривоятларда келишича, Вадд, Суваъ, Яғус, Яъуқ ва Насрлар аҳли солиҳ, тақводор кишилар бўлганлар. Кишилар уларнинг ниҳоятда яхши кўрганлар ва ҳурмат қилганлар. Вақти-соати етиб улар вафот этганларидан сўнг Шайтон васвасасига учиб, кишилар уларнинг сувратларини чизганлар, сўнгра ҳайкалларини ясаганлар. Уларни зиёрат қилганлар. Аста-секин дардларини уларга айтадиган бўлишган. Оқибатда вақт ўтиши билан, уларни худо деб эътиқод қилганлар ва уларга ибодат қилганлар.
Деярли барча каттаю кичик динларда сувратга ибодат қилинар эди. Бу турдаги ибодатлар масийҳийларнинг Ийсо алайҳиссаломнинг турли сувратларига ибодат қилишларидан тортиб, Ҳиндистондаги баъзи тоифаларнинг эркак ва аёлнинг жинсий олати сувратигача ўз ичига олган эди.
Бу фикримизнинг тасдиғи сифатида ҳозирги кунимиздаги Исломдан бошқа барча динларда нимага ибодат қилинаётганига бир назар солишни таклиф қиламиз.
Ислом зоҳир бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни унга даъват қилишни бошлаган пайтларда дунёнинг барча томонида сувратга ибодат қилиш авж олган эди. Айниқса бу иш Арабистон ярим оролида авжга чиққан эди. Одамлар хоҳлаган нарсаларидан, хоҳлаган вақтларида, хоҳлаган шаклда худо ясаб унга ибодат қилишлари ҳеч гап эмас эди. Биров туясини қумга соғиб, лой қилиб, ўша лойдан жажжигина худо ясаб унга ихлос билан сиғинса, бошқаси яна бошқа нарсадан ўзига худо ясаб олар эди. Бозорда худоларни уларни ясовчилар қимматроқ пуллашга тиришсалар, худо сотиб олмоқчи бўлган харидорлари уларни иложи борича арзонга сотиб олиш чорасини ахтарар эдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мушриклик пайтларида сафарда кетаётиб ибодатга эҳтиёжлари тушибди. Худолари эсларидан чиқиб уйда қолган экан. Нима қилиш керак? Атрофга қараб худоликка ярайдиган бирор нарса топа олмадилар. Яйдоқ чўлда нима ҳам бўлсин. Юкларини титган эдилар, кўзлари йўл учун олинган хурмо меваларига тушди. Улар олиб, бир-бирига ёпиштириб худо сувратини ясадилар ва чин ихлос ила унга ибодат қилдилар. Кейин қорин очлиги ҳам ёдга келиб қолди. Бир йўла қориннинг қайғусидан ҳам холи бўлиб кейин йўлни давом этдириш мақсадида хурмодан яхшилаб тановул қилди. Қорин тўйиб, қайғу кетгадан сўнг қарасалар, ҳозиргина чин ихлос ила ибодатини қилган худоларини еб қўйибдилар. Ана ўшанда ўзларининг аҳмоқликларидан кулиб қорниларини ушлаб ётиб қолдилар.
Араблар турли сувратларга сиғинишга ўта берилганларидан Каъбаи муаззаманинг ичига уч юз олтмишта суврат худони ўрнатишгача бориб етган эдилар.
Ана шундоқ бир пайтда Аллоҳ таоло бутун инсониятни турли сувратларга ибодат қилишдан У зотнинг ягона Ўзига ибодат қилишга чақириш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ислом динини юборди. У зотга ақийда масаласига алоҳида эътибор беришни таъкидлади. Бутун дунёни турли сувратларни қўйиб ягона Аллоҳ таолога ибодат қилишга бошлаш масъулияти юкланган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йигирма уч йиллик пайғамбарликларининг ўн уч йили тавҳид ишига ажратилганлиги ҳам бежиз эмас.
Албатта, бу ишнинг бошида сувратларга ва сувратчиларга қарши кураш туриши инкор этиб бўлмайдиган улкан ҳақиқат эди.
Ҳозир ўрганадиган ҳадиси шарифларимиз ана ўша пайтда кўп худочиликка қарши олиб борилган тарғибот ишларининг бир кўринишидир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бу дунёда бир суврат солса, қиёмат куни ундан ўшанга жон киритиш талаб қилинади. У эса жон киритувчи эмас», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Абу Зуръа розияллоҳу анҳу айтади: «Абу Ҳурайра билан Марвоннинг ҳовлисига кирдим. Бас, у ўша ерда сувратларни кўрди ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ азза ва жалла, Мен яратган нарсага ўхшаш нарса яратишга урингандан ҳам золимроқ кимса борми?! Қани, бир заррани яратиб кўрсинларчи! Қани, бир дона буғдойни яратиб кўрсинларчи! Қани, бир дона арпани яратиб кўрсинларчи! дейдир», деганларини эшитганман», деди. Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу икки ривоятдан суврат солувчиларнинг иши нақадар ёмон олиниши кўриниб турибди. Уларнинг иши Аллоҳнинг яратувчилик сифатига шериклик қилишга ҳаракат деб баҳоланмоқда. Бу маъно айниқса ўша пайтларда ўта бўртдирилган. Чунки у вақтларда суврат солиш фақат сохта худолар сувратини солишдан иборат бўлган.

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кирдилар. Мен токчамга нафис парда тўсиб қўйган эдим. Унда сувратлар бор эди. У зот уни кўришлари билан тортиб олдилар ва ранглари ўзгариб: «Эй, Оиша! Аллоҳнинг ҳузурида қиёмат куни энг ашаддий азобга учрайдиганлар, Аллоҳнинг яратганига ўхшатишга уринганлардир», дедилар. Бас, биз уни бўлиб, битта ёки иккита болиш қилиб олдик».
Шарҳ: Мазкур пардадаги сувратлар жонли нарсаларнинг сувратлар эканлиги шубҳасиз. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, мусулмон кишининг уйида жонли нарсаларнинг суврати бўлмаслиги лозим. Жумладан, ўша суврат пардада бўлса ҳам жоиз эмас.
Аммо кесилган, йиртилган ҳолда болиш ёки шунга ўхшаш оёқости бўладиган нарсаларда бўлса жоиз. Сувратни чизиш эса мутлақо мумкин эмас.

Яна ўша киши айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан келдилар. Мен эшигимга гилам парда тўсиб қўйган эдим. Унда қанотли отларнинг суврати бор эди. Бас, у зот менга амр қилдилар. Мени уни ечиб олдим». Иккисини Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоят ҳам олдингисини тасдиқлаш учун келтирилмоқда.

Бир одам Ибн Аббоснинг ҳузурига келиб: «Мен манабу сувратларни соламан, менга булар ҳақида фатво бер», деди. Бас, у киши ҳалиги одамга: «Менга яқинроқ кел», деди. У яқин келди. Сўнгра яна такрорлади. У яна ҳам яқинроқ келди. Шунда унинг бошига қўлини қўйиб туриб: «Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзим эшитган нарсанинг хабарини бераман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, ҳар бир сувратчи дўзахдадир. Унинг учун ўзи солган ҳар бир суврат ўрнига бир жон қилинур. Ўша жон уни жаҳаннамда азоблар, деганларини эшитганман. Агар бу ишни, албатта, қилишинг керак бўлса, дарахтни ва жони йўқ нарсаларни қил», деди». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятдан Исломда жонли нарсаларнигина сувратини солиш ман қилинганини, жонсиз нарсаларнинг сувратини солса бўлишини англаб оламиз. Суварт солиш, дегандан ҳам расмни, ҳам ҳайкални кўзда тутилишини яна бир бор эслаб қўямиз.
Демак, Исломда суврат солишга мутлақ қаршилик йўқ экан. Жонли нарсаларнинг сувратини солишгина ҳаром қилинган экан. Чунки сувратлар туфайли бузилиш айнан ушбу жонли нарсалар сувратига боғлиқдир. Ҳамма суврати солинган сохта худолар жонли нарсаларнинг суврати, ҳайкалидир.
Жонсиз нарсаларнинг сувратини солиш Исломда ман қилинмаган. Табиат манзаралари, турли дарахтлар, гуллар ва бошқа жонсиз нарсаларнинг суратини солишга қаршилик йўқ.

Буср ибн Саъид, Зайд ибн Холид ва Абу Толҳа рози-яллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, фаришталар сувратлар бор уйга кирмаслар», дедилар».
Буср айтади: «Сўнгра Зайд бемор бўлиб қолди. Биз уни кўргани борсак, эшигида сувратлари бор парда турибди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Маймунанинг ўгай ўғли Убайдуллоҳга:
«Зайд бизга аввалги куни сувратлар ҳақида хабар бермаган эдими?» дедим.
«Магар кийимдаги чизғи бўлса жоиз» деганини эшитмаган эдингми?» деди у». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: «Кийимдаги чизғи» матони тўқилаётгандан қўшиб тўқилган безак шакл ва чизиқлар. Ана ўшандоқ чизиқларда жонли нарсанинг суврати бўлса ҳам жоиз экан. Ўша вақтнинг матоларида акс эттириладиган ҳайвон расмлари аниқ ва тўлиқ бўлмагани учун, мато жуда ҳам оз бўлганидан исроф бўлмасин деб, ва яна шунга ўхшаш биз билмайдиган сабабларга кўра бу нарсага изн берилган бўлса керак.
Шу билан бир бу нарса ҳаммага ҳам маълум эмас эканлигини ривоятнинг ўзидан ҳам билиниб турибди.
Ушбу ривоят икки кишидан; Буср ибн Саъид ва Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳумолардан нақл қилинмоқда. Улардан бири, Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб қолибди. Иккинчилари Буср ибн Саъид эса Убайдуллоҳнинг ҳамроҳлигида у кишини кўргани борибдилар. У киши Зайд розияллоҳу анҳунинг эшикларида ҳайвон суврати бор пардани кўриб қолиб, ҳайрон қолдилар. Нима учун Зайд ўзи нақл қилган ривоятга хилоф иш қилади? Ахир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, фаришталар сувратлар бор уйга кирмаслар», деган ҳадиси шарифларини у киши билан бирга ривоят қилган эдику?! Лекин Буср розияллоҳу анҳунинг ёдларидан нозик бир истисно чиқиб қолган эди. Уни ҳамроҳлари Убайдуллоҳ эслатди.
«Магар кийимдаги чизғи бўлса жоиз» деганини эшитмаган эдингми?» деди у».
Анашу истисно юзасидан Зайд розияллоҳу анҳу эшикларига ҳайвон суврати қўшиб тўқилган парда осилишига рози бўлганлар.
Бу ҳадис билан ундан олдин келган Оиша онамизнинг ҳадисларидаги фарқ бу ҳадисдаги суврат матони тўқишига қўшилган, унда эса кейин солинганлигидадир. Кейин ишланган суврат аниқ ва мужассам бўлиши ҳаммага маълум.
Бу дегани ҳозирги кундаги тўқимачилик ишхоналарида жонли нарсаларнинг сувратларини солиб чиқарилган матолардан бемалол фойдаланса бўлаверар экан дегани эмас. Олдинги матоларга қўшиб тўқилган сувратлар билан ҳозиргиларининг фарқи бор. Аввал суврат тўлиқ ва аниқ бўлмаган.
Умуман, эҳтиёт йўлини тутиш афзал.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом маълум соатда келишни ваъда берди. Ўша соат келса ҳам, у келмади. Ул зотнинг қўлларида асо бор эди, уни ташлаб: «Аллоҳ ва Унинг расуллари ваъдасига хилоф қилмас», дедилар. Бундоқ қарасалар, ётар сўрилари остида бир итнинг боласи. Шунда у зот:
«Эй, Оиша! Манави ит бу ерга қачон кирди!» дедилар.
«Аллоҳга қасамки, билмадим», деди у. Бас, у зот амр қилдилар. Уни чиқарилди».
Бошқа ривоятда зиёда қилинди:
«Сўнг сув олиб унинг ўрнига сепдилар. Кейин Жаброил келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен билан ваъдалашган эдинг. Сени кутиб ўтирдим, келмадинг?» дедилар. Шунда у:
«Мени уйингдаги ит ман қилди. Бизлар ит ва суврат бор уйга кирмаймиз», деди». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бошқа ривоятлар каби ушбу ривоят орқали кўп нарсани ўрганиб олмоқдамиз. Умуман, сиз билан биз учун ҳадиси шарифларни ўрганиш фурсати улкан бахт-саодатдир. Биз ўрганаётган нарсалар Аллоҳ таолога, У зотнинг энг афзал бандаси ва пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларнинг энг афзал авлоди саҳобалар авлодига тегишлидир.
Бу ривоятларнинг барчаси ҳикмат, ибрат, ваъз-насиҳат, ҳукми шариат, тариху сийрат ва бошқа кўпгина фойдалар конидир.
Қаранга, ушбу ўрганаётган ривоятимизда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламниинг фаришта Жаброил алайҳиссалом билан бўлган алоқалари ва унга тегишли нарсалар баён қилинмоқда.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом маълум соатда келишни ваъда берди».
Демак, Жибирийл алайҳиссалом баъзида тўғридан-тўғри Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсалар ҳам баъзида олдиндан вақт белгилаб, келишиб олиб, кейин келар эканлар. Албатта, Жаброил алайҳиссаломдек фаришталарнинг етакчиларидан бўлган, Аллоҳ таоло томонидан ваҳийнинг амийни қилиб таъйинланган зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдек улуғ зотга ваъда бергандан кейин бу ваъданинг устидан чиқиши турган гап. Аммо бу сафар…
«Ўша соат келса ҳам, у келмади».
Ҳа, Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссаломга ваъда берган вақтлари бўлса ҳам келмадилар. Одатдан ташқари бир ҳол. Бундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тавишга туша бошладилар.
«Ул зотнинг қўлларида асо бор эди, уни ташлаб:
«Аллоҳ ва Унинг расуллари ваъдасига хилоф қилмас», дедилар».
Бу келмасликнинг сабаби ваъдага хилоф қилишдан бошқа нарса бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юраклари ғалати бўлиб сабабни ахтара бошладилар.
«Бундоқ қарасалар, ётар сўрилари остида бир итнинг боласи».
Ҳа, У зотнинг ердан бир оз кўтарилган ётар сўрилари бор эди. Ўшанинг тагига бир кучукча кириб олибди. Бу қаердан келиб қолди экан. Эҳтимол ҳужранинг соҳибаси билар?
«Шунда у зот:
«Эй, Оиша! Манави ит бу ерга қачон кирди!» дедилар».
Мен ташқарида юриб бехебар қолибман, сен аксар ҳолда уйда бўласан. Хабаринг борми манави кучукчани сўрининг остига кириб олганидан?
«Аллоҳга қасамки, билмадим», деди у».
Оиша онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аччиқлари чиққанини сезиб, ишнчли бўлиши учун қасам ичиб гапирдилар. Энди кучукча ҳеч кимга билдирмай сўрининг остига кириб олгани маълум бўлди.
«Бас, у зот амр қилдилар. Уни чиқарилди».
Нопок нарса ҳужранинг ичига кириб ётиб олгани яхши бўлмади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кучукчани ҳужрадан чиқарилгандан
«Сўнг сув олиб унинг ўрнига сепдилар».
Кўнгиллари бўлмай ўша ерни шу шаклда поклашни ирода қилдилар.
«Кейин Жаброил келди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгиллари ўрнига тушди. Жаброил алайҳиссалом кўринишлари билан
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен билан ваъдалашган эдинг. Сени кутиб ўтирдим, келмадинг?» дедилар». Шунда у:
«Мени уйингдаги ит ман қилди. Бизлар ит ва суврат бор уйга кирмаймиз», деди».
Ана шунда нима учун Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ваъдалашилган вақтда келмаганлари аён бўлди.
Бинобарин, ким уйи фариштали бўлишини хоҳласа, унда суврат ва ит бўлишига йўл қўймасин экан. Биз аввал уйда ит сақлаш масаласини яхшилаб ўрганганмиз. Суврат масаласини эса энди ўрганмоқдамиз. Бу борадаги ривоятлар матнини таҳлил қилиб бўлиб, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда умумий хулоса чиқаришга ҳам уриниб кўрамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради.
«Киравер», дедилар у зот.
«Қандоқ қилиб сенинг уйингга кираман? Ахир унда сувратлари бор парда турибдику! Ёки уларнинг бошларини кесиб ташла, ёки оёқ остига солинадиган палос қилиб ол. Албатта, биз фаришталар жамоаси сувратлар бор уйга кирмасмиз», деди у».
Насаий ва унинг икки соҳиби ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Жаброил алайҳиссалом ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига изн сўрамасдан кирмаслари.
2. Фаришталар суврат бор уйга кирмаслиги.
3. Жонли нарсанинг суврати бор буюм ёки матони ўша нарсанинг бош қисми сувратини кесиб ташлаб ишлатилса жоизлиги.
4. Жонли нарсанинг суврати бор нарсалардан оёқ ости бўладиган жойларда фойдаланса жоизлиги.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида сувратларни ҳеч қўймай йўқотар эдилар». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: У зотнинг умматлари ҳам шундоқ қилмоқлари лозим.
Мана, сувратга тегишли баъзи ривоятларни ўрганиб ҳам чиқдик. Бу масала бўйича Ислом душманлари динимизни хоҳлаганича қоралашга ўтганлар. Ислом санъатга қарши, гўзалликни тасвирлашга ва ҳис қилишга йўл қўймайди ва ҳаказоларни айтганлар ва айтиб келмоқдалар.
Аслини олганда эса мазкур танқидчилар ноҳақ гапни айтадилар. Ислом ҳеч қачон санъатга қарши бўлмаган ва гўзалликни ўз ўрнида ҳис қилишни яхшилаб йўлга қўйган. Агар гўзаллик фақатгина суврат солиш ва ҳайкалтарошлик қилишга боғланиб қолган бўлса, марҳамат жонсиз нарсаларнинг суврат ва ҳайкалларини хоҳлаганича чизиб, ясаб маза қилишаверсин. Бунга Ислом изн берган.
Исломда жонли нарсаларнинг сувратига изн берилмагани эътиқод бузилиши масаласига боғлиқ эканини олдин ҳам айтиб ўтдик. Одамлар ўша сувратларни илоҳ қилиб олишлари хавфи борлигини таъкидладик. Унга тарихдан мисоллар келтирдик.
Исломни бу борада танқид қилаётганларнинг барчаси ҳозир ҳам турли суврат ва ҳайкалларга чўқинаётгани бу хавф доимий эканлигига далилдир.
Масаланинг ушбу ривоятлар айтилаётган пайтда воқеъликда бўлмаган тарафи ҳам мавжуд. Суврат ва ҳайкаллар орқали гўзалликни ҳис қилиб ўзининг «маънавий дунёсини» бойитмоқчи бўладиганлар, ялонғоч сувратлар ишқибози эканлиги ҳам ҳаммага маълум. Бундоқ сувратларнинг чизилиш тарихи ва кейинги қиссалари фахшу фужур ила тўлалиги ҳеч кимга сир эмас. Ана шундоқ «ялонғоч санъат»нинг ижодкорлари ҳам, ишқибозлари ҳам асосан мижози суст, жинсий заиф томонлар эканлиги ҳам айни ҳақиқат. Улар амалда ўзлари эриша олмаган нарсани суврат чизиш ва уни томоша қилиш орқали ўрнини тўлдиришга уринсалар ажаб эрмас.
Агар мақсад ҳақиқий гўзалликни ҳис қилиш бўлса табиат манзараларидан ҳам гўзал нарса борми дунёда.
Ислом маданиятидаги гўзалликни ҳис қилишдек савия бошқаларда бўлган эмас. Бўлиши ҳам қийин. Чунки, юқорида таъкидлаганимиздек, уларнинг фалсафаси нотўғри. Мақсадлари бузуқ ва уфқлари тор. Улар тарғиб қилаётган нарса ўзларининг ҳавойи нафсларининг талабини қондириш, холос.
Биз улар билан жонсиз нарсаларнинг суврати ила гўзалликни ҳис қилишда ҳамфикрмиз. Аммо жонли нарсалар сувратида мутлақо ҳамфикр бўла олмаймиз. Бу борада аввал айтиб ўтилган эътиқод бузилиши ва фисқи фасоддан ташқари бошқа нарса ҳам бор.
Фараз қилайлик, бир жонли нарсанинг сувратини тамоша қилган киши ундаги чизиқлар ва бўёқлар орқали маълум бир шаклдан хулоса чиқаради. Яъни, унга тасир қиладиган нарса шаклдан иборат. Бошқа нарса йўқ.
Исломий маданият бунинг ўрнига қўядиган нарсалардан бири хаттотлик санъатидир. Бу санъатга мусулмонлар қанчалик аҳамият бергани маълум ва машҳур.
Биринчидан хат санъатида ҳам шакл бор. Шакл бўлганда ҳам турли туман шакллар мавжуд. Хатнинг турлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Сулс, куфий, руқъа, форсий ва ҳаказолар. Бу хатларнинг гўзаллигини уларни билмайдиган кишилар ҳам дарҳол сезади.
Иккинчидан бизнинг хаттотлик санъатимизда шаклдан ташқари қироат ҳам бор. Хатларимизни кўрган шахс уларнинг шаклига маҳлиё бўлиш билан бирга ўқийди ҳам. Ўқиш орқали қанчалик гўзаллик ҳис қилиш мумкинлигини ўқиганлар билади.
Учинчидан бизнинг хаттотлик санъатимизда шакл ва қироатдан ташқари овоз ҳам бор. Яъни, ўқиганда овоз чиқади. Овоз орқали қанчалик гўзаллик ҳис қилиш мумкинлигини ўз ишқивозлари яхши билади.
Тўртинчидан ва энг муҳими, бизнинг хаттотлик санъатимизда шакл, қироат ва овоздан ташқари маъно ҳам бор. Маъно бўлганда ҳам Қуръони Карим ва ҳадиси шариф маънолари ҳамда буюк мутафаккирларнинг ҳикматли сўзлари маънолари бор.
Буёғи ҳар кимнинг ўзига ҳавола.
Суврат масаласида мусулмонларнинг ўзлари ҳам воқеъликда бир неча тоифага бўлинадилар.
Биринчи тоифа ғарбга тобеълар тоифасидир. Улар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида ҳамма сувратга ибодат қиладиган бўлиб кетган эди. Шунинг учун уларни бу ишдан қайтариш мақсадида қаттиқ лаҳжадаги ҳадислар айтилган. Вақт ўтиб одамлар ақийда масалаларини ўзлаштириб олдилар. Энди ҳеч ким сувратга топинмайдиган ҳолга келинди. Шунинг учун сувратга рухсат берилган, дейдилар.
Лекин ким, қачон, нима асосда рухсат берганини айта олмайдилар. Бундоқ нарсаларда фақатгина Аллоҳ таолонинг ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рухсатларигина ўтишини билмайдилар.
Иккинчи тоифа бу масалада келган ҳар бир сўзни сиртидан маҳкам ушлаб, бошқа ҳеч қандай қоида қонунларни қабул қилишдан мутлақо бош тортадиганлар тоифаси. Булар ҳам биринчи тоифага ўхшаб озчиликни ташкил қиладилар. Улар ҳаттоки ҳужжат учун аксларини забт қилдиришни ҳам инкор қиладилар.
Учиничи тоифа жумҳури мусулмонлар бўлиб, улар ҳамма нарсани ўз ўрнида баҳолайдилар. Ҳадиси шарифларда келгани каби инсон томонидан Аллоҳ яратган нарсага ўхшатаман деб жонли нарслар сувратини солиш ва ҳайкалини тарошлаш ҳаром.
Аммо фото олиш асбоби ила акс олиш жоиз. Чунки бунда инсон томонидан Аллоҳ таоло яратган нарсага ўхшатишга уриниш йўқ. Ундоқ нарсаларга ибодат қилиш ҳам йўқ. Фото худди ойнага акс тушгандек гап. Фақат ойнада забт бўлиб қолмайди, фотода акс забт бўлиб, уни қоғозга чиқариш мумкин.
Замонамиздаги кўзга кўринган уламолардан бирлари, фото олиш жиҳози ила чиқариладиган шаклни суврат дейишлик луғат жиҳатидан ҳам тўғри келмайди. У суврат эмас, балки, аксдир. Шунинг учун ҳам кўрфаздаги давлатларнинг аҳолиси фоточини аккос, фотони акс дейдилар, дейди.
Бу масалада хулоса қиладиган бўлсак, қуйидаги натижалар чиқади:

1. Жонли нарсаларнинг сувратини қўл билан чизиш, ҳайкалини ясаш ҳаром.
2. Жонли нарсаларнинг тўлиқ шаклдаги суврат ва ҳайкалларини сақлаш ҳаром.
3. Жонли нарсаларнинг тўлиқ бўлмаган, ҳаёти қолиши мумкин бўлмайдиган ҳолатга тушган сувратининг бўлиши жоиз.
4. Жонли нарсаларнинг унча аниқ бўлмаган сувратлари мато тўқишда аралаштириб тўқилган бўлса жоиз.
5. Жонсиз нарсаларнинг сувратини солиш жоиз.
6. Болалар ўйинчоқларига, айниқса, қизчаларнинг қўғирчоқларига рухсат.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Банклар ҳаммадан қарз олиб, ўз ҳисобидан бошқа тижорий муассасаларга, ишлаб чиқариш ёки бошқа соҳаларга қарз беришни ўзига одатий касб қилиб олган ташкилотдир. давоми...

11673 05:00 / 17.02.2017
Биз .гаров, деб таржима қилган сўз арабчада .раҳн, дейилиб, луғатда .тутиш,, .давомийлик, ва .субут, маъноларини билдиради.Шариатда эса, .қарз сабабидан ҳужжат давоми...

5419 05:00 / 17.02.2017
Абдул Мажид ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Менга алАддаау ибн Холид розияллоҳу анҳу.Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ёздириб давоми...

3588 05:00 / 17.02.2017
Сиз бу каби ташкилотлардан улар ишлаб чиқган нарсани савдо моли ёки хизматни сотиб олсангиз, шу вақтнинг ўзида тармоқли бозорга аъзо бўласиз. Агар ушбу тармоқга давоми...

3033 05:00 / 17.02.2017