1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ростгўйлик ва карамли бўлиш ҳақида (1-қисм)

17:49 / 15.09.2017 4215 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1633. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдо-сотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот: 

«Қачон савдо қиладиган бўлсанг, «Алдаш йўқ», дегин», дедилар». 

Учовлари ва Насаий ривоят қилганлар. 

Муслим:

«У олди-сотди қилса, «Алдаш йўқ» дер эди»ни зиёда қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда зикри келаётган саҳобийнинг бошлари ёрилиб, бир оз фикрлари ва тиллари оғир бўлиб қолган эди. Тутилиб гапирар ва олди-сотдида алданиб қолар эдилар. Ўзларининг бу ҳолларидан шикоят қилганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олди-сотдидан олдин савдолашаётган одамга «Алдаш йўқ», деб, огоҳлантириш бериб қўйишни тавсия қилдилар. Яъни Ислом дийнида савдо-сотиқда бир-бирини алдаш йўқлигини эслатиб қўйишни ўргатдилар. Эҳтимол, шунда бошқа томон ўзига алдашни эп кўрмаслиги мумкин. Бундан савдо-сотиқда, молиявий муаммоларда бир-бирини алдаш ҳаром эканлиги яққол кўриниб турибди.

 

1634. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир», дедилар». 

Учовлари ривоят қилганлар.

Муслимнинг ривоятида: 

«Савдода кўп қасам ичишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки у ўтказади ва ўчиради», дейилган.

Шарҳ: Баъзи бир савдогарлар ўз молини ўтказиш учун ёлғон гапирадилар, ҳатто қасам ҳам ичадилар. Баъзи харидорлар унинг қасамига ишониб, молини сотиб олади. Ҳалиги савдогар савдойим юришди, деб хурсанд бўлади. Аслида эса ёлғон гапиргани, ёлғон қасам ичгани учун молининг баракаси ўчади. Пулининг миқдори кўпайганга ўхшагани билан баракаси бўлмайди. Фойдаси камаяди. Ҳатто, бошқа томондан балолар ҳам етади.

Шунинг учун савдогар ростгўй бўлиши керак, қасам ичиб, молини ўтказишга уринмаслиги лозим. Ростгўйлик билан, бировни алдамасдан қилинган савдода барака бўлади. Эгасига юқади, фойда беради.

 1635. Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир киши бозорда туриб, бир молни савдога қўйди ва мусулмонлардан бир одамни қизиқтириш учун у(мол)га ўзига берилаётгандан кўп берганини айтиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичди. Шунда:

«Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва қасамларини арзон баҳога сотадиганлар...» ояти нозил бўлди». 

 Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Оятнинг давомида: 

«Ана ўшаларга охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмаc, назар солмас ва уларни покламас. Ва уларга аламли азоб бордир» («Оли Имрон» сураси, 77-оят), дейилган.

Демак, одамларни қизиқтириб, молини ўтказиш учун «Бу мол менга ўзи бунчага тушган», деб ёлғон айтиб, қасам ичиш охиратда ёмон оқибатларга олиб келар экан. Шунинг учун бу нарсадан ҳушёр бўлиш керак.

 1636. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб: «Қандай ­сотяпсан?» деб сўрадилар. У хабар берди. Шунда у зотга «Қўлингни у(таом)нинг ичига тиқ», деб ваҳий қилинди. У зот қўлларини тиқсалар, ҳўл экан. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким алдаса, биздан эмасдир», дедилар». 

Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Муслим ва Термизийнинг лафзида: 

«У зот: 

«Эй таом эгаси! Бу нима?!» дедилар.

«Ёмғир теккан эди, эй Аллоҳнинг Расули», деди.

«Одамлар кўришлари учун буни таомнинг устига қилсанг бўлмасмиди! Ким алдаса, мендан эмас!» дедилар»дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги таом деб номланган ва савдога қўйилган мол буғдой бўлиб, унга ёмғир тегса, шишиб, оғир бўлиб қолади. Шунинг учун сотувчи ўлчовда фойда кўради. Иккинчидан, сув теккан буғдойни сақлаш қийин бўлади. Шунинг учун унинг айбини айтмай сотиш алдамчилик ҳисобланади.

Ушбу ҳадисдан савдо-сотиқ бўйича бир қанча фойдалар олинади:

1. Ислом дийнининг савдо-сотиқ, иқтисодий ишларда ҳам ўз таълимотларига эга эканлиги. 

2. Масъул кишилар савдо-сотиқ ишлари шариатга мувофиқ боришини кузатиб туришлари лозимлиги. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўрашлари ва қўлларини солиб, текшириб кўришлари шуни кўрсатади.

3. Савдо молида айб бўлса, уни харидорга айтиш ёки кўрсатиш лозимлиги. Айбини кўриб туриб, олса, ўзининг иши.

4. Савдодаги алдамчилик қилиш савдогарни мусул­монлик доирасидан чиқариши. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам­нинг «Мендан эмас» деганлари «Менинг дийним­да эмас», деганларидир.

Энди бугунги катта-кичик савдогарларнинг қилаётган ишларига бир назар солайлик. 

Савдонинг қайси тури бўлса, ҳаммасида харидорни яхшилаб алдаш услуби ишлаб чиқилган. Нима қилиб бўлса ҳам харидорни алдаб, молни ўтказиб олишдан бошқа ташвиш йўқ. 

Яхши, сифатли молни кўргазмага қўйиб, ёмонини тортиб ёки ўлчаб бериш – энг осон услуб. 

Аввалгиларга ўхшаб, ёмғир тегиб қолганди, де­йиш йўқ. Зироат маҳсулотини бозорга узиб ёки териб олишдан олдин, албатта, томиридан тўйиб ичиб олганича сув қўйилади. Маҳсулот тарози босадиган бўлгандан кейин бозорга олиб чиқилади. Албатта, уни еган одамни дард босади. 

Бозорда шеригининг ширин анорини сўйиб, кўргазмага қўйиб, ўзининг аччиқ анорини пуллайдиганлар ҳам йўқ эмас. 

Қўйингки, инсон боласининг ақлига сиғмайдиган нарсалар, ҳийла-найранглар бозорда учрайди. Ушбу нарсаларни касб қилиб олган алдамчиларнинг ўзини мусулмонман, деб аташга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиданман, дейишга ҳақлари бормикан?! 

Аллоҳ таолодан қўрқиш керак. Алдамчиликни ташлаш керак. Алдамчилик билан топилган мол-дунё ҳаром бўлади. Эгасига юқмайди. Бошига битган бало бўлади. Қиёматда ҳам шарманда қилади.

 1637. Қайс ибн Абу Fарза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида даллол деб номланар эдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар: 

«Эй тожирлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади. Бас, уни садақа ила аралаштиринглар», дедилар». 

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан Ислом тижоратнинг ва тижорат аҳлининг қадр-қийматини кўтарганини билиб оламиз. Исломдан олдин савдогарларни даллол деб аташган экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни бу исмдан кўра яхшироқ сўз — «тожир» исми билан атаганлар.

Тожирлар иш давомида билиб-билмай, турли беҳуда гап-сўзларни айтиб ёки ишларни қилиб қўйишлари, ҳатто қасам ичишлари ҳам мумкинлиги эътиборидан, ўшаларни ювиш учун тез-тез садақа қилиб туришлари керак. 

Яхшилаб эслаб қолиш керакки, мазкур садақа фақатгина беҳуда гап-сўз ва қасамлар эътиборидан, холос. Тожирнинг қилган садақаси унинг алдам­чи­ли­гини, ҳаромхўрлигини ювиб юбормайди. Бу ҳа­қиқатни ҳар бир тожир яхши англаб етмоғи зарур.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўтган гаплардан вараъ камолот сифатларини ўзида жамловчи мақом экани кўриниб турибди.Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи Маккага бориб, Масжидул Ҳаромга кирибди. давоми...

3397 13:02 / 07.03.2018
Инсон борки, ёлғизликка тоқат қила олмайди. У ўзининг мулоқот қилиш учун яралганини англагани сабабли ҳам яқинлари билан мулоқотдан хотиржамликка эришади. Араб давоми...

4774 21:23 / 18.04.2018
Ким неъматларга шукр қилмаса, батаҳқиқ, унинг заволига учрайди. Ким уларга шукр қилса, батаҳқиқ, уларни арқонлари билан боғлайди.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий давоми...

4518 17:21 / 27.05.2018
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Менинг умматимдан етмиш минги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. Улар дам солишни давоми...

3819 21:57 / 09.04.2018