1447 йил 5 ражаб | 2025 йил 25 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳнинг меҳри ҳам, қаҳри ҳам мўмин учун яхшиликдир (2-қисм)

18:31 / 08.04.2018 4059 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

 «Албатта, молларингиз ва жонларингизда синалажаксиз. Ва албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитажаксиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу азийматли ишлардандир» (186-оят).

Барча ҳолатлар ва шахсларда албатта, бало-офат ва синовлар бўлиши шартдир. Бундай пайтларда сабр-тоқатли, чидамли бўлиш ва Аллоҳ таолога тақво қилиш зарурдир. Чунки Аллоҳ таолонинг ибодатидаги йўл олий мақсад йўлидир, жаннат йўлидир. Жаннат йўли доимо тиканлар билан ўралган бўлади. Дўзах йўли эса шаҳвоний ишлар, лаззатлар билан ўралган бўлади.

Қийинчиликсиз эришилган нарсанинг қиймати бўлмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло эзгулик йўлида, Ўзининг йўлида ҳаракат қилишга отланган бандаларни синовдан ўтказиб, тоблаб, чиниқтириб туради. Ана шундагина яхшилик даъватчилари мустаҳкам иродага эга бўладилар. Даъватнинг барча оғирликларини кўтарадилар.

Иймон, Ислом, эзгулик йўлида ҳаракат қилувчиларга молу мулкларида ҳам синов келади. Уларнинг молу мулкларини золимлар тортиб олиши ёки йўқ қилишга уриниши мумкин. 

Ҳақиқат йўлининг курашчилари душманлардан кўплаб озорлар эшитадилар. Улар буларни ҳар замон ва ҳар маконда турли айблар билан айблашади. Турли ёмон сифатлар билан сифатлашади. Булар бўлиши муқаррар ишлардир. Ахир Аллоҳ таоло Ўз Китобида айтиб қўйган нарса муқаррар бўлмаса, нима муқаррар бўлар эди?! Аммо буларнинг бари ҳақиқат йўлида курашувчилар учун, иймон байроғини юксак кўтаришга интилганлар учун яхшиликдир.

Энг камида уларнинг кураш учун оладиган савоблари кўпаяди.

Фақат жону молга бало етганда, торликлардан озор кўрганда:

«Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу азийматли ишлардандир».

Ана шундагина кўзланган мақсадга эришилади. Ҳаммаси яхшилик билан тугайди. Зеро, иймон ила куфр курашида доимо иймон тараф ғолиб келган. Чунки бу тараф Аллоҳнинг тарафи бўлиб, Унинг Ўзи нусрат беради.

Ана шундай қилиб банданинг бу дунёдаги ҳаёти давомида дуч келадиган ҳолатларнинг барчасида ё шукр, ё сабр бўлиши керак. 

Агар банда бу борада бир тарафлама иш тутишга ўтса, Аллоҳ таоло ато берганда хурсанд бўлиб, бошига синов солганда юз ўгириб кетадиган бўлса, ишни яримта қилган бўлади ва оқибатда кулфатга қолади, зиён кўради. Аллоҳ таоло бу ҳолатни Қуръони Каримда қаттиқ қоралаган.

У Зот Ҳаж сурасида марҳамат қилади:

 «Одамлардан Аллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир» (11-оят).

Бас, шундай экан, Аллоҳ таоло бандага лутфу карам кўрсатиб, ато берса, кенглик яратса, банда шукр қилиши керак бўлади. Аллоҳ таоло синов учун бандани ман қилса, унга торликни раво кўрса, банда сабр қилиши лозим бўлади. Ушбу икки ҳолатда ҳам банда ўзини бирдек тутиши зарур. Ана шундагина у бу дунё ва охират саодати калитига эга бўлади.  

Иккинчи ҳақиқат: Аллоҳ таоло бандасини синаш учун унга раво кўрган ҳар бир мусибат ва қийинчилик банданинг содир этган маъсиятининг каффороти, ёки унда пайдо бўлган ғафлатдан огоҳлантириш, ёхуд ундан содир бўлган юз ўгириш ва унутишдан кейинги тавба-тазарруга чорлаш учун бўлади. Мазкур мусибат ва қийинчиликларга учрамагунича, банда Роббидан ғафлатда бардавом бўлиб, У Зотдан юз ўгириб, маъсиятни содир этиб юраверади. Шунинг учун ҳам бу маънодаги Аллоҳ таоло бандасини синаш учун унга раво кўрган ҳар бир мусибат ва қийинчилик неъмат, лутфу карам ҳисобланади.

Воқеликка, атрофимизга назар соладиган бўлсак, кўпчиликнинг ўзини ўнглаб олишига, тўғри йўлга киришига, ибодатга берилишига ва саодатга эришишига ҳаёти давомида бошига тушган қандайдир мусибат сабаб бўлганини кўрамиз.

Покистон Ислом жумҳуриятига қилган сафарларимиздан бирида мезбонлар бизни машҳур масжидга зиёратга олиб боришди. Масжидда намоз ўқидик. Зиёрат давомида масжиднинг тарихи билан, ҳозирги фаолияти билан танишдик. Мезбонларимиз масжиддаги баъзи диққатга сазовор асарлар билан ҳам таништиришди. Бизда катта таассурот қолдирган нарса қалин қоғоз устига ёпиштирилган яшил рангдаги ипак матога олтин иплар билан тикилган Қуръони Карим нусхаси бўлди. Бу кўрган одамни ҳайратга соладиган даражадаги иш эди. Аммо Қуръони Каримнинг бу ажойиб нусхасининг тарихи ундан ҳам ажабланарли эди. Жуда ҳам бой ва бадавлат оила бор экан. Уларнинг бойликларига кўпчилик ҳавас қилар экан. Аллоҳ таолонинг иродаси ила бир куни ўша оиланинг қасрига ўт кетибди. Ҳамма нарса куйиб кул бўлибди. Энг ачинарлиси, хонадоннинг хоними ҳам куйиб, ҳалок бўлибди. Хонадон раҳбарига ҳаммасидан ҳам севимли бўлган жуфти ҳалолининг ҳалокати қаттиқ таъсир қилибди ва у кишининг хотирасига мазкур Қуръони Карим нусхасини ўз қўли билан тикишни ният қилибди. Аллоҳ таолонинг ёрдами билан бу ишни биз кўрган тарзда амалга ошрибди. Аёлидан ажраб қолишдек мусибатга сабри ажойиб солиҳ амални бажаришига сабаб бўлибди...

Ҳа, Аллоҳ таоло мўмин бандалари билан қиладиган муомалаларининг барчасида доимо ўта раҳмли ва лутфу карамлидир. Фақат бандаларнинг ўзлари фаҳмлари етмагани учун гоҳида бу сирларни билмай қийналишади, холос.

Аллоҳ таоло барчаларимизни қачон У Зот бизга ато берса, бизни яхшилигига шоҳид қилаётганини,  қачон бизни ман қилса, бизни қаҳрига шоҳид қилаётганини фаҳмлаб етадиган бандаларидан қилсин! Мазкур муомалаларининг барчасида ҳам бизга Ўзини яхшилаб танитувчи ва бизга лутфи ила юзланувчи эканини фаҳмлаб етадиган бандаларидан қилсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тавба илм, ҳол ва амалдан иборат бўлиб, бу уч нарса бирбирига чамбарчас боғлиқдир.1. Илм ndash гуноҳларнинг зарари жуда ҳам катта эканига, банда билан унга маҳбуб давоми...

5221 16:28 / 28.10.2017
1633. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдосотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот давоми...

5026 17:49 / 15.09.2017
Кимга ибора айтишга изн берилган бўлса, унинг иборалари махлуқотларнинг қулоғида фаҳмланади ва ишоралари улар учун равшанлашади.Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан давоми...

4005 17:23 / 04.02.2018
Тўртинчи тақсим2. Либос ғийбати. Кишининг либосини ғийбат қилиш, масалан, фалончи гадойларга ўхшаб кийинади, ҳаром либос кияди, ипак кўйлак кияди, бузуқларга ўхшаб давоми...

5004 17:25 / 17.01.2018
Видеолар

989 16:41 / 19 декабрь
Аудиолар

216605 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

135766 14:35 / 11.08.2021