1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Қабул бўлиши энг умидвор амал

00:53 / 13.11.2017 4752 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қабул бўлишда сенга борлиги ғойиб бўлган ва вужуди арзимас бўлган амалдан умидворроқ амал йўқ.

Мўмин банда бу дунёда қиладиган барча амалларининг Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлишини хоҳлайди. Чунки у ўзининг оқибати мазкур амалларнинг қабул бўлиши ёки бўлмаслигига боғлиқ эканини яхши билади. Шу билан бирга, амалларнинг қабули ҳам ҳар хил бўлиши бор. Баъзи амаллари шунчаки қабул бўлади. Бошқаларининг қабул бўлишидан умидворлик кўп бўлади. Ана ўша ўлчовларни яхши билиб олган бандалар амалларининг қабул бўлишидан кўпроқ умид қилинадиган йўлни тутишга ўтадилар. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда қабул бўлишидан энг кўп умид қилинадиган амални таърифлаб бермоқда.

Биз эса бу ҳикматдаги теран маънони тўғри ва керакли равишда англаб етиш учун бир оз муқаддимага ва шарҳга мухтож бўламиз.

Аввало банданинг амали нима ва унинг тафсилотлари ҳақидаги ақийдамиз қандай бўлиши кераклигини билиб олайлик.

«Ақийдаи Тоҳавия шарҳининг талхиси»да айтилади:

«Бандаларнинг амаллари Аллоҳнинг халқ қилган нарсаси ва бандаларнинг касбидир.

Шарҳ: Яъни банданинг амали ҳақиқати бор нарсадир. Лекин у Аллоҳ томонидан халқ қилингандир. Бу ерда амалнинг ўзи билан амалдан келиб чиққан маҳсул орасида фарқ бор. Яъни халқ қилиш – яратиш билан, махлуқ – яратилган нарса орасида фарқ бордир. Банда амални қилади, аммо ўша амални халқ қилиш Аллоҳдан бўлади. Яъни уриниш бандадан бўлади, халқ қилиб, вужудга келтириш Аллоҳдан бўлади. Аллоҳ халқ қилмаса, банда ҳар қанча урингани билан бир натижа чиқмайди. Муаллиф Аллоҳ таолога ҳалқ қилиш – яратиш нисбатини, бандага эса касб қилиш нисбатини берди. Чунки касб уни қилувчига ундан манфаат ёки зарар келадиган ишдир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Қилган яхши касби ўз фойдасига, қилган ёмон касби ўз зарарига» (286-оят).

Халқ билан касб ўртасидаги фарқнинг хулосаси:

Банданинг қудрати чегарасида воқе бўлган нарса касбдир. Банданинг қудрати эмас, Аллоҳнинг қудрати чегарасида воқе бўлган нарса эса халқ, яъни яратишдир...

...Аҳли сунна вал жамоанинг далиллари:

Аллоҳ таоло Соффот сурасида марҳамат қилади:

«Ҳолбуки, сизни ҳам, қилган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» (96-оят).

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратувчисидир. Ва У ҳар бир нарсага вакилдир» (62-оят).

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир» (20-оят). 

Аллоҳ таоло Инсон сурасида марҳамат қилади:

«Ва Аллоҳ хоҳласагина, сизлар хоҳлайсизлар» (30-оят). 

Бандаларнинг хоҳишлари ҳам Аллоҳнинг халқ қилиши – яратиши билан бўлганидан кейин, бошқа амаллари ҳақида гапириб ўтирмасак ҳам бўлади. Чунки ихтиёрий амаллар хоҳишнинг жузъи ва самарасидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир бўлганидан кейин, бандаларнинг амалини халқ қилишдан У Зотни нима ожиз қила олади?

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бандадан содир бўладиган нарса икки хил бўлади.

Биринчи хили: унинг иродаси, имконига боғлиқ бўлмаган, титраш, юрак уриши каби нарсалар. Булар унинг амали эмас, сифатидир.

Иккинчи хили: банданинг ихтиёрига ва имконига боғлиқ нарсалар бўлиб, бунга барча ихтиёрий ҳаракатлар киради. Булар банданинг сифати, амали, касби, деб васф қилинади. Аллоҳ банданинг ихтиёрий ва бошқа ҳамма амалларининг Холиқи(Яратувчиси)дир.

Энг мўътабар ақийда китобларимиздан бирида келган ушбу иборалардан маълум бўладики, бизнинг қилаётган амалларимизни ўзимиз ихтиёр қилсак ҳам, уларнинг яратилиши – вужудга келиши Аллоҳ таолонинг халқ қилиши билан бўлади. Агар Аллоҳ таолонинг Ўзи бизга кўмак бермаса, лутф кўсатмаса, биз заррача амални ҳам бажара олмаймиз.

Бас, шундай экан, қандай қилиб «Мен фалон амални қилдим, Аллоҳ таоло унга савоб бериши керак», деган даъвони қилишимиз мумкин?! Бу беодоблик бўлмайдими?! Бу Аллоҳ таоло Ўзи халқ қилган амал учун У Зотдан ажр талаб қилиш эмасми?!

Унинг ўрнига амал қилишимиз учун Аллоҳ таолодан кўмак сўрашимиз ўринлироқдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи биз ожиз бандаларига ҳар куни намозларимизнинг ҳар ракъатида такрор-такрор тиловат қилинадиган Фотиҳа сурасидаги «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина кўмак сўраймиз» оятини ўқишни амр қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган улуғ ҳадисда «Аллоҳдан кўмак сўра ва ожиз бўлма!» деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаттоки Аллоҳ таолони зикр қилишимиз, Унга шукр ва гўзал ибодат қилишимиз учун ҳам Ўзининг кўмагини сўрашимизни топширганлар.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қўлларидан ушлаб:

«Эй Муъоз, Аллоҳга қасамки, албатта, мен сени яхши кўраман. Эй Муъоз, мен сенга ҳар бир намоздан кейин «Аллоҳумма аъинни ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатика», дейишни тарк қилмаслигингни тавсия қиламан», дедилар».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятдаги дуонинг маъноси: «Аллоҳим, менга зикрингни, шукрингни ва ҳусни ибодатингни қилишга Ўзинг кўмак бергин».

Шунинг учун ҳам анбиёларнинг отаси – Иброҳим алайҳиссалом энг афзал амални қила туриб ҳам, уни қабул қилишини Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёлвориб сўраганлар.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади: 

«Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сен Ўзинг ўта эшитувчисан, ўта билувчисан» (127-оят).

Бу жуда улкан мақомдир. Салафи солиҳлардан Вуҳайб ибн Вард раҳматуллоҳи алайҳи ушбу оятни ўқиганларида йиғлаб туриб:

«Эй Роҳманнинг халили! Роҳманнинг Байтининг пойдеворларини кўтариб турибсан-у, яна қабул бўлмай қолармикан, деб қўрқяпсанми?!» деган эканлар. Улкан қалблар, етишган шахслар ана шундай ҳассос бўладилар.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг муқарраб бандалари ибодатлари ва тоатлари билан фахрланмаган ва ғурурга кетмаганлар, балки ибодат ва тоатларининг кўнгилдагидек чиққанини Аллоҳ таолонинг ўзларига кўрсатган лутфу карами деб билганлар ва мазкур ибодат ва тоатлар кўнгилларидагидек чиқмаса, уялиб, хижолат бўлганлар.

Ана ўшаларнинг амаллари қабул бўлишида умидворлик кўпроқ. Чунки Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи айтганидек, ўзлари қилган амаллари уларга ғойиб бўлгандир. Улар қилган барча амалларининг асосий Холиқи Аллоҳ таолонинг Ўзи эканини жуда яхши биладилар. Бу ақийданинг далили Қуръони Каримда келгандир.

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:   

«Ва берадиган нарсаларини албатта, Роббларига қайтувчи эканликларидан қалблари титраган ҳолда берадиганлардир» (60-оят).

Бу ояти кариманинг тафсирида имом Аҳмад қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар:

«Оиша розияллоҳу анҳо (Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга):

Эй Аллоҳнинг Расули, «Ва берадиган нарсаларини албатта, Роббларига қайтувчи эканликларидан қалблари титраган ҳолда берадиганлар» ўғрилик содир этиб, зино қилиб, ароқ ичиб, кейин Аллоҳдан қўрқадиганларми? дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўқ, эй Абу Бакрнинг қизи, Сиддиқнинг қизи! У намоз ўқийдиган, рўза тутадиган, садақа қиладиган ва шу билан бирга, Аллоҳдан қўрқадиган одам», дедилар».

Ушбу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидагина эмас, саҳобаларининг кўпларида ҳам бўлган.

Ҳофиз Абу Бакр Абу Дунё ривоят қиладиларки, бир кечаси ҳазрати Умари Одил ўз одатларига кўра Мадинаи Мунаввара кўчаларини айланиб юрган эканлар. Мусулмонлардан бирларининг ҳовлиси ёнидан ўтиб кетаётиб ҳовли эгасининг намоз ўқиётганини эшитибдилар. Тўхтаб, қироатга қулоқ солибдилар. Уй эгаси «Ват Тур»ни ўқиб, «Инна азааба Роббика лавақиъ, маа лаҳуу мин даафиъ»га етганда, ҳазрати Умар: «Каъбанинг Робби ила қасамки, бу ҳақ қасамдир», дебдилар ва эшакларидан тушиб, деворга суяниб қолибдилар. Бир муддат шу ҳолатда туриб, сўнг уйларига қайтибдилар. Шундан кейин бир ой касал бўлиб ётган эканлар. Йўқлаб келганлар у кишининг нима билан оғриётганларини билмас эканлар. Пок ва таъсирчан қалбларнинг эгалари шундай бўладилар.

Ҳидоятга йўлланиб, динга амал қилишга ва ибодатларни адо этишга ўтган кишиларда бир оз муддат ўтгандан кейин юқорида зикр қилинган руҳий ҳолатнинг етишмаслиги сезила бошлайди. Аввалига ибодатларни шавқ ва завқ билан бажаришга киришилади. Ибодатсизлик давридаги ҳолатга таққосланганда бошқа оламга келиб қолганга ўхшайди. Ҳамма нарса кўзига бошқача бўлиб кўринади. Маълум вақт ўтгач, аста-секин аввалги кўтаринки ҳолат сустлаша бошлайди ва қандайдир бўшлиқ пайдо бўлганга ўхшайди. Ибодатда хушуъ ва хузуъ сусайганидан шикоят қилиш бошланади.

Буларнинг барчаси нима қилиб бўлса ҳам ибодатни адо этиш, ҳар бир ибодат адо этилганидан сўнг худди бир катта ишни амалга ошириб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида иш бажарган банда сифатида мукофотга сазовор бўлганлик ҳиссининг юқорилигидан келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида Аллоҳ таолонинг сифатларидан тўла равишда хабардор эмасликнинг натижасидир.

Агар солик ўша пайтда йўлни тўғри равишда давом эттирса, тавҳиднинг маъноларини қалбига жо қилишда зиёда маърифат ҳосил қилса, уларни тадаббур ва таъаммул қилса, зикрни қалб ҳарорати ила кўпайтирса, ҳолати яхшиланади. Зотан, банданинг Аллоҳ таоло ҳақидаги маърифати зиёда бўлган сари ўзининг заифлигини, камчилигини сезиши ҳам зиёда бўлиб бораверади. Ўз навбатида унинг тушунчасида ўзи қилаётган тоат-ибодатнинг қиймати ҳам Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи таъкидлаганидек, арзимас бўлиб бораверади. Бинобарин, Аллоҳ таолога бўлган боғланиши яна ҳам кучайиб бораверади. Энди у Аллоҳ таолонинг ёрдами, йўллаши ва ҳидояти ила адо этган ибодатини дастак қилиб, фахрланиш ўрнига ибодати озлигидан, сифати пастлигидан, уни керакли савияда адо эта олмаётганидан уяладиган бўлиб қолади.

Кўпчилигимиз «Ҳайронман, нима учундир закотини берсам ҳам молим кўпаймаяпти», «Бир ой рўзани тўлиқ тутсам ҳам соғлиғим унча яхшиланмади», «Намозни вақтида ўқиб турсак ҳам ишимиз унча юришмаяпти», «Ҳажга бориб келганлар яна ёлғон гапириб, одамларни алдаб юришибди», «Нима учун мусулмон бўлсак ҳам бошқалардан орқадамиз», каби гапларни гапириб юрамиз.

Аммо ушбу савиядагиларимиз закотни фақат молига офат етмаслиги ёки моли зиёда бўлиши учун берилмаслигини англаб етмаймиз. Шунингдек, рўза соғлиқни яхшилаш ёки вазнни енгиллатиш учун тутилмаслигини англаб етмаймиз. Намоз бу дунёнинг иши юришиб кетиши ёки ёмонликлардан қайтиш учунгина ўқилмаслигини англаб етмаймиз. Ҳаж фақатгина одамлар билан муомалани яхшилаш учун адо этилмаслигини ҳам тўлиқ тушунмаймиз. Мусулмон бўлишимиз бу дунёнинг ишларида бошқалардан ўзиб кетишимиз учунгина эмаслигини ҳам англаб етмаймиз.

Энг муҳими, юқоридагига ўхшаш гап-сўзларимиз Аллоҳ таолога мусулмонлигимизни миннат қилиш эканини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Аллоҳ таоло қадимда худди шунга ўхшаш гапни айтган аъробийлар ҳақида оят туширганини эсдан чиқариб қўямиз.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади: 

«Сенга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Сен: «Менга Исломингизни миннат қилманг. Балки агар содиқ бўлсангиз, Аллоҳ сизни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур», деб айт» (17-оят).

Эй Пайғамбар! Кечагина Исломнинг баъзи амалларини адо этганлар келиб, ўзлари қилган баъзи ишларини сенга гапириб, мақтанадилар. Улар

«Сенга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар».

Аслида, уларнинг бундай қилишлари тўғри эмас. Уларнинг мақтанишга ҳақлари йўқ. Уларнинг сенга Исломларини миннат қилишга ҳеч қандай ҳақлари йўқ. Ислом бировга миннат қилинадиган ёки у ила мақтаниладиган нарса эмас. Ислом ҳар бир банданинг Аллоҳ таоло олдидаги бурчидир. Бурч эса адо этилади. Бурчни миннат қилинмайди. Шунинг учун уларга:

«Сен: «Менга Исломингизни миннат қилманг. Балки агар содиқ бўлсангиз, Аллоҳ сизни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур», деб айт».

Демак, иймон ва Исломни ҳеч кимга миннат қилиб бўлмайди. Бу Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бандасига берадиган улуғ неъмати бўлиб, банда ўша неъматга шукр қилмоғи лозим. Шукр эса иймон ва Ислом тақозоси бўйича яшаш, неъмат берувчи Зот – Аллоҳнинг розилигини топишга ҳаракат қилиш билан бўлади.

Ушбу оятларнинг нозил бўлиш сабабларини баён қилувчи ривоятларда айтиладики:

«Бану Асад қабиласи вакиллари Набий алайҳиссаломга келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз мусулмон бўлдик, араблар сизлар билан урушса ҳам, биз урушмадик», дедилар. Набий алайҳиссалом:

«Буларнинг фикрлари (тушунчалари) оз ва буларнинг тилида шайтон гапиряпти», дедилар.

Шундан сўнг юқоридаги оят нозил бўлди».

Мўмин банда ўзининг динида, тоатида ва ибодати ҳамда амалида Аллоҳ таолонинг Ўзига қанча ихлос қиладиган бўлса, бу ишларда ўзининг ҳеч қандай фазли йўқлигини шунча англаб бораверади. Бу ишларнинг барчасида фазл ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига хослигини тушуниб бораверади. Бинобарин, унинг амаллари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабул бўлишидан умидворлик зиёда бўлиб бораверади. Зотан,

«Қабул бўлишда сенга борлиги ғойиб бўлган ва вужуди арзимас бўлган амалдан умидворроқ амал йўқ».

Аллоҳ таоло барчамизга қабул бўлишида умидворлик бор амалларимизнинг кўп бўлишини насиб қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Руҳий ва асабий касаллар сони тинимсиз ўсиб бормоқда. Бу эса ушбу ҳадиси шариф ва кейинги келадиган ҳадисларнинг ҳикматига инсоният қанчалик муҳтож эканини давоми...

6420 17:52 / 08.07.2017
Валийлик ва муҳаббат маъноси ҳақида сўрабсан. Муваҳҳидларнинг1 барчаси Аллоҳнинг валийлари2 ва аҳбобларидир. Аллоҳ уларнинг валийси, севувчиси ва маҳбубидир. У давоми...

4155 17:06 / 25.09.2017
Агар бор қилинганларда Унинг зоҳир бўлиши бўлмаса, уларни кўриб бўлмас эди. Агар Унинг сифатлари зоҳир бўлса, бор қилганлари йўқ бўларди.Кўзимизга кўриниб турган давоми...

4210 20:26 / 09.09.2017
Ортидан зорланиш ва ҳожатмандлик қолдирган маъсият ортидан иззатталаблик ва манманлик қолдирган тоатдан яхшидир.Ушбу ҳикматда ундан аввалги ҳикматдан пайдо давоми...

3944 19:27 / 13.05.2018