1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Қурбонлик кирмаган хонадон қолмасин

20:59 / 31.08.2017 6556 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

أَعُوذُ بالله مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجيمِ بِسْمِ الله الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ

“Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлик сўй.”

(Кавсар сураси 2-оят)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Одамзот қурбонлик куни қон оқизишдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Қиёмат куни улар (қурбонлик қилинган ҳайвонлар) шохи, жуни ва туёқлари билан келишади (ва гувоҳлик беришади. Қурбонлик сўйилган пайтда) қон ерга тушмай туриб (унинг савоби) Аллоҳнинг ҳузурига етиб боради. Уни чин кўнгилдан қилинглар».

Термизий ривоят қилган.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким қурбонлик қилса, учинчи кундан кейин уйидан ундан бирор нарса бўлган ҳолида тонг отдирмасин», дедилар. Келаси йили бўлганда:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, ўтган йили қилганимиздек қилайликми?» дейилди. У зот:

«Енглар! Таомлантиринглар! Сақлаб қўйинглар! У йили одамлар қийинчиликда эдилар. Уларга ёрдам беришингизни хоҳлаган эдим», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, уламоларимиз, оддий ҳолатларда Қурбонликнинг гўштини учга бўлиб, бир қисмини егани, иккинчи қисмини камбағалларга бергани, учинчи қисмини сақлаб қўйгани яхши, дейдилар.

Уламоларимиз қурбонликнинг кўплаб ҳикматларини зикр қилганлар. Улардан бири қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун бандасининг Роббига нисбатан юксак одобни кўрсатишдир. Яна бири эса камбағалларнинг кўнгилларини кўтариш, уларга қувонч улашишдир.


Биз ушбу иккинчи ҳикматга қисқача тўхталмоқчимиз.

Қурбонлик қилишга қодир бўлмаган, камбағал кишиларга қурбонлик гўштидан беришлик уларнинг кўнглини кўтаради, байрам севинчига севинч қўшади.

Келинг, фитр садақасининг ҳукмини эслаб ўтайлик. Фитр садақаси тонг отгандан вожиб бўлиб, ийд намозгача берилади. Фақат намоздан кейинг қолдирмаслик керак. Мабодо намозгача бера олмаса, намоздан кейин албатта бериши шарт бўлади. Ийд намозидан кейин берилган фитр садақаси савоби намоздан олдингидан камроқ бўлади.

Бунинг ҳикматига қараладиган бўлса, камбағалларнинг севинчларига севинч қўшиш, байрам кунларини янада мароқли ва қувончли қилишдир. Агар фитр садақаси ийд намозидан олдин берилса, бу мақсад мукаммал амалга ошган бўлади. Балки шу сабабдан ийд намозидан олдин берилганда савоби кўпроқ, кейин берилганда эса камроқ бўлар.

Одатда қурбонлик ҳайвони сўйилган куни меҳмонлар кузатилади, қурбонлик гўштидан пиширилиб, оила аъзолари тановул қилишади. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ ва муҳтожларга кечроқ ёки эртаси куни тарқатилади. Баъзи хайр соҳиблари эса қурбонлик гўштини совутмасдан аввало муҳтож оилаларга тарқатишади. Улардан нега бундай қиласиз деб сўралганда қуйидаги жавобни берадилар: - Қандоқ биз ийд намозидан кейин биринчи бўлиб қурбонлик гўштидан тановул қилишни хоҳласак, бошқалар ҳам хоҳлайдилар. Шунинг учун муҳтожларга биринчи бўлиб тарқатишни, уларнинг ҳам ҳиссаларини совутмасдан етказишни энг тўғри иш деб биламиз.

Байрам қувончи қурбонлик қилиш бўлса, асл қувончи қурбонлик гўштини улашишдир.

Сиз қурбонлик қилиб қанчалик севинсангиз, қурбонлик гўшти кирган хонадон ундан ҳам севинади.

Сиз қайси хонадонга биринчи бўлиб қурбонлик гўштини олиб кирсангиз, улар буни асло унутмайдилар.

Келинг, Аллоҳ таоло берган бу неъматни муҳтож, камбағал қўни-қўшниларимиз билан баҳам кўрайлик. Уларнинг улушларини иссиғида улаштирайлик. Уларнинг оилаларини севинч ва қувончга тўлишига сабабчи бўлайлик.

Қурбонлик кирмаган хонадон қолмасин. Байрам севинчи, шодлиги ва қувончи кирмаган хонадон қолмасин.

Байрамизнингиз муборак бўлсин.


Муҳаммад Одил

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Учта масжиддан бошқа жойларда намоз ўқиш ниятида кўч боғлаб, йўлга чиқишнинг макруҳлиги ҳақидаquotШадд арриҳолquot ибораси асли луғатда quotюкларни уловларга боғлаб, давоми...

3517 05:00 / 16.01.2017
ИБРОҲИМ ВА НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМЛАРНИНГ ҲАЖЛАРИАбу Бакр Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ Амр ибн Зубайр розияллҳу анҳудан бу мавзуга доир мурсал ҳолдаги ҳадисни ривоят давоми...

3978 05:00 / 16.01.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Арафа куничалик Аллоҳ бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқдир. давоми...

1348 13:08 / 15 июнь
Зулҳижжанинг 8кунидан 13кунигача давом этади. 1. 8 зулҳижжада ҳаж нияти билан эҳромга кирилади. Бу ҳажнинг муҳим 1 фарзидир.2. 8 зулҳижжада Минода биринчи туриш ва ўша давоми...

3534 15:00 / 08.07.2022