1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ийд ҳақида

11:13 / 30.08.2017 8285 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

 

Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оли байти ва барча саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. 

Аммо баъд:

Мусулмонларнинг икки Ийд байрами хурсандчилик ва ўйин-кулги учунгина жорий қилинмаган. Икки Ийд – динимизнинг шиорлари бўлиб, бу байрамларда мусулмонлар байрам шукуҳини намойиш қилиб, уни эълон қилишлари суннатдир.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ «Фатҳул Борий»да шундай деган: «Ийдларда хурсандчиликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир».

Ийд – Аллоҳ таолога қилинган тоат-ибодатлар туфайли, У Зотнинг бандаларига кўрсатган раҳмату мағфирати туфайли хурсандчилик изҳор қилиш учун бир муносабатдир. Аллоҳ таоло: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт», деган (Юнус сураси, 58-оят).

«Ийд» сўзининг луғавий маъноси «такрорланмоқ» бўлиб, Аллоҳ таоло бу байрамларда бандаларига қайта-қайта эҳсон ато этгани учун шундай номланган*. 

* (Бу сўзнинг бошидаги ъайн ҳарфининг ўзига хос махражи туфайли бизнинг юртларда «ийд» сўзи «ҳайит» деб талаффузи қилинади. Тар. ).

Ийд улуғ ибодатни адо қилгандан сўнг бандаларга тақдим қилинган ўзига хос раббоний зиёфатдир. Ийдул Фитр Аллоҳ таоло бандаларига Рамазон ойида фарз қилган рўза ибодати адо қилинганидан кейин келади. Банда Рамазонда Аллоҳнинг розилиги учун, У Зотнинг амри бўлгани учун егуликдан, ичимликдан ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалардан ўзини тияди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг фазли, мағфирати ва бу ибодатга лойиқ кўрганидан хурсанд бўлсинлар деб бандаларини Ийдул фитр зиёфатига таклиф қилади.

Худди шунингдек, Ийдул адҳо ва ташриқ кунлари* ҳам ҳаж кунларидан сўнг, Арафа кунининг эртасига, солиҳ амаллар Аллоҳ таолога бошқа кунлардагидан маҳбуброқ бўлган кунларда келади. 

 

* Ташриқ кунлари – Зулҳижжа ойининг 11, 12 ва 13 кунларидир. «Ташриқ» сўзи араб тилида «қуёшга қўйиш», «қуёшда тоблаш» деган маънони англатади. Илгари қурбонлик гўштлари шу кунларда офтобга қўйиб қуритилгани учун шундай номланиб қолган. Бу кунлар ҳаж амаллари бажариладиган кунлар бўлиб, алоҳида эҳтиром қилинади.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ташриқ кунлари – еб-ичиб, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қиладиган кунлардир», деганлар (имом Аҳмад ривоят қилган).

У зотнинг бу сўзларида ҳайит кунлари еб-ичишдан мақсад Аллоҳ таолонинг зикри ва тоати учун куч тўплашга ишора бор. Демак, Аллоҳ таоло ато этган ҳар бир неъматнинг шукрини адо этиш учун ундан ҳосил бўладиган куч-қувватни тоат-ибодатга сарфлаш лозим экан. Шунинг учун ташриқ кунлари рўза тутишдан қайтарилган, чунки бу кунлар мусулмонларнинг байрам қилиб, зиёфат, хурсандчилик қиладиган кунларидир.

Имом Абдул Барр роҳимаҳуллоҳ «Истизкор»да шундай деган: «У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мино кунлари: «Бу кунлар еб-ичиладиган кунлардир» деганлари бу кунларда рўза тутилмайди деганидир».

Бу кунлар, яъни зулҳижжа ойининг дастлабки ўн куни ҳожилар ва уларга шерик бўлиб бошқа диёрларда ибодатга бел боғлаганлар учун Аллоҳ ато этган зиёфат кунларига айланиб қолган. Бутун дунё мусулмонлари ҳожиларнинг ибодатига шерик бўлганидек, ҳайитларига, дуоларига, қурбонликларига ва ундан тайёрланган таомларга шерик бўлишади. Шундай қилиб барча мусулмонлар Аллоҳ азза ва жалланинг зиёфатида меҳмони бўладилар.

Ислом динининг Ийд байрамларига одат нуқтаи назаридан эмас, шариат нуқтаи назаридан қаралса, бу байрамда мусулмонларнинг қалбида ҳайит хурсанчилиги ҳам, бу кунда хурсандчилик кўнглига сиғмаётган мусибатзада ва муҳтожларга ҳамдардлик ҳам мужассам бўлади. Шунинг учун байрамларда муҳтожларнинг кўнгли кўтарилади, мазлумларнинг ҳаққига дуолар қилинади. Бу икки иш ихлос билан қилинса, Аллоҳ азза ва жаллага қурбат ҳосил бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Инсон ё хурсанд бўлади, ё маҳзун бўлади. Шунинг учун мусибатга сабр, яхшиликка шукр қилинглар», деган.

Аллоҳнинг фазлидан хурсанд бўлиш ҳам У Зотга қурбат саналади. Шунингдек, мазлум мусулмонларнинг аҳволидан таъсирланиб, хафа бўлиш ҳам қурбатдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир танага ўхшайди. Ундаги бир аъзо хаста бўлса, бутун тана унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди», деганлар (Муслим ривоят қилган)....

Ҳар қандай ҳолатда шариатга биноан иш тутадиган мусулмон одам Аллоҳ таолонинг фазлу раҳматидан хурсанд бўлиш билан бирга мазлум мусулмонларнинг аҳволидан хафа ҳам бўлади. Аммо бу маҳзунлик ҳайит шодлигини унуттирмайди. Айни пайтда ҳайит хурсандчилиги бошқаларга ғамхўрлик қилишдан, мусибатзадаларни ўйлаб маҳзун бўлишдан ҳам чалғитмайди. Мана шу комил мусулмоннинг шахсиятидир.

Аллоҳим, Сендан ёлвориб сўраймиз, гўзал исмларинг ва олий сифатларинг ила Сенга юзланамиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қалбларига нозил қилган Каломинг ҳурмати барчамизни, барча мусулмонларни Ўз динингга ва Набийинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига гўзал тарзда қайтаргин. Барча ғам-ташвишларимизга кушойиш бергин. Барчамизга эсон-омонлик, тинчлик-хотиржамлик бергин, Китобинг соясида сояланган ҳолда, Набийинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлини маҳкам тутган ҳолда, қалбларимиз ўзаро улфат бўлган ҳолда ҳақ йўлингда собитқадам қилгин, эй раҳмлиларнинг раҳмилиси!

 

Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оли байтларига, саҳобаларига Аллоҳнинг саловати ва саломи бўлсин. 

Валҳамду лиллаҳи Роббил аламийн!

 

Муҳаммад Абдуллоҳ Рожув

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси   

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1587. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бир аскар Каъбага ғазот қилади. Қачонки улар сайҳонлик ерга етганларида давоми...

7916 17:12 / 29.08.2017
1524. .Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо.Албатта, у умра унинг ҳажнинг Аллоҳнинг Китобидаги дугонасидир. .Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг,, деди,.Шарҳ Дарҳақиқат, давоми...

8260 15:57 / 13.08.2017
Муборак ҳаж сафарига тайёргарлик кўраётган кишига ҳаж китобларида қуйидаги кўрсатмалар берилади 1. Ҳаж сафарига отланувчи киши ўзидан кўнгли ранжиган давоми...

4509 09:00 / 06 июнь
.Ҳажи мабрур, деб мақбул ҳажга айтилади. Унинг аломати ҳар бир қилган гуноҳига тавба қилиб, истиғфор айтиш ва бирор кишининг ҳаққи зиммада қолмаслигидир. Шу билан давоми...

2581 13:00 / 29.06.2022