1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 04 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Эҳромда қилиш, қилмаслик керак бўлган амаллар ҳамда уларнинг каффоратлари

06:00 / 14 июнь 8770 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تُحِلُّوا شَعَائِرَ اللَّهِ وَلَا الشَّهْرَ الْحَرَامَ وَلَا الْهَدْيَ وَلَا الْقَلَائِدَ وَلَا آمِّينَ الْبَيْتَ الْحَرَامَ يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِنْ رَبِّهِمْ وَرِضْوَانًا وَإِذَا حَلَلْتُمْ فَاصْطَادُوا وَلَا يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآنُ قَوْمٍ أَنْ صَدُّوكُمْ عَنِ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ أَنْ تَعْتَدُوا وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَاب

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг. Эҳромдан чиқиб ҳалол бўлсангиз, ов қилсангиз, майли. Масжидул Ҳаромдан тўсгани учун бир қавмни ёмон кўришингиз уларга тажовузкор бўлишингизга олиб бормасин. Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир” (Моида 2 оят).

Эҳромда қилиш ва қилмаслик керак бўлган амаллар жуда кўп бўлиб, улардан энг аҳамиятлиси ўттиз битта амалдир. Улардан кейин турли жиноят ва уларнинг каффоратининг ҳукми зикр қилинади.

1. Эҳром ҳолатида бит ўлдириш:

Эҳром ҳолатида бит ўлдириш жоиз эмас. Агар учтадан кам бит ўлдирган бўлса, ўз хоҳши билан қанча садақа қилса, ўшани қилади. Агар ўлдирилган битларнинг сони учтадан зиёда бўлса, қанча бўлса ҳам бир садақаи фитр миқдорида садақа қилади. Бу борадаги қоида шуки, бадандан пайдо бўладиган ҳашоратларни ўлдириш жоиз эмас. Бадандан пайдо бўлмайдиган азият берувчи кана ва шунга ўхшаш нарсаларни ўлдириш жоиз;

2. Эҳромда тахта кана ва чиввинни ўлдириш:

Эҳром ҳолатида бадандан пайдо бўлмайдиган азият берувчи жонивор ва ҳашоратларни ўлдириш жоиздир. Шунинг учун тахта кана, чивин, ари каби нарсаларни ўлдиришга жарима йўқ (Ғуниял манаасик);

3. Эҳром ҳолатида чумолини ўлдириш:

Эҳром ҳолатида чақиб азият берадиган қора, сариқ чумолиларни ўлдириш кароҳиятсиз жоиз бўлиб, уларни ўлдирган кишига жарима лозим бўлмайди. Лекин, чақиб азият бермайдиган чумолиларни ўлдириш макруҳ ва жоиз эмас. Лекин ўлдирганига жарима лозим бўлмайди.

ولا بقتل باقي هوام الارض وحشراتها كبعوض ونمل يؤذي وهو اسود واصفر وما لا يؤذي لا يحل قتلها وان كان لا يجب بقتلها الجزاء وبرغوث وبق وذباب وفراش وخنافس وجعلان ووزغ وزنبور وقنفذ وقراد وحلم وسلحفاة وسنور اهلي وابن عرس اهلي وصرصر وصياح الليل وسرطان وام جنين وام اربعة واربعين لانها ليست بصيود ولا متولدة من البدن الخ.

Пашша, қора ва сариқ азият берувчи чумоли каби ер ҳашоратларини ўлдиришга каффорат вожиб бўлмайди. Азият бермайдиган ҳашоратларни ўлдириш ҳалол эмас. Лекин, ўлдириб қўйган киши зиммасига жазо вожиб бўлмайди. Бурга, кана, пашша, парвона, қўнғиз, гўнг қўнғизи, калтакесак, ари, типратикон, маймун, катта кана, тошбақа, хонаки мушук, хонаки ибн ирс, қора чигиртка, қисқичбақа, қирқ оёқ кабиларни ўлдиришга жазо лозим бўлмайди ва улар бадандан пайдо бўлувчи ҳам эмасдир” (Ғуния жадийд);

4. Эҳром ҳолатида чигиртка ўлдириш:

Ҳарами шарифда чигирткалар жуда кўп бўлиб, уларга азият беришдан сақланиш лозим. Агар учтагача кимдир чигиртка ўлдирса, ўз хоҳши билан қанча садақа қилса, ўшани қилади. Агар учтадан зиёда ўлдирса, у қанча бўлмасин бир садақаи фитр лозим бўлади.

وتمرة خير من جرادة ولو قتل المحرم قملة من بدنه لو ثوبه تصدق بما شاء كجرادة الى قوله وينبغي ان يكون الجراد كالقمل ففي الثلاث وما دونها تصدق بما شاء وفي الاربع فاكثر تصدق بنصف صاع الخ.

Битта чигиртка ўлдиришга бир дона хурмо бериш яхшидир. Агар муҳрим бадани ёки кийимидаги битни ўлдирса, чигиртка каби ўзи хоҳлаганича садақа қилади... чигиртка ҳам бит каби бўлади. Учта ёки ундан озини ўлдирганида хоҳлаганича садақа қилади. Тўртта ва ундан ошиғида эса, ярим соъ садақа қилади” (Ғуния жадийд);

5. Эҳром ҳолатида жанжаллашиш:

Ҳа қилувчи одамлар билан жанжаллашиши ва уларни фаҳш сўзлар билан сўкиши қаттиқ гуноҳдир. Бундай номақбул ишни қилган кишига жарима лозим бўлмай, ҳажи фосид бўлмасада, лекин қилган ҳажи мақбул бўлмай, ҳажнинг савобидан маҳрум бўлади;

6. Эҳром ҳолатида аёлини ўпиб қучоқлашиш:

Эҳром ҳолатида шаҳват билан эр ўз аёлини ўпса, қучоқласа жаримасига бир қўй ёки эчкини қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Хоҳ у сабабли мани тўкилсин ёки тўкилмасин.

Агар ўша ҳолатда аёл кишида ҳам шаҳват пайдо бўлса, унга ҳам алоҳида бир қурбонлик вожиб бўлади.

ولو عانقها بشهوة يجب عليه الدم انزل او لم ينزل وقوله محرم قبل امرأته بشهوة فعليه دم وان اشتهت هي فعليها دم ايضا وان لم تشته فلا شيء عليها ولو قبلها بغير شهوة فلا شيء عليه الخ.

Эр аёлини шаҳват билан қучоқласа, хоҳ маний тўкилсин ёки тўкилмасин эр зиммасига бир қон вожиб бўлади. Эҳромдаги киши аёлини шаҳват билан ўпса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Аёлда ҳам шаҳват уйғониб кетса, унга ҳам бир қурбонлик лозим бўлади. Агар шаҳвати уйғонмаса, ҳеч нарса лозим бўлмайди. Агар эр аёлидан шаҳватсиз ҳолда бўса олса, зиммасига ҳеч нарса лозим бўлмайди” (Татархония);

7. Эҳром ҳолатида соч олиш:

Агар эҳромдаги киши бошини ҳаммасини ёки тўртдан бирини ёки ундан зиёда қисмини озайтирса ёки олдирса, қон вожиб бўлади. Агар тўртдан биридан оз бўлса, жарима сифатида садақа, яъни ярим соъ садақа қилиш вожиб бўлади. Бу ва қуйида кетмакет келадиган саккизта масала “Сочни олдириш ва қисқартириш” мавзуси остида далиллар билан батафсил баён қилинади. Бу ерда эса. Эҳромда қайтарилган ишлар сифатида санаб ўтилмоқда;

8. Эҳром ҳолатида сақол олиш ёки қисқартириш:

Эҳромдан чиқиш вақти келишидан аввал сақолни тўлиқ қирдириш ёки тўртдан бирини ёки ундан зиёдароғини олдириш қонни лозим қилади. Агар тўртдан биридан кам бўлса жарима сифатида садақа, яъни ярим соъ садақа қилиш вожиб бўлади;

9. Эҳром ҳолатида қўлтиқ ости тукини олиш:

Эҳром ҳолатида икки ёки бир қўлтиқни тукини олинса, жаримасига қон лозим бўлади;

10. Эҳром ҳолатида киндик ости тукни олиш:

Эҳром ҳолатида киндик ости тукни олинса, жаримасига қон вжиб бўлади;

11. Бир вақтда сочни, сақолни ва бутун танадаги тукларни олиш:

Эҳромдаги киши бир вақтда соч, сақол ва қўлтиқ ҳамда киндик ости тукларни олса, барчасини эвазига бир қон вожиб бўлади. Агар турли вақтларда олса, ҳар бир вақт учун алоҳида-алоҳида қон вожиб бўлади;

12. Соч ёки сақолнинг икки ёки уч толасини, қўлтиқ ёки киндик ости тукларидан икки ёки уч толани юлиб олиш:

Агар соч, сақолдан икки ёки уч тола, қўлтиқ ёки киндик ости тукларидан икки ёки уч тола юлинса, жаримасига бир сиқим буғдой ёки унинг қиймати садақа қилинади. Агар юлинган толалар учтадан зиёда бўлса ёки тук чиққан аъзонинг тўртдан биридан кам қисми озайтирилса ёки қириб олинса жаримасига садақаи фитр ёки унинг қиймати лозим бўлади;

13. Эҳром ҳолатида мўйловни қисқартириш:

Эҳром ҳолатида мўйловни ҳаммасини ёки баъзисини қисқартирса, жаримасига садақаи фитр лозим бўлади;

14. Соч, сақол, қўлтиқ ва киндик ости тукларидан бошқа жойларда ўсган тукларни олиш:

Соч, сақол, қўлтиқ ва киндик ости тукларидан бошқа жойларда ўсган тукларни олишда ўзгача бир йўл тутилади, яъни аъзони барчаси ёки баъзиси ёки тўртдан бири ёки ундан кам қисмидаги тукларни олишга жарима сифатида бир садақаи фитр лозим бўлади;

15. Эҳром ҳолатида тирноқ олиш:

Бир қўл тирноқлари ёки бир оёқ тирноқлари ёки бир вақтда икки қўл ва икки оёқ тирноқларини олган киши зиммасига бир қон вожиб бўлади. Агар тўрт аъзо тирноқларини турли вақтда, тўрт жойда олса, тўртта қон лозим бўлади. Шунингдек, бир аъзо тирноқларини бир вақт олиб, иккинчи аъзо тирноғини бошқа вақтда олса, икки қон лозим бўлади. Агар тўрт аъзо тирноқларини олишда бир жойда ёки турли жойда ўтириб ҳар бармоқдан бештадан кам, яъни тўртта ва ундан кам бармоқ тирноқларини олса, ҳар бир олинган бармоқ тирноғига биттадан садақаи фитр лозим бўлади.

16. Эҳром ҳолатида тикилган кийим кийиш:

Эҳром ҳолатида эркак киши тикилган кийим кийиши жоиз эмас. Жумладан ёқоаси йўқ кўйлак, иштон, қўлқоп, маҳси, майка, дўппи, костиюм, камзул кабилар. Баданга мослаб тикилмаган нарсаларни кийиш кароҳиятсиз жоиздир. Шунинг учун бир-бирига уланган матони ҳожи эҳром сифатида ўраб олиши жоиз бўлади. Чунки, у аслида бирор аъзога мўлжалланиб тикилмаган нарсадир.

أَنَّ ضَابِطَهُ لُبْسُ كُلِّ شَيْءٍ مَعْمُولٍ عَلَى قَدْرِ الْبَدَنِ أَوْ بَعْضِهِ بِحَيْثُ يُحِيطُ بِهِ بِخِيَاطَةٍ أَوْ تَلْزِيقِ بَعْضِهِ بِبَعْضٍ أَوْ غَيْرِهِمَا وَيَسْتَمْسِكُ عَلَيْهِ بِنَفْسِ لُبْسِ مِثْلِهِ إلَّا الْمُكَعَّبَ قُلْت : فَخَرَجَ مَا خِيطَ بَعْضُهُ بِبَعْضٍ لَا بِحَيْثُ يُحِيطُ بِالْبَدَنِ مِثْلُ الْمُرَقَّعَةِ فَلَا بَأْسَ بِلُبْسِهِ.

Тикилган кийимни кийганлиги учун жиноят лозим бўлишлигини қоидаси шуки, баданининг ҳаммасини ёки баъзисини ёпишлик учун тикилган ёки бир-бирига ёпиштирилган ёки кийиши биланоқ ўзи ёпишиб қоладиган нарсани кийишдир. Бундан баданни тўлалигича эгалламайдиган, ямоқлар каби баъзиси баъзисига уланган кийимларни кийишликда зарар йўқдир” (Ғуния жадийд);

17. Эҳром ҳолатида тикилган кийим кийишга белгиланган жарима:

Бир киши бир кун ёки бир кеча ёки бир кун миқдорида, яъни ўн икки соат ёки бир неча кун узулуксиз тикилган кийим кийса, қон лозим бўлади. Бир киши кундузи кийим кийиб кечаси эртага ҳам кияман деган мақсадда ечинса, иккисига ҳам бир қон лозим бўлади. Агар ётишдан олдин эртага киймайман деган мақсадда тикилган кийимини ечиб, эртаси куни яна тикилган кийимни кийса, икки қон лозим бўлади.

يَوْمًا كَامِلًا أَوْ لَيْلَةً الظَّاهِرُ أَنَّ الْمُرَادَ مِقْدَارُ أَحَدِهِمَا فَلَوْ لَبِسَ مِنْ نِصْفِ النَّهَارِ إلَى نِصْفِ اللَّيْلِ مِنْ غَيْرِ انْفِصَالٍ أَوْ بِالْعَكْسِ لَزِمَهُ دَمٌ كَمَا يُشِيرُ إلَيْهِ قَوْلُهُ وَفِي الْأَقَلِّ صَدَقَةٌ شَرْحُ اللُّبَابِ قَوْلُهُ وَفِي الْأَقَلِّ صَدَقَةٌ أَيْ نِصْفُ صَاعٍ مِنْ بُرٍّ،... وَفِي أَقَلَّ مِنْ سَاعَةٍ قَبْضَةٌ مِنْ بُرٍّ.

Бир кун тўлиқ ёки бир кеча тўлиқ тикилган кийим кийса, бундан мурод иккисидан бирининг миқдорича тикилган кийим кийса қон лозим бўлади. Агар куннинг ярмидан туннинг ярмигача ёки туннинг ярмидан куннинг ярмигача узулуксиз тикилган кийим кийса, зиммасига битта қурбонлик лозим бўлади. Бир кун ёки бир кечадан камроқ тикилган кийим кийса, буғдойдан ярим соъ садақа қилиш вожиб бўлади. Бир соатдан озроқ тикилган кийим кийса, бир сиқим буғдой садақа қилиш вожиб бўлади” (Раддул муҳтор).

Агар бир кун, ёки бир кечадан кам ёки бир соатдан зиёда тикилган кийим кийса, садақаи фитр лозим бўлади. Агар бир соатдан кам тикилган кийим кийса, бир ёки икки ҳовуч буғдой ёки унинг қийматини садақа қилиш лозим бўлади.

18. Тикилган кийимни устига ташлаб олиш:

Эҳром ҳолатида кўйлак, чакмон ва шунга ўхшаш тикилган кийимларни кийиш жоиз эмас. Агар кўйлак ёки чакмонларни эгнига киймай, устига ташлаб олса, ҳеч қандай жарима лозим бўлмайди. Чунки, тикилган кийимни рисоладагидек киймади. Устига ташлаб олиш эса, жиноят эмас. Шунинг учун унга жарима лозим бўлмайди.

وكذا لو ارتدى بالقميص او اتشح به فلا بأس به لعدم الاحاطة بواسطة الخياطة ولذا لو لبس الطيلسان ولم يزره لعدم الاستمسك بنفسه الخ.

Агар ҳаж қилувчи кўйлакни ридо тарзда эгнига ташлаб олса ёки кўйлакни киймай қаеригадир боғлаб олса, кийилишлиги учун тикилгандек киймаганлиги учун зарари йўқ. Шуниндек, тайласонни кийиб, тугмаларини қадаб олмаса, жиноят лозим бўлмайди. Чунки, тайласон тугмасиз эгнда турмайди” (Ғуния жадийд);

19. Эҳром ҳолатида хушбўй суртиш:

Эҳром ҳолатида хушбўйланиш аёл ва эркак кишига ҳам бирдек жиноят ҳисобланади. Қасдан ёки билмай ёки мажбуран хушбўй суртса, ҳар ҳолатда ҳам жарима лозим бўлади. Хушбўйликни баданга ёки кийимга суртадими фарқи йўқ, яъни жиноят ҳисобланади.

Агар бир киши катта аъзоларидан бирига, яъни бош, юз, болдир, сон, билак, қўл ва кафтидан бирига хушбўй суртса ёки бир аъзодан ортиқ жойга хушбўй суртса, жаримасига қон лозим бўлади. Бунда вақтни аҳамияти йўқ, яъни бир кун тўлиқ хушбўй бўлиб юрадими ёки андоқ вақт хушбўй бўлиб юрадими, хушбўйлик намоён бўлса, жарима лозим бўлаверади.

Агар кичик аъзоларга, яъни қулоқ, бурун, бармоқ кабиларга хушбўй нарса суртилса, жаримасига садақаи фитр лозим бўлади.

Фойда: Бу ва қуйида келадиган икки масала “Эҳром ҳолатида хушбўйланишлик” сарлавҳаси остида батафсил баён қилинади. Бу ерда эса, эҳромда қайтарилган ишлар сифатида санаб ўтилмоқда;

20. Эҳром ҳолатида аёл киши ҳина қўйиши:

Аёл киши эҳром ҳолатида кафти ёки оёғига ҳина қўйса, жаримасига қон лозим бўлади;

21. Эҳром ҳолатида аттор дўконида ўтириш:

Эҳром ҳолатида атторлик дўконида ўтирса-ю, лекин баданига ёки кийимига хушбўйлик суртмаса, жарима лозим бўлмайди. Лекин, атр ҳидини ҳидлаш мақсадида атторлик дўконида ўтириш макруҳ бўлиб, унинг жаримасига ҳеч нарса лозим бўлмайди;

22. Эҳром ҳолатида бош ёки юзни ёпиш:

Эҳром ҳолатида аёл киши бошини ёпиши кароҳиятсиз жоиздир. Лекин, эркак киши бошини ёпиши дуруст эмас. Шунингдек, юзни ёпиш ҳам жоиз эмас. Агар бир кун тўлиқ ёки бир кеча тўлиқ, яъни ўн икки соат эркак киши бошини ёки юзини ёпса, аёл киши эса юзини ёпса қон лозим бўлади. Агар бир кун ёки бир кеча, яъни ўн икки соатдан кам миқдорда эркак киши бошини, юзини, аёл киши эса юзини ёпса, садақаи фитр лозим бўлади. Агар бир соатдан кам миқдорда эркак киши бошини ёки юзини, аёл киши эса юзини ёпса, жиноят қилган бўладилар ва унинг жаримасига икки сиқим буғдой ёки унинг қиймати лозим бўлади. Бу ишларни билиб туриб ёки эсдан чиқариб ёки мажбуран қилса ҳам жарима лозим бўлаверади. Шунингдек, ухлаётган кишини бошини ёки юзини бирор киши ёпиб қўйса ҳам каффорат лозим бўлади.

وَإِنْ لَبِسَ ثَوْبًا مَخِيطًا أَوْ غَطَّى رَأْسَهُ يَوْمًا كَامِلًا فَعَلَيْهِ دَمٌ ، وَإِنْ كَانَ أَقَلَّ مِنْ ذَلِكَ فَعَلَيْهِ صَدَقَةٌ

Агар тикилган кийим кийса ёки тўлиқ бир кун (яъни ўн икки соат) бошини ёпиб юрса, зиммасига қон лозим бўлади. Бир кундан озида зиммасига садақа лозим бўлади” (Фатҳул фодир).

وَلَا فَرْقَ بَيْنَ كَوْنِهِ مُخْتَارًا فِي اللُّبْسِ أَوْ مُكْرَهًا عَلَيْهِ أَوْ نَائِمًا فَغَطَّى إنْسَانٌ رَأْسَهُ لَيْلَةً أَوْ وَجْهَهُ حَتَّى يَجِبَ الْجَزَاءُ عَلَى النَّائِم

Тикилган кийимни ихтиёри кийса ҳам, мажбуран кийса ҳам ёки ухлаётганда бирор киши бошини ёки юзини ёпиб қўйса ҳам ухлагувчига жазо вожиб бўлаверади” (Фатҳул қодир).

فِي سَاعَةٍ نِصْفُ صَاعٍ وَفِي أَقَلَّ مِنْ سَاعَةٍ قَبْضَةٌ مِنْ بُرٍّ

Бир соатда ярим соъ, ундан озида эса бир сиқим буғдой вожиб бўлади” (Раддул муҳтор);

23. Эҳром ҳолатида бошни ёки юзни тўртдан бирини ёпиш:

Бошни ёки юзни тўртдан бирини ёпишнинг ҳукми бош ёки юзни ҳаммасини ёпган билан бир хилдир, яъни бош ёки юзнинг тўртдан бирини бир кун, яъни ўн икки соат ёпиб юрилса, қон вожиб бўлади. Агар бир кундан (кундуз) кам бўлиб, бир соатдан кўп бўлса ёки тўртдан биридан кам бўлса, садақаи фитр вожиб бўлади. Агар бир соатдан кам бўлса, икки ҳовуч буғдой ёки унинг қиймати лозим бўлади.

ولو غطى ربع رأسه يوما فصاعدا فعليه دم وان اقل من الربع فعليه صدقة...وكذا غطى الرجل ربع وجهه عندنا الخ.

Агар бошининг тўртдан бирини бир кун ёки ундан ортиқ ёпиб юрса, зиммасига қон лозим бўлади. Агар тўртдан биридан камроғини ёпиб юрса, зиммасига садақа лозим бўлади. Шунингдек, эркак киши юзининг тўртдан бирини ёпиб юрса ҳам зиммасига қон бўлади” (Бадоиу қадийм);

24. Бошни тўртдан биридан камини ёпиш:

Агар бош ёки юзни тўртдан биридан камини бир кун, яъни ўн икки соат ёки ундан зиёда вақт ёпиб юрса, бир садақаи фитр вожиб бўлади. Шунингдек, бош ёки юзни тўртдан биридан камини бир кундан кам ва бир соатдан кўп ёпилса ҳам садақаи фитр лозим бўлади.

وَإِنْ غَطَّى الْمُحْرِمُ رُبْعَ رَأْسِهِ أَوْ وَجْهِهِ يَوْمًا فَعَلَيْهِ دَمٌ ، وَإِنْ كَانَ دُونَ ذَلِكَ فَعَلَيْهِ صَدَقَةٌ.

Агар муҳрим бошини ёки юзини тўртдан бирини кундизи билан ёпиб юрса, зиммасига қон лозим бўлади. Агар тўртдан биридан камроқ бўлса ёки бир кундан камида садақаи фитр лозим бўлади” (Мабсут);

25. Ухлаётган вақтда бош ёки юзни ёпиш:

Эҳром ҳлатида ухлаётиб бошига ёки юзига бирор нарса ташлаб олса, каффорат лозим бўлади. Шунга биноан ухлаётиб бошни ёки юзни тўлиқ ёки тўртдан бирини ўн икки соат ёпса қон вожиб бўлади. Агар ўн икки соатдан кам ва бир соатданг кўп вақт бошини ёки юзини ёпиб юрса, садақаи фитр вожиб бўлади. Агар бир соатдан кам вақт бошини ёки юзини ёпиб юрса, бир ёки икки сиқим буғдой ёки унинг қиймати лозим бўлади. Шунингдек, ухлаётган пайтда бир киши бировни юзини ёки бошини ёпиб қўйса ёки уйқусраб ёпиб олса, юқоридаги тафсилотларга мувофиқ қон ёки садақа лозим бўлади.

اذا غطى رأسه او وجهه ودام عليه زمانا ولو ناسيا او عامدا عالما او جاهلا مختارا او مكرها او نائما غطاه غيره او هو بنفسه بعذر او بغير عذر فعليه الجزء فاذا غطى جميع رأسه او وجهه والربع منهما كالكل ... يوما او ليلة والمراد مقدار احدهما فعليه دم وفي الاقل من يوم او من الربع صدقة.

Муҳрим киши бошини ёки юзини эсдан чиқариб ёки қасдан ёки билиб ёки билмай ёки ўз ихтиёри билан ёки мажбуран ёки ухлаётганда бир киши уни юзини ёпиб қўйса ёки ўзи узр билан ёки узрсиз ёпиб олса ва бир қанча муддат ёпиғлик турса, зиммасига жарима лозим бўлади. Агар бошининг ёки юзининг ҳаммасини бир кун ёки бир кеча ёпиб олса, бундан мурод бир кеча ёки бир кундир. Бундай ҳолатда зиммасига қон лозим бўалди. Бош ва юзнинг тўртдан бири ҳам ҳаммасининг ўрнига ўтиради. Бир кун ёки тўртдан биридан камроғида садақ лозим бўалди” (Ғуния жадийд);

Фойда: Бу масала борасида ҳожилар орасида турли янглишмовчиликлар юз бериб туради, яъни Минога чиққанда ҳожилар дам олиш мақсадида ётиб бошларини ёки юзларини беэътиборлик билан ёпиб оладилар. Аслида бундай қилиш ҳожиларга жиноят ҳисобланади. Шунинг учун ҳожилар бунга эҳром вақтида эътибор қаратишлари лозим;

26. Ҳарам ҳудида ўт-ўланларни юлиш ва дарахтларни кесиш:

Ҳарам ҳудудида ўт-ўланларни юлиш ва дарахтларни кесиш мумкин эмас. Шунингдек, ҳарам ҳудудида муҳримга ҳам, ҳалол инсонга ҳам овни ўлдириш жоиз эмас. Шунинг учун бирор киши ҳарам ҳудудидаги ўт-ўланюлса ёки дарахтни кесса, ёки овни ўлдирса, унинг қийматини садақа қилиши лозим бўлади;

27. Эҳром ҳолатида ов қилиш:

Эҳром ҳолатида ов қилиш жоиз эмас. Шунинг учун эҳромдаги киши ҳарам ҳудудидан ташқарида бирор нарсани овлаб уни сўйса, сўйилган жонлиқ хором ўлган жонивор ҳукмида бўлади ва уни истеъмол қилиш бирор кишига ҳалол бўлмайди. Унинг қийматини тўлаш эса, эҳромдаги киши зиммасига вожиб бўлади;

28. Ҳарам ҳудудида ёки эҳром ҳолатида қайсидир жониворни ўлдириш мумкинми?

Эҳром ҳолатида ҳарам ҳудудида муҳрим учун ўн бир турли ҳайвонни ўлдириш ҳалол бўлади. Улар қуйидагилар:

1. илон;

2. чаён;

3. калтакесак;

4. каламуш;

5. калхат;

6. гўнг қарғаси;

7. қопағон ит;

8. чивин;

9. тишлайдиган чумоли;

10. тошбақа;

11. ҳамла қилувчи ҳар бир жонивор.

عَنْ حَفْصَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسلم قَالَ: خَمْسٌ مِنَ الدَّوَابِّ لاَ حَرَجَ عَلَى مَنْقَتَلَهُنَّ الْغُرَابُ وَالْحِدَأَةُ وَالْفَأْرَةُ وَالْعَقْرَبُ وَالْكَلْبُ الْعَقُورُ.

Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«ҳайвонлардан бештасини ким қатл қилса ҳараж эмас. (Улар) қарға, қузғун, сичқон, чаён ва қутирган ит», дедилар».

وَفِي رِوَايَةٍ: خَمْسٌ فَوَاسِقُ يُقْتَلْنَ فِي الْحِلِّ وَالْحَرَمِ: الْحَيَّةُ وَالْغُرَابُ اْلأَبْقَعُ وَالْفَأْرَةُ وَالْكَلْبُ الْعَقُورُ وَالْحُدَيَّا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Бошқа бир ривоятда:

«Беш фосиқни ҳилда ҳам, ҳарамда ҳам қатл қилинади. (Улар) илон, ола қарға, сичқон, қутирган ит ва қузғун», дейилган.

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу жониворларни ҳарам ҳудудида ёки эҳром ҳолатда билиб туриб ўлдириш жаримани лозим қилмайди. Лекин, инсон баданидан пайдо бўладиган азият берувчи ҳайвонни эҳром ҳолатда ўлдириш жоиз эмас. Масалан, бит, қурт кабилар. Азият берувчи ҳайвон ёки ҳашорат бадандан пайдо бўлмаса, эҳром ҳолатида уларни ўлдириш ҳалолдир. Масалан, ари, тахта кана, чивин, пашша каби нарсалар.

29. Ҳаж қачон фосид бўлади?

Ҳаж арафотда туришдан олдин аёли билан яқинлик қилиб қўйиш сабабли фосид бўлади. Арафотдан кейин аёли билан яқинлик қилинса, қон вожиб бўлади. Агар арафотдан олдин аёли билан яқинлик қилиб қўйганлиги сабабли ҳажи фосид бўлган киши иккинчи марта эҳромга кириб арафотда туришга улгирса, ҳажи дуруст бўлади. Гўё ҳажи фосид бўлган йили қайтадан қазосини адо қилган бўлади. Лекин, у билан бирга бир қон ҳам зиммасига лозим бўлади. Агар у йили қайтадан ҳаж қилишга улгирмаса, бошқа ҳожилар каби ҳаж амалларини қилади ва келаси йили ҳажни қазосини адо қилади ва зиммасига бир қон лозим бўлади.

وَإِنْ جَامَعَ فِي أَحَدِ السَّبِيلَيْنِ قَبْلَ الْوُقُوفِ بِعَرَفَةَ فَسَدَ حَجُّهُ وَعَلَيْهِ شَاةٌ ، وَيَمْضِي فِي الْحَجِّ كَمَا يَمْضِي مَنْ لَمْ يُفْسِدْهُ

Арафотда туришдан олдин икки йўлдан бирига жимо қилиб қўйса, ҳажи фосид бўлади ва зиммасига битта қурбонлик лозим бўлади ҳамда ҳажи фосид бўлмаганлар каби ҳажни давом эттиради” (Иноя шарҳул ҳидоя);

30. Умра қачон фосид бўлади:

Умра тавофини адо қилишдан олдин аёли билан қўшилиб қўйса, умра фосид бўлади ва унинг зиммасига умра қазоси билан биргаликда бир қон ҳам вожиб бўлади. Агар ўша заҳоти умрага эҳром боғлаб, умрани қайтадан қилса, умра қазоси адо бўлади. Лекин, унинг зиммасидан қон соқит бўлмайди.

وَمَنْ جَامَعَ فِي الْعُمْرَةِ قَبْلَ أَنْ يَطُوفَ أَرْبَعَةَ أَشْوَاطٍ فَسَدَتْ عُمْرَتُهُ فَيَمْضِي فِيهَا وَيَقْضِيهَا وَعَلَيْهِ شَاةٌ .

Умра қилаётган киши тавофнинг тўрт айланасини айланишдан илгари аёлига яқинлик қилса, умраси фосид бўлади ва уни давом эттириб охирига еказади. Сўнг уни бошқатдан қазо қилади ва зиммасига битта қўйни қурбонлик қилиш вожиб бўлади” (Иноя шарҳул ҳидоя).

31. Каффоратда бадана қачон лозим бўлади?

Ҳожи қайси қайтарилган ишларни қилса каффоратига бадана сўйиш лозим бўлади? Фақат ҳаждагина бадана сўйиш лозим бўлади. Умрада эса, бадана сўйиш лозим бўлмайди. Бадана деб, қурбонликда етти киши шерик бўлиб, сўйиши мумкин бўлган жонлиққа айтилади. Жумладан, туя, мол каби. Ҳаж жиноятида бадана вожиб бўладиган уч сурат мавжуд бўлиб, улар қуйидагилар:

1. Арафотда тургандан кейин соч олдириш ва тавофи зиёратдан олдин аёли билан қўшилиб қўйилса, жарима сифатида бадана қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Уч имом наздида Арафотда тургандан кейин, ақаба тошларини отишдан илгари аёли билан яқинлик қилиш ҳажни фосид қилади. Аммо, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида у билан ҳаж фосид бўлмайди. Лекин, жаримасига бадана сўйиш вожиб бўлади, дейдилар.

اما لو جامع بعد وقوفه بعرفة ولو حال الوقوف او بعده قبل الحلق وقبل طواف الزيارة كله او اكثره فلم يفسد حجه سواء جامع المرمى او بعده وقال الثلاثة يفسد اذا جامع قبل الرمي وعليه بدنه سواء جامع ناسيا او عامدا.

Арафотда тургандан кейин Минода вуқф қилаётган ҳолатда бўлсин ёки вуқфдан кейин соч олдириш ва зиёрат тавофини қилшдан илгари ёки зиёрат тавофини кўп қисмини қилишидан илгари аёли билан яқинлик қилиб қўйса, ҳажи фосид бўлмайди. Тош отаётган пайтда ёки тош отишдан кейин жимо қилса ҳам. Қолган уч имом шайтонга тош отишдан аввал жимо қилса, ҳажи фосид бўлади ва зиммасига бадана сўйиш вожиб бўлади, дейдилар. Жимони эсдан чиқариб қўйган бўлса ҳам ёки билиб туриб қилган бўлса ҳам фарқи йўқдир” (Ғуния жадийд);

2. Жунуб ҳолатда тавофи зиёрат қилишнинг жаримаси бадана қурбонлик қилишдир.

ولو طاف للزيارة جنبا او حائضا او نفساء كله او اكثره وهو اربعة اشواط فعليه بدنة

Тавофи зиёратни барчасини ёки аксариятини, яъни тўрт айланани жунуб ҳолатда ёки ҳайз ёки нифос ҳолатда қилса, зиммасига бадана вожиб бўлади” (Ғуния жадийд);

3. Нифос ва ҳайз ҳолатда тавофи зиёрат қилишнинг жаримаси бадана қурбонлик қилишдир.

Фойда: Бадана – туя ёки молдир.

                                                      «Мўминнинг умр сафари» китоби

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Алҳамдулиллаҳ. Вас солату вас саламу ала Росулиллаҳ. Биз ушбу мақолада ҳажжи мабрурга эришиш йўллари ҳақида сўз юритамиз. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи давоми...

6068 05:00 / 16.01.2017
Ҳаж сафарини бошлашдан олдин гуноҳлардан астойдил тавба қилиш лозим. Зеро, ҳаж сафаридан энг муҳим ва асл мақсад ҳам гуноҳларлан тавба қилишдир. Тавбанинг қабул давоми...

1752 09:00 / 13 июнь
. Ана ўшалар, Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга абадий қолиш учун киритадир. Бу давоми...

7198 05:00 / 16.01.2017
Ҳaж вa умpa бoбидaги .жинoят, дeб эҳром вa ҳapaм мaн этгaн ишлapни қилишгa aйтилaди. Жинoятлap икки хил бўлaди а Эҳромгa бoғлиқ жинoятлap ҳaж вa yмpaдa эҳромгa киpгaн кишилapгa xoc. б давоми...

1092 15:05 / 14 июнь
Аудиолар

133420 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53765 14:35 / 11.08.2021