1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш

19:57 / 21.08.2017 5772 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1620. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким менга салом берса, албатта, Аллоҳ менга руҳимни қайтаради ва мен унга алик оламан», дедилар».

Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилганлар.

1621. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уйларингизни қабр қилиб қўйманг. Менинг қабримни ийдгоҳ қилиб олманг. Менга саловот айтинг. Чунки сизнинг саловотингиз қаерда бўлсангиз ҳам менга етади», дедилар».

Абу Довуд ва Зиё  ривоят қилганлар.

1622. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади», дедилар».

1623 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким савоб умидида мени Мадинада зиёрат қилса, у менинг ёнимда бўлади ва қиёмат куни мен унга шафоатчи бўлурман», дедилар».

Бошқа ривоятда:

«Ўлимимдан кейин ким мени зиёрат қилса, худди тириклигимда зиёрат қилгандек бўлади», дейилган.

Учовини Қози Иёз «Шифо»да  ривоят қилган.

Муҳтарам китобхонларга Мадинаи мунаввара ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг масжидлари ҳақидаги маълумотлар тўлиқ бўлиши учун аввал ўтган ҳадислардан бирининг матнини, шарҳ ва қўшимча маълумотларни тақдим этишни маъқул кўрдик.

 Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжид хом ғиштдан бино қилинган эди. Унинг шифти хурмо шохларидан, устунлари эса хурмо ёғочидан эди. Абу Бакр унга ҳеч нарсани зиёда қилмади. Умар унга зиёда қилди. У масжидни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги асосга қайтадан хом ғишт ва хурмо шохидан қурди. Устунларини яна хурмо ёғочидан қилди. Сўнгра уни Усмон ўзгартирди. Кўпгина зиёдалар қилди. Деворларини нақшланган тош ва пишган ғиштдан қилди. Устунларини нақшланган тошдан, шифтини саж ёғочидан қилди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларининг у зотнинг ўзлари ва уч халифалари даврларидаги васфини қисқача сўзлар билан ифода қилмоқдалар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари:

Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохидан, устунлари хурмо ёғочидан эди.

Масжид қурилишида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан ўзлари саҳобаларга бош бўлиб, иштирок қилганлар.

Масжиднинг ҳажми кичик эди. Ёмғир ёғса, хурмо шохларидан қилинган шифтдан ўтиб, ерга тушар, сажда қилган одамнинг пешонасига лой ёпишарди. Масжиднинг ер қисмига ҳеч нарса тўшалмаган эди.

У зотнинг даврларида масжид ана шундай содда ва кичик бўлган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврлари:

Масжидун Набавий ўзгаришсиз қолди. Чунки ҳазрати Абу Бакр оз муддат халифа бўлиб, вафот этдилар. Ўша оз муддат ҳам ридда урушларига сарф бўлди. Бунинг устига, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги нарсаларнинг ҳеч бирини ўзгартиришни хоҳламас эдилар.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу давр­лари:

Масжидларини худди аввалгидек, хом ғишт, хурмо шохи ва ёғочидан, худди ўзига ўхшатиб, қайта қурдирдилар. Ҳатто масжиднинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги кўринишини йўқотмаслигига қаттиқ эътибор бердилар.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон даврлари:

Маълумки, ҳазрати Усмон узоқ вақт халифалик қилдилар. Бу давр ичида Ислом давлати мислсиз равишда кенгайди. Турли халқлар Исломга кирди. Мусулмонлар сони ниҳоятда кўпайди. Саҳобаи киромлар ҳам турли юртларга тарқаб кетдилар.

Ана шу давр ичида ҳазрати Усмон анчагина ишлар қилдилар. Бу ишларнинг кўпчилиги давр тақозоси ила юзага чиққан янгиликлар эди. Бу янгиликлар ичида Набий алайъиссаломнинг масжидларини янгидан кенгайтириб қуриш ҳам бўлган.

Ҳазрати Усмон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кўплаб зиёдалар қилдилар. Аввало, уни анчагина кенг ва катта, қолаверса, қурилиш ускуналарини ҳам тамоман бошқача қилдилар. Хом ғишт ўрнига нақш солинган тош ва пишиқ ғишт ишлатдилар. Устунларини ҳам хурмо ёғочи ўрнига нақшиндор тошлардан, шифтини эса хурмо шохлари ўрнига Ҳиндистондан келтирилган саж ёғочларидан қилдирдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу бу ишларни милодий 649-650 йилларда амалга оширганлар.

Умавий халифалардан Валид ибн Абдулмалик Масжидун Набавийни кенгайтириш ва биносини янгилаш ишини амалга оширди. Унинг амрига биноан, бу муборак масжидда биринчи бор болахоналар, мезаналар ва деворнинг ичига кириб турадиган меҳроб қурилди. Ўша қурилишда оналаримизнинг ҳужралари ҳам масжидга қўшиб юборилди.

Халифа Валид ибн Абдулмаликнинг даврида масжидга 2369 квадрат метр ер қўшилди.

Аббосий халифалардан Маҳдий даврида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари кенгайтирилиб, баъзи қурилиш ишлари олиб борилди.

Мамлуклар ҳукмронлиги вақтида Султон Қойтбой масжиднинг кўп қисмларини қайтадан қурди ва у зотнинг ҳужралари устига гумбаз қурдирди.

Усмоний халифалардан бўлган султон Маҳмуд иккинчи милодий 1813 санада Набий алайъиссаломнинг ҳужралари устига қўрғошиндан янги қубба қурдирди ва уни яшил рангга бўятди.

Султон Абдулмажид иккинчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларидан бошқа ҳамма нарсани буздириб, қайтадан қурдирди. Бу ишлар ҳижрий 1277, милодий 1861 санада амалга оширилди.

Подшоҳ Абдулазиз ҳижрий 1370, милодий 1951 санада Масжидун Набавийни кенгайтиришга амр қилди. 1955 йили охирига етган мазкур ишлардан кейин Масжидун Набавийнинг ҳудуди 12271 квадрат метрга етди.

Ҳижрий 1405, милодий 1984 йил 2 ноябрда подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз Масжидун Набавийни кенгайтириш бўйича қилинадиган янги ишларга биринчи ғиштни қўйди. Fоят катта ишларни ўз ичига олган бу кенгайтиришда қилинган ўзгаришлардан баъзиларини эслаб ўтамиз.

Янги бино замонавий меъморчиликнинг энг кўзга кўринган намунасига айланди. Масжидун Набавийнинг атрофига кенг майдонлар қилинди. Масжиднинг эски ва янги бинолари орасига очилиб, ёпилиб турадиган иккита катта соябонлар қилинди. Масжиднинг янги қисмига диаметри 18 метр, оғирлиги 80 тоннадан бўлган йигирма саккизта ҳаракатланадиган гумбаз қурилди.

Маълумотлар жадвали

Ном

олдинги ҳол

қилинган иш

умумий ҳол

Масжид

 ҳудуди

16 500 кв. м.

148 500

кв. м.

165 000 кв. м.

Намозхонлар

85 000

642 000

727 000

Мезаналар

4 та

 72 м.

6 та

104 м.

10 та.

Дорвазалар

7

16

23

Эшиклар

16

65

81


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳажга отланган кишининг уйдан чиқиб кетаётган пайтда икки ракат сафар намозини ўқиб олиши суннатдир. . Мутъим ибн Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

1194 17:08 / 07 июнь
Аёлларга ҳаж фарз бўлиши учун ҳаж сарфхаражатларига қодир бўлиши билан биргаликда маҳрами бўлиши ва унинг сафар харажатлари ҳам муҳайё бўлиши лозимдир. Ўзини давоми...

9220 05:00 / 16.01.2017
Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар. Ва Аллоҳдан мағфират талаб қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. Бақара сураси, 199оятИслом давоми...

3950 18:44 / 23.08.2017
Исломда инсон ибодат қилар экан, ўз ибодатининг савобини бошқаларга бағишлаш ҳуқуқига эга. Бу ҳақида бир қанча далиллар мавжуд, аҳли сунна валжамоанинг тўрт давоми...

5788 05:00 / 16.01.2017