1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Муаммолар гирдобида ҳам бахтли бўлиш сири

16:58 / 18.08.2017 8121 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, бу дунё ҳамма инсонлар учун вақтли бир макондир. Инсон бу дунёда қанча яшамасин, бир кун у бу ўткинчи дунёни тарк этади. Бунинг устига, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида келганидек, бу дунё мусулмон учун бир қамоқдир, зеро, солиҳ мусулмонни у дунёда Жаннатнинг ажойиб неъматлари кутиб туради. Жаннатда кутиб турган нарсалар олдида эса, бу дунёдаги энг роҳатбаҳш, энг беғам ҳаёт ҳам гўё бир зиндондир. Оддий, ташвишлар ила ўтган умрни гапирмаса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам бу дунёда энг кўп муаммо ва қийинчиликлар энг бахтиёр одамлар – Аллоҳ таолонинг энг яхши бандалари бўлмиш пайғамбар алайҳиссаломлар бошига тушади. Аммо, кўплаб қийнчиликлар, маҳрумлигу синовларга дуч келганликларига қарамай, пайғамбар алайҳиссаломлар ўзларини бахтсиз, деб ҳисобламасдилар. Аллоҳ таолонинг динига даъват этиш йўлида деярли барча пайғамбар алайҳиссаломлар ашаддий таъқибу таҳдидларга дуч келган бўлсаларда, улар барча қийнчиликларни енгиб, одамларга Аллоҳ таолонинг сўзларини омонат ўлароқ мукаммал ҳолда етказар эдилар. Бундан ташқари, ул алайҳиссаломлар ҳар бир киши дуч келадиган қийинчиликлар: беморлик, фақирлик, очлик, муҳтожликка дуч келиб, балки бу нарсаларга  улар оддий одамлардан ҳам қаттиқроқ мубтало бўлардилар. Абу Убайда ибн Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, унинг холаси деган экан: “Бир кун Аллоҳнинг Расулини иситма тутди. Ул киши сув сўрадилар, дарахтга суяндилар, кейин дарахтнинг остига ётдилар, кўзларига сув томиздилар ва дедилар: “Қийинчиликлар биринчи навбатда пайғамбарларга, кейин уларга яқин кишиларга, кейин – кейинги даражадагиларга”. (Насаий)

 Мадомики қийинчиликлар, тақдирнинг кулфату заҳматлари пайғамбар алайҳиссаломлар ва уларга яқин кишиларга келар экан, бизлар дуч келадиган кўнгилсизликлардан шод бўлмоғимиз керак. Зеро, буларнинг воситасида мусулмоннинг даражаси кўтарилади ва унга етган балолар сабабидан унинг гуноҳлари кечирилади. Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят этиладики, Аллоҳнинг расули солаллоҳу алайҳи вассаллам дедилар: “Мусулмоннинг бошига қандай синов келмасин, ҳатто бир тикан кирса ҳам, Аллоҳ таоло унинг даражасини кўтаради ва гуноҳларини кечиради”. (Муслим)

Демак, мусулмон кишининг бошига тушган ҳар қандай муаммо: ғам-ғусса бўладими, азоб, беморлик ва ҳатто тикан кириши, буларнинг сабабида Аллоҳ таоло унинг даражасини кўтарар экан. Шунингдек Абу Саъид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳулардан ривоят этиладики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассаллам дедилар: “Мусулмоннинг бошига нимаики етмасин: чарчашми, узоқ беморликми, ҳавотирлик, кўнгилсизлик, ғам-ғусса ва ҳатто тикан кириши – булар учун Аллоҳ унинг қайсидир бир гуноҳини кечиради”. (Бухорий, Муслим)

Шунинг учун ҳар қандай бизга етадиган кўнгилсизлик гуноҳларимизнинг кечирилишига сабаб бўлиши мумкин. Агарда бунинг устига киши сабр этса, у улкан мукофотга сазовор бўлади, зеро, Аллоҳнинг Расули алайҳиссалом дедилар: “Мўъминнинг ҳоли нақадар ажибдир! Дарҳақиқат, унинг ҳар бир ҳолати унинг учун яхшиликдир. Ва мўъминдан бошқага бу берилмагандир. Уни бир нарса хурсанд қилса, Аллоҳга шукр қилади, ва бу унинг учун яхшиликдир. Гар уни бир ғам тутса, у сабр этади, ва бу ҳам унинг учун яхшиликдир”. (Муслим) 

Дунё ҳаётининг ҳаммаси – синов, мўмин учун ҳам, кофир учун ҳам. Ҳаёт гуноҳкор учун ҳам, муҳсин учун ҳам синовдир. Мадомики бу дунёда экан, ҳар бир инсон синалади – Аллоҳ таоло бандаларини ўз ҳолига ташлаб қўймаган.

Шу жойда яна, гўёки омадли табдиркор бўлмиш оддий бир мусулмон киши ҳаёти ҳақидаги ҳикояни келтириш мумкин: “Бир европалик муваффақиятли тадбиркор бўлиб, хонадонида ҳам, иш жойида ҳам, шериклари билан ҳам доимий муаммоларга дуч келиб, бунинг сабабида унинг соғлиги ва кайфияти бузилиб турар экан. У ҳар гал уйига хумрайган, маюс ҳолда қайтарди. Унинг катта уйи, қимматбаҳо машинаси, доимий фойда келтирувчи бизнеси ва бошқа нарсалари бўлишига қарамасдан, ҳаёти қайғу ва кўнгилсизликларга тўлган эди. Ёнида эса камтаргина меҳнаткаш мусулмон  қўшниси бўлиб, унинг доимий тушуми йўқ эди, турли йўллар билан қийин вазиятлардан чиқиб кетар, заҳмат чекиб оила тебратар эди. Бироқ у доим  юзида табассум ила юрарди, ишдан доим қувноқ ҳолда қайтарди. Хотин бола-чақаси эса уни суперқаҳрамондек кутиб олишарди. Буни кузатган одам муваффақиятли одам, деб, уни – тадбиркорни – доимий катта фойда келтирувчи компания эгасини эмас, балки ўша меҳнаткаш қўшнисини эътироф этиши лозим бўлиб қоларди. Қўшнисининг бундай ҳолатидан ҳайратда қолган тадбиркор унинг сирини билмоққа аҳд қилди. У эса саволларга хотиржам жавоб қилди: “Мусулмон ила нима содир бўлса – ҳаммаси яхшиликдир. Аллоҳ таоло менга ато берса, мен Унга ҳамд айтаман ва ажримни оламан, У менга раҳматини зиёда этади. Аллоҳ таоло мени қийинчилик ила синаса, мен сабр қиламан ва бунга ҳам Аллоҳдан ажр оламан. Ҳаммаси оддий – Исломда ўкинч ва андуҳга ўрин йўқ, магарки мусулмон ўзи маъсиятга қўл урмаган бўлса”.

Аллоҳ таоло пайғамбар алайҳиссаломларни ва китобларни бизларга тўғри йўлни кўрсатувчи дастуруламал ўлароқ жўнатди. Бу – бизларга икки дунё саодатига қандай эришиш мумкинлигини кўрсатувчи  дастурга амал қилсак, ва Аллоҳ таолонинг барча амрларини бажарсак, биз мусулмонлар муаммолар ичра қолсакда, ўзимизни бахтли ҳис этамиз. Динимиз бизларга Аллоҳ таолонинг розилигини топиш йўлларини ва ҳақиқий ҳузур ва шодликка эришиш йўлларини кўрсатади.

Шокир Шарипов таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир талабанинг сўзлаганлари Оиламизда, эсимни танибманки, китоб ўқилади. Ҳамма адабиётга меҳр қўйган. Янги, фойдали китоб нашрдан чиқса, албатта сотиб оламиз, давоми...

1734 17:00 / 29.08.2022
Ҳар бир жамият ва тузумнинг бойлик ҳақида ўз қараши ва тушунчаси бўлади. Аммо, динимиз Исломда бойликка муносабат қандай Шу ва шунга ўхшаш саволларга қуйида давоми...

4352 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло .Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир,, деган Нисо, 29.Ҳаёт Аллоҳ томонидан берилган ҳақ бўлгани учун уни ҳеч ким бировга давоми...

3433 05:00 / 03.03.2017
Билинг Чиндан ҳам, улфатчилик чиройли хулқ мевасидир ва бўлиниш тарқалиш, ажралиш ёмон хулқ мевасидир, зеро чиройли хулқ ўзаро дўстлик ва келишувни вужудга давоми...

6111 05:00 / 03.03.2017