1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Албатта, кўз уйқуда, қалб уйғоқ...

10:30 / 20.08.2017 3764 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида, ҳузурларига фаришталар келдилар. Баъзилари:

«Ухлаб ётибди», дейишди. Бошқалари эса: 

«Албатта, кўз уйқуда, қалб уйғоқ», дейишди. Улар:

«Мана шу биродарингизнинг бир мисоли бор. Қани, бунга мисол келтиринглар-чи», дейишди. Баъзилари:

«У ухлаб ётибди», дейишди. Бошқалари:

«Албатта, кўз уйқуда, қалб уйғоқ», дейишди. Бас, улар: 

«Бунинг мисоли худди бир ҳовли қуриб, зиёфат уюштирган Зот унга бир чақирувчи юборганга ўхшайди. Бас, ким ўша чақирувчига жавоб берса, ҳовлига киради ва зиёфатдан баҳам кўради. Ким чақирувчига жавоб бермаса, ҳовлига кирмайди ва зиёфатдан баҳам ҳам кўрмайди», дейишди. Улар:

«Буни унга таъвил қилинглар, тушунсин», дейишди. Баъзилари:

«У ухлаб ётибди», дейишди. Бошқалари эса:

«Албатта, кўз уйқуда, қалб уйғоқ», дейишди. Бас, улар: 

«Ҳовли – жаннат, чақирувчи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ким Муҳаммадга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибдир. Ким Муҳаммадга осий бўлса, батаҳқиқ, Аллоҳга осий бўлибдир. Муҳаммад одамлар орасини фарқловчидир», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда сўз яна Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат – у зотнинг суннатларини маҳкам тутиш ҳақида кетмоқда.

Бу сафар Аллоҳ таоло билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисолларини Олий Мақомнинг вакиллари, яъни муқарраб фаришталар – табиатида исён бўлмаган, амр қилинган нарсани сўзсиз бажарадиган зотлар қилмоқдалар. Шунинг ўзи ажойиб бир руҳоний ва олиймақом ҳолатни вужудга келтирмоқда.

Аллоҳ таолонинг ҳабиб Пайғамбари, оламларнинг сарвари, мўминларнинг шафоатчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётибдилар. Бу улуғ зот ҳурматидан Аллоҳнинг фаришталари у киши ётган жойга келдилар. У зотни кўрган фаришталарнинг;

«Баъзилари: «Ухлаб ётибди», дейишди».

Яъни «Биз унинг ҳузурига иш билан келган эдик, у ухлаб ётибди экан, нима қиламиз?», демоқчи бўлдилар. Шунда

«Бошқалари эса:

«Албатта, кўз уйқуда, қалб уйғоқ», дейишди».

Яъни бу зотнинг кўзи ухлагани билан қалби ухламайди, ишимизни бошлайверайлик, демоқчи бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам «Менинг кўзим ухлайди-ю, қалбим ухламайди», деганлар. Умуман, бошқа пайғамбарларнинг ҳам кўзлари ухлаб, қалблари ухламайди. Эҳтимол, фаришталарнинг ўзаро суҳбати ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухлагани билан қалблари ухламаслигини қайта-қайта таъкидлаш учун келтирилаётгандир. 

Нима бўлганда ҳам, ўзаро суҳбатдан кейин фаришталар ўзлари қилишлари лозим бўлган ишни бажаришга киришдилар. 

«Улар: «Мана шу биродарингизнинг бир мисоли бор. Қани, бунга мисол келтиринглар-чи», дейишди».

Мана шу ухлаб ётган биродарингиз улуғ бир масъулият юклатилган одам. Аллоҳ таоло уни маълум иш учун танлаб олган. Унинг одамларга алоқаси бор. Ана ўшаларни нимага ўхшатиш мумкин? Қани, бир ўхшатиб кўринг-чи, дейилди. Яна улардан баъзилари:

«У ухлаб ётибди», дейишди». 

Яъни «Қандай бўлар экан? У ухлаб қолибди. Биз унга мисол келтирсак, ўзи эшитармикан», демоқчи бўлдилар. Шунда

«Бошқалари: 

«Албатта, кўз уйқуда, қалб уйғоқ», дейишди».

Яъни «Бу одамнинг кўзи ухлагани билан қалби ухламайди. Ҳамма нарсани билиб туради, сиз мисолни келтираверинг, у эшитади», демоқчи бўлдилар.

«Бас, улар: «Бунинг мисоли худди бир ҳовли қуриб, зиёфат уюштирган Зот унга бир чақирувчи юборганга ўхшайди. Бас, ким ўша чақирувчига жавоб берса, ҳовлига киради ва зиёфатдан баҳам кўради. Ким чақирувчига жавоб бермаса, ҳовлига кирмайди ва зиёфатдан баҳам ҳам кўрмайди», дейишди».

Фаришталар бу мисол билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хушхабар башоратини берувчилик сифатларини баён қилдилар. Олдинги ҳадисдаги мисолда ёмон ҳолатдан, азоб-уқубатдан огоҳлантирувчилик сифатлари васф қилинган эди.

Энди эса қурилган ҳовли, уюштирилган зиёфат ва ўша зиёфатга одам таклиф қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Келтирилган мисолни эшитганлар турлича тушуниши ва таъвил қилиши мумкин. Аммо ўша мисоллардан кўзланган маънони энг яхши тушунган тараф уни келтирган тараф бўлади.

Шунинг учун ҳам фаришталар ўзлари келтирган мисолни ўзлари таъвил қилиб, ўзлари кўзлаган маънонинг ҳақиқатини очмоқчи бўлдилар:

«Улар: «Буни унга таъвил қилинглар, тушунсин», дейишди».

Яъни «Бу мисолни ухлаб ётган биродарингизга шарҳ қилиб беринг, нима маъно кўзланганини тушунсин», демоқчи бўлдилар. Лекин яна улардан

«Баъзилари: «У ухлаб ётибди», дейишди».

Яъни у ухлаб ётибди, биз мисолни таъвил қилсак, у тушунармикан, демоқчи бўлдилар. Шунда яна

«Бошқалари эса: «Албатта, кўз уйқуда, қалб уйғоқ», дейишди».

Яъни таъвилни қилаверинглар. Унинг кўзи ухлагани билан қалби ухламайди. Албатта у таъвилингизни тушунади, дедилар. Сўнгра улар мисолни таъвил қила бошладилар. 

«Улар: «Ҳовли – жаннат, чақирувчи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам», дейишди.

Демак, ҳовли – жаннат, уни барпо қилган Зот – Аллоҳ! Унда зиёфат уюштирган Зот ҳам Аллоҳ! Ҳовлидаги зиёфат – жаннатнинг неъматлари. Зиёфатга одам чақириб келиш учун чақирувчи юборган Зот – Аллоҳ. Чақирувчи эса – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Чақирувчи – Пайғамбаримизга ишониб, у зотнинг чақириғига жавоб берганлар – мўмин-мусулмонлар. Улар Аллоҳ юборган чақирувчи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чақириғини – Исломни қабул қилганлари учун жаннатга кирадилар ва ундаги нозу неъматлардан баҳраманд бўладилар. Чақирувчига жавоб бермаганлар – кофирлар. Улар Аллоҳ таоло юборган чақирувчи – Муҳаммад алайҳиссаломнинг чақириқлари – Исломни қабул қилмаганлари учун жаннатга кирмайдилар ва зиёфатдан баҳраманд бўлмайдилар. 

Фаришталар ўз гапларини қуйидаги сўзлар билан тугатдилар:

«Улар: 

«Ким Муҳаммадга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибдир. Ким Муҳаммадга осий бўлса, батаҳқиқ, Аллоҳга осий бўлибдир. Муҳаммад одамлар орасини фарқловчидир», дейишди».

Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга фақат Аллоҳнинг амрини етказадилар. Ўзларидан бир нарсани чиқармайдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш ёки осий бўлиш орқали одамлар иккига ажраб фарқланадилар.

Муҳаммад алайҳиссаломга итоат қилганлар мўмин-мусулмон – жаннат аҳли бўладилар. У зотга осий бўлганлар эса кофир ва мунофиқ – дўзах аҳли бўладилар. Одамларнинг орасини бундай қилиб фарқловчи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳам ҳузурларига фаришталарнинг келиши.

2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухласа ҳам, қалбларининг ухламаслиги.

3. Фаришталар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мисол келтириш борлиги.

4. Жаннатнинг ҳозирдан тайёрлаб қўйилганлиги.

5. Жаннатнинг нозу неъматлари ҳақ экани.

6. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, у зотнинг динлари – Исломга амал қилганларнинг жаннатга кириши.

7. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмаган, Исломга амал қилмаганларнинг жаннатга кирмаслиги.

8. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш – Аллоҳга итоат қилиш экани.

9. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлиш – Аллоҳга осий бўлиш экани.

10. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одамларнинг орасини фарқловчи эканликлари.

Демак, ҳамма нарса очиқ-ойдин, ўйлаб ўтирадиган жойи йўқ. Ким бахтли бўлишни, жаннат нозу неъматларидан баҳраманд бўлишни хоҳласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам тутсин, унга оғишмай амал қилсин. Суннатга амал қилмай, у зотга осий бўлганлар эса ўзлари биладилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Саҳролик бир кишидан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ азза ва жаллага тақво қилиб нимани тарк қилсанг, албатта Аллоҳ сенга унданда яхшисини беради,, дедилар,.Аҳмад ривоят қилган.

1398 09:15 / 23.08.2019
. ,. .6321. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашаж Абдулқайсга.Сенда икки хислат бордир. Аллоҳ ўша икки давоми...

2267 10:14 / 14.12.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Аллоҳ азза ва жалла айтади .Одам боласи замонни сўкади. Ҳолбуки, давоми...

1635 21:00 / 09.11.2022
Али розияллоҳу анҳу Ҳайит намозига пиёда чиқиш ва чиқишдан олдин бироз нарса еб олиш суннатдир, деб айтдилар. Имом Термизий ривояти.

4346 03:30 / 19.04.2023