1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар

18:01 / 06.05.2017 6728 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг дўзах аҳлининг кўпи эканингизни кўрдим», дедилар. Улардан бир гапга уста аёл: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, дўзах аҳлининг кўпи эканмиз?» деди.

«Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз. Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларнинг ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим», дедилар. 

«Эй Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» деди. 

«Ақлнинг нуқсони – икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир. Аёл бир неча кунларни намоз ўқимай ўтказади ва Рамазонда рўза тутмайди. Бу диннинг нуқсонидир», дедилар».

Бухорийнинг иборасида: 

«Ҳайз кўрган пайтида намоз ўқимай, рўза тутмай қўядими?» дедилар. 

«Худди шундай», дейишди.

«Бу диннинг нуқсонидир», дедилар» шаклида келган.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан юқорида танишганмиз. Қўшимча равишда айтамизки, китобларимизда Ибн Умар, дейилса, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан бошқа одам назарда тутилмайди. Шунингдек, Ибн Масъуддан мурод, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудир.

Муаллиф бу ҳадиси шарифдаги аёл киши ҳайз пайтида намоз ўқимаслиги ва рўза тутмаслигини диндаги нуқсон экани ҳақидаги гапларни иймонда зиёдалик ва нуқсон бўлишига далил қилиб кетмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг исломий тарбиясига алоҳида эътибор берар эдилар. Доимо муслима аёлларни илм-маърифатга чорлар эдилар. Аёллар учун алоҳида илмий мажлислар ўтказар, уларнинг ўзларига хос ваъз-насиҳатлар қилар эдилар. Ана шундай муносабатларнинг бирида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларга хитоб қилиб: 

«Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг дўзах аҳлининг кўпи эканингизни кўрдим», дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида кўп нарсаларни, жумладан, дўзахни ҳам, дўзах аҳлининг аксарияти хотин кишилар эканини ҳам кўрдилар. Бу ерда ўша сафар кўрганлари ҳақида гапирмоқдалар. Аёлларни дўзахдан қутулиш учун садақа қилишга, кўпроқ истиғфор айтишга чорламоқдалар.

Ушбу вазиятда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий пайғамбар эканликлари, меҳрибон ва мушфиқ раҳнамо эканликлари намоён бўлмоқда. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бор гапни очиқчасига айтиб, аёлларни тўғри йўлга солиш, саодатманд қилиш учун қайғурмоқдалар. Аччиқ бўлса ҳам, ростини айтмоқдалар. 

Ҳақиқий муршид эса очиғини айтади. Муаммоларни тўғри йўл билан ҳал қилишга имкон қидиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг дўзахда кўп бўлиши ҳақида хабар бериш билан бирга, бу мусибатдан қутулиб қолиш йўлларидан бири садақа бериб, кўпроқ истиғфор айтиш эканини ҳам баён қилмоқдалар.

Бу хабарни эшитган саҳобиялар ўзларининг чин мўмина, фозила, оқила аёллар эканликларини исбот қилдилар. Норози бўлиб, бақир-чақир қилмадилар. Расули акрамнинг гапларини тасдиқ қилдилар, унга бутунлай таслим бўлдилар. Лекин илмий мажлис одобига риоя қилган ҳолда уларнинг вакиласи хабарда келган мусибатдан қутулиш, дўзахга тушишдан сақланиш йўлини билиш ниятида, аёлларнинг дўзахга кўп тушишлари нима сабабдан эканини сўради:

«Улардан бир гапга уста аёл: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, дўзах аҳлининг кўпи эканмиз?» деди». 

Берилган саволнинг одобини қаранг. «Нима учун биз дўзахга кўп тушар эканмиз?» ёки шунга ўхшаган гап билан эмас, «Бизга не бўлдики?» деб сўралмоқда. Бунда «Ўзимизда бирор айб бордирки, шундай бўлган, ўша айб нима эканини билсак бўладими?» деган маъно бор. Шунинг учун ҳам 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз», дедилар. 

Яъни, қарғишни кўпайтирганингиз учун, эрларингизга нисбатан ёмон муомалада бўлганингиз учун шу аҳволга тушасиз, дедилар. Бунда, албатта, мўмина, муслима аёллар учун қарғишдан четланиш ва эрнинг розилигини олишга уринишга тарғиб бор. Айниқса, эр билан бўладиган муомаладаги хатолар кўп ва нозик бўлганлиги учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшимча қилиб: 

 «Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларнинг ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим», дедилар».

Яъни, ўзингиз ақли ва дини ноқис бўла туриб, ақл эгаси бўлган эркакдан ғолиб келиш учун уринганингиз қизиқ, дейилган. Бу жойда ҳам саҳобиялар аввалгидек одоб-ахлоқ намуналарини кўрсатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гапларига бутунлай таслим бўлдилар, уни чин дилдан қабул қилдилар. Шу билан бирга, билиб қўйиш учун савол ҳам бердилар: 

Ҳалиги аёл: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» деди».

Бу савол ҳам ўта юксак одоб доирасида берилди. Ҳатто «Аёлларнинг ақли ва динидаги нуқсон нимадан?» ҳам дейилмади. «Ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» дейилди. Бу «Сизнинг гапингизни эшитиб, аёлларнинг ақли ва динида нуқсон борлигига таслим бўлдик. Энди ўша ақл ва дин нуқсони нимада намоён бўлишини билиб олсак бўладими?» деганидир. 

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам батафсил жавоб бердилар: 

«Ақлнинг нуқсони – икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир», дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда аёллар учун энг тушунарли бўлган шаръий мисолни келтирдилар. Аллоҳ таоло баъзи бир ишларга гувоҳлик беришда бир эр ва икки хотин бўлса, икки эр гувоҳнинг ўрнига ўтишини таъкидлаган. Бунда, албатта, аёл кишининг аёллиги эътиборга олинган. Чунки Исломдаги аёлнинг ҳар хил ноқулай ҳолатларда иштирок этиши кам бўлади. Шунинг учун ёлғиз аёл гувоҳлик пайтида адашиб қолиши мумкин. Икки киши бўлсалар, бир-бирларига эслатиб туришлари ояти каримада ҳам айтиб ўтилган. 

Шу билан бирга, баъзи бир фақат аёлларга хос туғиш ва эмизишга ўхшаш ишларда бир аёлнинг гувоҳлиги қабулга ўтаверади. Кўп эркакнинг гувоҳлиги эса ўтмайди. Шунинг ўзи ҳам юқоридаги гап вазиятни эътиборга олиб айтилганини кўрсатади.

Аёлларнинг эркакларга нисбатан ақли ноқислиги нозик масала бўлиб, Ислом душманлари бу ҳақдаги гапни динимизга қарши таъна тошини отиш учун кўп ишлатиб келмоқдалар. Улар бу масалада икки хотиннинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тенг келишини ва ушбу ҳадисни далил қилиб келтирадилар. 

(Икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тенг қилиниши ҳақида юқорида қисман гапирилди, ким бу ҳақда муфассал маълумот истаса, «Тафсири Ҳилол» китобига мурожаат қилсин).

Биз эса бу ерда ҳадиси шарифдаги гап ҳақида сўз юритамиз. Гувоҳлик масаласи шароитга қараб айтилган мисол экани айтиб ўтилди.

Энди аёлларнинг ақли ва дини ноқислар, деб васф қилиниши ҳақида бир оз гаплашиб олайлик. Бу аёлларни қасддан камситиш эмас, балки бор ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишдир. Келинг, ҳақиқатнинг кўзига тик қараб, бу масалада очиқча гаплашайлик.

Аввало аёлларнинг ақли ноқис, дегани ҳар қандай аёлнинг ақли ҳар қандай эркакнинг ақлидан паст, дегани эмас. Бу гап нисбийдир. Умуман олганда, ақл нисбатида эркаклар аёллардан устун туриши ҳақидаги гапдир. Чунки баъзи бир аёлларнинг ақл жиҳатидан кўплаб эркаклардан устун туришини бошқалар эмас, Ислом дини олға сургандир. Бу ҳақиқат Қуръони Каримдаги Сабаъ маликаси ҳақидаги қиссадан ҳам билинади. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига келсак, ҳадисларни кўп ривоят қилишда Оиша онамиз иккинчи ўринда турадилар. Кўплаб машҳур саҳоба эркаклар ўзлари ҳал қила олмаган масалаларни ҳал қилиб беришни Оиша онамиздан сўрар эдилар. Ҳеч ким «Аёл кишининг ақли паст бўлади, унинг ривоятини олмаймиз», деган эмас. 

Лекин умумий ровийларни олганда, эркаклар устун турадилар. Энг кўп ривоят қилган шахс ҳам эркак киши, ровийлар сони ҳам улар ичида эркаклар аёллардан кўп эканини кўрсатади. Худди шу ҳолат бошқа иш ва соҳаларда ҳам яққол кўринади.

Қайси бир соҳани олиб кўрсак, аёллардан баъзиларининг ақли ўткир бўладилар, аммо асосий ўткир ақл эркакларда бўлади. Жисмоний лаёқатларни бир томонга қўйиб турайлик. Чунки бугунги кунда эркакларнинг жисмоний тузилиш ва имкониятлар борасида аёллардан устун эканини ҳеч ким инкор қилмай қўйди. Негаки, аёллик талаблари шуни тақозо қилади. 

Аёл киши хотин, она бўлиши керак. Бунинг учун унга алоҳида латиф тана тузилиши, жисм ва аъзолар керак. Ҳатто баданидаги тўқималар, ҳужайралар ҳам эркакникидан ўзгача, нафис, юмшоқ, нозик бўлади. Энди ўша нафис, юмшоқ ва нозик нарсалардан таркиб топган нозик аёлда қўпол, кучли, қаттиқ нарсалардан таркиб топган эркакнинг мияси – ақли бўлиши мумкинми? Ҳамма нарсаси ўзига хос бўлган аёлнинг ақли ҳам ўзига хос бўлиши керак. Аёл кишига унинг аёллигига хос ақл керак. Шундай бўлган ҳам. Умуман олганда, эркаклар аёллардан кучли, десак ҳеч ким ажабланмайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . .Умму Салама розияллоҳу анҳо .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шаъбон ва Рамазондан бошқада икки ой кетмакет рўза тутганларини кўрмадим,, давоми...

2052 15:42 / 17.03.2021
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча асирлар ҳузурига бордилар. Улар орасида бир асир хотин бор эди. давоми...

3666 09:00 / 24.05.2018
Абу Имора Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Эй фалончи, агар тўшагингга ётсанг .Аллоҳумма асламту нафсий давоми...

3375 08:15 / 11.01.2018
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида Масжиди Набавий афзалми ёки Масжидул Ақсоми, деб давоми...

1897 11:08 / 08.11.2023