1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Умра

15:57 / 13.08.2017 8260 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1524. «Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо:

«Албатта, у (умра) унинг (ҳажнинг) Аллоҳнинг Китобидаги дугонасидир. «Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг», деди».

Шарҳ: Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда умрани ҳажга қўшиб зикр қилган. Бу умранинг қанчалар улуғ ибодат эканлигига ёрқин далил бўла олади. 

Аллоҳ таоло ҳаж ва умрани тугал адо этишга буюриб:

«Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг», деган.

«Ҳаж» сўзи луғатда «улуғ нарсани қасд қилиш» деган маънода келса, Ислом шариатида эса ҳаж деганда махсус маконда, махсус амаллар билан махсус ибодатни адо этиш тушунилади.

Махсус замон.

Ҳаж фақат махсус вақтда адо қилинади. Хусусан, унинг бош рукни – Арофатда туриш Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни бўлиши шарт. Бошқа вақтда ҳар қанча турилса ҳам ҳаж ҳисобланмайди.

Махсус макон.

Ҳаж ибодатини адо этиш учун Аллоҳ томонидан ирода қилинган Масжидул ҳаром, Арофат, Муздалифа, Мино каби жойлар махсус макон ҳисобланади. Бошқа жойларда бу ибодатларни адо этиш мумкин эмас.

Махсус амаллар.

Бунда эҳром, Каъбани айланиб тавоф қилиш, Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, Арофатда туриш, Муздалифада тунаш, шайтонга тош отиш каби амаллар кўзда тутилган.

Бу ибодат аҳли аёлининг ҳожатидан ортиқча етарли маблағи бор, соғлом, омонликдаги хотиржам мусулмонга умрида бир марта фарз бўлади.

Умра эса луғатда «зиёрат» ва «ободлик» маъноларини билдиради. Ислом шариатида эса Байтуллоҳни тавоф қилиб, Сафо билан Марва ўртасида саъй қилиб бажариладиган махсус зиёратга айтилади.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳаж ва умранинг фарзларини, шартларини тугал, бенуқсон қилиб, Аллоҳ учун адо этишга амр қилмоқда.

Шу билан бирга, унда ҳаж ёки умрани ният қилиб, ибодатни бошласангиз, охирига етказинг, деган маъно ҳам бор. Бу илоҳий амрга биноан, ҳаж ёки умрани ният қилиб, эҳромга кирган ҳар бир мусулмон уни охиригача мукаммал адо этишга уринади.

 1525. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо:

«Зиммасида ҳаж ва умра бўлмаган ҳеч ким йўқ», деди.

Иккисини Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳар бир қодир бўлган мусулмоннинг зиммасида ҳаж қилиш вазифаси бўлганидек, умра қилиш ҳам бор.

 1526. Абу Розийн ал-Уқайлий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг отам қари чол. Ҳажга ҳам, умрага ҳам, сафарга ҳам қодир эмас», дедим.

«Отангнинг номидан ҳаж ва умра қил», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятларни эътиборга олган жумҳури уламолар «Умра фарздир», деганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эса «Мандуб», деганлар. У киши бу ижмоъларига қуйидаги ҳадиси шарифни далил қилганлар.

 1527. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан умра ҳақида:

«У вожибми?» деб сўралди.

«Йўқ. Умра қилмоғингиз афзал», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилганлар.

 1528. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бўлган Умму Синан исмли бир аёлга:

«Биз билан ҳаж қилишингдан сени нима ман қилди?» дедилар.

«Абу Фулоннинг иккита туяси бор эди. Бирида у билан ўғли ҳаж қилди. Бошқасида эса ғуломимиз суғориш ишларини олиб борарди», деди.

«Рамазондаги умра ҳажга ёки мен билан бўлган ҳажга тенгдир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар. 

1529. Бухорийнинг лафзида:

«Қачон Рамазон бўлса, унда умра қилгин. Албатта, Рамазондаги умра ҳаждир», дейилган.

«Умрадан умрагача иккисининг орасидаги нарса учун каффоратдир» деган ҳадис аввал ўтди.

Шарҳ: Бу ривоятларда умра, хусусан, Рамазон ойида қилинган умра фазилатли ибодат эканлиги таъкидланмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифларда зикр қилинган ваъдадан умидвор бўлган кўплаб мусулмонлар ҳозирда ҳам Рамазони шарифда умра қилиш пайида бўладилар.

 1530. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, Ибн Марям Равҳадан ҳаж ёки умра учун ёхуд иккисини жамлаб, эҳром боғлаб, талбия айтажак», дедилар».

Муслим ривоят қилган. Аллоҳ билгувчироқдир.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан ҳаж ва умра қиёматгача тўхтамай давом этадиган ибодат эканлиги, ҳатто Ийсо алайҳиссалом ҳам қиёматга яқин ер юзига тушганларида бу улуғ ибодатларни адо этишлари маълум бўлади.

 

 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳажга борган ҳожиларнинг ҳаж асносидаги энг ҳаёжонли ва умидвор дамларидан бири ҳажар аласвадни ўпиш ва силаш экани шубҳасиздир. Муқаддас қора тошни ўпиш, унга давоми...

5797 05:00 / 16.01.2017
Тaмaттуъ ҳажи ниятидаги ҳaйзли aёлни умрaни тaрк этиб, ҳaж эҳромига киришиБир аёл ҳaж кунлaридa умрa эҳромини бoғлaб, Ҳарами шaрифгa йўл олди. Лeкин, йўлдa ёки Ҳарами давоми...

3429 05:00 / 16.01.2017
Ҳажнинг биринчи куни зулҳижжанинг саккизинчи куни ҳажнинг биринчи куни ҳисобланади. Шу куни қуйидаги амаллар қилинади Бомдод намозидан кейин Мино томонга давоми...

4898 22:00 / 14 июнь
Ҳожилар ҳаж қилиш асносида ғусл қилишлари суннат бўлган ўринлари ўнта 10 бўлиб, бунга ҳожилар амал қилишлари керак бўлади. Улар оддий покланиш ndash чўмилиш бўлиб, давоми...

3480 05:00 / 16.01.2017