1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳдан талаб қилинадиган энг яхши нарса

19:37 / 24.07.2017 10859 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зотдан сен талаб қиладиган энг яхши нарса У сендан талаб қиладиган нарсадир.

Ушбу ҳикмат ўзидан олдинги ҳикматда келган маънони тўлдириб келмоқда, десак хато қилмаган бўламиз. Олдинги ҳикматда: «Қачон Аллоҳ сенга тоатни ва Ўзи ила ундан беҳожат бўлишни ризқ қилиб берса, билки, батаҳқиқ, У Зот сенга ошкора ва пинҳона неъматларини мукаммал қилиб берибди», дейилган эди.

Бу ҳикматда эса: «У Зотдан сен талаб қиладиган энг яхши нарса У сендан талаб қиладиган нарсадир», дейилмоқда. Хўш, Аллоҳ таоло бандадан нимани талаб қилади? Аллоҳ таоло Ўзи яратган инсу жинлардан нимани ирода қилишини Қуръони Каримда баён қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло Зориёт сурасида марҳамат қилади:

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим» (56-оят).

Ушбу қисқагина оятда улкан ҳақиқат ўз ифодасини топгандир. Одамлар ва жинларнинг яратилишидан ягона мақсад Аллоҳга ибодат қилиш экан. Кўпгина исломий тушунчалар қатори, ибодат тушунчасида ҳам хатолар содир бўлган. Оқибатда ҳозирги кунимизда «ибодат» деганда кишилар онгида намоз, рўза, қироат, зикр каби нарсаларгина намоён бўлади. Тўғри, мазкур амаллар улкан ибодатлардир, буларсиз Исломни тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо ҳозир тафсир қилаётган оятимизга ушбу тушунча билан мурожаат қиладиган бўлсак, инсонлар ва жинлар бутун умрларини намоз ўқиб, зикр қилиб ўтказишлари лозим бўлиб қолади. Чунки Аллоҳ таоло инсу жинни фақат Ўзига ибодат қилишлари учун яратгандир.

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим».

Намозу рўза, зикру тиловатдан бошқа ишга қўл урган шахс юқорида айтиб ўтилган тушунча бўйича, Аллоҳнинг иродасига қарши чиққан осий бўлади.

Ҳолбуки, бошқа оятларда Аллоҳ таоло бандаларини ер юзини обод қилишга, оила қуришга ва бошқа ишларга буюрган. Инсонни Ўзининг ер юзидаги халифаси (ўринбосари) деб эълон қилган.

Демак, «ибодат» маъносининг бошқача талқини ҳам бўлиши керак.

Келинг, «ибодат» сўзининг луғавий ва истилоҳий маъносини ўрганиб чиқайлик-чи, қандай натижага эришар эканмиз. «Ибодат» сўзи араб тилида «бўйсуниш»«ўзини паст тутиш»«итоат этиш» ва «амрни бажариш» деган маъноларни билдиради. Демак, ҳар бир ишда Аллоҳга бўйсуниш, итоат қилиш, Аллоҳнинг амрларини бажариш, ҳузурида ўзини паст олиш Аллоҳга ибодат қилишни англатар экан.

Уламолар истилоҳида эса Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун қилинадиган ҳар бир иш ибодатдир. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, намоз, рўза, ҳаж, закот каби ибодатлар Исломнинг негизини ташкил этадиган улкан ибодатлардир. Буларсиз инсон мусулмон бўлиши қийин. Бу ерда хато «ибодат» маъносини фақат мазкур амалларга боғлаб қўйишдадир. Шунинг учун одам намоз ўқиётганида ўзини Аллоҳнинг ҳузурида ҳис қилади-ю, касб билан шуғулланаётганида ўзини Аллоҳга номаъқул иш қилаётгандек сезади. Ибодат маъносини тўғри тушунадиган бўлсак, у ҳозиргидан кўра кенг ва комил тушунча экани маълум бўлади. Ҳар бир ишимизни шариатга мос қилиб, Аллоҳнинг амрига, Набий алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ олиб борсак, ҳар бир ишимиз ибодатга айланади, савоб ўрнига ўтади. Бунинг учун икки асосий шартга амал қилиш зарур:

1. Ҳар бир иш Қуръон ёки Суннатга мувофиқ бўлиши лозим.

2. Ҳар бир ишни қилиш ёки тарк этишда Аллоҳнинг розилигини исташ керак. 

Шунда ҳар бир ишимиз ибодатга айланади. Демак, ниятни яхшилаш лозим. Набий алайҳиссалом ўзларининг машҳур ҳадисларида: «Албатта, ҳар бир иш ниятга боғлиқ, ҳар бир киши нимани ният қилса, ўшанга етади», деганлар.

Исломда ибодат тушунчаси кенг маънодаги тушунча эканига Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шариф ҳам далил-ҳужжат бўлади:

«Бир гуруҳ кишилар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бойлар ажру савобни олиб қўйдилар. Улар ҳам бизга ўхшаб намоз ўқишади, рўза тутишади ва яна устига, ортиқча молу дунёларидан садақа қиладилар», дейишди. Ул зот:

«Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни бериб қўймаганми? Ҳар бир тасбеҳингиз садақа, ҳар бир такбир ҳам садақа, ҳар бир таҳлил ҳам садақа, амри маъруф ҳам садақа, наҳйи мункар ҳам садақа ва ҳар бирингизнинг шаҳватингизда ҳам садақа бор», дедилар. Шунда одамлар:

«Биронтамиз шаҳватимизни қондирса ҳам ажр оладими?» деб сўрадилар. Набий алайҳиссалом:

«Айтинглар-чи, шу ишни ҳаромдан бажарса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шунингдек, ҳалолдан бажарса, унга ажр бўлади», дедилар».

«Улардан ризқ ирода қилмасман ва Мени таомлантиришларини ҳам ирода қилмасман. Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир» (Зориёт сураси, 57-58-оятлар).

Демак, Аллоҳ таоло инсонлару жинлардан ризқ сўрамайди, балки уларга ризқ беради. Улардан таом сўрамайди, балки уларга таом беради. Аллоҳнинг бирдан-бир ирода қилгани ибодатдир, инсонлару жинларни яратишдан мақсад ҳам шудир. Лекин ибодатдан кимга фойда бор? Ибодат қилувчининг ўзига. Унга икки дунёнинг бахтини ибодат беради.

Алоҳида таъкидлашимиз керакки, бандаларнинг қилган барча ибодатларидан Аллоҳ таолога заррача манфаат, ибодат қилмасликларидан заррача зарар ҳам етмайди. Нима бўлса банданинг ўзига бўлади. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳадиси қудсийлардан бирида баён қилиб қўйган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таборака ва таолодан ривоят қилиб айтдилар:

«Эй бандаларим! Агар сизнинг аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам сизлардан энг тақводор одамнинг қалбига эга бўлсанглар ҳам, ўша нарса Менинг мулкимга бирор нарсани зиёда қилмайди.

Эй бандаларим! Агар сизнинг аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам сизлардан энг фожир одамнинг қалбига эга бўлсанглар ҳам ўша нарса Менинг мулкимдан бирор нарсани кам қилмайди».

Муслим ривоят қилган.

Аллоҳ таоло бандалардан Ўзига ибодат қилишни талаб қилган. Бошқача қилиб айтганда, Ўзининг охирги дини – Исломга амал қилишни талаб қилган. Банда ҳам Аллоҳ таолодан Ўзининг дини – Исломга ҳидоят қилишини ва бу диннинг таълимотларига амал қилиш неъматини талаб қилиши керак.

Ислом таълимотларининг барчаси, шариат аҳкомларининг ҳаммаси инсонни мукаммал бахт-саодат билан таъминлашга қаратилгандир. Исломнинг мақсадлари динни, жонни, ақлни, наслни ва молни асрашдан иборатдир. Ислом кишиларни бирор ишга буюрган бўлса, ушбу беш нарсани асраш учун буюргандир. Ислом кишиларни бирор нарсадан қайтарган бўлса, ушбу беш нарсани муҳофаза қилиш учун қайтаргандир.

Имом Ғаззолий ўзларининг усулул фиқҳ илмига оид «Ал-Мустасфо» номли китобларида дейдилар: 

«Шариатнинг халқдан кўзлаган мақсадлари бешта бўлиб, у халойиқнинг динини, жонини, ақлини, наслини ва молини муҳофаза қилади. Ушбу беш аслнинг муҳофазасини ўз ичига олган ҳар бир нарса маслаҳат – манфаатдир. Бу бешликка зарар етказадиган ҳар бир нарса мафсада – бузуқликдир. Ана шу зарарни даф қилиш ҳам маслаҳат – манфаатдир»

Аллоҳ таоло бандадан талаб қиладиган нарса банданинг ўзига икки дунё бахт-саодатини мукаммал қилиб берадиган нарсадир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандани нимага чақирса, ўшанга жавоб бериши лозим бўлади.

Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида, Аллоҳ ва Расулига ижобат этинг ва билингки, албатта, Аллоҳ киши билан унинг қалби орасини тўсиб турур ва албатта, Унинг ҳузуридагина тўпланурсиз» (24-оят).

«Ҳаёт берадиган нарса» иймон ва Исломдир. Қуръони Карим таъбири билан айтганда, ҳақиқий ҳаёт иймон ва Исломдир. Инсон буларсиз ўликдир. Киши иймон ва Ислом билангина тўлақонли ҳаёт тарзига эга бўлади. Шунинг учун ҳар бир одам тезроқ ўзини ўнглаб, Аллоҳ ва Расулининг чақириғига ўз вақтида жавоб бериб, ўзига ҳаёт берадиган иймон ва Ислом йўлига юриши лозим. Акс ҳолда

«...ва билингки, албатта, Аллоҳ киши билан унинг қалби орасини тўсиб турур…»

Чунки қалбнинг ҳақиқий эгаси У Зотдир. Агар Аллоҳ таоло инсон билан унинг қалби орасини ажратиб қўйса, у одам ўзини ўнглай олмай қолади, ўз қалбига молик бўла олмай қолади. Бу ҳақиқат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз аксини топган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча «Эй қалбларни айлантириб турувчи Зот, қалбимни Ўз динингда собит қилгин!» деб дуо қилар эдилар».

Коинотларнинг сарвари, Бану одамнинг афзали, охирзамон Пайғамбарики, Аллоҳ таолога шундай дуо ила илтижо қилса, бошқаларнинг ҳоли нечоғлик эканини билиб олаверсак бўлади.

«...ва албатта, Унинг ҳузуридагина тўпланурсиз».

Шунинг учун ҳам У Зотнинг чақириғига, Расулининг даъватига жавоб беришга шошилинг. Сизга икки дунёнинг ҳақиқий саодатининг кафолатини берадиган Аллоҳ таолонинг динига амал қилишга шошилинг. 

Аллоҳ таоло борлиқни яратган Зотдир, Ўзи яратган нарсаларнинг гултожи қилиб инсонни яратган Зотдир. Аллоҳ таоло Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсон қандай яшаса, икки дунё саодатига мушарраф бўлишини ҳам энг яхши биладиган Зотдир. Шунинг учун Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсон бахтга ва саодатга эришиши учун керак бўлган таълимотлар тўпламини дин номи ила йўллаб қўйгандир. Ушбу икки дунёнинг мукаммал саодатига элтувчи илоҳий таълимотларга ихлос билан амал қилишни ибодат деб атагандир.

Агар икки дунё бахти ва саодатига эришиш йўлини топиб олиш инсоннинг ўзига қўйиб берилганида, у адашиши ва мақсади ҳосил бўлмаслиги аниқ эди. Чунки инсон ақли хатога йўл қўйиши, ҳавойи нафснинг куйига тушиши, заифлик қилиши ва шайтоннинг иғвосига учиши муқаррардир. Бунинг устига, инсон ғайб илмлари қаршисида ҳар доим ожиздир. Унга бу илмларни идрок этиш қобилияти берилмаган. Шунинг учун у ўзига фойда жалб этиб, зарарни даф қиладиган узоқ муддатли, ҳаётининг барча босқичларини ўз ичига олган режа тузиб олиши амри маҳолдир. У кўпинча эҳтимолларга асосланган ожиз фикрига ва кўнгил майлига суяниб иш қилади. Ана шу асосда хатолардан холи бўлмаган режалар тузади.

Бунинг устига, инсон ўзига етадиган фойда ва зарарни ажратишда ожизлик қилади. Инсоният ўзининг узоқ муддатли тарихи давомида ҳозиргача бу масалада нуқта қўя олмагани бунинг ёрқин далилидир. Ҳозиргача инсоният ўзига кони зарар бўлган нарсаларни кўз юммай қилиб келмоқда ва бу ишни давом эттирмоқда. Ушбу масалани ҳал қилиш ниятида фаолият олиб борган ақлли инсонлар, мутафаккирлар ва файласуфларнинг барчаси, қадимги юнон файласуфлари ҳам, бугунги фикр одамлари ҳам инсон жамияти ҳеч қачон ўзига етадиган фойда ёки зарарларни ва улар орасидаги фарқларни ажратиб олишга эриша олмаслигини таъкидлаганлар ва таъкидламоқдалар. Чунки инсоннинг илми нари борса, бу дунёнинг ўзи билан чегараланади, холос.

Ҳар бир банда Аллоҳ таолодан талаб қиладиган – сўрайдиган, орзу қиладиган ва умидвор бўладиган нарса нима ўзи? 

Инсон зоти борки, бу дунёда бахтиёр ҳаёт кечиргиси келади. Бу ҳаммага маълум ҳақиқатдир. Саодатли ҳаёт кечириш истаги ҳар бир инсоннинг асл ва соф табиатида бор. Шунинг учун ҳам инсон зоти, ким бўлишидан қатъи назар, доимо ўзига фойдали нарсаларни жалб қилиш ва зарарли нарсаларни четлаб ўтиш пайида яшайди. Айни шу истак ҳар бир инсон тафаккури ва уринишининг ажралмас қисмидир. Дунёда ҳеч ким бахтсиз бўлай, ёмонлик кўрай, демайди. Ҳа, ушбу истак умуминсоний истакдир. Номи инсон борки, ким бўлишидан қатъи назар, бахтиёр яшашни истагйди. 

Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир инсон Аллоҳ таолодан ошкора ва пинҳона неъматларини мукаммал қилиб беришини талаб қилади – сўрайди, орзу қилади ва умидвор бўлади. Ўтган ҳикматда мазкур саодатга эришишнинг йўли Аллоҳ таоло бандага тоатни ва Ўзи ила ундан беҳожат бўлишни ризқ қилиб бериши экани айтилган эди. 

Демак, банда икки дунё саодатига эришиш учун Аллоҳ таоло ундан талаб қилган нарсани У Зотнинг Ўзидан талаб қилиши керак экан. Аллоҳ таоло эса бандадан Ўзига ихлос билан тоат-ибодат қилишни талаб қилган эди. Бинобарин, банда Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатида бардавом бўлса, бахти-саодати баркамол бўлиши турган гап.   

Бас, шундай экан, инсон икки дунёдаги ўз бахти ва саодатига эришиш йўлини ўзини ва икки дунёни яратган, барча ҳақиқатларни ва икки дунё илмини бекаму кўст биладиган Аллоҳ таолодан сўраши керак. Инсоннинг Аллоҳ таолодан сўрайдиган нарсасининг энг яхшиси Аллоҳ таоло ундан сўрайдиган нарсадир. Аллоҳ таоло инсондан Ўзига тоат-ибодат қилишни сўрагандир.

Аллоҳ таоло бандалардан бир нарсани қилишни ёки тарк қилишни талаб қилган бўлса, албатта, уларга фойдани жалб қилиш ва зарарни даф қилишни ирода қилган бўлади. Гоҳида банда бунинг сирини билмай, ўша амр ёки қайтариқни ёқтирмаслиги ҳам мумкин. Аммо бу банданинг илми озлигидан содир бўлади, холос.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Ажаб эмаски, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва ажаб эмаски, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз» (216-оят).

Аллоҳ таоло бандаларининг ҳамма ҳолатларини яхши билади. Уларнинг жангни ёқтирмасликларини ҳам билади. Инсоннинг табиати шундай: машаққатни, қийинчиликни ёқтирмайди. Лекин Ислом одамларга ёқадиган нарсаларни эмас, балки уларга фойда бўладиган, икки дунёда бахт-саодат келтирадиган амалларни таклиф қилади:

«Ажаб эмаски, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва ажаб эмаски, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса».

Бундай ишларнинг оқибатини Аллоҳ билади, банда билмайди.

«Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз».

Ушбу ҳақиқат аён бўлганидан кейин банда Аллоҳ таолодан доимо ўзини У Зотнинг Ўзи ундан талаб қилган нарсаларни адо қилишга йўллаб қўйишини сўраши лозим бўлади. 

Аллоҳ таоло биздан талаб қиладиган нарса биз Ундан талаб қиладиган нарсаларнинг энг яхшиси бўлишини насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Амалларни фориғ бўлгандан кейинга суришинг нафснинг бефаҳмлигидандир.Албатта, ушбу ҳикматдаги амаллардан мурод диний амаллардир. Бу ерда дунёвий амалларга давоми...

4124 14:18 / 29.09.2017
Муайян вақтда Аллоҳ зоҳир қилган нарсадан бошқани пайдо қилишни ирода қилган кимса жоҳилликдан ҳеч нарсани тарк қилмаган бўлади.ndash Жоҳиллик илмнинг тескариси, давоми...

3595 17:49 / 25.03.2018
Махлуқотларнинг сенга назарини Ҳақнинг сенга назари ила ғойиб қил ва уларнинг сенга юзланиши мавжудлигидан У Зотнинг сенга юзланиши ҳозирлиги ила ғойиб бўл.Ибн давоми...

3504 19:46 / 18.01.2018
Албатта, У Зот сенга воридни у ила Ўзига етишишинг учунгина етказди.ndash Ворид ndash қалбга етган илоҳий туртки бўлиб, у қалбни одатдаги ҳолидан қўзғатади ва роббоний давоми...

4580 17:55 / 25.02.2018