1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Умид ва хомхаёл

19:41 / 24.07.2017 5382 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умид амал билан бирлашган нарсадир. Агар ўшандай бўлмаса, хомхаёлдир.

– Ражо – умид – қалбнинг келажакда ҳосил бўлиши тама қилинаётган нарсага уни ҳосил қилувчи амални қилароқ боғланиши. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, тама қилинган нарсани ҳосил қилиш учун унга сабаб бўладиган амални қилиш ила уриниш ражодир.

– Умнийя – хомхаёл – ҳақиқати йўқ хоҳиш. 

Ўтган ҳикматда орифлик мақоми зикр қилинганидан кейин, кишиларда ўша мақомга етиш орзуси уйғониши эътиборидан Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда орзу нимаю, хомхаёл нималигини баён қилиб бермоқда.

«Умид амал билан бирлашган нарсадир. Агар ўшандай бўлмаса, хомхаёлдир».

Келажакда кўзлаган мақсадига эришиш борасида инсонда пайдо бўладиган ҳолат икки хил бўлар экан. 

Биринчиси тама қилинаётган нарсага эришиш борасидаги дилдаги маънавий интилиш бўлиб, унда инсон кўзлаган нарсасига эришиш учун маънавий интилиш билан бирга жисмоний ҳаракатни ҳам амалга оширар экан ва бу ҳолат ражо – умид деб аталар экан.

Иккинчиси – тама қилинаётган нарсага эришиш учун маънавий интилиш, иштаҳа қилиш билан кифояланиб, амалий ҳаракат қилинмас экан ва бу ҳолат умнийя – хомхаёл деб аталар экан. 

Исломда бандалар умид қилишга тарғиб қилинади ва умидсизликдан қайтарилади. Бекорга ноумид шайтон, дейилмаган. Шу билан бирга, фақат истак билан кифояланиб, амал қилмаслик, хомхаёлга берилиш қаттиқ қораланган.

Шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Қасрлар ва ҳурлар каби ҳиссий неъматлардан умидвор бўлган кимса жиддий ҳаракат қилмоғи, тоатга ўзини урмоғи ва яхши нафл амалларга шошилмоғи лозимдир. Акс ҳолда умидворлиги аҳмоқлик ва ўзини ўзи алдашдан иборат бўлади».

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Эй одамлар! Хомхаёлга берилишдан сақланинглар! Зотан, у аҳмоқлар тушадиган водийдир. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло бандага хомхаёли учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳеч нарса бермайди».

Шайх Маъруф Кархий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Амалсиз жаннатни талаб қилиш гуноҳлардан биридир. Сабабсиз шафоатдан умидвор бўлиш ғурурга кетишнинг бир туридир. Тоат қилмай туриб, раҳматдан умидвор бўлиш жаҳолат ва аҳмоқликдир».

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Баъзи қавмларни мағфират ҳақидаги хомхаёллар банд қилиб қўйиб, Аллоҳ таолога яхшиликсиз рўбарў бўлдилар. Улардан бири: «Роббим ҳақида яхши гумон қилурман», дейди. Ёлғон айтади. Агар Робби ҳақида яхши гумон қилганида, Унинг учун яхши амал қилар эди». Сўнг ушбу оятни тиловат қилди: 

«Роббингиз ҳақида қилган гумонингиз сизни ҳалокатга учратди. Бас, зиён кўрувчилардан бўлдингиз» (Фуссилат сураси, 23-оят). 

Имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу сўзлари жуда ҳам ўринлидир. Баъзи дангаса одамлар Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиш тушунчасини ўзларининг дангасалигини хаспўшлаш учун нотўғри талқин қиладилар ва ўзларига турли бахтиқароликларни касб қилиб оладилар. Оқибатда Фуссилат сурасидаги юқорида келтирилган ояти каримада айтилганидек, Робблари ҳақидаги нотўғри гумонлари уларни ҳалокатга учратади. Аслида эса гап тамоман бошқача.

Аллоҳдан яхши гумонда бўлиш «У Зот мени афв этади, мағфират қилади ва Ўзининг кенг раҳмати ила раҳм қилади», деган умид билан Аллоҳ таолога ибодат қилаверишдир. Бу аввал келган эҳтиёт бўлишга зид эмас. Эҳтиёткорликни яхши гумонга қўшиб олиб бориш керак. Аллоҳ таолога итоат қилиб, яхши умидда бўлиш ва қайтарганидан қайтиб, ҳушёр бўлиш лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла: «Бандам Мен ҳақимда нима гумон қилса, ўшандоқман», деди», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Банда Аллоҳ таоло ҳақида қандай гумон қилса, Аллоҳ таоло унга ўша гумонга мос муомала қилади. Шунинг учун мўмин банда доимо Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлмоғи керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Яхши гумон яхши ибодатдандир», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиш У Зотнинг ҳаққини адо этишдир. Шунинг учун ҳам бу иш яхши ибодатдан ҳисобланади. Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумон қилиш куфрдир.

Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлишни тўғри тушунадиганлар ҳам, нотўғри тушунадиганлар ҳам бор.

Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлишни тўғри тушунадиганлар юқоридаги ҳадисни эшитсалар, ўқисалар ва ўргансалар, вужудлари Аллоҳ таолонинг афви ва мағфиратидан умидворлик ила тўлиб-тошади. Аллоҳ таолонинг амрларини адо этиш ва қайтарганларидан қайтиш бўйича рағбатлари яна ҳам ортади. Янги куч ва янги ғайрат билан ўзларини тоат-ибодатларга урадилар.

Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлишни нотўғри тушунадиган осийлар эса ушбу маънодаги ҳадисларни эшитсалар, ўқисалар ва ўргансалар, осийликни зиёда қиладилар, Аллоҳ таолонинг амрларини бажармаслик ва қайтарганларидан қайтмасликни ўзларига раво кўрадилар. Уларнинг эгри тушунчалари бўйича, гўёки Аллоҳ таолога яхши гумонда бўлишнинг ўзи уларнинг гуноҳларининг мағфират қилинишига ва нобакорликларининг афв қилинишига етиб ортар эмиш.

Ўзларига ушбу нотўғри тушунчани раво кўрганларни Қуръони Карим хомхаёлга кетганлар деб атайди.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Сизларнинг хомхаёлингизча ҳам эмас, аҳли китобларнинг хомхаёлича ҳам эмас. Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир. Ва ўзига Аллоҳдан бошқа дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмас» (123-оят).

Аҳли китобларнинг, яъни яҳудий ва насороларнинг хомхаёллари ҳаммага маълум. Улар: «Биз Аллоҳнинг болаларимиз ва маҳбубларимиз», дер эдилар. Яъни «Биз дўзахга тушган тақдирда ҳам, саноқли кунлардагина тушамиз», деган эътиқодда эдилар. Яҳудийлар «Биз Аллоҳнинг танлаб олган бандаларимиз», деб ҳам ғурурланадилар.

Ояти каримада илк жумланинг

«Сизларнинг хомхаёлингизча ҳам эмас, аҳли китобларнинг хомхаёлича ҳам эмас», деб келишидан шуни англаш мумкинки, баъзи мусулмонлар ҳам турли хомхаёлга боришлари мумкин. 

Жумладан, уларнинг Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлишларининг ўзи гуноҳларининг мағфират қилиниши ва нобакорликларининг афв этилиши ҳақида хомхаёлга боришларига сабаб бўлиши мумкин. 

Аллоҳ таоло бундай хомхаёллар кимнинг хомхаёли бўлишидан қатъи назар, бекорчи эканини баён қилмоқда. Ким ёмонлик қилса, қайси динга, қайси халққа, қайси оилага, қайси насабга қарашли бўлишидан қатъи назар, умумий қоида асосида ўз жазосини олади. Яъни

«Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир. Ва ўзига Аллоҳдан бошқа дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмас».

Бу масала бўйича асосий далил ҳисобланадиган ҳадис қуйидаги ҳадисдир.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сезгир ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинни кўзлаб амал қилган одамдир. Ожиз нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан хомхаёл ила турли нарсалар орзу қилган одамдир», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.

Бошқача қилиб айтганда, оқил одам ўлимдан кейинни кўзлаб, ўзини ўзи тергаб, ҳавойи нафсини жиловлаб, Аллоҳ таоло кўрсатган чегарада юриб, охират учун амал қилади. Аҳмоқ эса ўлимдан кейинни кўзламай, ҳавойи нафсига берилиб, Аллоҳ таолонинг айтганини қилмайди ва У Зотга тавба ҳам қилмайди. Аллоҳ таоло эса: «Тоатимга бахиллик қилганга қандай қилиб раҳматимни ҳадя қиламан?!» дейди.

Шу ўринда «Агар шундай бўлса, Аллоҳ таолонинг ширкдан бошқа барча хатоларни мағфират қилиши ҳақидаги оят ва ҳадисларини қандай тушуниш керак?» деган савол пайдо бўлиши турган гап. 

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

«(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (53-оят).

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таборака ва таолодан ривоят қилиб, айтдилар:

«Эй бандаларим! Албатта, сизлар кечаю кундуз хато қилурсизлар. Мен эса барча гуноҳларни мағфират қилурман. Бас, Мендан мағфират сўранг, сизларни мағфират қилурман».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Аввалги матнларда қуруқ гап билан иш битмаслиги, хомхаёл билан гуноҳлар мағфират бўлмаслиги айтилмоқда, кейинги оят ва ҳадиси қудсийга ўхшаш матнларда эса Аллоҳ таолонинг барча гуноҳларни мағфират қилиши таъкидланмоқда. Бу ҳолатни қандай тушунамиз?

Бу ерда жуда ҳам нозик фарқ бор. Гуноҳкор бўлмаган банда йўқ. Маъсум – гуноҳ қилишдан сақланган банда фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари, холос. Лекин гуноҳкор билан гуноҳкорнинг орасида фарқ бор. 

Биринчи турдаги гуноҳкорлар гуноҳни инсоний ожизлик юзасидан содир этадилар ва гуноҳ содир бўлиши билан ўзларини тавбага урадилар. Гуноҳ содир бўлгани учун қаттиқ афсус ва надомат чекадилар. Содир этилган гуноҳнинг қанчалар катта нобакорлик эканини ҳис қиладилар ва бу ишга қайта қўл урмасликка азму қарор қиладилар.

Иккинчи турдаги гуноҳкорлар эса гуноҳни билиб туриб, писанд қилмай, ошкора содир этадилар. Гуноҳлари билан гердайиб юрадилар. Одамларга мақтанадилар. Ана ўшаларнинг гуноҳлари кечирилмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

«Мужоҳирлардан бошқа умматимнинг ҳаммаси афв қилингандир. Албатта, бир кишининг кечаси бир ишни қилиб, тонг отганда Аллоҳ уни сатр қилган бўлса ҳам «Эй Фалончи, кечаси ундай қилдим, бундай қилдим», демоғи ҳам мужоҳарадандир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди. Тонг отганда эса ўзидан Аллоҳнинг сатрини очади», деганларини эшитдим».

Икки шайх ривоят қилганлар.

«Мужоҳир» жаҳр сўзидан олинган бўлиб, луғатда «ошкора қилувчи» деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда эса гуноҳни ошкора ва уялмасдан қилувчи одамга айтилади. Ушбу ҳадиси шарифдаги таърифга қараганда, ўзи қилган гуноҳни одамларга мақтаниб юради.

Демак, гуноҳни ошкора қилган, ўзидан содир бўлган гуноҳларини гапириб юрадиган мужоҳирларнинг гуноҳи афв қилинмас экан.

Аммо одамлар ичида ўзининг айтганидан қолмайдиган ва нобакорлигига ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам баҳона топадиганлари бор. Ўшалардан баъзилари ўзларининг билиб туриб гуноҳда бардавом бўлишларига қуйидаги ҳадиси шарифни дастак қилиб оладилар. 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга асирлар келди. Асирлар ичида бир аёлнинг сийнаси сутга тўлган эди. Қачон асирлар ичида бир гўдакни кўрса, бағрига босиб, эмиза бошлар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:

«Ушбу аёл боласини ўтга ташлайди, деб ўйлайсизми?» дедилар.

«Йўқ. У уни асло ташлай олмайди », дедик.

«Бу аёл боласига раҳмли бўлганидан кўра Аллоҳ бандаларига раҳмлироқдир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Уламоларимиз мазкур нобакорларга жавобни ушбу ҳадиси шарифнинг ўзидан беришади. Онанинг болага меҳри бу даражада кучли бўлиши ҳали гўдак унга ҳеч қандай осийлик қилмагани сабаблидир. Эмизикли бола онасига гап қайтармайди, итоатидан бош тортмайди ва ҳоказо. Билиб туриб, Роббига гуноҳ қилишда бардавом бўлаётган нобакорларни мазкур гўдакка мутлақо ўхшатиб бўлмайди. Агар мазкур нобакор ҳам мазкур гўдакка ўхшаб Роббига заррача гуноҳ қилмаган бўлганида, гап бошқача бўлар эди.

Аммо минг афсуслар бўлсинки, одамлар ичида ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолога осий бўлишни ўзига раво кўрадиганлари мавжуд. Ана ўшалар мутакаббирлик ила ўзларига ўзлари зулм қилганлардир. Уларнинг ҳолини Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда баён қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:  

«Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганларга осмон эшиклари очилмас ва улар туя игна тешигидан ўтмагунча, жаннатга кирмаслар. Жиноятчиларни мана шундай жазолаймиз» (40-оят).

Бу дунёда ҳузур-ҳаловатда яшаб юрган чоғида Аллоҳ таолонинг оятларини ёлғонга чиқариб, уларга ишонмаганлар, бу ҳам етмагандек, Халлоқи Олам оятларидан кибрланиб, уларга амал қилмай, билиб туриб турли баҳоналар ила гуноҳлардан қайтмай ўтганларнинг ҳоли ҳақиқий дунёда – охиратда жуда аянчли бўлиб қолади. Аввало, уларга

«…осмон эшиклари очилмас…»

Бундан мақсад нима? Биринчидан, қилган амалларининг савоби осмонга қадар чиқа олмайди. Зеро, кофир ва осий бўлгач, амали қабул бўлмайди. Бандаларнинг савоблари кирадиган эшик уларнинг амали учун ёпиқ бўлади. Шунингдек, ўша бандалар ўлганда, руҳларини осмонга элтувчи эшиклар очилмай, йўллари тўсилади. 

Кофир ва осийлар, Қуръондан юз бурган ва унга амал қилмаган гумроҳлар жаннатга қандай қилиб кирадилар?

«…улар туя игна тешигидан ўтмагунча, жаннатга кирмаслар».

Уларнинг руҳлари осмонга олиб чиқилганда, эшик очилмай, аҳволлари расво бўлган эди. Энди жаннатга киришлари учун ғоят оғир шарт қўйилмоқда. Бир тарафда улкан жуссали, тоғдек туя дарёдек пишқириб турибди. Иккинчи тарафда кўз илғаб-илғамайдиган бир игна. Нигоҳи ўткир одам унга яқинроқдан тикилмаса, унинг тешигини кўрмайди ҳам. Бу баҳайбат туя ушбу кичкина тешикдан ўтса, бош устига, «анавилар» ҳам жаннатга кираверсинлар.

Бу илоҳий таъбир оддийгина қилиб, «Абадул абад жаннатга кирмайди», дейишдан кўра юз чандон таъсирчандир. Бу ҳам уларнинг азобига азоб, жазосига жазо қўшиш учундир. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло оятнинг охирида:

«Жиноятчиларни мана шундай жазолаймиз», демоқда.

Аллоҳ таоло барчаларимизга амал билан бириккан умид соҳиби бўлишимизни, хомхаёлга берилиб, амалсиз қолмаслигимизни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло учун ғийбaтни тaрк этган киши улуғ мaртaбaлaргa эришaди. Қуйида ғийбaтни тaрк этиш ва тилни oдaмлaр шикoятидaн тийишдаги фойдаларни санаб ўтамиз.Биринчи фoйдa давоми...

3458 22:34 / 01.05.2018
Саккизинчи фoйдa тилнинг гунoҳи кaбирaсидaн нaжoт тoпиш вa унинг ёмoнлигидaн сaлoмaт бўлиш.Ҳaдис. Уқбa ибн Oмир розияллоҳу анҳу айтади .Пaйғaмбaр соллаллоҳу алайҳи давоми...

3076 15:48 / 05.05.2018
Саккизинчи сабаб мазах қилиш.Одамларни мазах қилиш, уларнинг устидан кулиш ғийбатнинг сабабларидан биридир.Муолажа. Шуни билиш лозимки, дунёда мазах қилган, давоми...

3077 15:15 / 06.06.2018
Гуноҳи кабира катта гуноҳ деган маънони англатади. Гуноҳи кабира ndash уни қилган одамга Қуръон ёки ҳадисда дўзахга кириш тайин қилинган гуноҳлар, шариатда ҳаддни давоми...

7812 19:11 / 11.07.2017