1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Васваса (1-қисм)

17:26 / 08.07.2017 5553 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тилида паст овозга далолат қилиш учун «васваса» сўзи ишлатилади. Арабларда «нафси васваса қилди» деган ибора ҳам бор.

Васвасанинг яна бир маъноси «аралаш-қуралаш махфий гап» деганидир.

Демак, бир нарсанинг қалбда қарор ва хотиржамлик топмай, қайта-қайта такрорланишига «васваса» дейилади.

Уламолар истилоҳида: «Васваса шайтон қалбга соладиган нарсадир».

Роғиб: «Васваса хотирага келган ёмон нарса», деган.

Кафавий: «Васваса адаштириш учун айтилган махфий гап», деган.

Савдо ғолиб келиб, зеҳни алғов-далғов бўлиб қолиш хасталигини ҳам «васваса» дейилади.

Ибн Қайюм: «Васваса нафсга махфий ташланган нарсадир. У фақат ташланган одамга эшитиладиган даражадаги махфий овоз бўлиши ёки шайтоннинг бандага қиладиган васвасаси каби овозсиз бўлиши мумкин», деган.

Нафсда воқе бўладиган ёмон нарса васвасадир.

Нафсда воқе бўладиган яхши нарса илҳомдир.

Нафсда воқе бўладиган қўрқинч ийжасдир (яъни ваҳима).

Нафсда воқе бўладиган яхшилик режаси умиддир.

Васваса учун жазо йўқ. Фақат у жазмга айланмаслиги керак. Васваса тилдаги гапга ва жисмдаги амалга айлангандагина, жавобгарлик ҳам юзага чиқади.

Қуръони Каримнинг тўртта оятида васваса зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида айтади:

«Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди ва: «Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки мангу қолувчилардан бўлмаслигингиз учунгина ман қилди», деди» (20-оят).

Шайтон асосан инсонни шарманда қилиш, унинг айбини–авратини очиш учун жидду жаҳд этади. Аммо ниятини яшириб, инсоннинг заиф томонидан ҳужум қилади, ундаги шаҳват ва ҳавас оловини алангалатади. Бу ҳақиқатни ушбу ояти карима исботлайди:

«Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди».

Бурун уларнинг авратлари ёпиғлик ҳолда эди. Аммо кейин келадиган оятларнинг бирида гувоҳлик берилишича, Одам ва Ҳавво шайтон қутқусига учганларидан сўнг, уларнинг авратлари очилиб қолди. Албатта, бу ерда ҳиссий авратлар назарда тутилган. Аммо одам зурриётидан ким шайтон васвасасига учса, унинг маънавий айблари ҳам очилади.

Шайтони лаъин Одам билан Ҳаввонинг энг нозик жойларидан тутди:

«Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки мангу қолувчилардан бўлмаслигингиз учунгина ман қилди», деди».

Одам доимо қудратли, хоҳлаган ишини уддалайдиган, бошқа нарсалар таъсирига берилмайдиган бўлишни истайди. Маълумки, фаришталарда ушбу хусусиятлар мавжуд. Шунинг учун ҳам шайтон Одамни васваса қилишда ушбу заиф томонидан келди: «Агар ушбу дарахтдан тановул этсангиз, фаришта бўласиз, шу боисдан Аллоҳ сизларни бу дарахт мевасини ейишдан ман этмоқда», деди. Шунингдек, одам ўзи эришган олий мақомда абадул абад қолишни, таъбир жоиз бўлса, ­дунёнинг якка-ёлғиз устуни бўлишни доимо орзу қилиб келган. Шайтон унинг бу заиф жиҳатларини яхши билади. Шу сабабли Одамга: «Жаннатда абадий қолмаслигингиз учун Роббингиз сизга ушбу дарахтдан тановул этишни ман қилди», деб қутқу солди.

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида айтади:

«Бас, шайтон уни васваса қилди. У: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва битмас-туганмас мулкни кўрсатайми?» деди» (120-оят).

Лаънати шайтон одамнинг нозик жойидан тутган эди. Инсон фитратида абадий яшаш истаги бор. Ҳеч-ҳеч ўлишни истамайди. Мол-мулки заволга кетишини ҳам хоҳламайди.

Шайтон Одамда ушбу икки нозик ҳисни қўзғатиб, уни васваса қилди. «Роббинг манави дарахтнинг мевасидан ейишингни ман қилган бўлса, сенинг абадий яшашингни, мулкинг бардавом бўлишини хоҳламаганидандир, бу дарахтнинг мевасидан есанг, ҳеч ўлмайсан, мулкинг йўқолмайди», деди.

Аллоҳ таоло Қоф сурасида айтади:

«Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз» (16-оят).

Бирор асбоб ва ёки буюмнинг устаси ундаги энг майда икир-чикирларгача яхши билади. Унинг хусусиятларини, афзалликларини, шунингдек, камчиликларию нуқсонларини ҳам яхши билади. Ҳолбуки, у яратувчи эмас. У бор-йўғи, мавжуд нарсаларни бир-бирига қўшиб, улаб, кесиб, ўйиб ва бошқа усуллар билан асбоб ясайди. Яратувчи эса йўқдан бор қилади.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло:

«Албатта, инсонни Биз яратганмиз»деб таъкидламоқда.

Демак, Яратувчи яратган нарсасининг ҳамма тарафини мукаммал билади. Шу билишини Аллоҳ таоло инсоннинг энг нозик жойларидан бирини тилга олиш билан билдирмоқда:

«ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз».

Нафснинг васвасаси инсоннинг хаёлида кечади, унинг жараёнини ташқаридан ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло ўшандай махфий нарсани ҳам билиб тургандан кейин, бошқасини билиш Унга ҳеч гап бўлмай қолади.

Инсон ҳар доим, ҳар лаҳза Аллоҳнинг чангалида, Унинг сергак кузатиши остида туришини билдириш учун Аллоҳ оятнинг охирида:

«Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз», дейди.

«Жон томири» деганда биз қон томирини тушунамиз. Инсон шуни тўла ҳис қилиб олса, ҳар бир ҳаракати, гапи, сўзи Яратганни рози қилиш учун бўлиши лозимлиги ҳақида ўйлаб қолади. Ҳеч бир гуноҳга, ҳаром ишга яқинлашмай қўяди. Доимо ҳушёр, сергак яшайди.

Лекин инсонни кузатиш, унинг ишларини ҳисоб-китоб қилиш бу билан тугамайди. Балки яна бошқа қўшимча кузатиш ҳам бор. Инсон қаерда бўлмасин, доимо ўзига вакил қилинган икки фариштанинг назоратида бўлади. Улар инсондан содир бўлаётган гап-сўз ва амалларни зудлик билан ёзиб борадилар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсон фарзанди ўз нафси ва шайтон билан бўладиган жангда мағлуб бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳаққига тегишли бирор гуноҳ қилиб қўйса, яъни нафсининг ва шайтоннинг давоми...

3444 12:31 / 12.06.2018
Насиҳат. Ҳотим раҳимаҳуллоҳ айтади .Қайси ўтиришда уч иш ndash дунё зикри, кулги ва одамларни ғийбат қилиш содир бўлса, у ерда ўтирганлардан Аллоҳнинг раҳмати давоми...

3438 22:45 / 07.04.2018
Ўн еттинчи зарар мусулмонларга зулм қилиш.Насиҳат. Бир киши ҳакимга .Менга насиҳат қилинг,, деди. Ҳаким унга шундай насиҳат қилди .Роббингга жафо қилма, халққа жафо давоми...

3811 11:19 / 25.04.2018
Ўн тўққизинчи зарар Аллоҳ таолога қарши чиқиш.Ғийбатчи ўзининг бу ярамас иши билан Аллоҳ таолога қарши исён кўтарган, итоатсизлик қилган ҳисобланади. Аллоҳ давоми...

3623 11:26 / 25.04.2018