1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Васваса (2-қисм)

17:47 / 08.07.2017 5959 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Наас сурасида айтади:

«Айт: «Одамлар Роббидан паноҳ сўрайман... одамлар Подшоҳидан... одамлар Илоҳидан... беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг... одамларнинг кўксларига васваса соладиганнинг... жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)».

Тушунарли бўлиши учун Наас сураси ояти карималарининг маъно таржималарини бирданига келтириб олганимиздан кейин, энди Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолимизда, уларни якка-якка тафсир қилишга ўтайлик.

«Одамлар Роббидан паноҳ сўрайман...»

Аллоҳ таолонинг Робб сифати ўзида кўп маънони мужассам қилгандир: Холиқ, Мураббий, Мудаббир... У Зот одамларни йўқдан бор қилиб яратган Холиқ, турли неъматлар ила неъматлантириб, ўстирган Мураббий ва доимо ишларни юритиб турувчи Мудаббирдир. 

Албатта, Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг Робби бўлса ҳам, бу ерда одамларнинг хос зикр қилиниши бандаларни шарафлаш ва икром қилиш учундир.

Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни одамлар учун яратгандир. Уларга ақл, илм, китоб ва шариат бергандир. Уларга фаришталарни сажда қилдиргандир. Бинобарин, одамлар махлуқотларнинг афзалидирлар.

«Одамлар Подшоҳидан...»

Яъни «Одамларнинг Подшоҳидан, эгасидан паноҳ сўрайман».

Аллоҳ таоло ҳамма халойиқнинг Малики – Подшоҳи ва эгасидир. Аллоҳ таолонинг эгалиги тўлиқ, шомил ва комилдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларнинг ҳаётини тўла бошқариб, Ўз ҳукмини юритиб туради. Демак, паноҳ тилаш фақатгина ўша Зотнинг Ўзидангина бўлиши лозим.

«Одамлар Илоҳидан».

Яъни «Одамларнинг ибодатига сазовор ягона Зотдан паноҳ сўрайман».

Ҳа, барча одамларнинг ибодатига сазовор ягона илоҳ, маъбуд Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бинобарин, одамлар У Зотнинг Ўзидангина паноҳ сўрашлари, фақат Унинггина паноҳига қочишлари керак.

Ушбу уч оят ҳақида аллома Исмоил ибн Касийр қуйидагиларни ёзадилар: «Ушбулар Робб жалла жалалуҳунинг сифатларидан учтасидир: Робблик, Маликлик ва Илоҳлик. У ҳар бир нарсанинг Робби, эгаси ва Илоҳидир. Ҳамма нарсалар Унинг махлуқи ва мулкидирлар. Бас, паноҳ тиловчи ушбу сифатлар ила сифатланган Зотдан паноҳ сўрашга амр қилинди».

Энди эса келаси уч оятда мазкур сифатлар ила сифатланган Аллоҳ таолонинг паноҳига ниманинг ёмонлигидан қочиш кераклиги баён қилинади.

«Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг...»

Ушбу оятда зикр қилинган «беркиниб, кўриниб турувчи»дан мурод шайтондир. Чунки инсон Роббини зикр қилиб турганда, шайтон қочиб, беркиниб олади. Шунингдек, банда ўз Роббини унутса, шайтон дарҳол кўринади ва уни васваса қилишни бошлайди.

Ҳофиз Мусилий ривоят қилган ҳадисда: «Албатта, шайтон бурнини одам боласининг қалбига қўювчидир. Қачон у Роббини зикр қилса, шайтон беркинади. Қачон у Роббини унутса, қалбини ром этиб, васваса қила бошлайди», дейилган.

«Одамларнинг кўксларига васваса соладиганнинг...»

Шайтоннинг васвасаси маълум ва машҳур. У инсон қалбига гуноҳ ишлар қилиш, ўзига эргашиш, Аллоҳ таолога осий бўлишни чиройли қилиб кўрсатади.

«Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)».

Ушбу оят шайтон одамлардан ҳам, жинлардан ҳам бўлишига далилдир. Мўмин-мусулмон инсон доимо ҳам инс шайтон, ҳам жин шайтон васвасасидан, ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб турмоғи лозим.

Жиндан бўлган вавасачининг иши осонроқ. Аллоҳдан паноҳ сўрасанг, дуоларни – ушбу сураларни ўқисанг, қайтади. Аммо одамдан бўлган васвасачи жуда ҳам хатарли.

Энди имом Бухорий «Ал-адаб ал-муфрад»да васваса ҳақида келтирган ҳадиси шарифларни ўрганайлик.

 

1284. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Хаёлимиздан баъзи нарса ўтади. Бироқ қуёш нури тегиб турган ҳамма нарсани бизга мулк қилиб берилса ҳам, уни айтишни истамаймиз», дейишди.

«Шуни топдингизми?» дедилар.

«Ҳа», дейишди.

«Ўша равшан иймондир», дедилар».

Шарҳ: Васвасага учраган киши уни беркитиши, бировга айтмаслиги матлубдир. У ҳақда гапириш қабоҳатдир. Васваса билан бошини машғул қилишдан хатолар юзага келади. Бунинг чораси шуки, мазкур васвасани тарк қилиб, фойдали иш билан машғул бўлиш керак.

Бу ҳадисда келган масала, айниқса, тасаввуфда кенг баён қилинган муҳим масаладир. Шайтон хароба қалбларни эгаллаб олади, шунинг учун уларни васваса қилишнинг кераги бўлмайди.

Покланиб, тақвонинг маълум бир даражасига етиб борган, Аллоҳ таолога яқинлашиб қолган қалблар борки, шайтон уларга ҳарчанд осилса ҳам, йўлдан ура олмайди. Шайтон энди бундай қалбларга васваса қилишдан умидини узади.

Бироқ покликка, холисликка интилаётган, нафс билан жиҳод қилаётган қалблар борки, шайтон ана шу қалбларга жидду жаҳд билан осилиб, уларни васваса қилади.

Демак, инсоннинг қалбида турли шайтоний васвасалар бўлиб туриши яхшиликнинг аломати экан. Чунки бундай қалб иймонга, ихлосга томон интилаётган бўлар экан. Шунинг учун шайтон талвасага тушиб, унга кўпроқ ҳужум қилаётган, васвасага солаётган бўлар экан.

Хаёлига келган шайтоний фикрлардан ўзи ҳам қўрқиб кетаётган инсон буни яхшилик аломати деб билиб, янада ўзига маҳкам бўлиб, тақвони, ибодатни, зикрни ўзига лозим тутиши керак экан.

Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга васваса ҳақида савол беришди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У – айни иймондир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифнинг маъносини сал бошқача қилиб айтсак, «Васваса айни иймондир» бўлади. Бу қанақаси? Ахир васваса шайтондан, иймон Раҳмондан-ку! Васваса иймоннинг кушандаси-ку! У қандай қилиб айни иймон бўлиши мумкин? Бу гап «Олов сувдир» деганга ўхшамайдими? Ушбу ҳадиси шариф билан дастлаб танишган одамда шунга ўхшаш саволлар пайдо бўлиши мумкин.

Аммо каминада бу саволлар пайдо бўлмади. Чунки ушбу сатрлар ёзилишидан йигирма бир йил олдин ўтган тажриба бу маънони тушунишга ёрдам берди. Умумжаҳон Исломга даъват қилиш куллиясига янги ўқишга келган пайтим эди. Бирдан қалбга васваса тушиб, бўлмағур фикрлар хаёлга ўралашиб қолди. Дунё кўзимга тор кўриниб, ҳеч нарса татимайди. Бировга айтишнинг иложи ҳам йўқ. Бу ҳолат бир неча кун давом этди. Сиқилиш, ташвиш юқори чўққисига етди.

Ана шундай оғир дамда кўзим Ҳаким Термизийнинг араб тилидаги «Муридлар одоби» китобига тушди. Муаллифи Термизий бўлгани учун, ўз ватандошимиз экан деб, китоб дўконидан харид қилувдим. Китобни қўлга олдим. Тўғри келган жойини очиб, ўқий бошладим. Васваса ҳақида гап борар эди:

«Мурид қалбига васваса тушса, яхшилик аломати деб билсин. Чунки шайтон уни йўқлаб қолибди. Одатда, шайтон обод бўлаётган қалбларни васваса қилишга уринади. Хароба қалблар шундоқ ҳам унинг мулки ҳисобланади, овора бўлиб, уларни васваса қилиб ҳам ўтирмайди. Шайтон обод қалбларни хароба қилиш умидида уларга васваса қилади. Уриниб-уриниб, ниятига эриша олмагач, ташлаб кетади», дейилган эди.

Қалбимга «ялт» этиб ёруғлик тушди. Хурсанд бўлиб кетдим. Ориз бўлган нарса васваса эканини тушундим. Унинг нима учун бўлаётганини ҳам англадим. Мана бугун эса, Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинким, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васваса ҳақида «У айни иймондир», деб айтган ҳадисларини ҳеч қийинчиликсиз тушуниб турибман.

Демак, киши вақтида англаб етиб, Аллоҳ таолодан дарҳол паноҳ сўраса, қалбига тушган васваса унга зарар етказа олмас экан. Бу эса ақийдавий, руҳий-маънавий соғломлик учун ниҳоятда зарурдир.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шайтон бирингизга келиб: «Буни ким яратди? Уни ким яратди?» дейди. Ҳаттоки: «Роббингни ким яратди?» деб ҳам сўрайди. Шунга етганда, у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шариф мўмин кишига васваса зарар қилмаслиги ҳақидаги гапни тасдиқлаш учун келтирилган.

Ушбу ҳадиси шарифда инсон хаёлидан кечадиган баъзи васвасалар шайтондан эканлиги баён қилинмоқда. Шу билан бирга, ўша шайтон васвасасини қайтариш йўли ҳам кўрсатилмоқда.

Шайтон Одам Ато билан ўзи орасида бўлиб ўтган машҳур можародан бери одам боласига душман. У қиёмат кунигача одамзодни васваса қилишга қасам ичган. Шунинг учун ҳам инсон ҳаргиз бу лаънатланган душманини унутмаслиги керак.

Гоҳида хаёлига келиб қоладиган васвасали фикрлар, «Уни ким яратган, буни ким яратган?» каби саволлар бора-бора «Роббингни ким яратган?» каби телба фикрга олиб келиши ҳам турган гап.

Шунинг учун мазкур ҳолат юзага келганда, дарҳол, «Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм», деб ­Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин. Ҳамда мазкур хаёлларни бас қилсин, миясидан қувсин! Шу билан иш тугайди. Ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади. Акс ҳолда, оқибати чатоқ бўлиши мумкин.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шайтон васвасасининг ҳақлиги.

2. «Уни ким яратди, буни ким яратди?» дея васваса қила бориб, охири «Роббингни ким яратди?» дейишгача бориши ҳам мумкинлиги.

3. Бундай ҳолатларда Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш кераклиги.

4. Бундай саволларни дарҳол бас қилиш лозимлиги.

Сиртдан содда кўрингани билан, бу ҳадисда зикр қилинган масала ғоятда муҳимдир. Васваса кишилар учун энг нозик ва энг хатарли нарса, у ақийда бобида зарар етказади. У туфайли инсон диндан чиқиб, кофир бўлиши ҳеч гап эмас.

Ушбу ҳадисда шундай катта муаммони ҳал этишнинг йўли тақдим этилмоқда. Ҳозирги кунда мусулмон оламидан ташқарида васваса хасталигига учраганлар кун сайин кўпайиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Абулқосим Абдулкарим ибн Ҳавозин алҚушайрий Аррисалатул Қушайрияrdquo Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар Шоядки, нажот топсангизларrdquo Нур, 31.Анас ибн давоми...

5812 10:02 / 11.10.2017
Аллоҳ азза ва жалла бандалари қаршисида Ўзининг олий Зотига мажбурият олиб бандаларига ҳам бажаришлари учун мажбурият топширди. Буюклиги чексиз бўлган Зот давоми...

4178 15:02 / 25.01.2018
Албатта, Биз охиратга иймон келтирмайдиганларга амалларини зийнатли кўрсатдик. Бас, улар тентираб юраверадилар.Инсонни бу дунёнинг зебу зийнатлари ва давоми...

4102 18:19 / 06.02.2018
Инсон фарзанди ўз нафси ва шайтон билан бўладиган жангда мағлуб бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳаққига тегишли бирор гуноҳ қилиб қўйса, яъни нафсининг ва шайтоннинг давоми...

3420 12:31 / 12.06.2018
Аудиолар

135107 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55382 14:35 / 11.08.2021