1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ислом дини бизга нима берди?

16:18 / 21.06.2017 10117 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Инсониятни  Аллоҳ таоло яратди. Улар ягона бир оиладир. Уларни бир-бирлари билан аҳил-иноқ яшашга ундади. Миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишига қарамай, улар бир-биридан устун эмас. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни бир-бирларини танишлари ва (ҳаётда эришган ютуқлари билан) ўзаро бойишлари учун турли хил элат ва халқларга бўлиб яратган. Шундай экан, инсонлар ижтимоий ҳолатларига кўра ўзаро тенгдирлар. Бу тушунчанинг мавжудлиги ижтимоий адолат ва жамиятдаги хавфсизликни таъминлашда ўрни беқиёсдир.

Ҳар бир инсон Аллоҳ таоло ҳузурида ўзи қилган амалларига ўзи жавоб беради. Лекин у эътиқоди туфайли ягона жамиятнинг бир бўлаги − ижтимоий гуруҳнинг доимий аъзосидир. Инсонларнинг бир жамоага жам бўлиши − одамзод эришган энг катта ютуқлардан биридир. Жамоавийлик ўз-ўзидан закот, саховат, моддий ёрдам ва хайр-эҳсон деб аталмиш жамият ва инсонлар орасидаги алоқаларни мустаҳкамловчи эзгу-амалларнинг гуллаб-яшнашига олиб келади. Бу амаллар татбиқи жамиятда худбинлик ва лоқайдликка йўл қўймайди.

Динимиз кенг умуминсоний қадриятларга эга, улар ҳар қандай тамаддун қоидалари ила осонлик билан уйғунлашиб кета олади. Аллоҳ таоло ҳузурида барча инсонлар тенг бўлиб, жуғрофий ва ирқий нуқтаи-назардан ҳеч бир устунлик илгари сурилмайди. Қуръони Каримда марҳамат қилинганидек, эркакларнинг аёллар устидан имтиёзлари йўқ бўлиб, Аллоҳ таоло яратган барча махлуқотлар унинг ҳузурида бир хил мақомга эгадир. Ислом дини келгунига қадар вазият бутунлай бошқача бўлиб, аёллар эркаклар эгалик қилувчи ва барча ҳуқуқлардан маҳрум этилган “буюм” эдилар. Ислом дини аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ҳурматини юксалтириб қўйди. Муслималар нафақат илм олиш ҳуқуқига, балки ўзлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда мустақил даромад манбаига эга бўлиш ҳамда ижтимоий-сиёсий соҳаларда фаол бўлиш ҳуқуқларига ҳам эгадир. Шунингдек аёл, умр бўйи эридан жабр кўриб яшамаслик ҳамда ажрашиш ҳуқуқига ҳам эга ҳисобланади. Руҳий-маънавий ёки моддий ҳолатлар ҳам ажрашишга асос бўлиши мумкин. Оиланинг, аёлнинг ва фарзандларинг таъминоти эркакнинг зиммасидаги бурчдир.

Ислом дини илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Мусулмонларнинг ушбу тарғибга эргашишлари натижасида Исломгача бўлган муддатдаги илм-фан, жумладан, фалсафа фанида эришилган ютуқлар йўқ бўлиб кетмай, сақланиб қолган. Ислом уламолари буюк мутафаккирларнинг асарларини келажак авлодга етказишда ўзига хос жонбозлик кўрсатган. Бундай манфаатли ёндошувнинг натижалари Ислом дини учун жуда улкан бўлди. Зеро, мусулмон бўлмаганлар ҳам мусулмонлар ҳукмронлиги остида кўплаб илмий ютуқларга эришдилар. Масалан, машҳур яҳудий олими Рамбам (Маймонид) мусулмонларнинг Қурдоба (Кордова) шаҳрида яшаб ижод қилган. Илм олишга бўлган бундай юксак муносабат мусулмон уламоларининг дунё фанларига, жумладан, математика, астрономия, тиббиёт ва бир фанларга улкан ҳисса қўшишларига сабаб бўлди.

Динимизда илм олишлик бутунжаҳон уйғунлигининг ажралмас қисмидир. Илм олмасдан, илмга эга бўлмасдан, руҳий-ҳиссий тушунчалар билангина атрофингизда бўлаётган ҳодисаларни ва Аллоҳ таоло яратган бу ажиб ва ҳикматга тўла дунёни тўлалигича тушуниш жуда мушкул ишдир. Руҳий-маънавий баркамолликка эришган ақл соҳиблари бўлсаккина Аллоҳ таоло биз учун яратган барча нарсаларнинг асл моҳиятини англаб етамиз. Шундагина биз Унинг ягоналигини ва биз яшаётган оламга ато этилган, инсон ва Яратувчи, Аллоҳ таоло ва махлуқотлари орасидаги, биз ва табиат ўртасидаги уйғунлик жозибасини тушуниб етамиз. Ушбу уйғунлик Ислом дини таълимоти бўйича барча нарсада (табиатдаги жонли ва жонсиз), жумладан, жамият аъзолари ўртасида ҳам мавжуд. Шахслар ўртасидаги алоқалар сингари, бу уйғунлик оилада ҳам ҳукмрон. Зеро, оилага Ислом динида алоҳида урғу берилади. Чунки у нафақат эр-хотин муҳаббатига асосан авлодни давом эттириш, балки жамиятни тутиб турувчи асос вазифасини ҳам бажаради.

Давлат

Давлат, Ислом динига кўра, жамиятдаги тартибнинг сақланиб туришига масъул ҳисобланади. Дин доирасида ҳаёт кечиришликка чақирар экан, Ислом дини жамиятнинг ҳар бир аъзосининг хавфсизлигини таъминлаб беради. Чунки Аллоҳ таолонинг барча буйруқларини бажаришлик жамиятдаги ва давлатдаги ички тартибга сабаб бўлади. Зеро, Ислом динидаги ҳалол ва ҳаром тушунчалари − дунё турғунлигининг бузилиб кетишининг олдини олади. Динимиз тартибсизликнинг душманидир.

 Ислом динида яна бир устунлик − бой бўлишга рухсат берилганликдир. Лекин бой бўлишлик учун ҳар қандай усулдан фойдаланилмай, фақатгина динимизда рухсат берилган ҳалол усул ва воситалардан фойдаланилади. Қуръони Каримда маблағ ишлаб топишнинг чегаралари аниқ белгилаб берилган. Шу билан бирга, солиқларни адолатли равишда тўлаш, муҳтожларга ёрдам бериш ва бошқа амалларни бажариш ҳам кўзда тутилади. Албатта, муҳтожлар ҳам умматнинг аъзоларидир. Шунингдек, Ислом динида инсонни инсон кечиришлиги ёндошуви ҳам ижтимоий муносабатларга татбиқ қилинган. Бундай ёндошув Исломгача бўлган муддатда кузатилмаган. Масалан, қасос масаласи жуда нозик бўлиб, инсон даъвогар бўлгани ҳолда, жавобгардан қасос олиш ҳуқуқидан воз кечиши мумкин. У ўз ўрнида қасосни ҳам талаб қилишга ҳаққи бор, лекин Аллоҳ таоло ҳузурида мартабаси ошишлигидан умид қилиб, айбдорни кечириши мумкин. Исломнинг ягона ва ўзига хослиги ҳам айнан мана шундадир.

Умуман олганда, Ислом динининг бу дунёга ва инсониятга ҳадя қилган аниқ фанларда, архитектура, адабиёт, иқтисод ва санъат соҳаларидаги фойида манфаатлар ҳақида жуда кўп гапирилган. Ўрта асрларда Европага кириб келган қатор техник кашфиётлар, жумладан, сувли ва механик соатлар, порох, қоғоз, магнитли игналар ва қатор бошқа кашфиётларнинг асосчилари  мусулмонлардир.

Шу ўринда мусулмонлар ҳар бир соҳада илгари бўлганини таъкидлаб ўтиш лозим. Биз ҳам улар каби бўлишга интилмоғимиз керак. Доимо умид билан яшаймиз. Ҳаётимиз давомида Аллоҳ таолонинг марҳаматидан умид қиламиз. Биз шариат кўрсатмаларига амал қилсак, барча умидларимиз амалга ошишидан ҳам хабардормиз.

Ибодат масаласида банда билан Аллоҳ таоло ўртасида ҳеч қандай воситачи бўлмайди. У ибодат ила Яратувчи билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлади. Мулоқот фақат беш вақт намоз ўқиш билан адо этилмайди, балки бунда дуонинг ҳам ўрни беқиёс. Инсон қаерда бўлмасин − хоҳ уйдами, хоҳ жамоат жойидами, хоҳ йўлдами, у дуо қилиши мумкин. Бизнинг йўлимиз шудир.

Демак, инсон ҳар бир қилган амали ва нияти ҳақида Аллоҳ таоло билан суҳбат қуриши, Ундан белги ва имкон беришини сўраши мумкин. Бу ҳолат бизнинг дунёда ёлғиз эмаслигимизни, бошимизга қийинчилик ва ташвишлар тушганида ёлғиз ташлаб қўйилмаслигимизни англатади. Бундай имконият фақат мусулмонларга берилган. Аллоҳ таолога бўлган эътиқод, Унга бўлган муҳаббат У Зотнинг Ўзидангина мададни ҳис қилишимизга сабаб бўлади.

Ислом динининг мусулмонларга тақдим этган яна бир муҳим жиҳати, бу ботиний ишончдир. Бизни Аллоҳ таоло эшитиб туради. Бизни яхши кўради. У Зот буюрган фарзларни тўла-тўкис, ўз вақтида адо эта олмасак ҳам,  У бизни ёлғиз ташлаб қўймайди. У Зот бизга албатта ёрдам беради. Ислом динида дўзахга тушиш хавфи борлиги учунгина мусулмонлар ҳаром ишлардан қайтарилмаган, балки уларга ҳаром ишлардан сақланишлик ўзлари учун манфаатли эканлиги ҳам кенгроқ тушунтирилган. Зеро, Ислом динида нима ҳаром дейилган бўлса, инсонлар учун ўша ишни қилмасликда катта манфаат бор. Ўз ўрнида мусулмонлар ҳам тақиқланган амаллардан четланиш ҳаракатида бўладилар.

Ислом динининг бу дунёга таъсирини ҳар ким ҳар хил ифода этиши мумкин. Чунки биз Қуръони Карим оятларининг мўъжизаларини ўзимизда ҳис қиламиз. Шу ўринда Ислом динининг инсонларга танлов эркинлигини берганини таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ислом дини догма (тўғри ва софлиги исботланмаган ақийда) эмас. Бу дин роботлар ишлаб чиқарувчи ёки ибодатларни кўр-кўрона, механик тарзда адо этувчиларни етиштирувчи дин эмас. Ислом доимо фикр ва тадаббур қилишга чорлайди. Бандаларига фикр эркинлигини берган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳ таоло бандадан талаб қилмайди, балки буюрган ишлари банданинг ўзи учун фойдали эканлигини тушунишга ундайди. У бизга танлов ҳуқуқини тақдим қилади. Аллоҳ таоло Ўзи буюрган амалларни бажаришга чақиради, огоҳлантиради, лекин танловни ўзимизга қолдиради. Шундай экан, Ислом дини замонавий ва барча замонлар дини эканлигига янада комил ишонч билдиришга ҳақлимиз.


Абдулатиф Иргашев 

таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳнинг насроний қўшниси бор эди. У баландроқ ерда ҳожатхона қурган эди. Ҳожатхонадан Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳнинг уйига нажосат сизиб давоми...

1516 12:04 / 10.01.2023
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Саҳифасида кўп истиғфор топган кишига тубо ndash жаннат бўлсин,, дедилар Ибн Можа ривояти. 2. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан давоми...

1713 14:48 / 18 ноябрь
Аллоҳ таоло марҳамат қилади .Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашмангки, сизни У Зотнинг йўлидан ажратурлар. Ушбуларни давоми...

2109 09:00 / 11.01.2023
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам....Сўнгра эса ndash Сенга ишнинг боши, устуни ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар давоми...

4186 19:25 / 19.05.2018