1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закотдаги ботиний одоблар ҳақиқати

05:00 / 16.01.2017 3312 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Билинг! Охиратни изловчи муридларга закот беришларида бир қатор вазифалар юклатилган:


1. Закотдан уч нарса мурод этилганини фаҳмлаш: Аллоҳга муҳаббатни даъво этувчини ўзига энг севимли нарсани чиқариши билан синовдан ўтказиш, яъни инсон ўзи яхши кўрган нарсалардан эҳсон этмагунига қадар у чин – содиқ иймонли бўла олмайди. Улуғ Аллоҳ хабар бериб айтади: «Яхши кўрганларингиздан нафақа этмагунингизга қадар иймонли бўла олмайсизлар» (Оли-Имрон сураси, 92-оят). Шунингдек, ҳалок этувчи бахилликдан пок бўлиш ва мол-дунё неъматига шукр айтиш. Бахиллик – ҳалокат сабабидир деб тушуниш керак. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ йўлида нафақа этингизлар ва ўз жонларингизни қўлларингиз билан ҳалокатга ташламанглар. Яхшилик қилинглар, зеро Аллоҳ  муҳсинларни дўст тутади» (Бақара сураси, 195-оят).

2. Закотни махфий адо этиш, риё ва кўр-кўрона шуҳратдан узоқда бўлиш. Закотни очиқ беришда фақирларни таҳқирлаш, камситиш бўлади. Агар киши закотни чиқармади, деб гумон этилса, у вақтда закотни одамлар ичида закотни олишга эътибор бермайдиган камбағал, бева-бечораларга очиқ беради. Бошқаларга эса махфий – беркитиб беради.

3. Закотни миннат ва азият бериш билан бузмаслик. Бунинг мисоли қуйидагича: дарҳақиқат, инсон бир фақир-бечорага яхшилик этаётганини ва унга неъматлардан баъзисини бераётганини кўрса, унда миннат этиш ёки азият бериш каби ҳолатлар бўлиб қолиши мумкин. Агар инсон закот амалига чуқурроқ фикр юритиб қараса, молини покловчи бўлган Аллоҳ ҳаққини қабул этишлиги билан фақир-бечора инсонга яхшилик этганини билади, яъни молни тўплаш-йиғиш руҳини бахиллик ва очкўзлик балоларидан поклайди. Аллоҳ таоло амр қилиб айтади: «Уларнинг молларидан садақот (закот) олинг, молларини закот билан поклайсиз ва руҳларини тарбиялайсиз. Уларни дуо этинг, зеро дуоларингиз улар учун ором ва раҳматдир» (Тавба сураси, 203-оят). 

Агар закот берувчи шу билан бирга яхшилаб мулоҳаза этса, маълум бўладики, закот чиқариш – бу мол-дунё неъматига шукр айтишликдир. Ўзи билан фақир-бечора ўртасида бирор бир муомала қолмайди. Фақир-камбағални бечоралиги учун паст санамаслик лозим, зеро фазл-у улуғлик мол-дунё билан бўлмаганидек, ноқис-пастлик ҳам мол-дунё билан белгиланмайди, ўлчанмайди.

4. Берилган нарсани оз ва кам деб санаш, зеро бир амални катта деб билиш – манмансирашдир. Бундай деб айтилган экан: «Яхшилик уч нарса билан тамомига етади: уни кичик деб ҳисоблаш, уни тезлик билан бажариш ва уни беркитиб адо этиш».

5. Молнинг энг ҳалоли, энг яхшиси ва энг севимлисини танлаш. Ҳалоли шундай – Аллоҳ таоло марҳаматлидир. У ҳалол ва яхши нарсани қабул этади. Энг яхши молидан бериш ҳақида эса Аллоҳ таоло бундай амр этади: «Нафақа беришда ёмонини қасд этманглар» (Бақара сурси, 167-оят). Бу ўринда икки ишни мулоҳаза этиш зарур: биринчиси – Аллоҳ таолонинг ҳаққини улуғ деб билиш керак, зеро Аллоҳ таоло бандани синовдан ўтказишда ҳақлидир. Агар инсон ўз меҳмонига ёмон, ёқимсиз таом тақдим этса, албатта меҳмоннинг ғазабини келтиради, нафратлантиради.

Иккинчиси – ўзи (нафси)нинг ҳақ ва фойдаси. Закот берувчи одам қиёмат кунида берган закоти билан мулоқотда бўлади. Бас, ўзининг фойдаси учун молининг энг яхши ва сифатлисидан закот чиқарсин.

Молининг энг севимлисидан закот бериш тўғрисида Аллоҳ таоло бундай дейди: «Ўзингиз яхши кўрган нарсадан нафақа этмагунингизга қадар яхшиликка асло етолмайсизлар» (Оли-Имрон сураси, 92-оят). Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳунинг одатлари шундай эди: агар мол-дунёларидан бир нарсага муҳаббатлари ортиб кетса, уни Аллоҳ таолога яқин этар эдилар, яъни уни эҳсон қилиб юборардилар. Ривоят этилишича, у зот сувга тушдилар, дардларидан шикоят этдилар ва айтдилар: «Кўнглим катта балиқни тусайди». У зотга балиқ топиб келишга ҳаракат қилиб, фақат бир балиқ топишди. Хотинлари уни пишириб, олдиларига яқин қўйди. Шу онда бир мискин сўраниб келиб қолди. Абдуллоҳ ибн Умар мискинга қарата: «Буни ол!» деб айтдилар. Аҳли аёллари: «Субҳаналлоҳ! Сиз бизларни жуда қийнадингиз, мискинга берадиган бошқа нарсамиз бор-ку!» дейишди. Уларга жавобан у зот: «Дарҳақиқат, Абдуллоҳ шуни истайди», деб айтдилар. 

Яна ривоят этилишича, бир гадой Рабеъ ибн Хайсам раҳматуллоҳи алайҳнинг эшикларига келди. У зот: «Унга шакар бериб юборинглар», деб айтдилар. «Биз уни нон билан сийлаймиз, нон унга фойдалироқ», дейишди. У зот: «Ҳолингизга вой бўлгурлар! Унга шакар беринглар, дарҳақиқат, Рабеъ шакарни яхши кўради», деб шиддат этдилар.

6. Садақа-эҳсони учун мустаҳиқ – муносиб одамларни топиш. Бундай одамлар закотни олувчи саккиз хил одамлар ичида хос бўладилар. Уларнинг бир неча сифатлари бор:

Биринчи сифат – тақво. Садақа-закотни муттақий кишиларга хос этиш, зеро закотни уларга бериш билан уларнинг ҳимматларини Аллоҳ таолога қайтаради.

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр эҳсон беришда обидлар сажда қилиб турган вақтларида динор ва дирҳамлар солинган халтачаларни уларнинг ковушлари ичига тиқиб қўяр эдиларки, оёқ кийимини кийган эгаси уни биларди, лекин қаердан келганини сезмасди. Шунда у зотга: «Нима учун сиз бу эҳсонингизни уларнинг ўзларига юбора қолмайсиз?» деб айтишди. У киши бундай жавоб бердилар: «Улардан бирининг юзи-афти мен юборган элчимга ёки менга йўлиққан вақтларида тиришишини хуш кўрмайман».

Иккинчи сифат – илм. Закот-эҳсонни олимга беришда илмга ёрдам этиш ва динни тарқатиш ҳосил бўлади. Бу шариатга қувватдир.

Учинчи сифат – закот оладиган киши барча неъмат-у эҳсонлар фақат ягона Аллоҳдан деб биладиганлардан бўлиши. Бу тоифадаги одамлар ризқ-рўзининг сабабига ҳеч бир илтифот этмайдилар, магарам унга шукр айтишга тавсия этилган миқдорда илтифот қиладилар. Аммо унга бир нарса беришса, берган кишини мадҳ этадиган одати бор киши агар унга бирон нарса берилмай қолса, таъна ва мазаммат этади.

Тўртинчи сифат – закот-эҳсон қабул этадиган киши фақир-камбағал – бечораликни беркитадиган, ҳожатини яширадиган, шикоятини ичида сақлайдиганлардан бўлиши. Уларнинг шаъни ҳақида улуғ Аллоҳ ўз китобида бундай дейди: «Жоҳил одам иффатликларидан уларни бойлардан, деб ҳисоблайди» (Бақара сураси, 273-оят). Уларни ҳеч қачон осонликча топиб бўлмайди, улар ўзларини мискинлар сафига қўшмайдилар. Шу хилдаги одамларни маҳаллалардан сўраб-суриштириш орқали топиш мумкин бўлади.

Бешинчи сифат – эҳсон қабул этадиган киши бола-чақали бўлиши ёки бетоб ё қарздор бўлиши. Бу тоифадаги одамлар қийинчиликка тушиб қолган бўладилар. Уларга садақа-закотларни бериб, бу қийинчилик, фақирлик гирдобидан уларни озод этиш лозим.

Олтинчи сифат – закот олувчи яқин қариндош-уруғ бўлиши. Зеро, уларга садақа-эҳсон бериш – яхшилик ва силаи раҳм бўлади. Бирон-бир кишида мазкур сифатлардан икки ёки кўпроғи жам бўлган бўлса, шунга қараб унга бир нарса берилиши афзал.


"Минҳожул қосидийн" китобидан



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган.Эй иймон келтирганлар, касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан нафақа қилинглар, Бақара сураси, 267оят. давоми...

3716 16:14 / 06.06.2018
ЗАКОТ БЕРИШДА ХАТО ҚИЛСА НИМА БЎЛАДИАйтайлик, бир киши Закотни беришдан олдин яхшилаб суриштирган бўлса, Закотини бераётган одам Закот олишга ҳақиқатда ҳақли, давоми...

4050 05:00 / 14.01.2017
Аллоҳга яхши қарз берадиган ким борки, У унга бир неча мартага кўпайтириб берса. Ҳолбуки, Аллоҳ ризқни тор қилур ва кенг қилур. Ва Унгагина қайтариласизлар.Яхшилик давоми...

6108 16:33 / 30.10.2017
Нақд пулдан қандай қилиб закот чиқарилади Унинг шартлари қандайНақд пулдан закот чиқариш фарз бўлиши учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим1. Пул нисобга давоми...

7565 16:57 / 05.06.2018