1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закот беринг, молингиз покланади

05:00 / 16.01.2017 4865 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Закот” сўзи луғатда «орттириш, поклаш, баракот» маъноларини англатади. Дарҳақиқат, закот берганнинг моли покланиб, барака киради. Шаръий истилоҳда моли нисобга етган одамнинг ҳар қамарий йилда бир марта молининг қирқдан бир улушини Аллоҳ таоло фарз қилган ҳақдорларга бериши «закот» дейилади. 

Закот динимизнинг беш асосий рукнидан бири, молиявий ибодат саналади. Китоб, Суннат ва ижмоъ билан собитдир. Уни инкор этган диндан чиқади, ишониб адо этмаган улкан гуноҳ орттиради. Закот ҳижратнинг иккинчи йили фарз қилинган. Закотда вақт тайин этиш жоиз. У балоғатга етган, ақлли, эҳтиёж ва қарзларидан ташқари йил тўлган нисоб миқдоридаги (ҳукман бўлса ҳам) кўпаювчи мол-мулки бор мусулмонга фарз бўлади. Закот бераётганда ёки мулкидан ажратаётганда унинг закот эканини ният қилиш лозим. Фақир олаётган моли закот эканини билиши шарт эмас. Аммо закот берувчи уни ният қилиб бир фақир ёки етимнинг қорнини тўйдирса, бу харажат закот ўрнига ўтмайди. 

Шаръий закот Қуръон ва Суннатда «садақа» деб ҳам номланган. Солиқлар закот ўрнига ўтмайди, чунки закот камбағалларга мулк қилиб берилиши керак.


ЗАКОТ БЕРИЛАДИГАН ШАХСЛАР



Ислом шариатида закот қуйидагиларга берилади: 

1. Фақирларга, яъни моли нисобга етмаганларга. 

2. Мискинларга, яъни ҳеч нарсасиз йўқсилларга. 

3. Омилларга, яъни закот йиғувчиларга. 

4. Озод бўлиш учун хожаси билан шартнома тузган қулларга. 

5. Муаллафатул-қулубга, яъни кўнгли Исломга мойил бўлиб турганларга (ҳозирда бу ҳукм насх бўлган). 

6. Қарздорларга, яъни молидан қарзи кўпларга. 

7. Аллоҳ йўлидагиларга, яъни ҳаж йўлида, урушда, илм талабида юрганларга. 

8. Йўлда қолган мусофирларга, мамлакатларига етиб олгудек миқдорда закот берилади. 

Бобо-момо, ота-она, фарзандларга, бойларга закот берилмайди. Эр хотинга ёки хотин эрга ҳам закот бермайди. Аммо ака-ука, опа-сингил, амма-амаки, тоға-хола каби қариндошларга закот берилади.


ҲАЙВОНЛАР, ТИЛЛА-КУМУШ ЗАКОТИ



Қўйлар учун закот: қирқтадан камига закот берилмайди. 40 тадан 120 тагача – бита қўй, 121 тадан 200 тагача – иккита қўй, 201 тадан 399 тагача – учта қўй, 400 дан 499 тагача – тўртта қўй, 500 дан 599 тагача – бешта қўй закот берилади. Қорамол учун закот: ўттизтадан камида закот берилмайди. 30 тадан 39 тагача – битта табиъ (бир ёшдан иккига ўтган эркак ёки урғочи мол), 40 тадан 59 тагача – битта мусинна (икки ёшдан уч ёшга ўтган эркак ёки урғочи  мол), 60 тадан 69 тагача – иккита табиъ, 70 тадан 79 тагача – битта табиъ ва битта мусинна, 80 тадан 89 тагача – иккита мусинна, 90 тадан 99 тагача – учта табиъ закот берилади. Туя учун закот: 5 тадан 9 тагача – битта қўй, 10 тадан 14 тагача – иккита қўй, 15 тадан 19 тагача – учта қўй, 20 тадан 24 тагача – тўртта қўй закот берилади. 25-35 гача битта икки ёшга ўтган бўталоқ, 36-45 тагача уч ёшга ўтган бўталоқ, 46-60 тагача битта тўрт ёшга ўтган бўталоқ, 61-75 тагача беш ёшга ўтган бўталоқ, 76-90 тагача иккита уч ёшга ўтган бўталоқ, 91-120 тагача иккита тўрт ёшга ўтган бўталоқ берилади. Қўй, қорамол ва туя йилнинг аксар ойларида яйловда юрсагина улардан закот берилади. 

Тилла, кумуш ва пуллар закоти: тилла-кумуш қандай шаклда эканидан қатъи назар (хоҳ танга, хоҳ тақинчоқ, тижорат ният қилинган-қилинмаган бўлсин) закоти берилади. Тилланинг нисоби 20 динор, оғирлиги 20 мисқол (85 грамм), кумуш нисоби 200 дирҳам, оғирлиги 140 мисқол (595 грамм). 

Тижорат моллари учун закот: Тижорат молларининг қиймати нисоб миқдорига етса, улар қийматининг қирқдан бири закот учун берилади. 85 грамм тилла ёки 595 грамм кумушга тўғри келса, моли нисобга етган ҳисобланиб, закот бериш фарз бўлади. 


ОТНИНГ ЗАКОТИ



Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ва саҳобаларнинг даврларида отдан қурбонлик қилинмаган ҳамда бунга кўрсатмалар ҳам келмаган. Шунингдек, биз билган китобларда ҳам отни қурбонликка сўйиш ҳақида маълумот кўрмадик.

Агар нисобга етган бўлса, урғочи ва эркак-урғочи аралаш отларнинг ҳар биридан бир динор ёки қийматининг ўндан бирининг тўртдан бири миқдорида закот берилади. Бу матндаги маъно Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ижтиҳодига биноан келган. Аммо бу масалада ҳанафийларнинг ўзлари ҳам турлича ижтиҳод қилганлар:

1. Миниладиган, ишлатиладиган ва жиҳодга тайёрланган отлардан закот олинмайди.

2. Тижорат учун сақланадиган отлардан закот олинади.

3. Ем бериб боқиладиган отлардан закот олинмайди.

Демак, тижорат учун бўлган от, хачир ва эшаклардан закот олинади.  

Ҳанафий мазҳаби уламолари отнинг нисоби ва ундан чиқариладиган закот миқдори ҳақида бир неча хил гап айтишган. Улардан мақбулроғи, нисоб бешта от, бериладиган закот ҳар бир отдан бир динор бўлади. Ёки отнинг нархини пулга чақиб, ҳар икки юз дирҳамдан беш дирҳам чиқаришдир. Бугунги куннинг тили билан айтганда от бешта ва ундан кўп бўлса, ҳар бир отдан унинг қийматининг беш фоизи миқдорида закот берилади.  


АЁЛЛАРНИНГ ТИЛЛА ВА КУМУШ ТАҚИНЧОҚЛАРИ ЗАКОТИ



Ушбу  масалада уламолар ҳам, фиқҳий мазҳаблар ҳам икки тоифага бўлинишган. Биз мазҳабларни оламиз:

1. Ҳанафий мазҳаби аёлларнинг тақинчоқларидан закот чиқарилади, деган.

2. Моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари аёлларнинг одатдаги тилла ва кумуш тақинчоқларидан закот чиқариш фарз эмас, дейишган.

Ҳанафийлар, биз ҳадисга суянмоқдамиз, сизлар саҳобаларнинг асарларига суянмоқдасиз, дейишади. Жумҳур эса, сиз келтираётган ҳадислар аввало унча кучли эмас, қолаверса аёлларга тилла-кумуш тақинчоқлар ҳалол қилинишидан олдин айтилган ҳадислар, биз эса ўша дақиқ нарсаларнинг яхши билган саҳобийларнинг амалини далил қилиб келтирамиз, дейдилар. 

Сўнгра ақлий-мантиқий далилларга навбат келади. Ҳанафийлар тақинчоқлар нақд пул учун кўзланган маъданлар-кумуш ва тилладан ясалади, бу маъданлардан доимо закот чиқариб келинган ва келинмоқда, улардан тақинчоқ бўлганда ҳам закот чиқарилиши керак, дейдилар. Жумҳур эса, тақинчоқлар ясалгандан кейин улар пуллик қобилиятини йўқотади, бу нарсалар аёлларнинг шахсий ҳожатларини чиқарадиган нарсага айланган, закот эса ўсувчи ва ўсишга қобилиятли молдан, инсоннинг ҳожатидан ташқари молдан олинади, шунинг учун аёлларнинг тилла ва кумуш тақинчоқларидан закот олинмайди, дейдилар.

Эслатиб ўтишимиз керакки, бу тортишув нисоб миқдоридан ортиқ, яъни, саксон беш граммдан ортиқ бўлган тақинчоқлар ҳақида кетмоқда. Демак, ҳанафий мазҳабига амал қилган аёллар ўзларининг тилла тақинчоқларини 85 граммдан ортиқ бўлса, кумуш тақинчоқлари 595 гараммдан ортиқ бўлса, закот берадилар. Закот берганда улар қийматининг икки ярим фоизини чиқарадилар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нима учун Қуръони Каримда Закот сўзи ўттиз мартадан ортиқ келган бўлса, шундан йигирма еттитасида намоз билан бирга зикр қилинганНима учун Пайғамбаримиз давоми...

3914 05:00 / 14.01.2017
Фуқаҳоларимиз, .Закот мусулмон, балоғатга етган, оқил, ҳур, махсус нисобга ва шартларга эга мол соҳибига фарз бўлади,, деганлар. Мусулмон, балоғатга етган, оқил давоми...

6141 05:00 / 14.01.2017
. . . .Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан закотни вақти келишидан олдин бериш ҳақида давоми...

1793 12:00 / 04.05.2021
Ер ости бойликлариолтин, уран, кумуш, мис, қўрғошин, кўмир, нефт, темир ва ҳакозолар қанчалик катта бойлик эканини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Уламоларимиз Аллоҳ давоми...

5097 05:00 / 16.01.2017