1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закот омили

05:00 / 16.01.2017 4602 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳирроҳманирроҳим


Закотни бизларга юборган динининг беш рукнидан бири қилиб белгилаган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Закот фарзини қандай адо этиш борасида амалий таълим берган Муҳаммад Мустафога салавотлар бўлсин!

Маълумки, Аллоҳ таоло бандаларга раҳмат ўлароқ туширган Ислом динининг рукнларидан бири закотдир. Ислом тенглик, меҳру мурувват ва фазилатлар динидир. Унинг бу хоссалари, айниқса, закот ибодатида аниқ кўринади.

Закот Қуръони Каримда намоз билан эгиз тарзда жуда кўп зикр қилинган: закот бериш буюрилган, закот берувчилар мақталган, уларга улкан ажру савоблар ваъда қилинган, закотни адо этмаганлар қаттиқ қораланган, уларга шиддатли азоблар эълон қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам закот масаласини кенг баён қилганлар, амалда татбиқ қилганлар, закотнинг кимлардан олиниши, кимларга берилиши, бу ишга кимлар масъул бўлиши, қандай йиғилиб, қандай тарқатилиши ва шу каби масалаларни амалий кўрсатиб берганлар, бу борада кўплаб кўрсатмалар берганлар.

Закот мавзуси жуда ҳам кенг, улкан мавзудир. Закот ҳақида кўплаб асарлар, фатволар мавжуд. Ҳозирда она тилимизда ҳам бу бобда анчагина маълумотлар бор. Биз бу ўринда закотга тегишли ҳукмларни умумий баён қилмоқчи эмасмиз, балки закотнинг мулкдордан ҳақдорга етиб бориш жараёнидаги биргина масалани ўрганмоқчимиз. У ҳам бўлса, «закот омили» масаласидир. «Закот омили» деганда закот молини йиғиш, кўтариб юриш, тўплаш, сақлаш, қўриқлаш ва тарқатиш каби ишларга тайинланган шахслар тушунилади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Тавба сурасининг 60 оятида закот ва садақаларга кимлар ҳақдор эканини баён қилган. Унда саккиз тоифа киши зикр қилинган. Ўшалардан бири «закот омили»дир. Закот омилининг закотдан оладиган ҳақи унинг учун закот ёки садақа эмас, балки иш ҳақи, ижара ҳақи ҳисобланади. Шунинг учун омилнинг бой ёки камбағаллиги эътиборга олинмайди. Шунингдек, омилнинг ҳақи умумий давлат жамғармасидан берилиши ҳам мумкин.

Аниқ билиш лозимки, закотни мулкдордан ҳақдорга етказиш ва бу ишга ходимлар тайинлаш мусулмонларнинг имоми, яъни давлат раҳбари ёки унинг вакили тарафидан ижро қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юборар эканлар, бир қанча топшириқлар бердилар. Мазкур кўрсатмалар ичида: «Аллоҳ уларнинг бойларидан олиб, камбағалларига қайтариб бериладиган садақани фарз қилганини уларга билдир», деб айтганлар. Кейинги халифалар даврида ҳам закотни мулкдорлардан йиғиб, ҳақдорларга етказиш иши мусулмонларнинг имоми тарафидан бошқарилган ва давлат миқёсида амалга оширилган. 

Закот ишини амалга ошириш ва бунинг учун керакли омилларни тайинлаш имомнинг вазифасидир, мажбуриятидир. Закот омили закотни зиммадорлардан олиб, ҳақдорларга етказгунича унга керак бўладиган барча сарф харажатларни қоплаш ҳамда маош билан таъминлаш ҳам имомга вожибдир.

Энди асосий мавзуга қайтадиган бўлсак, закот омилининг вазифалари нимадан иборат бўлиши, унга нималар лозим бўлиши ҳақида сўз юритамиз.

Закот омилининг қуйидаги шартларга жавоб бериши талаб қилинади:

1.     Мусулмон бўлиш. Закотга кофир одам омил қилинмайди, чунки бу омонатдорлик талаб қилинадиган ишдир. Шунингдек, омил бўлиш учун закот илмини ҳам яхши билиш лозим. Мусулмон бўлмаган одамнинг эса шариат илмини билиши ва унга амал қилиши амри маҳол. Аммо омонатдорлиги маълум бўлган номусулмон одам мусулмонларнинг раҳбари томонидан закот ишларига оид муайян бир вазифага ҳақ эвазига тайинланса, жоиз. Унинг олган ҳақи закот эмас, ижара ҳақи бўлади. Ғайридинни ижарага ишлатиш жоиздир.

2.     Балоғат. Закот омили болиғ бўлиши шарт, чунки закотга омилилик иши ҳам раҳбарликнинг бир туридир, балоғатга етмаган бола эса раҳбар қилинмайди.

3.     Оқиллик. Закот омили ақли расо, тасарруфи тўғри одам бўлиши лозим. Мажнун ёки ақли норасо киши бундай ишларга қўйилмайди.  

4.     Адолат. Закот омили адолатли, яъни омонатдор, йиғишда жавр, тарқатишда хиёнат қилмайдиган киши бўлиши лозим.

5.     Фақиҳлик. Закот омили закот илмида билимдон, фақиҳ одам бўлиши керак. Зотан, закот йиғаётган киши закотнинг кимлардан, қандай мол-мулкдан олиниши, қанча миқдорда, қачон олиниши, кимларга етказилиши ва шу каби масалаларни муфассал билиши ва уларга оғишмай амал қилиши даркор. Бу гап закот ишига масъул омилга тегишли. Аммо белгиланган молни кўрсатилган жойдан олиб келиш, қўриқлаш, сақлаш, ташиш ёки белгиланган жойга элтиб қўйиш каби илмга эҳтиёж тушмайдиган ўринларда илм шарт қилинмайди. 

6.     Закот омилининг вазифасини рисоладагидек адо этишга салоҳиятли бўлиш.

7.     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлмаслик. Закот омили ҳошимийлардан бўлмаслиги шарт қилинишидан мақсад шуки, бундай кишилар омил сифатида закот молидан ҳақ олиши мумкин эмас. Аммо холис омиллик қилса, жоиз.

8.     Закот омили имом ёки унинг ноиби тарафидан тайинланган бўлиши шарт. Бунда ҳар ким ўзича иш тутиши жоиз эмас. Кимдир ўзини омил тайинлаб, кимдир ўзини ҳақдор санаши мутлақо мумкин бўлмайди. Агар имом тарафидан омиллар тайинланмаса, закотга қодир бўлган одамларнинг ўзи ҳақдор кишиларни топиб, ўз закотларини беришлари лозим бўлади.


Закот омилига лозим бўлган амаллар:

1.     Давлат томонидан тайинлангандан бошқа ҳақ олиш омил учун жоиз эмас. Адий ибн Амира розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у киши шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сизлардан кимни бир ишга тайинласак, сўнг у биздан бир игна ёки ундан катта нарсани яширса, хиёнат бўлади, қиёмат куни ўша билан келади», деяётганларини эшитдим» (Имом Муслим ривояти).

2.     Шунингдек, омилнинг ушбу иш юзасидан ҳадя олиши ҳам жоиз эмас. Абу Ҳумайд розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аздлик Ибн Лутбийя деган одамни садақага омил қилдилар. У келиб: «Мана бу сизларга. Мана бу эса менга ҳадя қилинди», деди. У зот: «Отасининг уйида [ёки онасининг уйида] ўтирмабди да, унга ҳадя қилинадими, йўқми, кўрар эди! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан бирор киши бирор нима олса, қиёмат куни ўша билан – ўкираётган туя, бўкираётган мол ёки маъраётган қўй бўлсин – уни бўйнида кўтарган ҳолда келади!» дедилар. Кейин: «Аллоҳим! Етказдимми?! Аллоҳим! Етказдимми?! Аллоҳим! Етказдимми?!» дея қўлларини кўтардилар, ҳатто қўлтиқларининг оқини кўрдик» (Бухорий ривояти).

3.     Закот омилининг ўзи фақир, закотга ҳақдор бўлса ҳам, закотдан ўзича олишга ҳаққи йўқ. У ўзига белгиланган ҳақ билангина кифояланиши лозим. Аммо давлат тарафидан бошқа камбағаллар қатори унга ҳам қўшимча улуш берилса, бунга ҳақли бўлса, олиши жоиз.

4.     Закотни қабул қилиб олган омил закот берган кишининг ҳақига дуо қилиши матлубдир. Аллоҳ таоло Тавба сураси 103 оятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Уларнинг молларидан уларни поклайдиган, тозалайдиган садақани ол ва уларнинг ҳаққига дуо қил», деган. 

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бирор қавм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига садақасини (яъни закотини) олиб келса, у зот: «Аллоҳим! Фалончининг оиласини ёрлақагин!» дердилар. Отам у зотнинг ҳузурларига ўз садақасини олиб келган эди: «Аллоҳим! Абу Авфонинг оиласини ёрлақагин!» дедилар». 

Имом Бухорий ривоят қилган. 

5.     Закот омили закотни олиб, йиғиштириб бўлгач, уни ҳимоя қилиши, асраши вожибдир. Закот ўз ҳақдорларига етиб боргунча бу нарса унинг зиммасидадир. Агар у сабабли молга талофат еса, тўлайди.

6.     Закот омили қўлига тушган молни энг тез фурсатда ҳақдорларни топиб, тарқатиб қўйиши вожиб. Агар бепарволиги туфайли, ҳақдорларни топиб, беришга имкони бўла туриб ёки ҳақдор топа туриб ҳам вақтни ўтказиши натижасида молга талофат етгудек бўлса, молга зомин бўлади, уни ўз ёнидан тўлайди. Имом Нававий айтади: «Имомга, ишчига ва садақаларни тарқатиш иши топширилган ҳар бир кимсага ҳақдорларни аниқлаб, уларнинг сонини, эҳтиёжларнинг миқдорини билишга уриниши лозимдир. Буларни билганидан кейин ёки билиши билан садақаларни жамлашдан фориғ бўлиши керак. Токи уларнинг ҳақларини тезлатсин, қўлида молнинг ҳалок бўлишидан омон бўлсин». 

7.     Закот омили закот молини ўша мол йиғилган юртнинг камбағалларига, ҳақдорларига тарқатиши лозим. Юқоридаги ҳадисда ўтдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётиб: «Аллоҳ уларнинг бойларидан олиб, камбағалларига қайтариб бериладиган садақани фарз қилганини уларга билдир», деганлар. Бошқа бир ривоятда келадики, Умар розияллоҳу анҳу ҳам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга  волий қилиб юборган. Муоз розияллоҳу анҳу садақаларни йиғиб, у кишига юборган. Умар розияллоҳу анҳу: «Мен сизни йиғимчи ёки жизя олувчи қилиб юборганим йўқ. Балки ўша ернинг бойларидан олиб, камбағалларига қайтариб беришингиз учун юборганман», дейди. Шунда Муоз розияллоҳу анҳу: «Мендан буни оладиган бирор киши бўлатуриб, бирор нарсани сизга юборганим йўқ», дейди.

Бу маънода закот берувчи эмас, закот моли турган юрт эътиборга олинади.

8.     Закот омили закот йиғилган юртда ҳақдор, муҳтож одам топилмаган тақдирда бошқа юртдаги ҳақдорларга элтиб бериши лозим бўлади. Аммо ҳанафий уламолар баъзи истисноларни баён қилганлар. Масалан, киши ўз юртида ҳақдорлар бўлса ҳам, ўзга юртдаги ҳақдор қариндошига берса ёки ўзга шаҳардаги ҳақдорлар муҳтожроқ бўлса, уларга юборса ёхуд ўз юртидаги камбағаллардан кўра ўзга юртдаги фақир толиби илмга берса, жоиз, балки афзалдир.

9.     Имом ёки омил закот молини бирор зарурат юзасидан сотиб, бошқа нарсага алмаштириши мумкин. Масалан, закот молини кўтариб юриш имкони бўлмаса ёки закотга берилган ҳайвон касал бўлиб қолса, уни сотиб, пул ёки бошқа нарсага айлантириб олиш йўли билан унинг қийматини сақлаб қолиш ва шу шаклда ҳақдорга етказиш мумкин. Аммо бу каби зарурат бўлмаса, сотиш ёки алмаштириш жоиз бўлмайди. Алмаштираман деб, молни ҳалок қилиб қўйган киши унинг қийматини тўлайди.

10.    Закот омили (шунингдек, закот берувчи бой ҳам) закотни саккиз тоифа вакилларидан бирига берар экан, бу ишни энг муҳтожлардан бошлаши лозимдир. Ҳақдорлардан қайси бирида моддий ёрдамга муҳтожлик кучлироқ бўлса, ўша ҳақлироқдир. Масалан, қарздор одам фақир кишидан кўра закотга ҳақлироқ ҳисобланади, бинобарин, унинг эҳтиёжи муқаддам қўйилади.

11.    Закот омили (шунингдек, закот берувчи бой ҳам) закотни ҳақдорлиги аниқ маълум кишига бермоқчи бўлса, берилаётган нарсанинг закот эканини айтиши шарт эмас, ҳатто айтмагани яхши. Шундай бериб қўйишининг ўзи кифоя. Имкон қадар фақирнинг, муҳтожнинг кўнглини синдирмаслик лозим. Аммо ҳақдорлигида шубҳа бор кишига айтиб бериш лозим, чунки закот ҳақдор кишининг қўлига тушмаса, закот ҳисобланмайди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, закот солиқ эмас, балки Аллоҳнинг фарзи, мусулмоннинг бандалик бурчи, охират ибодатидир. Закот берувчи киши закот беришнинг ибодат эканини, закот Аллоҳнинг ҳақи экани, яъни Аллоҳ таоло фақир мискинларга ҳақ қилиб берган мол эканини билиши лозим. Закот бергувчи киши бу иши мурувват эмас, балки зиммасидаги бурч эканини ҳис қилиши даркор. У ўз зиммасидаги бурчни адо этишига имкон бергани учун закот олгувчига ташаккур руҳида бўлиши, ундан миннатдорлик ҳиссини туйиши керак.


Закотда вакил бўлиш:

Закот бергувчи киши закотни имомга, омилга ёки закотга ҳақдор кишига етказиш учун бировни вакил қилиб қўйиши жоиз. Вакилга ўзи тайинлаган муайян ҳақдорга етказишни топшириши ҳам мумкин, ҳақдор кишини топиб беришни вакилнинг ўзига ҳавола қилиши ҳам мумкин. Вакил одам вакиллик ҳақини олиши жоиз, аммо закотдан эмас. Вакилга вакиллик ҳақини бериш закот бергувчининг зиммасидадир. Унинг миқдорини вакил ва вакил қўювчи ўзаро келишадилар. Агар олдиндан келишилмаган бўлса, вакил вакилликни адо қилиб бўлгач, вакиллик ҳақи сўрашга ҳақли бўлмайди.

Вакил ўз вазифасини адо этиб бўлгачгина ҳақини олишга ҳақли бўлади. Бироқ, икки томон розилиги билан олдин олса ҳам жоиз. Аммо вакил холис вакиллик қилса, нақадар гўзал! Унга улкан ажру савоблар бор. 

Вакил бўлган киши нафақаси закот эгасининг зиммасида бўлган кишига закот бериши жоиз эмас. 

Закот берувчи закотни беришда мақтанчоқлик қилиб қўйишдан, ўзини кўрсатган бўлиб қолишдан қўрқса ёки бошқа бирор зарурат туйса, вакил қўйгани афзал.

Вакилга ҳам закот омилига буюрилган омонатдорлик, масъулият, яхши хулқ, бурчни гўзал адо этиш каби ишлар лозимдир.

Вакиллик ва омиллик аёллар учун ҳам жоиз. Аммо омиллик қадимдан эркаклар қилиб келган вазифадир, чунки омилнинг закот эгалари билан муомала қилиш, ҳисоб китоб, таҳлил тадқиқ ишларини бажариш, шунингдек, бўйин товлаган кишилардан фақирларнинг ҳаққини куч билан бўлса ҳам ундириш каби оғир ва масъулиятли вазифалари бор. Бироқ омилликдаги айрим жиҳатлар аёлларга муносиб бўлса, бу ишни аёл киши қилиши афзал. Масалан, ажратилган маблағларни бева ва муҳтож аёлларга элтиб беришда аёл киши вакил бўлгани маъқул. Вакилликда ҳам бу масалага эътибор қилиш керак.

Яна таъкидлаб айтамизки, закот улуғ ибодатдир. У Аллоҳнинг ҳақидир, унда ҳатто закот бергувчининг ўзининг ҳам ҳақи йўқ. Шунинг учун бу масалага жуда ҳассослик билан қараш лозим. Закот бергувчи ушбу гўзал ибодатнинг дуруст бўлиши, зиммасидаги ҳақдорларнинг ҳаққи адо бўлишига жон жаҳди билан уриниши керак. Закот эгаси ўз закотини кимга беряпти, кимни вакил қиляпти, нима беряпти, – ҳаммасига эътибор бериши, диққатли ва эҳтиёткор бўлиши вожиб. Қўлимдан чиқдими, бўйнимдан соқит бўлади, деб ўйлаш хато!

Ушбу қисқа баёндан маълум бўладики, диёримиздаги ҳозирги шароитда омиллик йўқ, балки фақат вакиллик бор. Шунинг учун бу масалада эҳтиёт бўлиш лозим. Вакил ўзини омил деб ҳис қилмаслиги керак. У закотга қодир киши бўлса, закот ҳисобидан ҳақ олиши ҳаромдир. Юқорида айтилганидек, уни вакил қилаётган шахс унга закотдан ташқари вакиллик ҳақи берсагина, жоиз, холос. Шунингдек, омилга ҳам, вакилга ҳам закот молидан вақтинчалик фойдаланиш ҳам жоиз эмас. Чунки у умумий молдан закот сифатида ажралгани ҳамон ҳақдорларнинг ҳақига айланади. Бировнинг ҳақидан унинг изнисиз фойдаланиш ҳаромдир.

Имом Нававий шундай дейди: «Шофеий ва у кишининг асҳоблари – Аллоҳ ҳаммаларини раҳматига олсин – айтадилар: «Агар закотни тарқатувчи шахс мулкдорнинг ўзи ёки вакили бўлса, омилнинг насибаси тушириб қолдирилади ва мавжуд бўлса, қолган етти тоифа ҳақдорларга, бўлмаса, мажудларига сарфланади».

Закот мусулмонларни бир бирига боғловчи робита, ижтимоий тенгликка замин яратувчи тадбир, бойларда камбағалларга нисбатан мурувват, камбағалларда бойларга нисбатан меҳр туғдирувчи омил ҳисобланади. Шунинг учун одатда омил ёки вакил бўладиган кишилар ўз атрофларидаги муҳтож кишиларни, эҳтиёжини закотга қодир кишиларга бориб айтмайдиган, балки муҳтожлигини ўзгалардан яширадиган ҳақдор кишиларни билиб, ҳисобга олиб юриши матлубдир.

Тавфиқ Аллоҳдандир! Сўзимизнинг сўнгги – Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Аллоҳ таоло барчаларимизни хайрли амалларга муваффақ қилсин!


Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид.

03.09.1435.

30.06.2014.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Ва унинг ҳақини ҳосилини йиққан куни беринг. Исроф қилманг. Чунки У Зот исрофчиларни яхши кўрмас,, деган Анъом 141.Шарҳ Ушбу оятда Аллоҳ зироат экинлари давоми...

3971 05:00 / 14.01.2017
Орасида туғиш ва эри хотинлик алоқаси борларга. Ўзининг қулига. Баъзисини озод қилган қулга. Бойга. Унинг қулига ва кичик ёшдаги боласига. Бани Ҳошимга. Уларнинг давоми...

11103 05:00 / 16.01.2017
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан закотни вақти келишидан олдин бериш ҳақида сўради. Бас, у зот унга бундай давоми...

4706 05:00 / 16.01.2017
Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимаики нафақа қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни ўта билувчидир.Мусулмонлар бу давоми...

3773 16:35 / 30.01.2018
Аудиолар

135291 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55545 14:35 / 11.08.2021