1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Дуонинг ижобат ва ҳожатнинг раво бўлиши

17:59 / 19.06.2017 5774 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

98. Аллоҳ таоло дуоларни ижобат ва ҳожатларни раво қилади.

Шарҳ: Жумҳури мусулмонлар ва бошқа динлар аҳллари ҳам дуо манфаатни жалб ва зарарни даф қилиш учун энг кучли сабаблардан эканига ишонишади. Аллоҳ таолонинг мусулмон бўлсин, кофир бўлсин, бандасининг дуосини ижобат қилиб, унга сўраганини бериши ризқ ва ёрдам бериши жумласидандир. Бу У Зотнинг рубубияти бандага вожиб қилган нарсаларидандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳдан сўрамаса, Ул Зот ундан ғазабланади», дедилар». (Имом Ибн Можа «Сунан» китобида ривоят қилган)

Дуонинг шариатда жорий бўлишининг ҳикмати:

Аллоҳ таоло Ўзининг олти сифатига далолат қилгани сабабидан дуо қилишга амр қилгандир:

1. Вужуд (борлиги). Чунки йўққа дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.

2. Ғанийлиги (бойлиги). Чунки фақирга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.

3. Эшитувчилиги. Чунки карга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.

4. Карам (сахийлик). Чунки бахилга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.

5. Раҳмат. Чунки раҳмсизга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.

6. Қудрат. Чунки ожизга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.

Дуони инкор қилувчи, ушбу олти сифатни инкор қилувчидир. Ундан ғофил бўлган олти сифатдан ғофилдир.

Фойда: Билингки, сабабларга суяниб, дуо қилмаслик тавҳиддаги ширкдир. Сабабларни бутунлай тан олмаслик ақлдаги нуқсондир. Сабабларни ишлатишдан буткул юз ўгириш эса ишларни сабабларга боғлаб қўйган шариатга айб тақашдир.

Таваккул ва умидворлик тавҳид, ақл ва шариат вожиб қилган нарсалардан иборатдир. Сабабларга таваккул қилиб (суяниб) ҳам қолмайди, уларни бекор ҳам қилмайди. Балки Аллоҳга таваккул қилган (суянган) ҳолда, сабаблар Аллоҳнинг иродаси ва изни ила натижали бўлади, деб ҳаракат қилади.

Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилишига далил:

«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман», деди» (Ғофир сураси, 60-оят).

«Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман» (Бақара сураси, 186-оят).

«Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» (Ғофир сураси, 60-оят).

Ҳамда юқоридаги Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис.

МАЪЛУМ САВОЛНИНГ ЖАВОБИ ВА ДУО
ҚИЛУВЧИ БИЛАН СЎРОВЧИ ОРАСИДАГИ ФАРҚ

 Баъзилар: «Одамлар Аллоҳдан сўрайдилар, аммо Аллоҳ ҳеч нарса бермаслиги ёки сўрамаган нарсасини бериши ҳам мумкинми?» деб сўрайдилар.

Бу саволга учта жавоб бор:

Биринчиси: Дуони ижобат қилиш ҳақидаги оят сўралган нарсанинг берилишини ўз ичига олмаган. У оят дуо қилувчига ижобат қилинишини ўз ичига олгандир. Дуо қилувчи эса сўровчидан умумийроқ маънодаги шахсдир. Шунинг учун ҳам дуонинг ижобат қилиниши сўровни беришдан кўра умумийроқдир.

Ушбу фарқ туфайли Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббимиз табарока ва таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганида дунё осмонига нозил бўлади ва: «Ким Менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилсам, ким Мендан сўрайди, Мен унга ато қилсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам», дейди», деганлар 

(Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. «Ирвоул ғолийл», 449-бет).

Ушбу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилувчи билан сўровчининг, ижобат билан атонинг орасини фарқламоқдалар. Ҳар бир сўровчи дуо қилувчидир. Зидди эмас. Ҳар бир ато ижобатдир. Зидди эмас.

Иккинчидан: «Сўровчининг дуосини ижобат қилиш сўралган нарсани беришдан кўра кенг ва умумийдир. Буни Аҳмад ва Ҳокимлар ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тафсир қилганлар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бир мусулмон гуноҳ ҳам, силаи раҳмни узиш ҳам бўлмаган дуо ила дуо қилса, У Зот унга бунинг сабабидан уч(хислат)дан бирини беради: ё сўраган нарсасини тезда беради, ёки унинг учун охиратга олиб қўяди, ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади», дедилар».

«Ундай бўлса, (дуони) кўпайтирар эканмиз-да?» дейишди.

«Аллоҳ кўпайтирувчироқдир», дедилар» (Аҳмад ва Ҳоким Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Заҳабий саҳиҳ деган).

Учинчидан: Албатта, дуо талаб қилинган нарсага эришишни тақозо қилувчи сабабдир. Бу сабабнинг эса шартлари ва монеъликлари бор. Қачон шартлар бажарилса, монеъликлар йўқ бўлса, талаб қилинган нарсага эришилади. Агар ундай бўлмаса, эришилмайди. Гоҳида сўраганидан бошқаси, дуо қилувчи учун хайрлироғи амалга ошиши ҳам мумкин.

99. У Зот ҳар бир нарсага моликдир. У Зотга ҳеч нарса молик бўлмас. Аллоҳ таолодан кўз очиб-юмгунча ҳам беҳожат бўлинмайди. Ким ўзини кўз очиб-юмгунча Аллоҳдан беҳожат деб билса, кофир бўлади ва ҳалокат аҳлидан бўлади.

Шарҳ: Яъни ҳар бир нарса Аллоҳнинг мулкидир. Аллоҳ эса ҳеч кимга мулк бўлмас. Балки Аллоҳ ҳар бир нарсанинг молики ва малики – подшоҳидир. У Зотдан Унинг махлуқотлари кўз очиб-юмгунча, бир фурсат ҳам беҳожат бўла олмайдилар. Ким Аллоҳдан кўз очиб-юмгунча вақт беҳожат бўла олишини даъво қилса, кофир бўлади. Ҳалокат ва зиён кўрувчилар аҳлидан бўлади.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

«Осмонлару ернинг подшоҳлиги Уникидир» ­(Аъроф сураси, 158-оят).

«Бас, барча нарсанинг ажойиботга тўлиқ мулки қўлида бўлган Зот покдир. Унгагина қайтарилурсизлар» (Ёсин сураси, 83-оят).

«Сен: «Агар Аллоҳ сизга зарарни ирода қилса ёки сизга манфаатни ирода қилса, ким сизлар учун Аллоҳдан бирор нарсага молик бўла оладир?» (Фатҳ сураси, 11-оят).

«Айтгин: «Аллоҳим! Барча подшоҳликнинг эгаси! Хоҳлаган кишингга подшоҳлик берурсан» (Оли Имрон сураси, 26-оят).

«Айт: «У – Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ Сомаддир» (Ихлос сураси, 1-2-оятлар).

«Ва, ҳолбуки, Аллоҳ беҳожат, сизлар муҳтожсизлар» (Муҳаммад сураси, 38-оят).


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ақидатут таҳовия шарҳининг талҳийси китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оқил ва олим кишиларнинг мунозараси ёки бирор масала устидаги муноқашаси гўзал бўлади. Мунозара одобларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади. Ундай давоми...

1334 09:00 / 20.02.2023
ndash Қуръон аҳли Аллоҳга аҳлдир. ndash Қуръон тиловатининг савоби дунёдаги энг нафис молмулкдан ҳам улкандир. ndash Ҳарбир ҳарф учун ўнта ҳасанот берилади. ndash У давоми...

3219 11:00 / 08.03.2023
Аллома Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг 13 август кунги .Усул Академияси, форумидаги нутқларидан иқтибосларПайғамбаримиз алайҳиссалом бомдод намозидан кейин давоми...

1627 09:47 / 13 март
Агар Унинг ҳузуридаги қадрингни билмоқчи бўлсанг, сенга нима қилдириб қўйганига боқ. Ибн Атоуллоҳ .Ҳикматлари,дан Чунки манзилмартабалар меҳмоннинг даражасига давоми...

1430 14:00 / 06.02.2023