1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рўзадорнинг оғиз очиши қачон ҳалол бўлади?

19:27 / 08.06.2017 6440 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуёшнинг гардиши уфққа ботганда рўзадорнинг оғиз очиши ҳалол бўлади.

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тун мана бу ёқдан (кунчиқар томондан) кирса, кун мана бу ёққа (кунботар томонга) кетса ва қуёш ботса, демак, рўзадорнинг ифтор вақти бўлибди», дедилар».

Хурмо билан оғиз очиш

Салмон ибн Омир Зоббийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирингиз оғиз очмоқчи бўлса, хурмо билан очсин. Агар топмаса, сув билан очсин, чунки у покловчидир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилишган. Лафз Термизийники. У зот бу ҳасан саҳиҳ ҳадисдир, деган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғизларини бир неча дона ҳўл хурмо билан очар эдилар. Агар ҳўл хурмо бўлмаса, қуруқ хурмочалар билан очар, у ҳам бўлмаса, бир неча ҳўплам сув ичар эдилар».

Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилишган. Термизий бу ҳасан ғариб ҳадисдир, деган.

Абу Довуднинг ривоятида «қуруқ хурмочалар»нинг ўрнига «қуруқ хурмолар» дейилган.

Ифтор пайтида дуо қилиш

Оғиз очиш пайтидаги дуо мустажобдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша пайтда дуо қилишга ҳарис эдилар. 

Абу Довуд Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очсалар, «Заҳабаз-зомау ва баталлатил-урууқ, ва сабатал ажру, иншааллоҳ» («Чанқоқ кетди, томирлар ҳўлланди ва иншааллоҳ, ажрга эга бўлдик»), дер эдилар».

Муоз ибн Зуҳрадан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очсалар, «Аллоҳумма, лака сумту ва ъалаа ризқика афторту» («Аллоҳим, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ билан оғиз очдим»), дер эдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

 

Рўзадорга ифторлик қилиб берган одамнинг фазли

Байҳақий Зайд ибн Холид Жуҳанийдан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадорга ифтор қилиб берса, унга унинг ажрича ажр бўлади. Рўзадорнинг ажридан ҳам ҳеч нарса камаймайди», дедилар».

 

Ёш болаларни рўзага чиниқтириб бориш

Оталар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган ҳолда болаларини етти ёшидан рўзага ўргатиб боришлари матлубдир. У зот соллаллаҳу алайҳи васаллам: «Болаларингизни етти ёшида намозга буюринглар. Ўн ёшида (ўқимаса,) бунинг учун уринглар. (Ўғил ва қизларнинг) тўшакларини алоҳида қилинглар», деганлар.

Оталар болаларга рўзани мулойимлик билан буюришлари, ибодатга мажбурламасликлари керак. Исломнинг илк даврлариданоқ болаларни рўзага чиниқтириб келинган. Бир куни Умар ибн Хаттобнинг олдига Рамазонда хамр ичган одамни олиб келишди. Уни кўтариб, турғизиб қўйишса ҳам йиқилиб тушаверди. Шунда Умар: «Юз тубан йиқилгур, шўринг қурсин! Болаларимиз рўза бўлган бир пайтда-я!» дедилар, кейин буюрдилар, уни саксон дарра уришди.

Имом Бухорий Рубаййиъ бинт Муъаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро* тонгида ансорларнинг қишлоғига одам жўнатиб, «Ким оғзи очиқ ҳолда тонг оттирган бўлса, куннинг қолганини (рўза билан) тугал қилсин. Ким рўзадор ҳолда тонг оттирган бўлса, рўзасини тутсин», дедилар».

Шундан сўнг биз ҳам ўша рўзани тутадиган, (балоғатга етмаган) болаларимизга ҳам рўза туттирадиган бўлдик. Уларга юнгдан ўйинчоқ қилиб берар эдик. Бирортаси овқат деб йиғласа, ифтор вақти бўлгунча унга ўшани бериб қўяр эдик».

* Ашуро куни – луғатда «ўнинчи» дегани бўлиб, муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Аллоҳ таоло Ашуро кунида Бану Исроилга Фиръавн зулмидан нажот берган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг дастлаб муҳаррам ойининг ўнинчи куни тутган рўзалари шу ном билан аталган. Рамазон ойининг рўзаси фарз бўлгач, у нафл рўза бўлиб қолган («Олтин силсила»).

 

 

Таржимон Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Закотнинг афзаллиги мусулмонларга эътиқоднинг беш устунларидан бири сифатида фарз қилиб берилганлигидир. Бу жамият ичра иқтисодий, ижтимоий ва маънавий давоми...

4191 17:06 / 13.06.2017
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Ким Қадр кечасини иймон билан, савоб умидида ибодат давоми...

7029 17:25 / 17.06.2017
Ҳанафий мазҳабида ихтиёрий рўза учга суннат, мандуб ва нафлга бўлинади.Суннат рўза ndash Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий тутиб юрган ихтиёрий давоми...

6747 15:14 / 20.06.2017
Рамазоннинг охирги ўн кунлиги.Қадр кечаси.Улуғ кунлар ниҳоялаб оз фурсат қолди. Бу Рамазоннинг охирги ўн кунлигидир. Бу улуғ ойнинг бошланиши ва ниҳояси давоми...

3507 21:06 / 25.06.2017