1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Фитр садақаси

12:45 / 18.06.2017 5761 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фитр садақаси (садақаи фитр) Рамазондан фитрга (оғиз очиқлигига) чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам шундай ном олган. Садақаи фитр иккинчи ҳижрий санада жорий қилинган. Бошқа садақалар молдан қилинса, бу садақа киши бошидан қилинади. «Фитр садақаси» ва «фитр закоти» ҳамда «садақа» ва «закот» сўзлари бир-бирининг ўрнига ишлатилаверади. Ҳанафий мазҳабида садақаи фитр вожиб ҳисобланади.

Фитр садақасининг шариатга киритилишига қуйидаги оят ва ҳадислар далилдир:

Аллоҳ таоло:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ҳамда мискинлар учун таомланиш бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бири бўлур».

Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган ва Ҳоким саҳиҳ деган.

Ушбу ривоятдаги «намоз»дан мурод ийд намозидир. Садақаи фитрни ийд намозидан олдин бериш лозим эканини шу ҳадисдан билиб оламиз.

Ушбу садақа нима учун шариатимизда жорий қилинганининг сабаби, ҳикмати ушбу ривоятдан очиқ-ойдин кўриниб турибди. Садақаи фитр рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш, мискинлар учун эса таомланиш бўлиши учун жорий қилинган.

Рўзадор одам Рамазон ойида рўза тутар экан, гоҳида оғзидан билиб-билмай турли гап-сўзлар чиқиб кетган бўлиши, шунингдек, баъзи ножоиз амалларни қилиб қўйиб, шу сабабдан кўнгли ғаш бўлиб юриши мумкин. Ана шундай ғашликларни ювиб юбориш учун садақаи фитр жорий қилинган.

Садақаи фитр буғдой ва ундан олинадиган нарсалардан ҳамда майиздан ярим соъ берилади. Хурмо ёки арпадан бир соъ берилади. Буғдойдан икки мун берса ҳам бўлади.

Бу ҳукмлар қуйидаги ривоятлардан олинган:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини хурмодан бир соъ, арпадан бир соъ миқдорида мусулмонлардан қулга ҳам, ҳурга ҳам, эрга ҳам, аёлга ҳам, кичикка ҳам, каттага ҳам фарз қилдилар. Уни одамлар намозга чиқишидан олдин адо этишга амр қилдилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган.

Бир соъ қанча бўлади? Аслида соъ идиш бўлиб, ғалла ва шунга ўхшаган нарсалар шу идиш билан ўлчанган. Кейин оғирлик ўлчовлари чиққанда унга солиштирилган. Имом Шофеъий ва Ҳижоз фақиҳлари наздида бир соъ 2751 грамм, Абу Ҳанифа ва Ироқ фақиҳлари эътиборида эса 3800 граммга тенг.

Фитр садақасини хурмо ва арпадан бир соъдан беришга ҳамма мазҳаб ва уламолар иттифоқ қилишган.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида уни (фитр садақасини) егуликдан бир соъ ёки хурмодан бир соъ ёки арпадан бир соъ ёки майиздан бир соъ ёки қурутдан бир соъ берар эдик. Муовия келиб, буғдойга ўтилганда: «Менимча, манавининг бир мудди икки муддга тенг келади», деди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган. Бошқа бир ривоятда бундай дейилган:

«Муовия ҳаж ёки умра қилиб келганда ва одамларга минбарда туриб гапирганда: «Менимча, Шомнинг икки мудд буғдойи бир соъ хурмога тенг келади», деди. Одамлар шу гапни ушлашди. Абу Саъид: «Аммо мен олдинлари қандай бўлса, шундай чиқаришда давом этмоқдаман», деди».

Абу Саъид розияллоҳу анҳу аввал садақаи фитр таомдан бир соъ бўлишини айтиб туриб, кейин унинг турларини – хурмо, арпа, майиз ва қурут, деб батафсил айтганлар.

Ўша вақтда Ҳижозда буғдой кам истеъмол қилинган, деярли бўлмаган. Шунинг учун у ерда кенг тарқалган тўрт хил таомнинг зикри келган. Кейинчалик буғдой ўсадиган жойлар ҳам мусулмон юртларга айланганидан кейин у Ҳижоз диёрида ҳам тарқалган. Буғдойнинг қиймати устун бўлгани, унга талаб кучли экани учун унинг ярим соъи бошқа егуликларнинг бир соъига тенг қилинган.

«Мудд» ҳам оғирлик ўлчови бўлиб, тўрт мудд бир соъ бўлади. Бу гапни халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Шомдан Ҳижозга ҳаж ёки умра қилиб келганда эслатган экан. Шунда одамлар унинг гапини олиб, буғдойдан ярим соъ миқдорида садақаи фитр беришга ўтишган экан. Аммо Абу Саъид розияллоҳу анҳунинг бунга кўнгиллари бўлмай, бир соъ беришда давом этишни маъқул кўрган эканлар.

Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ибн Аббос Рамазоннинг охирида Басранинг минбарида хутба қилиб: «Рўзанинг садақасини чиқаринглар», деди. Одамлар ҳеч нарса билмагандек тураверишди. Шунда у: «Бу ерда Мадина аҳлидан ким бор? Туринглар, биродарларингизга ўргатинглар, улар билишмас экан! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу садақани хурмо ва арпадан бир соъдан, буғдойдан ярим соъдан ҳар бир ҳуру қулга, эру аёлга, кичигу каттага фарз қилганлар», деди. Алий келганда нархнинг арзонлигини кўриб, «Аллоҳ сизларга (ризқни) кенг қилиб қўйибди. Ҳар нарсадан бир соъ (садақа) қилсангиз, яхши бўларди», деди».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Бу ҳадисда фитр садақаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томонидан буғдойдан ярим соъ қилиб белгилангани айтилмоқда. Ҳанафий мазҳаби шу гапни ҳужжат қилиб олган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминниг қалқони китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймБиринчи бағишловРамазон Исми шарифингга жонлар нисор бўлсин сенинг. Хуш келдинг, қутлуғ ва ўтлиғ ойим Номингни қўрқмасдан, оғзимизни давоми...

3664 14:16 / 10.06.2017
Шайх Асъад Муҳаммад Саъийд СоғуржийРўзаБисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймМуқаддимаАллоҳим, Сенга Ўзинг яхши кўрганингдек кўп, пок ва муборак ҳамдлар бўлсин. давоми...

7041 16:41 / 26.05.2017
Рамазонда қоим бўлиш ndash бу ойнинг кечаларини Аллоҳга ибодат билан ўтказишдир. Кечанинг аввали ёки охирини бедор бўлиб ўтказишнинг фарқи йўқ. Кечанинг охирини давоми...

3389 16:10 / 14.06.2017
Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм ИЙДУЛ ФИТР ТАБРИГИ Рамазон ойининг рўзасини бандаларига фарз қилган Аллоҳ таолога У Зотнинг мукаммал сифатларига муносиб ҳамду давоми...

9884 00:46 / 26.06.2017
Аудиолар

135124 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55400 14:35 / 11.08.2021