1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Махфий садақа қилишнинг яхшилиги

05:00 / 14.01.2017 4400 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар, садақаларингизни миннат ва озор билан ботил қилманг», деган (Бақара, 264).

Шарҳ: Бундан садақа қилган киши берган садақаси орқасидан миннат қилса, садақа олувчига озор берса, қилган садақаси ботил бўлиб, худди садақа қилмагандек бўлиб қолиши маълум бўлади.
Шунинг учун мўмин-мусулмон одам қилган садақасини ҳеч қачон миннат қилмаслиги ҳамда ўзидан садақа олган одамга озор бермаслиги керак. Ана шундагина садақадан кўзланган мақсадга эришади. Бу ерда садақа олувчи кишининг обрўси, кўнгли синмаслиги, хижолат бўлмаслиги кўзланган. Ночор инсон ночорлиги учун бировдан садақа олишга мажбур бўлади. Ич-ичидан эзилиб, хижолат бўлиб садақа олади. Бунинг устига садақа берувчи берган садақасини миннат қилса, садақа бериш баҳонаси билан унга озор берса, ўзи хижолат бўлиб турган одамнинг иззат-нафси, инсонийлик қадр-қиймати оёқости қилинган бўлади. Шунинг учун ҳам миннат ва озор бериш каби номаъқулчиликни қилган одамнинг берган садақаси ҳам ботил бўлади.

Ва яна: «Гар садақаларни ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир», деган (Бақара, 271).
Шарҳ: Садақа ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши нарса. Уни очиқ берилса ҳам яхши. Бу ҳолни кўрган бошқа кишилар ҳам ўрнак олиб, садақа қилишларига сабаб бўлади. Лекин садақани махфий қилган ундан ҳам яхши. Чунки бу ҳолда риёкорликдан сақланади. Холис Аллоҳнинг йўлида қилинаётгани исбот бўлади.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч тоифага Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни гапирмайди, назар солмайди ва покламайди. Уларга аламли азоб бўлур. Улар берганини миннат қилувчи, иштонини фахр ила судраб юрувчи, ёл¬ғон қасам ила савдо молини ўтказувчилар(дир)», дедилар
».
Насаий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги уч амални қилувчилар қиёмат куни жуда оғир аҳволга тушиб қолиши таъкидланмоқда. Чунки Аллоҳ таолонинг қиёмат кунида бир бандага гапирмаслиги, назар ҳам солмаслиги, айниқса, уни покламаслиги оғир мусибатдир. Келинг, ўша уч ишни қилувчилар кимлардан иборат эканини ўрганиб чиқайлик:
1. «Берганини миннат қилувчи».
Аслида у бировга берган нарсани унга Аллоҳ берган эди. Ўша Аллоҳ берган нарсани Аллоҳнинг йўлида берганидан кейин миннат қилиши шартмиди?! Энди бу банда миннат қилдими, демак, қилганига яраша жазосини тортиши керак. Бу дунёда муҳтож кишини хижолат ва мулзам қилгани эвазига у дунёда ўзи хижолат ва мулзам бўлади. Аллоҳ таоло унга гапирмайди, назар солмайди ва покламайди.
2. «Иштонини фахр ила судраб юрувчи».
Бу дунёда кийими ила кибру ҳаво, фахр қилиб, мискин ва фақирлар олдида ўзини кўрсатиб керилган, уларнинг кўнглини синдирган одам у дунёда кўнгли синиш, эътибор назаридан четда қолиш қандоқ бўлишини ўз танасида синаб кўради.
3. «Ёлғон қасам ила савдо молини ўтказувчи».
Харидорни ишонтириш учун ўтмас матоҳини қасам ичиб мақтаган одам ҳам қиёмат куни оғир аҳволга тушади. Аллоҳ таоло унга ҳам гапирмайди, назар солмайди ва уни покламайди.
Шундоқ бўлганидан кейин берган хайр-эҳсон ва садақаларимизни миннат қилмаслигимиз, ки¬йим-бошларимиз билан фахрланмаслигимиз, савдода молимизнинг айбини беркитиш учун мақтаб, уни ўтказиш учун қасам ичмаслигимиз керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ кунда соясига олур: одил имом, Ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганида мен Аллоҳдан қўрқаман, деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам ва Аллоҳни ёлғиз ҳолида эслаганида кўзидан ёши оққан одам», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф «Масжидлар боби»да ҳам келган, ўшанда батафсил шарҳ қилинган. Биз бу жойда ҳозир ўрганаётган бобимизга тегишли жойини олиш билан кифояланамиз.
«Садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам».
Садақани махфий қилса, у холисона садақа бўлади, риёкорликдан холи бўлади. Энг муҳим сифатларидан бири – садақа олувчи хижолат қилинмайди. Шу билан садақани Аллоҳ таолонинг розилиги учунгина қилинганлиги исботланади. ҳадиси шарифда бу маъно ажойиб услуб ила баён қилинмоқда, чап қўли ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам, дейилмоқда. Бу ҳолат садақа қанчалик махфий бўлса, шунчалик яхши эканига далолат қилади.
Аввалги мусулмонлар ҳақиқатда шундоқ қилганлар. Мискин, камбағал ва бева-бечоралар ўзларига ким садақа қилганини била олмай, ким садақа қилган бўлса, Аллоҳ шуни мукофотласин, деб дуо қилишган.
Бизлар ана шундай бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Хайр-садақа Аллоҳ учун бўлганидан кейин У зот ҳар қандай махфий садақа бўлса ҳам ким қилганини билиб туради. Ушбу ҳадиси шарифга қараганда Аллоҳ таоло садақанинг махфийини яхши кўради. Махфий садақанинг мукофоти ҳам улкан бўлади. Махфий садақа қилган одам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топади. Ана шундоқ бахтга муяссар бўлай, деган одам садақасини махфий қилсин.
Ушбу масалада келган ҳадиси шарифлар ҳақида хулоса шуки, Ислом таълимотлари бир-бутун ягона бино эканини кўрамиз. Бир томонини кўриб хулоса чиқариш мутлақо нотўғри эканини англаб етамиз. Балки бир мавзудаги барча далил ва ҳужжатларни қўшиб, барча керакли омилларни ишга солганимиздагина тўғри хулоса чиқара олишимиз мумкинлигини тушуниб етамиз.
Садақа бобида камбағалларга қарата айтилган гапларга келсак, бировдан ҳеч нарса олмаслик зарурга ўхшаб кўринади. Худди шу бобда бойларга айтилган гапларга қарасак, ўзида ҳеч нарсани олиб қолмай, ҳаммасини муҳтожларга бериш лозимдек бўлиб кўринади. ҳаммасини солиштирганимизда эса, ўртачаси келиб чиқади.
Илми нафс уламолари мулоҳаза қилишларича, кишида бир нарсага бўлган қизиқиш жуда ҳам ортиқ бўлади. Ўша нарсани ўртача ҳолга тушириш учун унинг тескарисига қаттиқ қизиқтириш керак. Ана шунда ўртачаси ҳосил бўлади. Камбағал бирор нарсага эга бўлишга ўта қизиқади, унинг ўзига қўйиб берилса ҳар нарса қилиши мумкин. Аммо шариат уни ўзини тийишга қаттиқ чорлагани учун, ўртача ва маъқул ҳолат пайдо бўлади. Бой молини қўлдан чиқармасликни жуда ҳам хоҳлайди. Шариат уни садақага қаттиқ тарғиб қилади. Натижа эса, меъёрда бўлади. Ислом илоҳий дин эканининг аломати бу. Демак, ҳаётимизда Ислом дини таълимотларига тўла амал қилсак, иншааллоҳ, шунда молу мулк, иқтисод масалаларида муаммоларимиз осон ҳал бўлади.
Ушбу китобда келган илоҳий таълимотларни, хусусан, Исломнинг учинчи рукни бўлган закот ҳақидаги таълимотларни ўқиб-ўрганиб, уни ҳаётимизга татбиқ қилишни Аллоҳ таоло барчамизга насиб этсин. Омин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Ва унинг ҳақини ҳосилини йиққан куни беринг. Исроф қилманг. Чунки У Зот исрофчиларни яхши кўрмас,, деган Анъом 141.Шарҳ Ушбу оятда Аллоҳ зироат экинлари давоми...

4010 05:00 / 14.01.2017
Савол Бир кишининг нисобга етадиган маблағи бўлса, лекин қарзи ҳам бўлса, закот берадимиЖавоб Қарзидан ортган моли нисобга етса, ундан закот чиқаради. Қарзлар давоми...

7938 13:58 / 13.06.2018
. . . .Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан закотни вақти келишидан олдин бериш ҳақида давоми...

1795 12:00 / 04.05.2021
Закот молга фарз бўладими ёки мол эгасининг зиммасигами Ҳанафий мазҳабида .Молга фарз бўлади,, дейилган. Моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида .Молнинг давоми...

3746 16:26 / 06.06.2018