1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закотга оид турли масалалар

12:45 / 12.06.2018 3972 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Закотни иложи борича ўз вақтида берган яхши. Ҳар бир иш ўз вақтида бўлгани маъқуллиги ҳамма нарсага ҳам тааллуқли. Закотни вақтидан олдин бериш ҳам жоиз. Қанча олдин беришни хоҳласа, шунча олдин берилаверади. Аммо узрсиз бўлса, кейинга суриш мутлақо жоиз эмас. Узрли бўлса, хусусан, кўпчиликнинг фойдаси учун зарур вақтни кўзлаб кечга сурилса жоиз.

Закотни ажратгандан кейин у мол эгасининг айби билан зое бўлса, қайтадан ажратади. Агар бунда мол эгасининг айби бўлмаса, қайтадан ажратмайди. Закот фарз бўлган вақтда уни ажратмаган бўлса, неча йил ўтса ҳам, закотнинг фарзлиги соқит бўлмайди, чунки бу мискин ва фақирларга ҳақ ўлароқ, Аллоҳ таоло томонидан фарз қилингандир. Бу собит ҳақ бўлиб, вақт ўтиши билан соқит бўлмайди.

Закот фарз бўлганидан кейин мол эгаси вафот этиб қолса, агар меросхўрларнинг барчаси балоғатга етган бўлиб, розилик билдиришса, молидан закот чиқарилади. Закотни соқит қилиш учун турли ҳийлалар ишлатиш мутлақо мумкин эмас. Мол эгаси закотни топшириш учун ишончли ва омонатга хиёнат қилмайдиган одамни вакил қилса бўлади.

Уламоларимиз закотни очиқ-ойдин, айтиб берган афзал, дейишади, чунки бундан бошқалар ҳам ўрнак олишади ва мол эгасининг закот берган-бермагани ҳақида ёмон гумонга боришмайди. Бу худди фарз намозни жамоат билан очиқ-ойдин ўқиш афзал эканига ўхшашдир.

Уламоларимиз закотни фақир кишига берганда унинг фақирлигини, ҳақдорлигини билатуриб, бераётган моли закот эканини айтмагани дуруст, дейишади. Имом Аҳмад ва Имом Молик: «Бу ишда фақирнинг кўнглини синдириш бор, шунинг учун макруҳдир», деганлар.

Турли ўлкаларнинг мусулмонлари уламоларга «Ҳозирги солиқларни закот ҳисобласа бўладими?» деган савол билан мурожаат қилишган. Жумҳур уламолар, жумладанг, Ибн Ҳажар Ҳайсамий, аллома Ибн Обидин Ҳанафий, шайх Алийш, Саййид Рашид Ризо, шайх Маҳмуд Шалтут, шайх Муҳаммад Абу Заҳра ва бошқалар солиқлар ҳеч қачон закот ўрнига ўтмаслигини таъкидлашган. Зеро, закотнинг ўзига яраша шартлари борки, уларни юқорида ўрганиб чиқдик.

Закот билан солиқларни солиштириб кўрамиз:

1. Закотдан олинадиган миқдорни шариат ўндан бир, ўндан бирнинг ярми ёки чораги бўлишини тайин қилиб қўйган. Солиқда эса ҳукумат ўзи белгилаган миқдорни олади.

2. Закотда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилиш нияти бор, солиқда бу ният мутлақо йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас.

3. Закот махсус саккиз тоифага бўлиб берилади. Солиқ эса бошқа мақсадларга ҳам сарфланади.

Кўриниб турибдики, ҳеч бир ҳолда солиқни закот деб бўлмайди. Тўғри, бу масала мусулмон кишига оғир келади. У ҳам солиқ, ҳам закот тўлаши керак. Лекин мусулмон учун Аллоҳ таолонинг амрини бажариш ҳамма нарсадан устун туради.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг нажоти китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан закотни вақти келишидан олдин бериш ҳақида сўради. Бас, у зот унга бундай давоми...

4731 05:00 / 16.01.2017
Молмулклар ичида ўзидан закот олинмайдиган, лекин эгасига даромад келтириб турадиганлари бор. Ҳозирда баъзи кишилар кўплаб бинолар қуриб, ижарага қўядилар ва давоми...

3314 05:00 / 14.01.2017
ЗАКОТ БЕРИШДА ХАТО ҚИЛСА НИМА БЎЛАДИАйтайлик, бир киши Закотни беришдан олдин яхшилаб суриштирган бўлса, Закотини бераётган одам Закот олишга ҳақиқатда ҳақли, давоми...

4051 05:00 / 14.01.2017
Эй иймон келтирганлар Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан на олдисотди, на ошнаоғайничилик ва на шафоатчилик йўқ Кун келмасидан олдин инфоқ қилинг. Ва давоми...

7927 16:32 / 30.01.2018