1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рўзадор тилини тийиши керак

16:09 / 03.06.2017 4991 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўзадор одам тилини ёлғондан, ғийбатдан, чақимчиликдан, ҳақоратдан ва сўкишдан сақлаши керак.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бирортангиз бирор кун рўзадор бўлса, беҳаё сўз гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Кимдир у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман, мен рўзадорман», десин».

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, Аллоҳ унинг еб-ичишни тарк қилишига муҳтож эмас», дедилар».

Сафарда рўза тутиш ва оғзи очиқ юришнинг ҳукми

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз. Саноқли кунларда. Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида фидя – бир мискин таоми бордир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, бу ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир» (Бақара сураси, 183-184-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки ишнинг яхшисини – сафарда ҳам рўза тутишни танладилар.

Имом Бухорий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарларидан бирида иссиқ кунда у зот билан бирга йўлга чиқдик. Иссиқнинг зўридан одам ҳатто қўлини бошига қўйиб олар эди. Ичимизда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ибн Равоҳадан бошқа бирорта рўзадор йўқ эди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига ниҳоятда раҳмдил эдилар. У зотдан сафарда рўза тутиш-тутмаслик ҳақида сўрашган эди, умматга рухсат бердилар, ҳар бир мусулмонни бу хусусда ўз ихтиёрига қўйдилар.

Имом Бухорий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Ҳамза ибн Амр Асламий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Сафарда рўза тутаманми?» деди. У кўп рўза тутар эди. Шунда у зот: «Хоҳласанг тут, хоҳласанг тутма», дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда саҳобаларидан бирини қийналиб, ҳушидан кетиб қолганини кўриб, «Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас», деганлар.

Имом Бухорий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир сафарда эдилар. Тўпланиб турган одамларни ва устига соя қилиб турилган бир кишини кўрдилар. «Бу нимаси?» дедилар. Улар: «Рўзадор экан», дейишди. Шунда у зот: «Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас», дедилар».

Аллоҳ таоло ўзининг азиматлари, фарзлари бажарилишини яхши кўрганидек, рухсатлари бажарилишини ҳам яхши кўришади. У зот алайҳиссолату вассалом буни баён қилиб бериш учун сафарда оғизларини очиб, шахсий намуна кўрстиб берганлар.

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан Макка томон йўлга чиқдилар. Рўза тутиб олдилар. Усфонга етиб келганларида сув келтиришни сўрадилар. Одамларга кўрсатиш учун уни икки қўллари билан кўтариб, рўзаларини очдилар. Шу ҳолда Маккага кириб келдилар. Бу эса Рамазон ойида эди».

Абу Саъид Худрийдан ривоят қилинади:

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиқар эдик. Орамизда рўзадорлар ҳам, оғзи очиқлар ҳам бўлар эди. Аммо рўзадор оғзи очиқни, оғзи очиқ эса рўзадорни айбламас эди. Кимнинг қуввати етиб, рўза тутса, яхши, аммо ким заифлик сезиб, оғзи очиқ бўлса, бу ҳам яхши, деб билишар эди».

 

Таржимон Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фитр садақаси садақаи фитр Рамазондан фитрга оғиз очиқлигига чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам шундай ном олган. Садақаи фитр иккинчи ҳижрий санада жорий давоми...

6216 12:45 / 18.06.2017
.Қадр кечаси, .ЛайлатулҚадр, Рамазон ойи ичига яширилган энг фазилатли, минг ойдан яхшироқ, гуноҳлар кечириладиган, дуолар ижобат бўладиган кечадир. Қуръони Карим давоми...

6754 17:22 / 17.06.2017
Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм ИЙДУЛ ФИТР ТАБРИГИ Рамазон ойининг рўзасини бандаларига фарз қилган Аллоҳ таолога У Зотнинг мукаммал сифатларига муносиб ҳамду давоми...

11012 00:46 / 26.06.2017
1. Ғизо саналмаган ва ғизо тоифасига кирмайдиган нарсани тановул қилиш. Бунда одатда ғизо саналмайдиган ва инсон таъби ейишга мойил бўлмайдиган нарсалар кўзда давоми...

4527 20:49 / 11.06.2017
Аудиолар

230325 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148895 14:35 / 11.08.2021